САҲАРЛИККА ДОИР МАСАЛАЛАР

500824-INNERRESIZED600-700-DohaРамазони шариф ойининг аввалида «Шу ой рўза тутаман», деб умумий ният қилган кишининг рўзаси жоиз ва ҳар саҳарликда алоҳида ният қилмаса ҳам, рўзаси дуруст бўлади. Рўзада қалбдан ният қилмоқ фарздир. Саҳарликнинг вақти фажр—тонгдан олдинги вақт. Саҳарлик шаръий жиҳатдан мандуб-мустаҳаб амалдир. Саҳарликни охирги вақтигача суриб, ифторликни аввалги вақтида қилиш мустаҳабдир.

Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Анас розияаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

تسحروا فانّ السحور بركة

“Саҳарлик қилинглар! Зеро, шак йўқки, саҳарлик баракадир!”.

Миқдом ибн Маъдикараба розияллоҳу анҳу ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Бу саҳарликни ўзингизга лозим тутинглар! Зеро, бу муборак озиқдир”. Имом Насоий ривоят қилган.

Бараканинг сабаби рўзадор қувватли бўлади, хурсанд бўлади, рўза тутиши осон бўлади. Боз устига, охиратдаги савоби ҳам бор.

Шунинг учун саҳарлик қилиш керак. У озгина таом, гарчи бир қултум сув бўлса ҳам кифоя қилади. Имом Аҳмад Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

السحور بركة فلا تدعوه ولو ان يجرع احدكم جرعة ماء فانّ الله وملائكته يصلون على المتسحرين

“Саҳарлик баракадир. Шунинг учун, ҳеч бирингиз уни бир қултум сув ичиб бўлса ҳам тарк қилманглар. Зеро, Аллоҳ таоло ва унинг фаришталари саҳарлик қилувчиларга саловот айтурлар”.

Саҳарлик қилишнинг вақти тун ярмидан бошлаб то тонг отгунгачадир. Лекин, кечиктириб саҳарлик қилиш авлодир. Яъни, тонг отишидан сал олдин саҳарлик тугатилиши яхшироқ. Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу айтадилар: Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга саҳарлик қилар эдик. Сўнг намозга турар эдик. “Икковининг ораси қанча вақт эди?” – деб сўралди. У: “Эллик оят ўқиш миқдорича эди”, деди. Буни Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган.

Аммо, шуни билмоқ керакки, саҳарликни кечиктирганда, агар тонг отиб кетди, деган гумон бўладиган бўлса, унда еб-ичиб ўтириш макруҳ бўлади. Тонг отгани аниқ бўлганда ейиш эса, рўзани бузади. Ҳали тонг отмади, деган ўй билан таом ейишда давом этса, ёки, қуёш ғойиб бўлди, деб ифторлик қилиб юборса-ю, сўнгра хато қилганини билиб қолса, яъни тонг отиб бўлган ва қуёш ҳали ботмагани маълум бўлиб қолса, бу ҳолатда бир кун қазо тутиш вожиб бўлади. Агар саҳар вақти ухлаб қолиб таомланишдан қолиб кетса, бунинг рўзага салбий тасири йўқ. Ҳеч нарса тановул қилмасдан ният қилиб олса бўлади. Саҳарлик қилиш рўзанинг сиҳҳати учун шарт эмас.

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар «Абу Ҳурайра» жоме масжид ноиби

ТИИ сиртқи бўлим иккинчи босқич талабаси

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *