Ҳизбнинг ақидавий залолатлари (2-қисм)

Lotin alifbosida

Исмат—Пайғамбарларнинг катта ва кичик гуноҳлардан омон эканлик масаласи

Уммат бирдамлигига футур етказишда дин душманларидан қолишмайдиган тоифа—ҳизбчиларнинг навбатдаги бузуқ ақидаси Аллоҳ таоло танлаган пайғамбарлар билан боғлиқдир. Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг суюкли бандаларидир. Энг аввалгиси ҳазрати Одам ва энг сўнггиси ҳазрати Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Аллоҳ таоло одамлар орасидан энг солиҳларини танлаб пайғамбар тайинлайди. Пайғамбарларнинг вазифаси умматларига шариат аҳкомларини етказишдан иборатдир. Ҳизбчиларнинг тасаввурларига кўра пайғамбарлар қачонки пайғамбарлик вазифасини олгач Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ ишда бардавом бўлишади. Пайғамбарликдан олдин эса улар ҳам ҳамма қатори оддий инсон бўлиб, турли ношаръий ишлар қилиши мумкин эмиш. Қаранг, уларнинг раҳнамоси нима деяпти:

إلا أن هذه العصمة للأنبياء والرسل، وإنما تكون بعد أن يصبح نبيًّا أو رسولا بالوحي إليه، أما قبل النبوة والرسالة فإنه يجوز عليهم ما يجوز على سائر البشر، لأن العصمة هي للنبوة والرسالة»

..бироқ бу исмат пайғамбар ва расулларга қачонки улар илоҳий ваҳий билан пайғамбар ва русуллик мақомига эришсаларгина берилади. Ундан олдин эса уларда ҳам бошқаларда содир бўлган ишлар бўлиши мумкин. Чунки исмат бу пайғамбарлик ва рисолат туфайлидир”. (Тақийюддин Набаҳоний. “аш-Шахсийят-ул-исломия”. 1-Ж. 1-Қисм. 120- Б.).

Йирик ҳанафий олими шайх Мулла Али ал-Қори ҳазратлари Ўсон Ўший қаламига мансуб “Бадъул-амолий” қасидасига ёзган “Завъул-маъоли” номли шарҳида шундай ёзади:

“Аҳли сунна вал-жамоа уламоларининг иттифоқига кўра, пайғамбарлар энг содиқ, омонатдор, ҳалол, ростгўй ва маънавий етук баркамол инсонлардир. Зеро Аллоҳ таоло рисолат ва нубувват учун ёлғончи, каззоб, пасткаш, қаллоб ва хоинларни нубувват учун асло танламайди. Пайғамбарлар куфр иллатидан пайғамбарликдан олдин ҳам кейин ҳам омонда бўлишига салафи-солиҳларнинг ижмоъси бор. Шунингдек, катта гуноҳи кабираларни қасддан қилишдан ҳам сақланган соф инсонлар эканига мўътабар уламоларнинг иттифоқи мавжуд”. (Шайх мулла Али ал-Қори. “Завъул-маъоли”. 80-Б).

Ҳизбчиларнинг эътиқодига кўра, илгариги ҳаётида ўғри, фирибгар, қароқчилик каби разиллик белгиси бўлган ишлар билан шуғулланганлар ҳам пайғамбар бўлишлари мумкин эмиш. Аллоҳ таоло бу каби бузуқ тоифаларга қўшилиб, гумроҳ бўлиб қолишдан барчамизни паноҳида Ўзи асрасин!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. ҳабибуллоҳ:

    Аллоҳ рози бўлсинсизлардан ҳурматли азизлар. Ёзганларингизни ўқиб катта маънавий озуқа олмоқдамиз. Аллоҳ ўзининг йўлида бардавом этсин, ҳар гуруҳларга ўхшаб адашишдан сақласин

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *