“Қасомат” – тинчлик учун қўйилган шаръий қадам

Lotin alifbosida

Тинчлик улуғ неъмат эканига шак-шубҳа йўқ. Ватанни кўз қорачиғидек асраш, уни ҳар хил бало ва офатлардан ҳимоя қилиш, ватандошлар аҳил ва иноқ бўлиб истиқомат қилишлари шариат талабидир. Афсуски, тинчлик қадрига етмайдиганлар ҳар замонда топилиб туради. Имом ал-Бухорий бобомиз айтишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Неъматони, мағбунун фиҳама касирун мин ан-нос: ас-сиҳҳату ва-л-фароғ!” деганлар. Яъни, “Икки неъмат бор, одамлардан кўпчилиги унинг қадрига етмайди: соғлик-саломатлик ва тинчлик-фароғатдир”, деб марҳамат қилганлар. Ислом фиқҳида ана шу буюк неъматни – тинчликни асраб-авайлаш борасида бир мисол келтириш мумкин. Уни шариатда “қасомат” дейилади. “Қасомат”нинг луғавий маъноси “қасам ичтириш” бўлиб, мазкур масала фиқҳда “Дият – хунпули” бобларида келтириб ўтилади.

Қайсидир маҳалла ёки қишлоқда бирор бир кимса ўлдириб кетилган бўлса, унинг уриб ёки бўғиб ўлдирилгани, қулоғи ёки бурнидан қон келиб ётгани маълум бўлса, лекин қотил номаълум бўлса, уни ўлдирган кимса борасида ҳеч қандай белги-аломат ёки далил топилмаса, нима қилиш кераклиги ҳақидаги масала “қасомат” деб аталади. Шу ҳолатда ўлдириб кетилган одамнинг хунпули ана шу маҳалла ёки қишлоқ аҳлига ёппасига юклатилади. Бунинг сабаби маҳалла ёки қишлоқ аҳли ўзларининг маҳалла ёки қишлоғидаги бўлаётган воқеалардан бепарво бўлиб яшаётганликлари ҳисобланади. Демак, ҳеч кимнинг бепарво бўлиб яшашга ҳаққи йўқ. Маҳалла ёки қишлоқ ўз-ўзини ҳимоя қилиши, бегоналарнинг ҳатти-ҳаракатини кузатиши, кимлар маҳалла ёки қишлоққа кириб-чиқаётганидан бохабар бўлиб туриши, юрт эгасиз ва посбонсиз қолиб кетмаслиги шарт. Қотил топилмаганлиги учун ўлдириб кетилган маҳалла ёки қишлоқ аҳолисига шариат қуйидагича масъулият юклайди: ўлдириб кетилган одамнинг эгалари томонидан ана шу маҳалла ёки қишлоқ аҳолисидан роппа-роса эллик нафарини гумондор сифатида ажратиб олинади. Улар балоғатга етган, эсли-ҳушли одамлар бўлади. Ана шу эллик нафар одамга: “Аллоҳга қасамки, биз уни ўлдирмадик ва ўлдирган кимсани ҳам билмаймиз!”, деб қасам ичтиради. Агар маҳалла ёки қишлоқда эллик нафар одам бўлмаса, чиққан одамларга то шу тариқада элликтага етгунча қасам ичтирилади.

Бу қасам билан маҳалла ёки қишлоқ аҳли қутилиб қолмайдилар. Балки шариат уларга энди хунпулини биргаликда тўлаш масъулиятини юклайдилар. Улар шариат кўрсатмасига биноан уч йил давомида хунпули тўлайдилар. Хунпули эса юзта туя ёки унинг нархи миқдорида белгиланган. Демак, маҳалла ёки қишлоқ аҳлининг ўз жойларида юз берган қотилликка бепарво ва беэътибор қолганлари сабабидан ана шунча маблағ уларнинг бўйинларига юклатилади. Мавлоно Али ал-қори қасам ичтириш ва хунпулининг юклатилиши маҳалла ёки қишлоқда бирор бир ўлдириб кетилган одамнинг топилиши ва қотилнинг номаълум қолишидир, деб баҳолаганлар.

“Мухтасар ал-Виқоя” ва бошқа фиқҳий манбаларда келтирилган мазкур масаладан биз доимо огоҳ бўлиб яшаш зарурлигини, атрофда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан доимо бохабар бўлиб туриш лозимлигини, уларга бепарво қараш асло мумкин эмаслигини билиб оламиз. Бу масаладан маҳалла ва қишлоқлар доимо қўриқланиши, маҳалла ва қишлоқларда посбонлар қўйилиши зарурлиги ҳам келиб чиқади. Ўзбек халқининг: “Ўз уйингни ўзинг асра!”, “Маҳалла – ўз уйингдир!” деган мақоллари бекорга айтилган эмас. Унинг аҳамиятини биз фиқҳдаги “қасомат” масаласидан аниқ билиб оламиз.

“Ватанни севмоқ имондандир!”, деган ҳикматга биноан биз ватанимизни севишга, уни кўз қорачиғидек асрашга, маҳалла ва қишлоқларимиз тинчлигини доим сақлашга масъулмиз. Акс ҳолда, ана шу маҳалла, ушбу қишлоқ аҳолисининг ўзи дунёда ҳам, охиратда ҳам масъулиятда қоладилар. Демак, огоҳлик давр талаби бўлиб қолаверади.

Нуриддин эшон Юсупов,

Қорақалпоғистон Республикаси, Беруний тумани,

“Шайх Аббос Валий бобо” масжиди имом-хатиби.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *