Намоз ўқийдиган одам ўлдирилмайди!

Lotin alifbosida

Мусулмонларни кофирга чиқарадиганларнинг шум “такфир”идан мақсад одамларни жисмонан йўқ қилиш, дунёдан овозларини ўчиришдир. Шу мақсадда улар ҳеч нарсадан тап тортмайдилар. Давлат учун, дунёи дун учун бир-бирини қириб ётибдилар. Намоз ўқийдиган мусулмонларни намоз ўқиётган вақтларида ўлдириб юбораверадилар, масжидларни портлатадилар, Аллоҳга сажда қилаётган, қиблага қараб сиғинаётган мўъмин-мусулмонларни ўлдиришга фатволар берадилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  умр бўйи намоз ўқийдиганларни ўлдирмасликни таъкидлаб ўтганлар:

Ансорий саҳобалардан ҳисобланадиган Усмон ибн Молик разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни: “Уйимга ташриф буюриб, намоз ўқиб, ҳаққимизга барака тилаб кетсангиз”, деган маънода уйига таклиф қилди. Ул зоти шариф бир неча саҳобаи киромлар билан биргаликда Усмон ибн Молик разийаллоҳу анҳуникига ташриф буюрадилар. Шу маҳаллада Молик ибн ад-Дахшам деган мунофиқ турарди. Даврада гап айланиб шу ҳақида кетади, саҳобалар уни ўлдиришга Пайғамбар алайҳиссаломдан роса рухсат сўрайдилар. Унинг бутун ёмонликлари, мусулмонларга қилган ифлосликлари гапирилади, уни мунофиқларнинг раҳбарларидан бири дейилади, унинг уйини мунофиқларнинг паноҳгоҳи, яширинадиган ғори экани айтилади. Унинг мунофиқлиги, бузғунчилиги, худобехабарлиги қайта-қайта таъкидланаверганидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уни ўлдиртириб юборишга мойил бўлиб қолаёзадилар. Шунда бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зот – Ҳабиби муҳтарам, Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “У намоз ўқийдими?”, деб қоладилар. Саҳобалар ёқар-ёқмас: “Ҳа, аҳёнда ўқиб туради-ю, унда ҳам хайр йўқ”, дегандек гап қиладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қиладилар ва гапларини икки марта такрорлайдилар:

نهيت عن قتل المصلين إنه من يشهد أن لا إله إلا الله مخلصا بها يموت على ذلك حرمه الله على النار

“Намозхонларни ўлдиришдан қайтараман! Кимки ихлос билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб гувоҳлик берса, шу билан ўлиб кетса, Аллоҳ уни дўзахга ҳаром қилади” (Табароний, 18/44; Баззор, 1/39).

Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, мен намозхонларни ўлдиришдан қайтараман!” деган гапларини ҳамма жойда, ҳамма вақт такрорлаб борганлар, саҳобаларга, бутун умматга эслатиб турганлар. Ривоятларга ўтамиз:

1) Саҳоба Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳу ривоят қилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларидан бир хотинчалиш ўтиб қолади. У қўллари ва оёқларига ҳино қўйиб олган эди. “Бу қилиғи нимаси?”, дейдилар. Шунда унинг хотинларга ўхшамоқчи бўлганини айтишади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни маҳалладан ҳайдаб чиқаришни буюрадилар. Саҳобалар: “Уни ўлдирайликми?”, деганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта мен намозхонларни ўлдиришдан қайтараман!” деб марҳамат қилганлар (Абу Довуд, 2/4928-4930; Байҳақий, 8/16764; Табароний, “ал-Мўъжам ас-сағир”, 5/5058; Дорақутний, 2/1778; ).

2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни жуда оч қолиб кетадилар. Очликка чидай олмасдан кўчага чиққандилар, саҳобалардан айримлари ҳам очлик ғалабасидан кўчада юрган эканлар. Шунда уларни Абу-л-Ҳайсам разийаллоҳу анҳу уйига таклиф қилиб қолади. Унинг уйларида гўшт, хурмо еб қоринларини тўйғизадилар. Бунга миннатдорчилик эвазига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга агар асир тушса, унга ходим қилиб беришларини айтадилар. Иттифоқо, бир асир қўлга олинади, ул зоти шариф уни Абу-л-Ҳайсам разийаллоҳу анҳуга берадилар-да, “Унга яхшилик қилишингни истайман, унинг намоз ўқиётганини кўриб қолдим. “Албатта мен намозхонларни ўлдиришдан қайтараман!” дейдилар (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 4/4606).

3) Саҳобаи киромлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бир кимса ҳақида гапириб берганлар. Уларнинг айтишларича, ўша кимса намозни дуруст қилиб ўқимас экан, ҳамма қатори, анъанадаги намозни ўқимасдан ўзи билганича иш тутар, ҳамманинг жиғига тегиб, бошқача намоз ўқир экан. Саҳобалар ўша кимсанинг исмини айтган эдилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам танимадилар. Саҳобалар унинг сифатларини айтсалар ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни таний олмадилар. Шу ҳақида гаплашиб тургандилар, ўша кимсанинг ўзи келиб қолди. Саҳобалар: “Анави кимса”, деб кўрсатадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар менга шундай кимса ҳақида айтиб турган экансизларки, унинг юзида шайтондан қолган қашқа бор-ку!”, дейдилар. Ўша кимса буларнинг олдига келиб туриб олади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга салом бермасдан, “Сен мажлисларда: “Ҳозирда мендан афзал кимса йўқ!”, дер экансан, шундайми?”, дейдилар. Ўша кимса “Ҳа!”, деб жавоб беради, сўнг ҳурматсизларча орқасига ўгирилиб, намоз ўқишга кириб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким буни ўлдиради?”, дейдилар. Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу: “Мен ўлдираман”, деб масжидга кириб қараса, ўша кимса туриб намоз ўқиётган экан. Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу: “Субҳоналлоҳ, намоз ўқиётган одамни ҳам ўлдираманми? Ахир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозхонларни ўлдиришдан қайтарганлар-ку!”, деб қайтиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нима қилдинг?” деб сўрайдилар. У: “Ўлдиришни ёқтирмадим, у намоз ўқиётган экан. Сиз намоз ўқиганларни ўлдиришдан қайтаргансиз-ку!”, дейдилар. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу: “Унда мен ўлдираман”, деб ғайрат билан кириб кетади. Борса, ўша кимса юзини ерга қўйиб, саждада ётган экан. Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу ҳам: “Абу Бакр мендан афзал экан!”, деб ўлдира олмасдан қайтиб чиқади. Унинг чиққанини кўриб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ним гап?” дейдилар. «У бошини ерга қўйиб сажда қилаётган экан, ўлдира олмай чиқдим”, деб жавоб беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унда ўша кимсани ким ўлдиради?”, дейдилар. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу: “Мен-да!”, дейди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тополсанг, ўлдира қол!”, дейдилар. У масжидга келиб кирса, ўша кимса чиқиб кетган экан. Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу қайтиб чиқади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Нима қилдинг?” дегандилар, “Тополмадим”, деб жавоб беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар ўлдирилганида, умматим орасида икки кимса бир-бири билан ихтилофга бориб юрмасмиди!? Уларнинг аввали ҳам, охири ҳам ихтилофда бўлади”, дедилар (Абу Яъло, 1/90).

Юқорида келтирилган тўрт ривоят ҳам бир-бирини қувватлаб келади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта, мен намозхонларни ўлдиришдан қайтараман!”, деган гаплари саҳиҳ эканини билдиради. Саҳобалар ҳам буни ҳеч қачон унутмаганлар. Афсуски, ҳозирги айрим мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу гапларини, иршодларини унутганлар. Улар бир-бирлари билан ихтилофда, бир-бирларини кофирга чиқариб, ўлдириб юбормоқдалар. Сиёсат деб, давлат деб, дунёи дун, мамлакатга эга бўламиз деб, юртни бошқарамиз деб бир-бирларини қирмоқдалар. Аллоҳнинг байти ҳисобланган масжидларни портлатиб кетмоқдалар, Аллоҳга сажда қилиб турган, қиблага юзланиб, намоз ўқиб ибодат қилаётган намозхонларни ўлдирмоқдалар… Яна ушбу ишларига шариатни ниқоб қилганларига, динни пеш қилаётганларига нима дейсиз?! Агар уларда инсоф бўлганида, агар улар ҳаққоний диндор ва тақводор бўлганларида, юқорида биз келтирган тўртта шаръий ривоятнинг шаръий ҳукмига амал қилган, намозхонларни ўлдиришдан ҳазар қилган бўлардилар…

Бу қандай ҳам жаҳолат, қандай ҳам ҳақдан юз ўгириш, саҳиҳ ҳадисларга амал қилмаслик, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак буйруқларига итоатсизлик… Афсус!

Ҳа, Аллоҳ таоло урушқоқларга, бир-бирини аямаётган, ўлдираётган мусулмонларга инсоф берсин!

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *