Эътикоф ҳақида

Lotin alifbosida

010. Ruzai Ramazon (Etikof haqida)

 САВОЛ:

Эътикоф нима? Унинг ҳукми қандай? Эътикофда ўтириш шартми?

ЖАВОБ:

“Эътикоф”нинг луғавий маъноси “бирор ишга қаттиқ берилмоқ”, “ғайрат билан ишламоқ”, “уйдан чиқмай, одамларга аралашмай, бир ишдан бош кўтармасдан ишлаш”, “бирор нарсанинг ўзига лозим тутиш”дир. Демак, эътикоф яхши-ёмон турларга бўлинар экан. Аллоҳ таоло томонидан ўз каломида санамлар олдида эътикоф ўтирадиганлар, муфассирлар томонидан тафсирларда эса бўлмағур ўйинлар учун эътикоф ўтиришлар зикр қилинади. Қуръони каримнинг Аъроф сураси 138-оятида, Тоҳо сураси 97-оятида, Анбиё сураси 51-52-оятларида, ва ниҳоят, Фатҳ сурасининг 25-оятларида эътикофнинг ана шундай луғавий маънолари ишлатилган.

Унинг истилоҳий ва шаръий маъноси эса бир мусулмон маълум вақт масжиддан чиқмасдан Аллоҳга тақарруб (қурбат) ҳосил қилиш мақсадида ибодатга берилишидир.

Масжидда эътикоф ўтириш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизга мерос қолгандир!

Мазҳабимиз фақиҳлари Рамазон ойининг охирларида масжидда эътикоф ўтиришни суннати муаккада эканлигини зикр қилганлар. Жумладан, “Ҳидоя”, “Муҳит”, “Бадойиъ”, “Туҳфа” сингари мўътабар манбаларимизда бу таъкидланган. Имом ал-Қудурийнинг эътикофни мустаҳаб деганлигини Имом аз-Зоҳидий унинг суннатлига таъвил қилиниши лозимлигини исботлаган. Ибн Камол Пошшо, Аллома Айний, Имом аз-Зайлаъий, Ибн ал-Ҳумом каби фақиҳларимиз Рамазондан бошқа вақтларда масжидларда эътикоф ўтириш мустаҳаблигини айтишган. Назр қилганда эса эътикоф вожибга айланиши барчага маълум.

Сиҳҳоҳи ситта муҳаддислари Ойша онамиз разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида масжидда эътикоф ўтирар эдилар. Унинг таъкидлаб айтишига қараганда, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:

كان النبى صلى الله عليه وسلم اذا دخل العشر شدّ مئزره واحيا ليله وأيقظ أهله

“Қачон Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги кириб келса, аҳллари билан алоқа қилмоқдан узоқлашар эдилар, кечалари ухламас эдилар ва уйдагиларни ҳам ибодат қилмоққа уйғотар эдилар”. (Имом Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот қиладиган йиллари йигирма кун эътикофда ўтирдилар.

Мана шунга ўхшаш далилларга суяниб, фақиҳларимиз эътикофни Рамазоннинг охирги ўн кунлигида тўлиқ ўтиришни, (демакки, бир-икки кун эмас), суннат демишлар.

Аслида, Рамазоннинг биринчи ва иккинчи ўн кунлигида ҳам эътикоф ўтириш мумкин. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша кунларда ҳам масжидда эътикоф ўтирганлар. Имом Бухорий, Муслим, Аҳмад, Молик, Абу Довуд ва Насоий каби муҳаддислар Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг аввалги ўн кунлигида эътикоф ўтирдилар, сўнг ўртадаги ўн кунликда ҳам ўриндиғига буйра (тўшамча) солинган туркий (!) чодирда эътикоф ўтирдилар. Кейин қўллари билан тўшамчани олиб, уни чодирнинг бурчагига ташладилар-да, сўнг бошларини (чодирдан) чиқариб, одамларга гапирдилар. Одамлар ул зотга яқин келдилар. Бас, ул зоти шариф дедилар: “Мен аввалги ўн кунликда эътикоф ўтириб, бу кечани (Қадр кечасини) изладим, сўнг ўртадаги ўн кунликда ҳам эътикоф ўтирдим. Менга (фаришталар) келишиб, охирги ўн кунликда, дейишди. Бас, сизлардан кимки эътикоф ўтиришни севса, эътикоф ўтирсин”. Шундан сўнг одамлар яна ул зот билан қўшилиб эътикоф ўтирдилар”. Мазкур ҳадиси шарифдан маълум бўлмоқдаки, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ва баъзи саҳобалар разийаллоҳу анҳум ажмаъийн бир йили Рамазон ойини тўлиқ масжидда эътикоф ўтирган ҳолларида ўтказганлар! Бу маънодаги ҳадиси шарифни Имом Табароний Умму Салама онамиз разийаллоҳу анҳодан ҳам ривоят қилган.

Демак, ибодатларга шўнғийдиган ой бўлмиш, савоб ва ажрларни кўпайтириб қолишга бир имконият, бир ғанимат бўладиган ойда масжидларга чекиниб, эътикофда ўтириб, ғайрат кўрсатиш ҳар бир тақводор мусулмоннинг бурчи экан.

Имом аз-Зуҳрий айтадилар: “Мен эътикоф ўтирмайдиган одамлардан ажабланаман. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи амалларни тарк қилардилар, баъзисини айрим ҳолатлардагина бажарар эдилар. Баъзиларини эса кейинчалик умуман тарк қилгандилар. Аммо, ул зоти шариф Мадинага келганларидан сўнг бирор йилда ҳам асло эътикофни тарк қилган эмасдилар”.

Рамазондан бошқа ойлардан ҳам эътикоф ўтириш мумкин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Шаввол ойида эътикоф ўтирганликлари (Имом Муслим ривояти) нақл қилинган. Демак, Рамазондан бошқа ойларда ҳам эътикоф ўтириш мустаҳаб амаллардан экан.

Шуни таъкидлаш лозимки, эътикофда ўтирадиганлар мусулмон, ақлли, жунубликдан, ҳайзу нифосдан пок бўлмоғи лозим. Ёш, эсу ҳуши жойида болалар ҳам эътикоф ўтирса бўлади.

САВОЛ:

Эътикоф барча мусулмонларга суннатми? Унақада ҳамма масжидларга қамалиб оладику?

ЖАВОБ:

Эътикофда ўтириш суннати муаккада бўлгани билан суннати муаккадаи кифоядир: Обидлар, зоҳидлар, тақводор мусулмонлар масжидларни обод қилиб, эътикоф ўтирсалар, қолганлардан бу нарса соқит бўлгусидир, инша Аллоҳ.

Буни Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофни умуман тарк қилмаганлари, тарк бўлиб қолганда, қазосини тутган бўлсалар ҳам эътикоф ўтирмаган саҳобаларни инкор қилмаганлари, таъна қилмаганлари билан ҳам изоҳланади.

Имом Молик ва Имом Суютий айтишларича, хулафойи рошидийн – Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Умар, Усмон ибн Аффон, Ҳазрати Али разийаллоҳу анҳум ҳамда Саид ибн Мусаййаб раҳимаҳуллоҳ каби салафи солиҳинларнинг масжидларда эътикоф ўтирганлари ривоят ва нақл қилинган эмас. Мана шу далил эътикофнинг кифояли таъкидланган суннат эканлигини билдиради.

Фақатгина Бухоро муфтийси, “Жомиъ ур-румуз” соҳиби Шамсиддин Қуҳистоний ўзининг “Фиқҳи Кайдоний”га ёзган шарҳида эътикофни суннати айн бўлишини қувватлаган. Бироқ, унинг гапини фақиҳлар рад қилганлар.

Демак, Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидда эътикоф ўтириш суннати муаккада бўлгани билан у кифояли суннатдир. Бу худди жаноза намозига, янада аниқроғи, азон айтишга ўхшайди. Яъни, бир шаҳарда бир неча одамлар жаноза ўқисалар ёки азон айтсалар, шаҳар аҳлидан бу соқит бўлади. Ҳатто унинг кифоялигини таровеҳга ҳам ўхшатмаганлар. Яъни, таровеҳда бир маҳалла ёки масжид аҳли таровеҳ ўқимасалар, ҳаммалари гуноҳкор бўлар эди. Бир-икки одам ўқиши билан ҳаммаларидан таровеҳ соқит бўлар эди. Жаноза эса бир шаҳар аҳлига тегишли ибодатдир. Эътикофни ҳам шунга қиёс қилганлар. “Мажмаъ ул-анҳур”, “Шарҳи Ниқоя”, “ал-Инсоф фил-эътикоф”да булар очиқ баён этилган.

 Аммо, бирор юртда, беш вақт намоз ва жумъаю ийдлар жамоа бўлиб, ўқилиб турган қайсидир жомиъ масжидда ҳеч ким эътикоф ўтирмаса, ақалли бирор одам масжидда эътикоф ўтириб ибодатга ғайрат кўрсатмаса, ўша шаҳар аҳлининг ҳаммаси гуноҳкор бўладилар. Чунки, улар севимли Пайғамбари алайҳиссаломнинг севган амалларини оммавий равишда тарк қилибдилар, унга бепарво бўлибдилар. Худо ўзи асрасин!

САВОЛ:

Аёллар ҳам эътикоф ўтирадиларми? Улар эътикоф ўтирсалар, қаерда ўтирадилар?

ЖАВОБ:

Таровеҳ намозига ўхшаб, эътикоф ўтириш ҳам аёлларга суннатдир.

Имом Муслим Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан қилган ривоятларидан бундай дейилади:

انّ النيى صلى الله عليه وسلم كان يعتكف العشر الأواخر من رمضان حتى توفاه الله ثمّ اعتكف أزواجه من بعده

“Ҳазрати Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то Аллоҳ таоло омонатини олгунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикофга ўтирмоқни канда қилмадилар. Жанобдан сўнг ул зотнинг аёллари ҳам шундоқ эътикоф қиладиган бўлишди”.

Демак, аёлларнинг эътикоф ўтиришлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан қолган суннат экан.

Хотин киши эрининг рухсати билан эътикоф ўтиради!

Аммо, улар эътикофни гарчи бу жоиз бўлса-да, масжидда эмас, уйларида ўтириб қилишлари тарғиб қилинади. Чунончи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам демишлар:

 بيوتهنّ خير لهن

“Аёлларнинг уйлари улар учун яхшироқдир”. (Абу Довуднинг Ибн Умар р.а.дан ривояти).

Имом Абу Довуднинг Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

صلوة المرأة فى بيتها افضل من صلوتها فى حجرتها وصلوتها فى مخدعها افضل من صلوتها فى بيتها

“Аёлнинг уйидаги намози айвонида ўқиган намозидан афзалдир. Унинг энг махфий, ўзидан бошқалар киролмайдиган хос хонасида ўқиган намози уйида ўқиган намозидан афзалдир”.

Эрининг рухсати ёки ота-онасининг рухсати билан уйида, ўзининг хос хонасида эътикоф ўтирмоқчи бўлган аёл ёки қиз бола заруратсиз хонасидан чиқмайди. Фақат у инсоний ҳожат учунгина хонасидан чиқиши мумкин.

САВОЛ:

Эътикоф ўтириш суннат бўладиган бўлса, унинг фазилатлари ҳам улуғ бўлиши керак. Эътикофнинг фазилатларидан гапириб берсангиз?

ЖАВОБ:

Эътикоф Қуръони каримда зикр этилган гўзал ибодатларнинг жумласидандир. Чунончи, Аллоҳ таоло деган:

وعهدنا الى ابراهيم واسماعيل أن طهّرا بيتى للطائفين والعاكفين والركع السجود

Иброҳим ва Исмоилга “Тавоф, эътикоф ва рукуъсужуд қилувчилар учун Байтимни поклангиз!”деб буюрдик. (Бақара сураси, 125-оят).

Ибн Можжа ва Байҳақийлар Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилганлар:

المعتكف يعكف الذنوب ويجرى له من الأجر كأجر عامل الحسنات كلّها

“Эътикоф ўтирган киши гуноҳларидан ажралади ва унга бутун савоб амалларини қилаётган каби ажр берилиб туради”.

 Имом Табароний ва Байҳақий ривоят қилган ҳадисда эса Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофнинг савобини бу тарзда улуғлаганлар:

اعتكاف عشر فى رمضان كحجّتين وعمرتين

“Рамазон ойида ўн кун эътикоф қилмоқ икки ҳаж ва икки умра кабидир”.

Яна мазкур икки муҳаддис ривоят қилган ҳадиси шарифда мана бундай марҳамат қилинади:

…و من اعتكف يوما ابتغاء وجه الله تعالى جعل الله بينه وبين النار ثلاث خنادق أبعد ممّا بين الخافقين

“Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир кун эътикоф ўтирса, у билан дўзах орасида осмон гардишидан кенгроқ уч хандақ қилади”. Ушбу ҳадиси шарифни Имом Ҳоким саҳиҳ деган. 

САВОЛ:

Эътикоф ўтиришда ният шартми? Эътикоф ўтиришда рўзадор бўлиш ҳам шартми?

ЖАВОБ:

Албатта, эътикофда ҳам ният шарт. Чунки, ҳар бир амал ният билан боғлиқдир. Зотан, у одатдан ташқари ибодатдир. Бинобарин, уни ният билан аниқ белгилаб олмоқ даркор бўлади. Машҳур ҳадиси шариф бор:

انما الأعمال بالنيات

“Шак йўқки, амаллар ниятларига боғлиқдир”.

Эътикофни рўза билан бўлишини бизнинг мазҳаб аҳли шарт, дейдилар. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикофни рўза тутмасдан қилмаганлар. Ибн Аббос, Ибн Умар, Ойша разийаллоҳу анҳум каби саҳобаи киромлар шу қарашда бўлганлар.

Имом Дорақутний, Ҳоким, Ибн Аби Шайба ва Байҳақийлар Ойша онамиз разийаллоҳу анҳодан ривоят қилганлар. Ул зоти шарифа бундоқ деганлар:

لا اعتكاف الا بالصوم

“Фақат рўза билангина эътикоф бордир”.

Имом Абдурраззоқ Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

من اعتكف فعليه الصوم 

Кимки эътикоф ўтирмоқчи бўлса, бас, унга рўза тутиш лозимдир”.

Ибн Умар разийаллоҳу анҳу ривоят қилишларича, биров эътикоф ҳақида сўраганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга эътикофни рўза тутиб бажаришни буюрганлар. (Дорақутний, Байҳақий ва Абу Довуд ривоятлари).

Масжид ичида бирор соат эътикоф ўтиришни ният қилган одамга рўза шарт эмас, албатта. Бу бошқа мазҳаблар қавлига мувофиқ келади. Ҳазрати Али ва Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳумонинг қавли ҳам шундай бўлган. Демак, Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад қарашларига кўра, нафл эътикофда рўза шарт эмас экан. Дорақутний, Ҳоким ва Байҳақийлар Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ демишлар:

ليس على المعتكف صيام الا ان يجعله على نفسه

Эътикофга рўза шарт эмас, фақат ўзига эътикофни назр қилса, рўза шартдир”.

САВОЛ:

Эътикофни масжидда ўтириш лозимми? Қандай масжидларда ўтириш керак?

ЖАВОБ:

Суннати муаккада бўлмиш эътикофни эркаклар масжидларда, беш вақт намоз жамоат бўлиб ўқиладиган масжидларда ўтириб адо қилишлари керак. Имоми Аъзам ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ҳазратлари шундай деганлар.

Имом Абу Юсуф ва Муҳаммад ҳамда Имом Шофиъий ҳар қандай масжидда эътикоф ўтириш мумкин, дейдилар.

Жамоат бўлиб намоз ўқиладиган масжидларда эътикоф ўтириш лозимлигини Ибн Аббос разийаллоҳу анҳунинг гаплари қувватлайди:

ابغض الأمور الى الله تعالى البدع وانّ من البدع الاعتكاف فى المساجد التى فى الدور

“Аллоҳ таолога ишларнинг энг бўлмағури бидъатлардир. Ҳовлилар орасидаги, жамоат бўлиб ўқилмайдиган масжидларда эътикоф ўтириш ҳам бидъатлардандир”. (Имом Байҳақий ривояти).

Имом Табароний тобиъинларнинг улуғларидан бўлмиш Иброҳим ан-Нахаъийдан ривоят қилган. Ҳузайфа разийаллоҳу анҳу Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳуга деган эканлар: “Ҳовлингиз билан Абу Мусо ҳовлиси орасидаги кичкина масжидда эътикоф ўтирган қавмдан ажабланмайсизми?”. Абдуллоҳ ибн Масъуд дебдилар: “Улар эътикоф ўтириш кераклигини эслаб қолишган, аммо одобларини унутишган. Мен билишимча, эътикоф фақат жамоат масжидидагина бўлиши мумкин”.

Масжидларнинг ҳам бир-биридан фарқи борлиги маълум. Савоби кўп масжидлар бўлади. Савоби қанчалик кўп бўладиган масжидларда эътикоф ўтириш шунчалик яхши. Шу ҳақиқатга қараганда, беш вақт намоз ўқиладиган масжиддан кўра, жумъа ва ҳайитлар ҳам ўқиладиган жамоат масжиди, яъни масжиди жомиъ эътикоф учун яхшироқдир.

Эътикоф учун Маккаи мукаррамадаги Масжиди Ҳаром энг афзалдир. Ундан сўнг Мадинаи Мунавварадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари энг афзалдир. Ундан сўнг Байт ал-Мақдисдаги Масжид ал-Ақсо афзалдир. Чунончи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай демишлар:

صلوة فى مسجد هذا خير من الف صلوة فيما سواه الا المسجد الحرام

“Менинг бу масжидимдаги битта намоз бошқа масжидлардагидан мингта намоздан яхшироқдир. Фақат Масжиди Ҳаром бундан мустасно”. (Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра р.а.дан ривоятлари).

Бошқа ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янада кўпроқ савоб бўлишини башорат қилганлар:

صلوة الرجل فى بيته بصلوة وصلوته فى المسجد القبائل بخمس وعشرين صلوة وصلوته فى المسجد الذى يجمع فيه بخمس مائة صلوة وصلوته فى المسجد الأقصى بخمسين الف صلوة وصلوته فى مسجد هذا بخمسين الف صلوة وصلوته فو المسجد الحرام بمائة الف صلوة. رواه ابن ماجة

Кимсанинг ўз уидаги намози битта намоздир. Унинг қабила масжидида, яъни беш вақт намоз ўқиладиган масжиддаги битта намози йигирма беш намоз савобидир. Унинг жумъа ўқиладиган масжиди жомиъда ўқиган битта намози беш юз намоз савобидир. Унинг Масжиди Ақсода ўқиган битта намози эллик минг намоз савобидир. Унинг менинг мана шу масжидимда ўқиган битта намози ҳам эллик минг намоз савобига эгаликдир. Унинг Масжиди Ҳаромда ўқиган битта намози юз минг намоз савобидир”. (Ибн Можжанинг Анас ибн Молик р.а.дан ривояти).

САВОЛ:

Эътикофда масжиддан чиқиш мумкин эмасми? Қандай ҳолатларда масжиддан чиқилади? Масжиддан чиқса, эътикофи бузиладими?

ЖАВОБ:

Эътикофнинг одоблари ҳақида гапирадиган бўлсак, энг шомил гапни Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо айтганлар:

السنة على المعتكف ان لا يعود مريضا ولا يشهد جنازة ولا يمسّ المرأة ولا يباشرها ولا يخرج لحاجة الا لما لا بدّ منه ولا اعتكاف الا بصوم ولا اعتكاف الا فى مسجد جامع

Эътикоф ўтирувчига суннат шуки, касални бориб кўрмагай, жанозага бориб қатнашмагай, аёлини ушламагай, улар билан алоқа қилмагай. Ўта лозим бўлганидан бошқа ҳожати учун ташқари чиқмагай. Рўзасиз эътикоф йўқдир. Жомиъ масжиддан бошқа ерда эътикоф йўқдир”. (Имом Абу Довуд ривояти).

Демак, эътикоф ўтирувчи фақатгина ҳожати учунгина ташқари чиқади. Бу ҳожатлари ҳожатхоналарда бўладиган инсоний ҳожатлардир. Сиҳҳоҳи ситтада Пайғамбаримиз эътикофда худди ана шу жиҳатдангина ташқари чиққанлари ривоят қилинган.

Агар эътикофни беш вақт намоз ўқиладиган масжидда, аммо жумъа ўқилмайдиган масжидда адо қилаётган бўлса, жумъа ўқиш учун заволдан кейин ўша жомиъга чиқиши мумкин. Бунда суннатларни ҳам ўқишни ният қилиб, эртароқ чиқилса ҳам бўлаверади.

Ўша жумъа ўқиладиган масжидда кўпроқ қолиб кетса ҳам бўлади. Чунки, у ҳам масжиддир. Бироқ, бундай қилиш яхши эмас (макруҳ), ўзи эътикоф ўтирган масжидига тезроқ келиши керак.

Узрсиз, заруратсиз масжиддан бирор лаҳза чиқиш эътикофни бузади. Бу Имоми Аъзам наздидадир. Унинг икки шогирди эса ярим кундан кўпроқ ташқарида қолиш эътикофни бузади, деганлар.

Агар бировни қутқариш учун, гувоҳлик бериш учун, касални кўриш учун, жанозага қатнашиш учун, масжиддан ҳамма чиққани учун мўътакиф масжиддан чиқадиган бўлса, озгина лаҳза ташқарида турадиган бўлса ҳам эътикоф бузилади. Агар масжид йиқилиш хавфи бўлгани учун, масжиддан жамоат узилиб, ҳеч ким келмайдиган бўлгани учун ёки золим кимса уни зўрлаб чиқаргани учун мўътакиф ярим кун ҳам ташқарида бўлса, эътикофи бузилмайди.

Миноранинг эшиги масжид ичидан бўлса, мўътакиф минорага чиқиб азон айтса бўлади.

САВОЛ:

Масжидда ўн кун ўтиришнинг ўзи бўлмайди. Кечаси хотини билан яқинлик қилса бўладими? Бу эътикофни бузадими?

ЖАВОБ:

Эътикоф вақтида аёлига яқинлик қилиш уни бузади, албатта. Бундан Аллоҳ таолонинг ўзи қайтарган:

ولا تباشروهنّ وأنتم عاكفون فى المساجد. تلك حدود الله فلا تقربوها. كذلك يبيّن الله آياته للناس لعلهم يتّقون

“Масжидларда эътикофда бўлган пайтларингизда (кечалари ҳам) улар (хотинлар) билан қўшилмангиз! Булар (айтилган ҳукмлар) Аллоҳнинг чегараларидир. Бас, уларга яқинлашмангиз! Одамлар (манъ этилган ишлардан) сақланишлари учун Аллоҳ ўз оятларини мана шундай аниқ баён қилади”.

Шунинг учун эътикоф ўтирган эркакка аёлига яқинлик қилиш ҳамда шунга олиб борадиган ҳар қандай иш – уни қучоқлаш, ўпиши, у билан ёлонғоч қучоқлашиш кабилар ҳам ҳаромдир.

Гарчи кечаси хотини билан қўшилса-да, гарчи эсидан чиқиб қўшилса-да эътикофи бузилади. Чунки, эътикофга кундузи каби кечаси ҳам киради. Чунки, у намозга ўхшайди. Билмай қолиш деган нарса намозда бўлмагани каби эътикофда ҳам бундай узр ўтмайди. Рўза бўлса, эсидан чиқиб қилинган жимоъ сабабли бузулмайди.

Агар хотинининг фаржидан бошқа ерига ватий қилса, ёки қучоқлаб, ўпишса, лекин маний чиқмаса, эътикофни бузмайди, аммо у ҳаром ишни қилган бўлади. Шунингдек, назар қилиш ёки фикр юритиш чоғида маний чиқса ҳам эътикофни бузмайди. Бироқ, Имом Молик наздида мутлақо бундай ишлар эътикофнинг бузилишига олиб келади. Бинобарин, эътикофдан гуноҳ орттирмаслик лозим!

САВОЛ:

Эътикоф ўтирган одам масжидда гапириши мумкинми? Еб-ичиши масжид ичида бўладими? У масжид ичида ухлайдими?

ЖАВОБ:

Аслида масжидда дунёвий гапларни гапириш мумкин эмас. Чунончи, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

يأتى على الناس زمان يكون حديثهم فى مساجدهم فى أمر دنياهم فلا تجالسوهم فليس لله فيهم حاجة

“Одамларга бир замонлар келадики, уларнинг дунёвий ишлар ҳақидаги гапсўзлари масжидларда бўлади. Бас, улар билан умуман ўтирманглар. Зеро, Аллоҳнинг уларда ҳожати йўқдир”. (Имом Байҳақий Ҳасан р.а.дан мурсал ўлароқ ривояти).

Шунга ўхшаш ҳадиси шарифни Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилганлар:

نهى رسول الله صلى الله عليه وسلم عن تناشد الأشعار فى المساجد وعن البيع والاشتراء فيه وان يتحلق الناس يوم الجمعة قبل الصلوة فى المسجد

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларда шеър ўқишдан, сотиш ва сотиб олишдан ҳамда жумъа кунлари масжидда намоздан аввал одамларнинг давра бўлиб гаплашиб ўтиришларидан қайтардилар”.

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ас-Соиб ибн Язиднинг масжид ичида ухлаб ётганини кўриб, унга майда тошлар отиб, турғизиб юборганлар. (Имом Бухорий ривояти).

Шу ва шунга ўхшаш ҳадиси шарифларни ўрганиб чиққан мазҳабимизнинг улуғ фақиҳларидан бири, “Ҳидоя” асарига энг машҳур шарҳни битган зот Ибн ал-Ҳумом ҳазратлари масжидда ҳатто мубоҳ гапларни гапириш ҳам ҳасанотларни еб қўяди, деган эканлар.

Шу ва шунга ўхшаш ҳадиси шарифларни ўрганиб чиққан мазҳабимизнинг улуғ фақиҳлари масжидда ҳатто қасос ва ҳаддларни ижро қилишни, жаноза намозларини барпо қилишни жоиз кўрмаган эканлар.

Аммо бу нарсалар эътикоф ўтирган кимсаларга жоиз. Чунки, мўътакиф шунга зарурати туғилади.

Лекин, савдо-сотиқ қилганида сотадиган ёки оладиган нарсасини масжидга ҳозир қилмайди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

من رأيتموه يبيع ويشترى فى المسجد فقولوا له لا ربح الله تجارتك

“Кимнинг масжидда сотиб ва олиб турганини кўрсангиз, унга “Аллоҳ тижоратингга фойда бермасин”, денглар”. (Имом Термизий ва Ҳоким Абу Ҳурайра р.а.дан ривояти).

Эътикоф ўтирибман, деб доим жим ўтиравермайди, яхши гаплардан гаплашиб ҳам ўтиради. Яхши гаплар деганда, ҳадиси шарифлардан ўқиб ўтириш, илм олиш ва илм бериш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганиш, солиҳ зотларнинг ҳаётларидан ҳикоялар қилиш, дин усулларини таҳсил олиш кабилар тушинилади. Чунки, Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ демишлар:

من كان يؤمن بالله واليوم الآخر فليقل خيرا او ليصمت

Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига ишонса, яхши гаплардан гапирсин, бўлмаса, жим бўлсин!”. (Имом Аҳмад ва Бухорий ҳамда Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вусол рўзаси ва самт рўзасидан қайтарганлар. Вусол рўзаси деганда рўзани ифтор ва саҳарлик қилмасдан улаб тутишга айтилади. Самт рўзаси эса ҳеч нарса гапирмасдан жим ўтириб, жим юриб рўза тутишга айтилади. Имом Абу Довуд ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кундузи кечгача жим юришдан қайтарган эдилар. Эътикоф эса рўза билан бўлиши ҳаммага маълум.

Имом Абу Довуд, Байҳақий, Ибн хузайма ва Имом Аҳмадлар Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом масжидда эътикоф ўтирганларида, қироатни жаҳрий ўқиётган саҳобаларнинг овозларини эшитиб қолибдилар. Шунда (ичида эътикоф ўтирган) пардани очиб бундоқ дебдилар:

ألا كلكم مناج ربّه فلا يؤذينّ بعضكم بعضا، ولا يرفع بعضكم على بعض فى القراءة

Аё, сизларнинг ҳаммангиз ҳам Парвардигорига муножот қилмоқда… Бас, шундай экан, баъзингиз баъзингизга ҳаргиз изо етказмасин ва қироатда баъзингизнинг овозингиз баъзингизникидан кўтарилиб кетмасин (халақит берилмасин)!”.

Демак, масжидда эътикоф ўтирганда, бошқа мусулмонларга халақит қиладиган даражада суҳбат қилиш, дарс айтиш, қироат қилиш ярамайди.

Жаноби Расулуллоҳ алайҳиссалом масжидда эътикоф ўтирганларида аёллари таомларини масжидга олиб борар эдилар, ул зот  масжидда ётиб қолар эдилар.

САВОЛ:

Эътикоф ўтириш ўзи неча хил бўлади? Рамазондан бошқа вақтда эътикоф ўтириб, уни бирор сабаб билан бузиб қўйса, нима қилади? Эътикоф ўтиришга назр қилса бўладими?

ЖАВОБ:

Эътикоф ўтириш уч хил бўлади:

Биринчиси, энг машҳури Рамазон ойида, асосан, унинг охирги ўн кунлигида ўтирадиган эътикоф бўлиб, у суннати муаккададир.

Иккинчиси, Рамазон ойидан бошқа ойларда ўтириладиган эътикофлар бўлиб, у мустаҳаб амаллардир. Салафи солиҳинларимиз бундай эътикофларга ҳам жуда эътибор билан муносабатда бўлганлар.

Учинчиси, инсон ўзига назр қилган эътикофлардир. Бундай эътикофларни назр шартларига кўра адо қилиш вожибдир.

Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу жоҳилият даврида Масжиди Ҳаромда эътикоф ўтиришга назр қилган эканлар. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хабар берганларида, ул зоти шариф “Назрингга вафо қил!”, деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Аллоҳ таоло эса мана бундай буюрган:

وأحفظوا أيمانكم

“Қасамларингизни асранг!”. (Моида сураси, 89-оят).

Эътикоф ўтиришни назр қилган одам кеча-кундуз эътикоф ўтириши лозим. Агар у кундузини ният қилса, кечаси ҳам, кечасини ният қилса кундузи ҳам назр қилган эътикоф муддатига киради. Неча кунни ният қилган бўлса, ўша кунларни пайдар-пай эътикофда ўтказишига тўғри келади. Агар пайдар-пайликни бузса, назрига вафо қилмаган бўлади.

Агар у бир ой эътикоф ўтиришни ният қилиб, фақат кундузини ният қилган эдим, деса, гапи эътиборга олинмайди, кечалари ҳам эътикофда ўтиришига тўғри келади.

Агар у икки ёки ундан ортиқ кунларда фақат кундузлари эътикоф ўтиришни ният қилган бўлса, унда бу нияти эътиборлидир. У айтилгандек, фақат кундузлари эътикоф ўтиради.

Кимки эътикоф ўтиришни ният қилиб, уни адо қилмаса, ўлаётганида васият қилиши лозим бўлади. Ҳар бир куни учун каффоратига икки кило буғдой миқдорида фидя тўланади. (Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 316.)

САВОЛ:

Рамазон ойида эътикоф ўтираман, деб ўзига ўзи назр қилса, аммо, бирор сабаб билан эътикоф ўтира олмаса, у нима қилади?

ЖАВОБ:

Имом Муҳаммад қавлига кўра, у бошқа ойда рўза тутиб, пайдар-пай, яъни кунларни улаб, эътикоф қазосини бажаради. (“Бадойиъ”).

САВОЛ:

Эътикофнинг энг оз муддати қачон? Агар масжидда еб-ичишга тўғри келиб қолса, нима қилади? Эътикоф ният қилиб, сўнг еб-ичиш мумкинми?

ЖАВОБ:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннати муаккада бўлган эътикоф муддати ўн кундир.

Эътикофнинг энг оз муддати эса бир кундир. Бу инсон ўзига эътикоф ўтиришни назр қилса, бир кун эътикоф ўтиради, деганидир. Агар у бир кундан аввал масжиддан узрсиз ташқари чиқиб кетса, эътикофи бузилган ҳисобланади.

Имом Абу Юсуф кундузнинг кўпроғида ўтирса, эътикоф бўлади, деган бўлсалар, Имом Муҳаммад аш-Шайбоний ва Имом Шофиъий ҳазратлари эса эътикофнинг энг оз муддати бир соатдир, яъни бирор лаҳза ҳам ният қилиб масжидда ўтирса, эътикоф ўрнига ўтади ва эътикофга савоб олади, деганлар. Чунки, эътикоф инсоннинг ўз ихтиёри билан қилинадиган ибодат. Демак, уни қачонгача давом қилдириши ўзига боғлиқ. Ибн Аби Шайба Яъло ибн Умаййа разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у дўстига: “Биз билан масжидга юр, у ерда бирор лаҳза эътикоф ўтирамиз”, деган экан.

Инсониятга фойдаси кўпроқ бўлгани жиҳатидан мазҳабимизда ҳам Имом Муҳаммаднинг қавлига фатво берилган. (“Дурр ул-мухтор” ва “Умдат ур-риоя”).

Демак, масжидда еб-ичишга тўғри келиб қолганда, ёки кечалари ухлаб қолиш зарурати туғилса, эътикоф нияти қилиб олинади. Яъни, шу масжидда ўтирганим эътикофдир, деб ният қилиб, масжидга киради. Бу айниқса, тадбирларда, жой етишмаган вақтларда масжидга дастурхон солинган вақтларда ва хатми Қуръонларда чой, сув ичиб ўтириш учун жуда қўл келади. Хусусан, қориларимиз қироатлари чиройли ва гўзал бўлиши учун сув ичиб туришлари керак бўлади. Акс ҳолда, эътикоф қилмасдан, масжидда еб-ичиб ўтиравериш мумкин эмас.

САВОЛ:

Эътикофга кириш ва чиқиш вақтлари белгиланганми? Ёки хоҳлаган пайтда кириб, эътикофдан чиқилаверадими?

ЖАВОБ:

Эътикофга кириш вақти борасида фуқаҳолар орасида икки хил қараш мавжуд. Авзоъий, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, Аҳмад ибн Ҳанбал каби зотлар бомдодни ўқиб бўлганидан сўнг эътикофга киради, дейдилар. Мазҳабимиз имомларидан Имом Абу Юсуф ҳам биринчи куннинг кечаси кирмайди, дейдилар. Қолган мазҳаб имомлари, шунингдек, Суфёни Саврий каби тобиъинлар ҳам эътикофга қуёш ботишидан аввал кирилади, яъни, биринчи кеча эътикоф таркибига киради, дейдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эътикофга киришлари ҳақидаги ҳадис бор:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم اذا اراد ان يعتكف صلى الفجر ثمّ دخل فى معتكفه

“Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтиришни хоҳласалар, бомдодни ўқир эдилар, сўнг эътикоф жойига кирар эдилар. (Абу Довуд ва Ибн Можжа Ойша онамиз р.а.дан ривоятлари).

Мазкур маънодаги ҳадисларни Имом Бухорий ва Муслим, Термизий ва Имом Аҳмадлар ҳам ривоят қилганлар.

“Эълоъ ус-сунан”да айтилишича, мазкур ҳадисни шундай англаш керак: Расулуллоҳ алайҳиссалом қуёш ботишидан аввал масжидга эътикоф учун кирар эдилар ва бомдодни ўқиб бўлганларидан сўнг унга астойдил киришиб, ўзларига масжид чеккасидан алоҳида жой ҳозирлар эдилар.(Эълоъ ус-сунан. 6-жилд, 2924-2925 бетлар)

Чунки, эътикофга кечалар ҳам кириши маълум. Шунга кўра ўн кунлик эътикофда йигирма биринчи кечанинг эътикоф таркибига кириши тўрт мазҳаб аҳлининг ижмоъсидир. Юқоридаги ҳадиси шарифни эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йигирманчи куннинг бомдодида эътикофга кириб кетар эдилар,  деб тушиниш ҳам мумкин.(Эълоъ ус-сунан. 6-жилд, 2924-2925 бетлар)

Эътикофдан чиқишда эса Рамазоннинг ўн кунида ўтирган кимса Рамазоннинг охирги куни шом намозидан кейин чиқади.

Назр эътикоф қилган одам эса, агар фақат кундузини ният қилган бўлса, тонг отишидан аввал эътикофга кириб, шом намозини ўқиб, кейин масжиддан чиқади. Агар бир неча кунни ният қилиб эътикофга кирадиган бўлса, асрдан кейин, қуёш ботишидан аввал эътикофга кириб, охирги куни қуёш ботганидан сўнг, шомдан кейин эътикофдан чиқади.(Жавҳарат ан-наййира. I-жилд. –Б. 190; Радд ул-муҳтор. III-жилд. 444-445 бетлар. Фатовойи Таторхония. II-жилд. –Б. 315). Буни Имом Таҳовий айтганлар. (“Жомиъ ур-румуз”).

САВОЛ:

Нима учун эътикоф ўтириш Рамазоннинг охирги ўн кунлигида қилинади? Ёки Лайлат ул-қадрни топиш имконияти борми?

ЖАВОБ:

Лайлат ул-қадр, яъни қадрли кеча минг ойдан яхшироқ эканлиги Қуръони каримда таъкидланган. Бинобарин, мусулмонлар ана шу кечани ибодат билан ўтказишга рағбар кўрсатмоқлари лозим ва лобуддир.

Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришнинг яна бир ҳикмати Қадр кечасини топишнинг имконияти мавжудлигидир. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг иккинчи ўн кунлигида эътикоф ўтирганларида, Жаброил алайҳиссалом келиб: “Агар Лайлат ул-қадрни изламоқда бўлсангиз, унда охирги ўн кунликда эътикоф ўтиринг!” деган экан.

Шунинг учун ул зоти шариф: “Кимки мен билан бирга эътикоф қилган бўлса, яна жойига қайтсин (эътикофни давом эттирсин), чунки шу кеча менга Лайлат ул-қадр ўтадиган кун аён қилинди…”, дедилар.

Қадр кечаси ҳар Рамазонда бўлишини Пайғамбаримиз башорат қилганлар (Имом Абу Довуднинг Ибн Умар р.а.дан ривояти) ва бундоқ деганлар:

     تحرّوا ليلة القدر فى الوتر من العشر الاواخر من رمضان

“Қадр тунини Рамазоннинг охирги ўн кунлигида тоқ кечалардан талаб қилинг!”. (Имом Бухорий Ҳазрати Ойша р.а.дан ривояти).

Яна Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан қилинган ривоятда бу яна ҳам қисқарган: “Ким у (кеча)ни излайдиган бўлса, охирги етти (кеча)да изласин”. Демак, охирги ўн кунликдан,  охирги етти кунга қисқарди.

Бошқа ўринда Расули акрам алайҳиссалом Лайлат ул-қадрни йигирма бир, йигирма уч, йигирма беш, йигирма етти ва йигирма тўққизинчи кечаларда бўлиши мумкинлигини айтганлар. Булар тўғрисида саҳиҳ ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Аммо, энг кўп ривоятлар йигирма еттинчида Қадр кечаси бўлиши башорат қилинганини эътиборга олиб, кўпчилик уламолар ана шу кечада бўлади, деб ибодатга кўпроқ тарғиб қилганлар. Қадр сурасидаги “Лайлат ул-қадр” сўзлари уч марта қайтарилган бўлиб, 9 ҳарфдан иборат. Улардаги ҳарфлар сонини қўшганда ҳам 27 чиқиши маълум. Имом Аҳмад ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деб марҳамат қилганлар:

من كان متحرّيها فليتحرّها ليلة سبع وعشرين وقال تحرّوها ليلة سبع وعشرين يعنى ليلة القدر

“Кимки Қадр кечасини ҳар томонлама текшириб, қидирмоқчи бўлса, бас, уни йигирма еттинчи кечадан қидирсин!”.

Имом Абу Довуд Муовия разийаллоҳу анҳудан ривоятида эса Расули акрам алайҳиссалом жанобимиз қатъий равишда: “Лайлат ул-қадр йигирма еттинчи кечадир” деганлар.

Шунинг учун Ислом фақиҳлари қадр кечасини йигирма еттинчи кечада бўлишини кўпроқ қувватлаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси ўтиб, унинг кундузида қуёш нурсиз, нури камроқ бўлиб (булут ёки туман қопланган ҳолда) чиқади, деганлар. (Имом Муслим ривояти).

Аслида, қадр кечасини қачон бўлишини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Фақат тахмин қилинади, холос. Шу боисдан фақиҳлар томонидан унинг қачон бўлиши ҳақида қирқдан зиёд қавллар, тахминлар айтилган. Буларни бирма-бир (46 та қавлни) Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг машҳури жаҳон бўлган “Фатҳ ул-борий” асарида батафсил зикр қилган. Муҳаммад Абдулғафурнинг “ал-Исъоф” асарида ушбу қавл ва тахминларнинг 45 таси келтирилган. Уларнинг ҳар бир гапи ва тахминининг асоси, ҳадислардан ва саҳобалар гапларидан далили ҳам айтилган. Бинобарин, қадр кечасини топмоқчи бўлганлар йилнинг ҳар бир кечасини қадр ўлароқ кўриши ва ибодатдан ғафлатда қолмаслиги даркор! Шунинг учун ҳам улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу: “Кимки йил давомида кечалари қоим бўлса, Қадр кечасига етади (уни топади)”, деган эканлар. (Имом Муслим ривояти). Бинобарин отабоболаримиз айтган гап ростдир: “Ҳар кечани қадр бил, ҳар кишини Хизр бил!”.

САВОЛ:

Қадр кечасида ухламасдан ибодат қилиб чиқиш керакми?

ЖАВОБ:

Қадр кечасининг қадри ўзгачадир. Аллоҳ таоло ушбу кечада Қуръони каримни нозил қилди. У Рамазонда, хусусан, Лайлат ул-қадрда Лавҳ ул-маҳфуздан Байт ул-иззатга бир дафъада эндирилди. Кейинчалик Қуръони карим Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга 23 йил давомида бўлиб-бўлиб нозил этилди. Аллоҳ таоло деган:

شهر رمضان الّذي أنزل فيه القرآن هدًى للنّاس وبيّناتٍ من الهدى والفرقان

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир”. (Бақара сураси, 185-оят).

Имом Бухорий ва Муслим, шунингдек, Абу Довуд, Насоий, Доримий ҳамда Ибн Ҳиббонлар Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундоқ демишлар:

ومن قام ليلة القدر ايمانا واحتسابا غفر له ما تقدّم من ذنبه

“Кимки Қадр кечасини имон ва ишонч, ўзгача эҳтимом билан намоз ўқиб ўтказса, ўтган гуноҳлари кечирилади”.

Яна бир ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

انّ هذا الشهر قد حضركم، وفيه ليلة خير من ألف شهر، من حرمها فقد حرم الخير كله ولا يحرم خيرها الا محروم

“Албатта бу ой сизларга ҳозир бўлиб турибди. Унда минг ойдан яхшироқ кеча бор. Кимки ундан маҳрум қолса, ҳамма яхшиликлардан маҳрум қолган бўлади. Унинг яхшилигидан фақатгина ҳақиқий маҳрум одамгина қуруқ қолади”. (Имом Аҳмад, Ибн Можжа ва Насоийлар ривояти).

Имом Аҳмад Уббода ибн Сомит разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

ليلة القدر فى العشر البواقى، من قامهنّ ابتغاء حسبتهنّ فانّ الله تبارك وتعالى يغفر له ما تقدّم من ذنبه وما تأخّر وهى ليلة وتر: تسع او سبع او خامسة او ثالثة او آخر ليلة

“Қадр кечаси охирги ўн кунликдадир. Кимки унда мукофотини умид қилиб, қоим бўлса, (кечани ибодатда ўтказса), бас, Аллоҳ таборака ва таоло унинг ўтган ва келаси гуноҳларини мағфират қилади. У тоқ кечалардадир: йигирма тўққизинчи, йигирма еттинчи, йигирма бешинчи, йигирма учинчи ёки энг охирги (йигирма биринчи) кечададир”.    

Қадр кечасининг минг ойдан яхшироқ эканлигини Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг шу кечага бағишлаган сурасида айтиб ўтган. Ушбу суранинг биринчи оятида Аллоҳ таоло Қуръони каримни шу кечада нозил қилганини баён қилади. Иккинчи ояти эса ушбу кечанинг фазилатини билишга бўлган танбиҳ, огоҳлантиришдир. Учинчи оятда эса Қадр кечасининг минг ойдан яхшироқ эканлиги айтилган. Демак, бир ойда ўттиз кеча бор. Қадр кечаси эса қадри бўлмаган ўттиз минг кечадан афзал экан. Бу эса саксон уч йилдан зиёдроқ вақт бўлади. Тўртинчи оятда эса зикр қилинишича, Аллоҳ таолонинг амри бўйича мазкур кечада фаришталар, шу жумладан Жаброил алайҳиссалом ҳам заминга тушар эканлар. Қадр сурасининг охирги оятида эса бу кеча тонг отгунча гуноҳлардан, ёмонликлардан, бало-офатлардан саломат бўладиган кеча эканлиги баён этилган.

Бу кечада қиладиган дуомизни ҳам Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ўргатганлар: Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо “Қадр кечасини топсам, нима дейман?” деб сўраганларида ул зоти шариф бундоқ деб ўргатдилар: “Мана бу дуони айтгин:

   اللهمّ انك عفوّ تحبّ العفو فأفُ عنى

“Эй Аллоҳим! Шак йўқки, Сен афв қилгувчисан, афвни яхши кўрасан. Бас, мени афв қилгин!”. (Имом Аҳмад ва Сунан соҳиблари ривоят қилган).

Ана шу сабабларга кўра Қадр кечасида ибодат қилиб чиқиш, Қуръон тиловат қилиш, тафсир, ҳадис, фиқҳ китобларини мутолаа қилиб, фойда олиш, зикрларга машғул бўлиш, нафл намозлар, шу жумладан, таҳажжуд намозларига ғайрат билан киришиш мақбул амаллардандир. Баъзи унчалик муътабар бўлмаган китобларда Қадр кечасида ҳам юз ракъат (нафл) намоз ўқиш тавсия этилади. Демак, ҳеч бўлмаганда, шунчалик намоз ўқишга ғайрат кўрсатиш керак.

САВОЛ:

Қадр кечасини билишнинг аломатлари борми?

ЖАВОБ:

Парвардигори олам ўзи хоҳлаган бандасига Қадр кечасини билдиради. Қадр кечасини аниқ билиб тонг отгунча ибодат қилиб чиқиш афзалдир. Буни билиб, сезиб қолиш бир каромат бўлгани учун Аллома Ибн Ҳажар Асқалоний уни билган тақдирда ҳам ҳеч кимга гапирмаган маъқул, деганлар.

Қадр кечасининг аломатлари бор. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадиси шарифлар ҳам ворид бўлган. Уларда айтилишича, қадр кечасида сукунат ҳукм суради, юлдузлар учмайди, ҳаво мўътадиллашади: иссиқ ҳам бўлмайди, совуқ ҳам бўлмайди. Эрталаб қуёш қизариб, тоғарага ўхшаш бўлиб,  ёғду сочиши ўта заиф ҳолатда бош кўтаради. Сабаби ўша тунва кунда фаришталар кўплаб тушиб-чиқиб туриши оқибатида қуёш нурларини тўсиб қўяр эканлар. Бир ҳадисда Қадр кечасида ёмғир ёғиши ва момоқалдироқ бўлиши ҳам айтилган.

Имом Абу Довуд, Баззор ва Ибн Хузаймалар Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қадр кечасини тавсифлаб, бундай деганлар:

ليلة سمحة طلقة لا حارّة ولا باردة، تصبح شمسها صبيحتها صفيقة حمراء تصبح الشمس يومها حمراء ضعيفة

“Бу кеча мурувватли, (яхши, саховатли), бўшашган, (озод, сокин), иссиқ ҳам эмас, совуқ ҳам эмасдир. Унинг қуёши ўша тонгда қип-қизил заиф бўлиб чиқади”.

Саҳобаларнинг улуғ қориларидан бири Убай ибн Каъб разийаллоҳу анҳу Қадр кечасини йигирма еттинчи кечада бўлишини айтар ва дер эканлар:

هى ليلة التى أخبرنا بها رسول الله صلى الله عليه وسلم انّ الشمس تطلع بيضاء ترقرق أنها تطلع يومئذٍ لا شعاع لها

“У бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган кеча бўлиб, қуёш ўшанда оппоқ бўлиб, милтиллаб, ялтиллаб чиқади”. (Имом Муслим, Аҳмад, Абу Довуд, Байҳақий ва Ибн Аби Шайба ривоятлари).

Яна Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундай деганлар:

انّ أمارة ليلة القدر انها صافية بلجة كانّ فيها قمرا ساطعا ساكنة ساجية لا برد فيها ولا حرّ ولا يحلّ لكواكب ان يرمى به فيها حتى تصبح. وانّ أمارتها انّ الشمس صبيحتها تخرج مستوية ليس لها شعاع مثل القمر ليلة البدر ولا يحلّ للشيطان ان يخرج معها يومئذٍ

“Албатта Қадр кечасининг аломатлари шуки, у мусаффо, ёпёруғ, худди сукунатга ўралган ёғдули ой чарақлаб тургандек бўлади. У кечада (ўта) совуқ ҳам, (жуда) иссиқ ҳам бўлмайди. Ўша кечада тонггача юлдузлар отилишига йўл қўйилмайди. Яна унинг аломатларидан бири қуёш эрталаб ўн тўрт кечалик ойга ўхшаб, нурсиз чарақламасдан чиқади. Ўша куни шайтонлар чиқишига ҳам йўл қўйилмайди”. (Имом Аҳмад ривояти. Ҳадиснинг ровийларини Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий ишончли деган).

Шу маънодаги ҳадиси шарифни Ибн Хузайма Жобир ибн Абдуллоҳ разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган.

Бу борадаги охирги саҳиҳ ҳадис Жобир ибн Самура разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “У ёмғирли, шамолли ва яшинли кечадир”. Мазкур ҳадисни муҳаддислардан Имом Табароний ва Баззор ривоят қилганлар. Ровийларини Ибн Ҳажар ал-Ҳайсамий саҳиҳ деган. Лекин бу маънодаги ҳадиси шариф битта бўлганлиги учун аксар ҳолатларда муборак кеча бундай бўлмаслиги билинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биринчи марта Қадр кечаси ҳақида хабар берганларидан сўнг ўша кеча ёмғирли (сув ва лой) бўлиб, пешоналарида лой излари қолганлигини Имом Бухорий ва Имом Муслим ҳазратлари Абу Саид ал-Худрий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Бу воқеа Рамазоннинг йигирма учинчи кечаси содир бўлган эди.

Табарий ва Байҳақийлар ривоятида яна мазкур муборак кечада касалликлар пайдо бўлмаслиги, шўр сувлар чучук бўлиши, дарахтлар ўз шохларини ерга эгилтириб туриши кабилар ҳам зикр этилади.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *