ФАҚИҲЛИК МУҲАДДИСЛИКДАН АЪЛОДИР

131

Бугунги кунда динимиз илм фанининг ҳамма соҳаси: тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ, тасаввуф, ижтимоий одоб-ахлоқ, ислом тарихи, фароиз каби исломий фанларга оид асарларни ўз она тилимизда топиб ўқиш қийин бўлмай қолди.

Диний адабиётларни таржима қилишда, она тилимизда диний асар ёзишда марҳум Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларининг беқиёс хизматини алоҳида тилга олмасдан илож йўқ. Ўзбекистон диний идораси ходимлари тарафдан ҳам жуда яхши диний адабиётлар кундан кунга халқимизга етказиб бериб бориляпти. “Ҳидоят”, “Ислом нури” каби даврий нашрларнинг ҳам алоҳида ўрни бор.

Бунинг натижасида халқимизнинг диний савияси кундан-кунга ортиб бормоқда. Ташқи қиёфасидан ҳамма қатори оддий инсондек туюлсада, лекин  анчагина оят-ҳадисларни, кўплаб нозик ақидавий ва фиқҳий масалаларни ўзлаштириб олган одамларни учратиш бугун оддий ҳолга айланиб улгурди. Алҳамдулиллаҳ! Бу қувончли ҳол, албатта…

Шу ўринда камина ходимингиз ўзбек тилидаги адабиётлар орқали диний илмини ошириб бораётган илм толибларига муҳим бир маълумотни етказишни лозим деб билдим. У ҳам бўлса, Ислом фиқҳининг ўрни ҳадисшуносликдан юқори экани, фақиҳнинг фикри муҳаддиснинг фатвосидан устун эканидир!

Мазҳаб аҳамиятига эътиборсиз ёш толиблар орасида “Расулуллоҳнинг ҳадиси турганда фалончи фақиҳнинг фатвосига бало борми?!…” ва ҳоказо, фуқоҳалар қадрини тушурувчи беодоб гаплар кўпайиб қоляпти. Бу ҳам аслида салафийлар тарафдан халқ орасига суқиб киргизилган фитна. Буни ортидан юқорида айтганимиздек фиқҳ ва фуқаҳоларга нисбатан ҳурматсизлик шаклланиб бормоқда. Айниқса ўзларини “аҳли ҳадис” деб таништирувчи мазҳабсизлар орасида бу ҳол кўп учрайди. Уларнинг мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ шаънига ҳурматсизлик билан “Абу Ҳанифа ҳадисни билмасди”, деган бўҳтонлари кишининг энсасини қотиради.

Азизлар! Аслида фақиҳлар муҳаддислардан, фиқҳ илми ҳадисшуносликдан устундир! Ҳадис дунёсида шуҳрати етти иқлимга кетган йирик ҳадисшунос тарихий олим, саноқсиз олимларнинг катта устози имом Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳ фуқаҳоларнинг қадри муҳаддисларникидан баланд эканини, ҳадисларнинг асл мазмун-моҳиятини ҳадисшунослардан кўра фақиҳлар теранроқ англашини эътироф этган экан:

1. Имом Аъмаш раҳматуллоҳи алайҳдан бир фиқҳий масалага ечим сўралади. У киши эса: “Бунинг жавобини Нўъмон ибн Собит яхши билади. Уни бу соҳада баракали маълумотга эга, деб биламан”, деб жавоб берган. (ал-Хайрот ал-ҳисан).

2. Бир куни имом Аъмаш Абу Ҳанифага фалон масалада фикрингиз қандай, деб савол қилди. Абу Ҳанифа унга қониқарли жавоб қилди. Аъмаш ҳайрон қолиб: «Буни қаердан биласиз?», деди. У: «Сиз ривоят қилган фалон ҳадисдан», деди. Шунда имом Аъмаш: “Эй фуқаҳолар! Сизлар гўёки табибсизлар! Биз эса оддий доришуносмиз холос!”, дейди. Яъни, биз ҳадисларни ёдлаймиз, уларнинг саҳиҳ ва заифларини ажратамиз. Аммо улардан шаръий масалаларни чиқаришни эса сизлардек уддалай олмаймиз. Худди доришунослар дори воситаларининг таркибини аниқ билсалар-да, аммо қайси дардга даво бўлишини табиблардек яхши билмагани каби. (Китобус-сиқот. Имом Ибн Ҳиббон).

3. Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ айтади: имом Аъмаш мендан бир масала сўради. Унга жавобини батафсил айтиб бердим. У: «Буни нимага асосланиб айтмоқдасан?», деди. Мен: «Сиз ривоят қилган фалон ҳадисга асосан», деб ўша ҳадисни ҳам айтиб бердим. Шунда у: “Эй Яъқуб, мен бу ҳадисни ёд олганимда ҳали сенинг отанг билан онанг бирлашмаган эди. Лекин унинг таъвилини мана бугун сендан англаб етдим”, дейди. (Ахбору Аби Ҳанифа ва асҳобиҳ).

4. Имом Омир аш-Шаъбий айтган экан: “Биз фақиҳ эмасмиз. Балки биз ҳадисларни тинглаб, ёдлаб фақиҳларга етказиб берувчи ровийлармиз холос”. (ат-Тақлидуш-шаръий ва аҳамиятуҳу фил-ислам).

Абдуллаев Ўктамжон
Андижон шаҳар “Мирпўстин ота” жоме масжид ноиб имоми:

Ботиржон қори таҳрир қилди

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *