ҒАНИМАТ ФУРСАТ

photo_2020-05-10_21-40-43Рўзадорлик вақтлари, айниқса, ифторлик дастурхони атрофида сабр билан вақт киришини кутиб турилган онлар рўзадорлар учун энг қимматли ғанимат фурсатлар ҳисобланади.  Чунки бу пайт дуолар сўзсиз қабул қилинадиган файзли онлардир. Шу нуқтаи назардан рўзадор бу фурсатларни қўлдан бой бермасдан Аллоҳдан барча яхши нарсаларни сўраб, дуо қилиши Исломда тарғиб этилган мустаҳаб амаллар сирасига киради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб шундай деган экан: “Уч тоифа одамнинг дуолари ортига қайтарилмайди: Одил подшонинг дуоси; Ифтор онигача рўзадорларнинг дуоси; Мазлумнинг дуоси”.

Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ифтор чоғида рўзадорнинг дуоси асло ортига қайтарилмайди!” – деганлар.

Рўзадор дуосида ўзи истаган нарсаларни сўраши мумкин. Салафи солиҳлардан нақл қилинишича, Аллоҳдан жаннатга киритишини, дўзаҳдан паноҳ беришини сўраган янада яхши. Олдин қилинган гуноҳларни эслаб, кўпроқ истиғфор айтиш ҳам салафи солиҳларнинг одатлари бўлган.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳога Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳти ва саллам (ифторлик онларини кутиш пайтида) қуйидагича дуо қилишини ўргатган эканлар:

Эй Аллоҳим, мен Сендан яхшиликларнинг ҳаммасини сўрайман – нақдини ҳам насиасини ҳам, менга маълум бўлганини ҳам номаълумларини ҳам. Ёмонликларнинг ҳаммасидан паноҳ беришингини сўрайман, нақдидан ҳам насиасидан ҳам, менга маълумларидан ҳам номаълумларидан ҳам. Эй Аллоҳим, мен Сендан Ўз маҳбуб банданг ва Расулинг (Муҳаммад алайҳис-салом) сўраган яхши нарсаларни сўрайман ва Ул зот паноҳ тилаган ёмон нарсалардан мени ҳам асрашингни тилайман. Эй Аллоҳим, мен Сендан жаннат ва унга бошлаб борувчи амалларни сўрайман, дўзах ва унга судраб борувчи гуноҳлардан паноҳ беришингни тилайман. Ва ҳамда, мен ҳақимда чиқарган барча ҳукмларингни мен учун хайрли бўлишини сўрайман”.

Демак, дастурхон атрофида ифторлик онларини кутиб ўтиришар экан, бу фурсатни ғанимат билиб ўзларининг барча фойдали эҳтиёжларини Аллоҳдан тилаб олишлари керак. Чунки бу пайтда қилинган дуолар ортига қайтарилмас экан. Дуо қилишда ўзининг хос ҳожатларини сўраб бўлгач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамизга ўргатганидек дуо қилса янада мақсадга мувофиқ бўлади. Аллоҳ барчамизаг шу фурсатлардан унумли фойдаланиб қолишни муяссар этсин.

Раҳимов Ойбек

Андижон тумани “Қорабош ота” жоме масжид имом хатиби

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *