“Ҳизбуттаҳрир” – шайтоннинг ҳизби

Lotin alifbosida

HIZBUTTAHRIR ShAYTONNING HIZBIИслом оламини ичдан бузишни кўзлаган душманлар режаси асосида ХХ асрга келиб, “Ҳизбуттаҳрир” деб аталган ташкилот юзага келди. Ташкилот вакиллари ушбу номдаги “ҳизб” сўзини Қуръондаги оятлардан фойдаланиб олганлар. “Ҳизб” сўзининг луғавий маъноси гуруҳ, партия, тобе кишилар демакдир. Умуман, номида “ҳизб” сўзи қатнашган оқимлар бу сўзни Қуръонда келгани учун ҳам фойдаланадилар. Улар ўзларини “Аллоҳнинг ҳизбимиз”, деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, “шайтоннинг ҳизби” ҳам борлигини унутиб қўядилар.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръонда бундай деган:

أُوْلَئِكَ حِزْبُ اللَّهِ أَلَا إِنَّ حِزْبَ اللَّهِ هُمُ الْمُفْلِحُونَ {22}

Айнан ўшалар Аллоҳнинг ҳизби (динининг ҳимоячилари)дир. Огоҳ бўлингки, албатта, Аллоҳнинг ҳизбигина нажот топувчидир!”. (Мужодала сураси, 22-оят).

Мазкур оятдаги “Аллоҳнинг ҳизби”дан мурод Аллоҳнинг динини ҳимоя қилувчилардир. Бугунги ҳизбчиларнинг бирортаси қаерда Аллоҳнинг динининг ҳимоячилари бўлибди?! Ҳизбчиларнинг раҳнамолигида бирор жойда масжид қурилганини эшитганмисиз? Ҳизбчилар ҳомийлигида дунёнинг бирор жойида мадраса барпо бўлганини эшитганмисиз? Ҳизбуттаҳрир вакилларининг бирор жойда кутубхона қурилишига бошчилик қилганини кўрганмисиз? Улар Аллоҳнинг қандай ҳимоячилари бўлибди?!

“Тафсири Жалолайн”да бу ердаги “Аллоҳнинг ҳизби”ни тафсир қилинар экан: يتبعون أمره و يجتنبون نهيه“улар Аллоҳнинг амрига эргашадилар, таъқиқидан узоқ бўладилар”, дейилган.

Бугунги кундаги ҳизбуттаҳрир Аллоҳ ва унинг расули фарз қилган илм олиш, илм талабидан юз ўгириб, ўзлари ўйлаб топган “халифалик давлати”ни қуришга уруниб ётибдилар-ку! Ҳатто улар бу вайронкор ғоялари йўлида намоз ўқимасликка, Аллоҳнинг амрларини вақтинчалик қилмай туришга ҳам чақирмоқдалар-ку! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам исломни бутун дунёга ёйишга ҳаракат қилар эканлар, саҳобаларига бирор марта ва бирон вақтда намоз ўқимай туришга ёки Аллоҳнинг амрларига бўйсинмай туришга чақирганмилар?! Йўқ, асло!

Бугунги кундаги ҳизбуттаҳрир ўзларининг вайронкор ғоялари йўлида ахлоқсизликка ҳам рози бўлмоқдалар-ку! Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен гўзал ахлоқларни камолга етказиш учун юборилганман!” демаганмидилар?!

Бугунги кундаги ҳизбуттаҳрир ўзларининг вайронкор ғоялари йўлида ўзларининг халифаларини кофирдан ҳам бўлиши жоиз деб Аллоҳ ва унинг Расулига қарши бормаяптиларми?!

Яна Аллоҳ таоло ўзининг ҳизби ҳақида бундай дейди:

وَمَن يَتَوَلَّ اللّهَ وَرَسُولَهُ وَالَّذِينَ آمَنُواْ فَإِنَّ حِزْبَ اللّهِ هُمُ الْغَالِبُونَ {56}

Кимки Аллоҳни, Расулни ва имон келтирганларни дўст тутса, албатта, Аллоҳнинг (бу) ҳизби чинакам ғолиблардир”. (Моида сураси, 56-оят).

“Моида” сурасининг мазкур 56-оятида “Расулни дўст тутиш” шарти бор. Тўғрими? Бугунги ҳизбчиларнинг қаерда одамларни севимли пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга саловот айтишга чақирганини эшитгансиз? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни чин дилдан севганларни тўплаб, у зотнинг сийратлари ҳақида, ҳадисларининг маънолари тўғрисида уларнинг мажлис ўтказганини эшитганмисиз? Шунча бойлик сарф қилаётган ҳизбуттаҳрир ўз вакилларига ёки оддий мусулмонларга ҳомийлик қилиб, ҳажга ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг зиёратларига юборганини кўрганмисиз? Шунча бойлик сарф қилаётган, ўзларининг тузулмаларини мудом рағбатлантириб, кучайтираётган ҳизбуттаҳрир бирор марта Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини ўрганиш мусобақаларини ёки анжуманларини ташкил қилганлигига гувоҳ бўлганмисиз? Йўқ, асло! Асло, улар бу хилдаги ишларни қилмайдилар, қила олмайдилар. Ҳизбуттаҳрир қандай Аллоҳнинг ҳизби бўлсин?! Улар Аллоҳнинг эмас, шайтоннинг ҳизбидирлар!

“Моида” сурасининг юқоридаги 56-оятида Аллоҳнинг ҳизби бўлиш учун “имон келтирганларни дўст тутиш” шарти ҳам кўрсатилган. “ал-Кашшоф” тафсирида “Аллоҳнинг ҳизби” Аллоҳ таолонинг авлиё бандаларига нисбатан ихлосли бўлиши кўрсатилган. Бугунги кундаги ҳизбуттаҳрир Аллоҳнинг авлиёуллоҳларини жисмонан йўқ қилинишига, уларнинг қабрларини портлатинишига рози бўлмаяптиларми?!

Ҳизбуттаҳрир авлиёуллоҳларни яхши кўриш у ёқда турсин, оддий мўъмин-мусулмонларга ҳам нафрат билан қаровчилардир. Ўз юртларини кофиристон дегувчи, ўз юртдошларини кофир деб, уларга бор нафратини сочувчилардан яна нима кутиш мумкин?! Ўз туғишган ака-укаларини, ёшликдаги дўст-биродарларини кофирлар деб ёмон кўрувчи, меҳрбонлик билан тарбиялаган ота-онасига ҳам дунёга келтиришдаги оддий бир восита деб қаровчи ҳизб вакилларини “имон келтирганларни дўст тутиш” шартини бажарувчи, деб бўладими?!

Аслида, ҳизбуттаҳрир қуйидаги оятда кўрсатилган шайтоннинг ҳизби эканига шак-шубҳа йўқ:

اسْتَحْوَذَ عَلَيْهِمُ الشَّيْطَانُ فَأَنسَاهُمْ ذِكْرَ اللَّهِ أُوْلَئِكَ حِزْبُ الشَّيْطَانِ أَلَا إِنَّ حِزْبَ الشَّيْطَانِ هُمُ الْخَاسِرُونَ {19} إِنَّ الَّذِينَ يُحَادُّونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَئِكَ فِي الأَذَلِّينَ {20}

Уларни шайтон эгаллаб олиб, уларга Аллоҳнинг зикрини унуттирди. Ана ўшалар шайтоннинг ҳизби (гуруҳи)дирлар. Огоҳ бўлингки, албатта, шайтоннинг ҳизби зиён кўрувчидир! Албатта, Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига мухолифлик қилганлар, айнан, ўшалар энг хор кимсалар ичида бўлурлар”. (Мужодала сураси, 19-20-оят).

Ҳа, ҳизбуттаҳрир Аллоҳни унутгани учун ҳам, охиратни ўйламагани учун ҳам илм олишдан мосиво бўлиб, фикру-зикри Аллоҳ эмас, “халифалик” бўлиб қолган шайтоннинг ҳизбларидир. Улар, ҳақиқатдан ҳам, Аллоҳнинг зикрини унутиб, “халифалик” зикрини эсдан чиқармаётган шайтон малайларидир. Агар улар Аллоҳнинг зикрини унутмаганларида юртларни вайрон қилиб, масжидлар ва мадрасаларни портлатишга фатво беришмаган, ватанни обод қилиб, Аллоҳнинг зикрини эслатадиган масканлар барпо қилишга бош бўлиб, масжидлар, мадрасалар, хонақолар қуришган бўлардилар. Тўғрими?

Ҳизбуттаҳрир аъзоларига юқоридаги фикрларни айтсангиз, ўзларининг бузуқ ақидалари ва тор дунёқарашларида қотиб тураверадилар. Ўзларини қилган ва қилаётган ишларидан шод ҳам бўлиб турадилар. Зотан, бу ҳақида Аллоҳ таолонинг ўзи хабар берган:

مِنَ الَّذِينَ فَرَّقُوا دِينَهُمْ وَكَانُوا شِيَعاً كُلُّ حِزْبٍ بِمَا لَدَيْهِمْ فَرِحُونَ {32}

Улар (мушриклар) динларини бўлиб юбориб, (турли) фирқаларга ажралгандирлар. Ҳар бир фирқа (одамлари) ўз наздиларидаги нарса (ақида) билан шоддирлар. (Рум сураси, 32-оят).

Ҳизбуттаҳрир шайтоннинг ҳизби бўлиб, унинг ортидан эргашар эканлар, биз Аллоҳ таолонинг мана бу огоҳлантиришини кўрсатиб, улар дўзах аҳли бўлишга ҳаракат қилаётганларини айта оламиз, холос:

إِنَّ الشَّيْطَانَ لَكُمْ عَدُوٌّ فَاتَّخِذُوهُ عَدُوّاً إِنَّمَا يَدْعُو حِزْبَهُ لِيَكُونُوا مِنْ أَصْحَابِ السَّعِيرِ {6}

Албатта, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутингиз! У ўз фирқасини (ўзига эргашганларни) дўзах аҳли бўлишга даъват қилур”. (Фотир сураси, 6-оят).

Ҳизбуттаҳрир бутун дунёда ўзларининг вайронкор ғоялари билан бузғунчилик қилиб юрибдилар. Улар ўз аъзоларини нуқул бузғунчиликка чақирадилар. Улар давлатларни барбод қилишга, юртларни кофиристон дейишга, ўлкаларни ўликлар йиғилган маконларга айлантиришга, ватанларни вайрон қилишга чақирадилар. Шу орқали ўзларининг ифлос ғояларига етишни кўзлаб шайтоннинг ҳизбига айланиб бўлганлар. Аллоҳ таоло эса бизни бузғунчилар йўлига эргашмасликка чақиради:

وَلاَ تَتَّبِعْ سَبِيلَ الْمُفْسِدِينَ {142}

“Бузғунчилар йўлига эргашмагин!. (Аъроф сураси, 142-оят).

Шайтонга эргашиш керак эмас. Шайтоннинг ҳизби бўлмаслик керак. Шайтон фақат ва фақат бузуқлик ва ёвузликка чорлайди. Ҳизбуттаҳрир аъзолари порнофильмларни, фаҳш суратларни томоша қилишни жоиз ва мубоҳ деб юрганларининг асл маъноси ҳам шу ерда: улар шайтоннинг ҳизбидирлар:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا تَتَّبِعُوا خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ وَمَن يَتَّبِعْ خُطُوَاتِ الشَّيْطَانِ فَإِنَّهُ يَأْمُرُ بِالْفَحْشَاء وَالْمُنكَرِ  {21}

Эй, имон келтирганлар! Шайтоннинг изидан эргашмангиз! Ким шайтоннинг изидан эргашса, бас, албатта, (шайтон) бузуқлик ва ёвузликка буюрур”. (Нур сураси, 21-оят).

Ҳизбуттаҳрир ўз аъзоларини илм олмасликка, билимдон бўлмасликка чақиради. Улар илм душманларидир. Уларнинг дунёқарашлари ҳам, ижтимоий ва сиёсий билимлари ҳам ҳаминқадар, холос. Шунинг учун ҳам дунёнинг бирор жойида ҳизбуттаҳрирга қарашли мадраса йўқ, билим маскани йўқ. Фақат урушга тайёрлайдиган полигонлари ва қўлларида варақалари бор, холос. Аллоҳ таоло эса бизни билимсизларга эргашишдан қайтарган:

ثُمَّ جَعَلْنَاكَ عَلَى شَرِيعَةٍ مِّنَ الْأَمْرِ فَاتَّبِعْهَا وَلَا تَتَّبِعْ أَهْوَاء الَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ {18}

Сўнгра (эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (диний) ишдан иборат шариат узра (барқарор) қилдик. Бас, Сиз ўшанга эргашинг ва билмайдиган кимсаларнинг ҳавойи (фикр)ларига эргашманг!. (Жосия сураси, 18-оят).

Хуллас, ҲИЗБУТТАҲРИР дегани ШАЙТОННИНГ ҲИЗБИдир! Буни унутманг! Улар Аллоҳ таолонинг ҳизби эмас, улар Аллоҳ таолонинг динини тараққий қилдириш ва юксалтириш учун чиққан эмас, балки унинг динини барбод қилишга, Аллоҳнинг динини дунёга ёмон кўрсатишга, дунё бўйлаб исломофобиянинг кучайишига сабабчи бўлган гуруҳдир!!!

Аллоҳ таоло бизнинг жонажон юртларимизни ҳизбуттаҳрир хуружидан, бизнинг жонажон фарзандларимизни ҳизбуттаҳрир фитнасидан ўзи асрасин!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *