Ҳизбуттаҳрирнинг “халифалик” масаласига раддия

1458467523_unknown

Таниқли аллома Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳнинг “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” асарида “халифалик” масаласи алоҳида келтирилган. Чунки, “халифалик” масаласи ўша даврда ҳам, бугун ҳам муҳим муаммолардан ҳисобланади. Бугунги кунда ҳам баъзи оқимлар томонидан “Ислом халифалиги”ни қуриш ғояси илгари сурилмоқда. Агарда тарихга назар ташланса, бу масала ҳам даврий такрорланиб турганига гувоҳ бўлиш мумкин.

“Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” асарида бу тўғрида қуйидагича баён қилинган:

الخِلَافَةُ ثَلَاثُونَ سَنَةً ثُمَّ بَعْدَهَا مُلُكٌ وَ إِمَارَةٌ.

“Халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳлик ва амирликдир”.

Ушбу фикрини исботлаш мақсадида аллома Тафтазоний Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадисни келтиради:

الخِلَافَةُ بَعْدي ثَلَاثُونَ سَنَةً ثُمَّ تَصْيِرُ بَعْدَهَا مُلُكًا وَ عُضُوضًا.

“Мендан кейин халифалик ўттиз йилдир. Ундан кейин подшоҳлик ва яккаҳокимликларга айланиб кетади”.

Мазкур ҳадис саҳиҳ бўлиб, бир қанча муҳаддислар томонидан ривоят қилинган. Шундан кейин, Аллома Тафтазоний саҳоба Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг мазкур ўттиз йилнинг бошида туришлигини айтганлар. Ундан кейин ҳукмронлик қилганлар эса, подшоҳ ва амирлар бўлади, дейдилар. Жумладан, саҳоба Муовия разийаллоҳу анҳу ва ундан кейинги амирлар халифалардан эмаслигини айтилади. Лекин, бу мавзунинг тушунилиши мушкул деб, фикрини қуйидагича ёритиб беради:

Аббосий халифалиги ва Умар ибн Абдулазиз каби марвонийлар сулоласининг баъзи вакилларини мусулмон уммати халифа деб келган бўлса-да, бироқ Аллома Тафтазоний фикрига кўра, ҳадисда тилга олинган халифаликдан мақсад тўлиқ халифалик, яъни у шундай халифаликки, унга қарши ҳеч бир мухолафат бўлмаган, ундан бошқаларга байъат қилишга одамларда майл уйғонмаган.

Яъни, “хулафои рошидин” (“тўғри йўлдан борувчи халифалар”) Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн ал-Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳум ажмаъин бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари бўлганлар.

Демак, Аллома Тафтазоний айтишича, мусулмонларнинг норозилигига сабабчи бўлиб, бир тўда одамлар ўзларича халифалик эълон қилгани билан улар ҳақиқий бўла олмайдилар. Улар ўзларининг “халифалиги”га қанчалик оят ва ҳадис келтирсалар ҳам, улар ишончли ва том маънодаги халифа эмаслар!

Аллома Тафтазоний ҳам ҳозирги даврда халифалик тузишни тарғиб қилувчилар доим келтирадиган ҳадиси шарифга эътибор қаратган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидаги ҳадис келтирилади:

مَنْ مَاتَ مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ وَلَمْ يَعْرِفْ إِمَامَ زَمَانِهِ مَاتَ مَيِّةً جَاهِلِيَّةً.

“Аҳли қибладан ким ўз замонасининг имомини танимасдан вафот этса, жоҳил бўлиб вафот этибди”.

Аллома Тафтазоний мазкур ҳадис эътиборидан уммат Набий (с.а.в.) вафотидан кейин энг муҳим ишни қилдилар. Яъни, ўзларига раҳбарни тайинладилар. Ҳатто, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн қилинмасдан олдин бу ишни амалга оширдилар ва бу ишни ҳар бир раҳбар вафотидан кейин ҳам давом эттирдилар, деганлар. Яъни, бу ерда ҳеч қандай халифалик ҳақида гап-сўз йўқ. Мазкур ҳадисда ҳар бир даврдаги, ҳар бир юртнинг ўзлари тинч йўл билан сайлаб қўйган раҳбарлари назарда тутилган. Ҳадисда тилга олинган “имом” сўзи диний раҳбар – масжид имомини ҳам, сиёсий раҳбар – давлат раҳбарини ҳам назарда тутади. Фиқҳий манбаларда ҳам “имом” сўзи ана шу икки маънода қўлланади. Ундан фақат “халифа”ни эътиборга олиш маъноси йўқ. Иккинчидан, айтиш лозимки, “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия”нинг энг машҳур шарҳ қилувчиларидан Рамазон афанди  фикрича, бу ҳадисдаги “ўз замонининг имоми” сўзидан мурод ўша даврга юборилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир.

Халифаликни ва халифалик тузишни тарғиб қилувчилар юқоридаги ҳадиси шарифни келтириб, ўзларининг ғаразли мақсадлари учун ниқоб қилиб оладилар, лекин шу маънодаги қуйидаги саҳиҳ ҳадиси шарифни яшириб келадилар:

من خرج من الطاعة وفارق الجماعة فمات مات ميتة جاهلية ومن خرج على أمتي يضرب برها وفاجرها لا يتحاشى من مؤمنها ولا يفي لذي عهدها فليس مني ومن قاتل تحت راية عمية يدعو إلى عصبية أو يغضب لعصبية فقتل فقتلة جاهلية

“Кимки итоатдан чиқиб ва жамоатдан ажралиб вафот қилса, жоҳилият ўлиги ҳолда ўлиб кетади. Кимки умматимга қарши чиқиб, яхшисини ҳам, ёмонини ҳам (бўйинига қилич ва болта ила) ура бошласа, уларнинг мўъминлигига парво қилмай қўйса, уларнинг аҳдлашган кимсаларига вафо қилмаса, у мендан эмас! Кимки асабийликка чақирадиган кўр байроқ остида уришса, ёки асабийлик билан ғазабланаверса, у ўлдирилса, жаҳолат ҳолида ўлдирилган бўлади!”.

Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳозирги кунда аҳмоқона “халифаликни қайта қуриш” режаси билан мўъмин-мусулмонларга қарши чиқаётган, мусулмонларни ўлдираётган, асабий ва ғазабнок нокасларни огоҳлантирмоқдалар, уларнинг ўзлари жаҳолатда, ҳаром ўлимтик ҳолида ўлиб кетишларини башорат қилмоқдалар.

Хулоса қилиб шуни таъкидлаш керакки, “халифаликни қайта қуриш” масаласи асрлар давомида турли фирқалар томонидан даврий равишда кўтарилиб турган. Бугунги кунда ҳам бу масала баъзи адашган фирқалар томонидан кўтарилмоқда. Юқорида келтирилган далиллар мазкур оқимларнинг қарашлари нотўғрилигини исботлайди ва уларнинг қилаётган бу даъволари фақат ўзларининг ғаразли мақсадларини ниқоблашдан ўзга ҳолат эмас эканини кўрсатади.

Биринчидан, “раҳбар” деб таржима қилинган сўз матнда “имом” (“الْإِمَامُ”) шаклида келган. Ақоид илми истилоҳида “имом” сўзи икки маънода келади: давлат раҳбари ва имом-хатиб. Бу ўринда давлат раҳбари маъносида келган.

Лекин, “مَنْ مَاتَ مِنْ أَهْلِ الْقِبْلَةِ” ҳадисида келган “имом” (“الْإِمَامُ”) сўзидан мурод эса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Унда ва унинг маъносидаги ҳадисларда “халифа” сўзи келтирилган эмас.

Иккинчидан, юқорида келтирилган ҳадис маъносидан маълум бўладики, “комил халифалик” ўттиз йил. Яъни, Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ибн Аффон ва Али ибн Абу Толиб разийаллоҳу анҳумлар даври. Шунингдек, мазкур тўрт саҳоба Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг халифалари бўлганлар. Мазкур ўттиз йилдан кейин пайдо бўлган давлатлар эса, подшоҳлик ва амирликлар эди. Демак, бундан маълум бўладики, подшоҳлик ва амирликлар “ўринбосар”, яъни, “халифа” томонидан эмас, балки, “подшоҳ” ва “амир”лар томонидан бошқарилади.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *