Диний таълим ва даъватда шахслар маълум бўлиши лозим!

1458467523_unknownИсломга даъват қилувчининг, диний таълим ва диний фатво берадиганнинг шахси аниқ бўлиши керак, деган қоида хозир айтилаётгани йўқ. Бу саҳоба ва тобеъинлар давридан бери амалда бўлиб келган қоидадир! Имом Термизий раҳимахуллоҳ «Шамоили набавия» асарида ҳамда муҳаддислардан Имом Доримий раҳимахуллоҳ ўз «Сунан»ларида тобеъинларнинг улуғларидан бўлмиш Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳнинг:

 إن هذا العلم دين فانظروا عمن تأخذون دينكم –

«Бу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранглар!» деган гапларини келтирганлар. (Термизий, 408-рақам; Доримий, 432-рақам).

Бу гап «Канз ал-уммол»да саҳобалар Анас ва Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳумодан ҳам нақл килинган. Ибн Сирин раҳимаҳуллоҳнинг гапини Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ хам ўзининг саҳиҳ ҳадислар тўпламининг муқаддимасида зикр қилганлар.

Динни кимдан олаётганга қараш керак, яхши ва баландпарвоз гап айтганга эмас!
Муҳаддислардан Имом Дайламий раҳимаҳуллоҳнинг нақл килган бир гапи бор. Уни «Тафсири Жалолайн» соҳибларидан бири, буюк олим Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг «Жомеъ ал-аҳодис» асарларида келтирганлар:

انظروا من تجالسون و عن من تأخذون دينكم فإن الشيطان يتصورون فى آخر الزمان فى صورة الرجال فيقولون حدثنا و أخبرنا فإذا جلستم الى رجل فسلوه عن اسمه و اسم أبيه و عشيرته فتفقدونه إذا غاب

«Кимлар билан ўтиришаётганларингизга қаранг ва динингизни кимдан олаётганингизга эътибор қаратинг! Чунки, охирзамонда шайтонлар одам суратида пайдо бўлиб, «Бундай ҳадис бор», «Мана бундай хабар бор», дейишади. Агар бир киши билан ўтирсангиз, унинг исмини, отасининг исмини ва насл-насабини суриштиринг. Агар у ғойиб бўлса, уни топа олмай қоласизлар!» (Дайламий, 358-ракам; Суютий, 7/5862).

Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ ва бошқалар эса: «Иснод диндандир! Агар иснод бўлмаса, хоҳлаган кимса ўзи хоҳлагандек гапираверади», деганлар. Иснод дегани айтилаётган гапнинг эгасига эътибор бериш, ровийнинг ҳолини текшириш ҳисобланади. Гапни етказаётган одамнинг кимлигига эътибор бериш лозим бўлади. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: «Ушбу илм диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг! Мен етмишга яқин уламо суратидаги кимсаларнинг Масжиди набавий устунлари олдида: «Расулуллоҳ ундай дедилар, бундай дедилар» деганини эшитганман. Лекин, уларнинг ҳеч биридан илмдан бирор нарса олганим йўқ!», деганлар. Яъни, ҳадис айтгани билан, оятни тафсир қилгани билан унга эргашиб кетилавермайди.

Демак, диний даъватда, диний илмни тарқатишда, диний илмни олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернетда ўтирган, фесбукда диндан гапираётган, телеграмда ўзича канал очволиб ҳаққа бошламоқчи бўлган, лекин кимлиги номаълум, оқибати хам номаълум кимсалардан дин олинмайди, уларга қулоқ солинмаслиги лозим. Чунки, бу диндир! Динда уни ким етказаётгани муҳимдир! Ҳадис айтди, оят келтирди, демак унга эргашиш вожиб, дейилмайди. Уни ким айтди, нимага айтди, қайси мақсадда айтди, нима учун айтди, қаерда ва қачон айтди — шунга қаралади.

Диндан гапираётибсизми, кимлигингизни айтинг, қаерданлигингизни айтинг, қаерда ва кимда ўқиганлигингизни, қанча ўқиганлигингизни айтинг! Устозингиз ким? Ўзи ҳам номаълум, устози ҳам номаълум кимсаларнинг диндан гапиришга маънавий ҳақлари йуқ!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *