ИСЛОМНИНГ ЎН ҲИССАСИ

1462779006_islam-background

Пайғамбаримиз, Расули акрам, Ҳабиби муҳтарам, Набиййи мукаррам руҳий ва руҳу-л-оламина фидоҳу, соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ислом динини ўн ҳисса – ўнта улушдан иборат, деб марҳамат қилган ҳадиси шарифлари бор. У машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган:

الإسلام عشرة أسهم و قد خاب من لا سهم له شهادة أن لا إله إلا الله وهي الملة والثانية الصلاة وهي الفطرة والثالثة الزكاة وهي الطهرة والرابعة الصوم وهي الجنة والخامسة الحج وهي الشريعة والسادسة الجهاد وهي العروة والسابعة الأمر بالمعروف وهي الوفاء والثامنة النهي عن المنكر وهي الحجة والتاسعة الجماعة وهي الألفة والعاشرة الطاعة وهي العصمة

“Ислом ўн ҳиссадир. Дарҳақиқат, кимда ушбу улушлардан бўлмаса, у хатога йўл қўйибди. “Ла илаҳа иллаллоҳ!” деб шаҳодат келтириш. У миллатдир. Иккинчиси, намоз. У фитратдир. Учинчиси, закот. У покликдир. Тўртинчиси, рўза. У қалқондир. Бешинчиси, ҳаж. У шариатдир. Олтинчиси, жиҳод. У арқон – риштадир. Еттинчиси, амри маъруф – яхшиликка буюриш. У садоқат-вафодир. Саккизинчиси, наҳйи мункар – ёмонликдан қайтариш. У ҳужжатдир. Тўққизинчиси, жамоат. У бирдамлик – ҳамжиҳатликдир. Ўнинчиси, тоат. У бегуноҳлик – покдомонликдир” (Табароний, “ал-Мўъжам ал-кабир”, 11/11958; “ал-Мўъжам ал-авсат”, 8/7893).

Таниқли ҳадисшунос Нуриддин ал-Ҳайсамий (735-807/1334-1404) раҳимаҳуллоҳ “Мажмаъ аз-завоид” номли асарларида айтишига қараганда, мазкур ҳадиси шарифнинг ровийлари қаторида Ҳомид ибн Одам ал-Марвазий раҳимаҳуллоҳ деган шахс мавжуд бўлиб, у сохта ҳадис тўқиш билан танилган экан. Демак, ҳадиси шариф жуда-жуда заиф деб баҳоланади. Бироқ, уни қувватловчи бошқа тариқ (вариант)лар ҳам мавжуд. Жумладан, таниқли саҳоба Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу томонидан ривоят қилинган тариқ (вариант) бор. Яъни, “Тафсири Жалолайн” муаллифларидан бири Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Жомеъ ал-аҳодис” асарларида келтиришларича, Абу Нуайм ал-Ажалий раҳимаҳуллоҳ “Фавоид” асарларида ҳамда Имом ар-Рофеъий раҳимаҳуллоҳ “Тарихи Қазвин” асарларида ушбу ҳадиснинг: “Жаброил алайҳиссалом менга келиб, “Эй, Муҳаммад! Исломнинг ўн ҳиссаси бор!”, дедилар”, деб бошланувчи вариантини ривоят қилганлар (1/323).

Хуллас, мазкур ҳадиси шарифни изоҳласак, яхши бўлади. Зотан, исломнинг ўнта улуши, ўн ҳиссаси дейилган нарсалардан бирортаси инсонда бўлмас экан, ҳадисда айтилганидек, у хатокор инсон ҳисобланади. Ундай инсон ҳаётда муваффақиятга эришмайди, фойда ва манфаат топмайди. Ушбу ўн улушдан насиба олмоғимиз учун, уларнинг аҳамиятини, нақадар зарурлигини билмоғимиз керак бўлади.

Биринчиси, “Ла илаҳа иллаллоҳ!” деб шаҳодат келтириш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари уни миллат деб баҳоладилар. Мусулмон миллати. Инсон “Ла илаҳа иллаллоҳ. Муҳаммаду-р-Расулуллоҳ!” калимасини айтиб, дилдан тасдиқлаш ила ислом динига кирган бўлади. Шу калимани айтиши билан унинг олдинги барча гуноҳлари йўқ бўлиб кетади. Мазкур калимани айтган кимсанинг охирати ҳам обод бўлади.

Иккинчиси, намоз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни фитрат деб баҳолаганлар. Яъни, инсоннинг фитратида намоз ўқишга майллик ва қобилият мавжуд. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошқа бир ҳадисларида: “Ҳар бир бола фитратда туғилади. Уни кейинчалик ота-онаси насроний, яҳудий ёки мажусий қилади”, деган мазмунни иршод қилганлар. Фитрат бу имонга, исломга, яхшиликка нисбатан бўлган майлдир. Демак, намоз ўқиш, ибодат этишга инсон табиий равишда муҳтож бўлаверади. Сажда қилишга мойиллик инсоннинг хилқатида, тийнатида бор экан. Шунинг учун, саждадан қочманг, сажда қилишдан ор қилманг!

Учинчиси, закот. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни поклик деб баҳолаганлар. Қуръони каримнинг қаерида намозга амр қилинган бўлса, у билан бирга закотга ҳам буюрилган. Закот мол-дунёни покловчидир. “Закот” сўзининг ҳам бир луғавий маъноси “поклаш”дир. Мол-дунё қанчалик кўп топилмасин, қанчалик ҳалол ва оғир машаққатлар билан қўлга киритилмасин, агар закоти берилмаса, ўша мол-дунё нопок ва ҳаром деб баҳоланаверади. Шунинг учун, ҳар йили бир марта мол-дунёни ҳисоб-китоб қилиб, унинг шаръий солиғи бўлмиш закотини бермоқ лозим бўлади.

Тўртинчиси, рўза. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни қалқон деб баҳолаганлар. У дўзахдан қалқондир. Рўза тутувчига бу рўзаси қалқон бўлиб, уни дўзахдан сақлайди, асрайди, ҳимоя қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннатда эшиклар кўп. Бир эшигининг номи “Райён”дир. Ундан фақат рўза тутганлар киради. Кимки жаннатга кирса, ҳеч қачон чанқамайди!” деб марҳамат қилганлар. Йилда бир келадиган рамазон ойида бир ой рўза тутмоқ ҳар бир мусулмоннинг фарзи ҳисобланади. Бундан ташқари ҳар ойда уч кун рўза тутмоқ, душанба ва пайшанба кунлари рўза тутмоқ, ражаб, шаъбон ва шаввол ойларида рўза тутмоқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг севиб адо қилган суннат амалларидир.

Бешинчиси, ҳаж. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни шариат деб баҳолаганлар. Ҳаж мусулмонларнинг умр бўйи бир марта адо қилиши лозим бўлган ва бутун дунё мусулмонлари бир жойга Каъбатуллоҳга қасд қилиб ибодат учун бормоқлари шариат дейилган. Бу ислом шариатини ёққол кўрсатувчи, бутун оламга намоён қилувчи амалиётдир. Ҳажда жами мусулмонларнинг бир тан-у бир жон бўлиб Каъба атрофида тавоф қилиб айланаётган мусулмонларни кўрганлар, бир хил кийимда Арафот майдонида турган ҳожиларни кўрганлар ҳақиқатдан ҳам ҳаж шариат эканини ҳис қиладилар. Ҳаж исломнинг бешта энг катта устунларидан биридир. Шариатга бўйин сунган мусулмонлар ҳамиша ҳажга талпинаверишлари шундан. Ҳаж кунларидан бошқа пайтлар Каъбатуллоҳ зиёрати умра деб аталади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган суннат амалдир.

Олтинчиси, жиҳод. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни арқон деб баҳолаганлар. Мусулмонлар агар бу риштани маҳкам тутсалар, бирдамлик юзага келади. Ришта мусулмонликни мустаҳкамлайдиган арқондир. Ришта исломга қувват ато қиладиган арқондир. Ришта ислом аҳлини жаннатга етаклайдиган арқондир. Бироқ, бу арқонни нотўғри ишлатадиганлар, суиистеъмол қиладиганлар ҳамиша топилади. Зотан, жиҳод Аллоҳнинг калимасини олий қилиш, бутун дунёга мусулмонликни ёйиш воситасидир. Агар уруш-жанжалсиз, тинчлик ва даъват йўли билан ислом тарқаладиган бўлса, уруш-жанжал қабоҳатга айланади. Бу ҳолда мусулмонлар Аллоҳнинг калимасини олий қиладиган, бутун дунёга мусулмонликни ёядиган бошқа воситаларни ишга солишлари фарз бўлади, ана шу воситаларни амалда қўллаш – ахборотлар уруши ҳақиқий жиҳодга айланади.

Еттинчиси, амри маъруф. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни садоқат деб баҳолаганлар. Одамларни яхшиликка чақирувчи киши ўз эътиқодига, ўз билими ва илмига, ўз қариндошлари ва миллатдошларига садоқатли бўлади, содиқ инсон бўлади. Яхшиликка чақириш ўрнига ёмонликни ўргатувчи кимса хиёнаткор ҳисобланади. Ундай одам хоин бўлади. Шунинг учун, бепарволик исломда қораланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бирор ёмонликни кўрса, қўли билан ўзгартирсин. Агар бунга қодир бўлмаса, тили билан ўзгартиришга ҳаракат қилсин. Агар бунга ҳам кучи етмаса, қалби билан ёмон кўрсин. Энди, буниси имоннинг заифлигидир!” деганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалби билан ёмон кўриб, лекин индай олмаган одамнинг имонини заиф деб баҳолаганлар. Агар унинг қалби ўша ёмон ишга мойил бўлса, ўша ёмон ишни қўллаб-қувватлайдиган бўлса, унинг қалби мунофиқ бўлади, унинг қалбидан имон бутунлай юз ўгиради. Жамият ўзаро яхшиликка чақириш билан обод бўлади. Жамият ёмонликдан бир-бировни қайтариш билан тозаланиб туради.

Саккизинчиси, наҳйи мункар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ҳужжат деб баҳолаганлар. Инсонлар бир-бировини ёмонликдан қайтарар эканлар, ўзаро ёмонлик қилишдан бир-бирини тўхтатиб қолар эканлар, бу уларнинг фойдасига ҳужжат бўлади. Акс ҳолда, гуноҳга шерик деган ҳужжат бўлади. Бировнинг гуноҳ иш қилаётганини кўриб туриб ҳам индамаслик, унга бепарво бўлиш, ёнга қандайдир ёрдам бериш унга шериклик билан баробардир. Мусулмон ғийбат қилмайди, ғийбат қилинаётган бўлса, тўхтатади, тўхтатишни билмаса, у ердан туриб кетади, деган ҳикматнинг маъноси шу ерда. Ғийбатга қулоқ солиб ўтиравериш ғийбатчига шерик бўлиш билан тенг. Бошқа гуноҳлар ҳам худди шундай. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “ёмонликдан қайтариш”ни фойдага ёки зарарга ҳужжат деб атаганлар.

Тўққизинчиси, жамоат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бирдамлик деб баҳолаганлар. Жамоатда барака бор, жамоатда шарофат бор. У бирдамлик рамзидир. Жамоатдан айрилиш тафриқадир, фитнадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жамоатни ўзингизга лозим тутинг! Кимки жамоатдан бир қарич айрилса, дўзахда ёлғиз ўзи қолади”, деганлар. Мусулмонларнинг жуда кўпчилиги нима иш қилаёган бўлсалар, улар билан бирга бўлиш керак. Мусулмонларнинг жуда кўпчилиги қандай эътиқодда бўлса, ўшанга эътиқод қилмоқ лозим. Мана шу жамоатда туриш ҳисобланади. Шунинг учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саводи аъзамни лозим тутинг!”, деганлар. Бу жуда катта жамоатни назарда тутади. Маълум бир тоифаларга мансуб бўлиш, озчилик билан гуруҳ бўлиб олиш, бир тоифа одамлар билан оқим ташкил қилиш гумроҳликдан ва бошоғриқдан бошқа нарса келтирмайди. Мусулмонлар бир жамоа бўлсалар, иттифоқ бўлади, бирдамлик бўлади.

Ўнинчиси, тоат. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бегуноҳлик деб баҳолаганлар. Ким итоаткор бўлса, маъсум бўлади. Инсон тоат-ибодат қилган сайин гуноҳлари тўкила боради, айб-нуқсонлари йўқола боради, камчиликлари камаяди. Чунки, тоатда истиғфор бор, тавба қилиш бор, ўз айб-нуқсонларидан пушаймонлик бор, Аллоҳ ҳузурида қадр-қиймат бор. Мусулмонлар фарзларни ихлос билан қилар эканлар, вожибларга эътиборли бўладилар. Суннатларни бажо қилар эканлар, мустаҳабларни ҳам четда қолдирмайдилар. Макруҳликдан қочиб яшаган инсон асло ҳаромларга қўл урмайди. Макруҳлардан ҳазар қилган киши эса шубҳаларни қилмасликка, шубҳаларга яқин келмасликка доим ҳаракат қиладиган бўлади. Бу эса инсонни камолотга етказади, маъсумликка олиб чиқади.

Хулоса. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ислом динини ўн ҳисса – ўнта улушдан иборат!”, деган маънодаги биз ўрганган ҳадиси шарифлари инсон ҳаётида, айниқса мусулмонлар учун жуда қимматлидир. Зотан, унда мусулмонликни, ислом динини ўн улушга бўлиб кўрсатилган. Бу улушларга тўла эга бўлган киши исломга тўла эгалик қилган бўлади. Бу улушлардан тегмай қолган бўлса, унга эга чиқишга урунмоқ лозим.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатиб берган ўнта улушдан тўла-тўкис насиба ато қилсин! Омин!

Ҳамидуллоҳ Беруний. 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *