“Мезон ал-ақоид” таржимаси

Рисолани .pdf  форматда юклаб олиш

Lotin alifbosida

Ярим дақиқада битилган ақоид матни

Муҳаддис Абдулазиз ад-Деҳлавий (1159-1239/1746-1824) раҳимаҳуллоҳ Ҳинд-Синд ўлкаларининг энг машҳур алломаларидан бири Шоҳ Валийуллоҳ ад-Деҳлавий раҳматуллоҳи алайҳининг ўғлидир. У ўн олти ёшларигача ўз оталарида, сўнг ўз даврининг улуғ олимларида таҳсил олади. Ёшлик давридан бошлаб отаси асос солган мадрасада мударрислик қилган. Бугунги кундаги Ҳиндистон ва Покистон уламоларининг таълимий силсилалари ул зот орқали ўтиши ҳам буни тасдиқлайди.

Абдулазиз ад-Деҳлавий раҳимаҳуллоҳ касалманд бўлса-да, исломий илмларга муҳим ҳисса бўлиб қўшиладиган буюк асарлар ёзиб қолдирган. Қуръони каримга “Фатҳ ал-Азиз” номли тафсир битган бўлиб, бизнинг кунларгача бир қисми сақланиб қолган. Унинг “ал-Фатово фи-л-масоил ал-мушкила” (“Мушкул масалалар борасида фатволар”) номли икки жилдли фатволар тўплами мавжуд. Рофизий шиаларга раддия сифатида битган “Туҳфату исна ашарийя” асари ушбу мавзудаги энг муҳим манбалардан бири ҳисобланади. Шунингдек, ҳадис фани тарихи, муҳаддислар ва ҳадис китоблари ҳақидаги “Бўстон ал-муҳаддисин” асари жуда фойдали.

Абдулазиз ад-Деҳлавий раҳимаҳулллоҳ аҳли суннат ва жамоат уламоси, ҳанафий мазҳаби олимларининг дарғаларидан бири сифатида Ҳинд диёрида ваҳҳобийликка илк бор қарши чиққан зотдир. Ул зот жуда тез ёзадиган, баракали ижодкорлардан бири бўлган. Айтилишича, аҳли суннат ва жамоат ақидасини ўзида акс эттирган ажойиб, мўъжаз рисоласини ярим дақиқада ёзганлар. У бир каромат эди. Аслида, уни кўчириб ёзиш ёки равон ўқиш учун ҳам бундан кўпроқ вақт керак бўлади. Мазкур рисола “Мезон ал-ақоид” (“Ақидалар тарозиси”) ёки “Мезон ал-калом” (“Калом илми тарозиси”) деб номланган. Аллома ушбу мўъжаз асарчасини ўзи шарҳлаган.

“Мезон ал-ақоид” асари жуда кичик ҳажмли бўлишига қарамасдан учта мақола, битта фасл ва хотима қисмларга ажратилган. Унда ислом ақоидининг энг муҳим масалалари ўта қисқа ибораларда тўла қамраб олинган.

Ҳамидуллоҳ Беруний.

 بسم الله الرحمن الرحيم.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

الحمد لله ربّ العالمين، و الصلاة و السلام على سيّدنا محمّد و آله و صحبه أجمعين

Оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Саловат ва салом эса саййидимиз Муҳаммадга, ул зотнинг оилалари ва жами саҳобаларига бўлсин!

مقالة: فيما يتعلّق بالإله: لو لم يكن لم يكن موجود

Биринчи мақола илоҳга тааллуқли масалалар ҳақида.

Агар бўлмаса, мавжуд ҳам бўлмайди!

(Мумкин бўлмаган нарса мавжуд ҳам бўлмайди. Аллоҳ таоло вожиб ал-вужуд бўлиб, ўз-ўзидан бор бўлган зотдир. Ул зот бор экан, мавжудлиги ўз-ўзидан бор бўлган зотдир. Мазкур ибора ақида китобларидаги: “ал-Маъдуму лайса би-шайъин!” (“Йўқ нарса бирор нарса эмас!”) қоидасига ҳам ишора қилади).

فقادراً عالمِاً مطلقاً للآثار مريداً للتخصيص فمختاراً

Демак, (Аллоҳ) қодирдир; нарсаларни мутлақ билувчидир; хослаш учун хоҳловчидир; демак ихтиёр қилувчи зотдир!

(Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир, ҳамма нарсани билувчидир, У муассир – таъсир қилувчидир, У мухассис – хословчидир. Ихтиёри ўзидан бўлган ягона зотдир).

فالعالَم حادث

Демак, олам пайдо бўлувчидир.

(Олам пайдо бўлгандир. У азалий эмас, абадий ҳам эмас. Унинг ҳар бир жузъини Аллоҳ таоло яратган. Чунки, оламдаги бор таъсирларга, махсус нарсаларга Унинг ўзи муассир ва мухассисдир. Оламдан мақсад Аллоҳ таолодан ўзга барча нарсалардир).

حىّ سميع بصير متكلّم حقيقةً للتواتُر

У зот мутавотир хабарга кўра тирикдир; эшитувчидир; кўрувчидир, ҳақиқатдан ҳам гапирувчидир.

(Мутавотир хабар бу пайдар-пай келган, ёлғонга чиқариш мумкин бўлмаган далил ва ҳужжатлар ҳисобланади).

صادق ليس بظالِمٍ للنقص سرمدىّ واحد مطلقاً للوجوب

У зот тўғрисўздир, нуқсон бўлгани учун золим ҳам эмас. У абадий зотдир, вожиблиги мутлақ бўлган ягона зотдир.

(Аллоҳ таолога зулмни нисбат қилиш камчиликни нисбат қилмоқдир. Демак, бу мутлақо жоиз эмас, яъни нуқсон сифат бўлгани учун Аллоҳ таолони золим деб аталмайди. У абадий зотдир: Унинг ибтидоси ҳам йўқ, интиҳоси ҳам йўқ. “Мутлақо ягона” деганда Аллоҳ таолони масалан икки яримта бўлакдан иборат бир рақами каби бўлакларга – аъзоларга бўлинадиган зот деб ҳам ўйлаб бўлмасликка ишора қилинган).   

مقدّس عن الجوهريّة و الأرضيّة و توابعهما لمِاَ مرّ و صفاته عينه و هو مرئىّ للتواتر و الإمكان

У жавҳарликдан ва аразликдан ҳамда ўтганидек уларга эргашган нарсалардан муқаддас бўлган зотдир. Унинг сифатлари айни Ўзидир. У мутавотир хабарлар мавжудлиги ва имконияти борлиги учун кўринувчидир.

(Жавҳар бу бўлаклардан таркиб топадиган модда ва материядир. Араз эса ўз ҳолида тура олмайдиган, бошқа модда билан бирга бўладиган аксиденция ва симптом ҳисобланади. Аллоҳ таоло ана шундай нарса эмас. Аллоҳ таолонинг сифатларини айни ўзи дейишга калом илмининг улуғ олимларидан Фахриддин ар-Розий раҳимаҳуллоҳ ҳам майллик билдирган. Бироқ, жумҳур уламолар, аҳли суннат ва жамоатнинг кўпчилик олимлари: “Аллоҳнинг сифатлари на зотий ва на ғайри зотий, яъни сифатлар Аллоҳнинг ўзи ҳам эмас, ўзидан жудо ҳам эмас”, дейдилар. Аллоҳ таоло қиёматда албатта кўрингусидир. Мўъминлар жаннатда турганларида Аллоҳ таолони кўришига Қуръонда оятлар ва ҳадисларда ривоятлар мавжуд. Ақл жиҳатдан ҳам Аллоҳни кўриш мумкинлиги келиб чиқади).

فصل. لا حكم للعقل فى كون الفعل سبباً للجزاء

ФАСЛ. Ақл учун жазо-мукофотга сабаб бўладиган бирор ишни қилишда ҳукм йўқ!

(Бирор ишнинг оқибати яхши-ёмон эканини, савобли ёки гуноҳ эканини ақл белгилай олмайди. Балки, бу нарсани дин-шариат белгилаб беради. Шариат яхши деган нарса яхшидир, шариат ёмон деган нарса ёмондир).

و المنصف يدرك إستناد أفعاله اليه تعالى، و عدم إدراك البعض للقصور او التعصّب

Инсоф қилувчи ўз ишларида Аллоҳ таолога суянишни идрок қилади. Айрим кимсаларнинг идрок қила олмаслиги камчилик ёки таассуб борлиги учундир.

(Барча ишлар, яхши ҳам, ёмон иш ҳам Аллоҳ таолонинг тақдири ва иродаси билан бўлади. Яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканига ишониш имоннинг шартларидан биридир. Ёмонликни банданинг ўзидан ёки шайтондан дейиш илмдаги камчилик ёки мутаассиблик кўринишидир).

مقالة: فى النبىّ مصالح لا تحصى و هو معصوم للوثوق، مقارن دعواه بمعجزة غير تعارض و تصديقه بعده ضرورى. و محمّد صلى الله تعالى عليه و سلم رسول خاتمهم للمعجزات

МАҚОЛА. Пайғамбарда ҳисобсиз маслаҳатлар бор. У ишончлилик учун гуноҳсиздир. Даъвоси эса қаршиликсиз мўъжизага яқин бўлувчидир. Шундан кейин уни тасдиқлаш зарурийдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам расулдирлар, мўъжизалар борлиги учун уларни тугатгандир.

(Пайғамбарликнинг жуда кўп фойдали жиҳатлари бор, албатта. Пайғамбарлар эса ишонч бўлмоғи учун гуноҳ қилишдан омондадирлар. Ҳар бир пайғамбар ўзининг пайғамбарлигини мўъжиза билан исботлаши керак бўлади. Мўъжиза билан исботлагандан кейин эса унинг пайғамбар эканлигига ишониш ва тасдиқлаш зарур. Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарларнинг энг охиргисидирлар, ул зоти шариф билан пайғамбарлик хатм бўлган, тугатилган).

ثمّ الخليفة لا تشترط فيه العصمة، لأنّه ليس بمقنّن و هو أبو بكر ثمّ عمر ثمّ عثمان ثمّ علىّ بالنصّ و الإجماع، و الأفضليّة كذلك بهما. و إثبات الغائب حمق

Сўнгра, халифа гуноҳсиз бўлиши шарт қилинмайди. Чунки, у қонун чиқарувчи эмас. Улар далил ва ижмоъ билан Абу Бакр, сўнг Умар, сўнг Усмон, сўнг Али разийаллоҳу анҳумдирлар. Афзалият ҳам шу иккиси билан бошланади. Ғойибни бор деб исботлаш аҳмоқликдир.

(Халифаликка пайғамбарлик каби гуноҳдан маъсум бўлиш шарт қилинмайди. Чунки, шаръий қонунларни халифа эмас, пайғамбар чиқариб қўйган. У эса ана шу пайғамбарнинг шариатига имкон қадар амал қилса, бўлди. Халифалар эса фақат тўрт нафардир. Уларнинг халифалик тартибига кўра афзалликлари ҳам белгиланган. “Ғойибни бор деб исботлаш аҳмоқлик” деганда, шиаларга раддия қилинган бўлиб, улар Имом Маҳдий разийаллоҳу анҳуни Сарраманрао (Сумарро) шаҳридаги бир ғорга кириб, ғойиб бўлган ва у қиёматга яқин ана шу ғордан чиқиб келадилар, дейдилар).  

ثمّ الخارِق قد يظهر على يد ولىّ و هى معجزة للنبىّ. و العامل من الإنس أفضل من الملك للكلفة

Сўнгра, одатдан ташқари иш валийнинг қўлидан ҳам юзага чиқади. У пайғамбар учун мўъжизадир. Машаққат борлиги учун инсонлар орасидаги амал қилувчи кимса фариштадан афзалдир.

(“Хориқи одат” – “одатдан ташқари иш”, яъни кашфу каромат авлиёдан содир бўлиши мумкин. Худди пайғамбарлардан мўъжиза содир бўлгандек, худди шу мўъжиза валийдан содир бўлса, уни каромат деб аталади. Машаққат ва қийинчиликларга қарамасдан ўз ихтиёри ила Аллоҳга ибодат қилувчи, тақводор инсон фаришталардан афзал ҳисобланади. Чунки, фаришталарда нафс йўқ, уларга ибодат қилиш осон, уларнинг табиатида ибодат қилиш мавжуд). 

مقالة: فى المعاد يمكن وجود عالم آخر لعموم القدرة و البعث. و سائر الأشياء الواردة حقّ للتواتر و الإمكان

МАҚОЛА. Қайтишда бошқа бир оламнинг мавжудлиги мумкин бўлади. Бу қудрат умумий бўлгани ва қайта тирилиш борлиги учундир. Келувчи бошқа нарсалар мутавотир ривоятлар борлиги ва мумкин бўлгани учун ҳақдир.

(Аллоҳ таолонинг қудрати чексиздир. У зот қиёматда яралмиш барча нарсаларни ўлдиргандан сўнг яна қайтариш – тирилтиришга қодирдир. “Келувчи бошқа нарсалар”дан мурод қабр азоби, Мункар ва Накирнинг сўроқ-саволи, сиротдан ўтиш, амалларнинг тарозида тортилиши, ҳавзи кавсар, аъзоларнинг гувоҳлик бериши, жаннат ва дўзах кабилардир. Бу нарсаларнинг барчаси ҳақиқатдир. Зотан, булар ҳақида мутавотир хабарлар – ёлғонга чиқариш мумкин бўлмайдиган даражада кўп ҳадислар етиб келган. Яна ушбу нарсаларнинг бўлишига ақл ҳам ишонч билдиради).

خاتمة: قبول التوبة و العفو بدونها جائز. و المؤمن لا يخلّد فى النار. و الأمر و النهى تابع للمأمور به و المنهىّ عنه

Тавбанинг қабул бўлиши ва тавбасиз авф этилиш жоиздир. Мўъмин дўзахда абадий қолмайди. Буйруқ ва таъқиқ буюрилган ва қайтарилган нарсага тобеъдир.

(Аллоҳ таоло гуноҳларга қилинган тавбани ўз ихтиёри ила қабул қилади. Гуноҳларни тавба қилинмаса ҳам кечириб юбориши мумкин ва бу Аллоҳ таолонинг ўз ихтиёри ила бўлади. Имони бор мўъмин дўзахда абадий қолмайди, қилган гуноҳлари сабабли дўзахда азобланиб чиққандан кейин алалоқибат жаннатга киритилади. Амри маъруф ва наҳйи мункар даражаси буюрилаётган ишга ва қайтарилаётган ишга қараб белгиланади. Фарзга буюриш фарз, мустаҳаб ишга буюриш эса мустаҳаб бўлади. Ҳаромдан қайтариш вожиб, макруҳдан қайтариш эса мандуб бўлади).

تمّ تأليفه فى نصف دقيقة. حرّره مؤلّفه الضعيف عبد العزيز العمرى الدهلوى

Унинг ёзилиши ярим дақиқада тугади. Уни муаллифи заиф Абдулазиз ал-Умарий ад-Деҳлавий ёзди.

كتبه حميد الله البيرونى فى خمسة عشر دقيقة

Араб тилидаги матнни Ҳамидуллоҳ Беруний ўн беш дақиқада ёзиб тугатган. (Таржимага эса бир неча кун кетган).

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *