ИЛГАРИГИ ВА БУГУНГИ МУНОФИҚЛАР

72715400

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу ўзи шоҳид бўлган воқеани қуйидагича ҳикоя қилади:

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида атрофни бадбўй сассиқ ҳид тутиб кетди. Ҳаво чидаб бўлмас даражада ифлосланиб кетганди. Биз, Ё Расулуллоҳ, бу нақадар ёқимсиз ҳид бўлди экан?—дедик.

Расулуллоҳ: «Бир тўда мунофиқлар мусулмонларни ғийбат қилишмоқда. Ўшанинг сассиқ ҳиди ёйилиб кетди», деб жавоб қилдилар. (Имом Шаъровий. Танбеҳ ул-муғтаррин).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврида саҳобаларга тинчлик бермаган, уларнинг ортидан чайнаб фисқу фасод тарқатган, иккиюзламачи, қалби ҳасадга тўлиб тошган мунофиқларнинг аламзада авлодлари бугун ҳам бор. Балки улар анча кўпайган. Бобокалонларининг муносиб меросхўрлари ўлароқ, улар ҳам мусулмонларни ортидан иғво тарқатиш, ғийбат қилиш, бўҳтон тўқиш, бадном қилиш каби разилликларда аждодлари ортидан изма-из қолишмай давом этиб келишмоқда.

Бугунги мунофиқлар замон билан ҳамнафас анча тараққийлашиб кетишган. Бобокалонлари сингари хилватхоналарда тўпланиб, тор доирада ғийбат қилиш услуби хозир эскирган. Бугунги кунда интернет бор. Турли форумлар, блоглар, гуруҳлар, каналлар, ижтимоий тармқолар хозирги мунофиқларнинг мажлисхонасига айланган. Бугунги мунофиқларда сассиқ ҳид тарқатиш учун имконият янада катта ва қулай. Илгариги мунофиқларнинг ёнида малъун шайтон доим бирга турган бўлса, бугунги мунофиқларга шайтонни ҳам хожати қолмади.

Бугунги мунофиқлар ўзларидан сассиқ ҳид таратишда аждодларидан ўзиб кетса кетадики, орқада қолишмайди. Илгарги мунофиқлар чиқарган ҳид маълум чегараланган майдондан ташқарига чиққан эмас. Масалан нари борса бир қишлоқни эгаллаган холос. Бугунги мунофиқларнинг сассиқ ҳидлари бутун дунёни қамраб олади. Ахир улар оғзи ва ортидан чиқарган ҳидларини шунчаки ўзаро мулоқот эмас балки халқаро тармоқ орқали тарқатишадида…

Илгариги мунофиқларнинг аксари яҳудий зиёлиларидан бўлган бўлса, бугунги мунофиқлар ҳам оми эмас. Уларнинг ичида ҳар соҳага мансуб олий маълумотлиларни учратиш мумкин: адиблар, ёзувчию шоирлар, муҳандису дастурчилар ва ҳоказо…

Илгариги мунофиқларга “фитна фасод қилманглар” дейилса, улар: “биз ислоҳотчилармиз” дейишар эди. Худди шу жавоб уларнинг болаларида ҳам бор. Фақат хозиргилари янада қўполроқ қилиб жавоб қайтаришади: уларга  “фитна фасод қилманглар” дейилса, улар аввал “сен шукрчи маддоҳсан” дейди ва ортидан “биз ислоҳот қилмасак ким ислоҳот қилади?!”—дейишади.

Илгариги мунофиқлар мусулмонларга йўлиққанда “биз ҳам иймон келтирганмиз” деб ўзларини иймонли қилиб кўрсатишар, ўзаро давраларида эса мусулмонларни устидан кулишар эди. Бугунги мунофиқлар эса мусулмонларни кўрганда улар билан бирга эмаслигини очиқ тан олишади ва уларнинг устидан ҳамма жойда бемалол масхаралаб кулиб юришади. Расмларига ҳақоратли сўзлар қўшиб пасткашликлар қилишади, дин ходимлари устидан кулиб шеърлар ёзишади ва ҳоказо…

Эй бугунги мунофиқлар! Билиб қўйинг! Сизлар бугун мусулмонларни истеҳзо қилиб юрибмиз деб овунманг! Сизлар аслида ўзингизни алдайсиз холос! Сизлар мусулмонларни, аҳли илмларни, имом-домлаларни, дин ходимларини, ғийбат қилиб, масхаралаб, бадном қилиб мақсадга етишдик деб ўйламанг! Қиёмат куни ҳолингизга маймунлар йиғлайдиган кундан қўрқинг!

Ботиржон қори

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *