СУЛОСИЙЁТ АТ-ТАБАРОНИЙ

28058510_854315108078971_8943869817763466713_n

Машҳур муҳаддислардан бири Абулқосим Сулаймон ибн Аҳмад ибн Айюб ат-Табароний (260-360 ҳ./873-971 м.) раҳимаҳуллоҳнинг “Мўъжам” деб аталган учта ҳадислар тўплами мавжуд. Улар “ал-Мўъжам ал-кабир”, “ал-Мўъжам ал-авсат” ва “ал-Мўъжам ас-сағир” деб аталади. Бундан ташқари, ушбу муҳаддиснинг “Китоб ат-Тафсир”, “Далоил ан-нубувват” ва “ал-Авоил” каби асарлари бўлган.

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳнинг кичик “ал-Мўъжам ас-сағир” асарида 1198 (бир минг бир юз тўқсон саккиз) та ҳадис, ўрта “ал-Мўъжам ал-авсат” асарида эса 9489 (тўққиз минг тўрт юз саксон тўққиз) та ҳадис, катта “ал-Мўъжам ал-кабир” асарида эса 22245 (йигирма икки минг икки юз қирқ беш) та ҳадис мавжуд. Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ тўплаб ёзган жами ҳадислар унинг «ал-Мўъжам ал-кабир» асарида мужассам бўлиб, ҳозиргача 25 та жилддан 13, 14, 15, 16 ва 21 жилдлари топилган эмас. Улардан 13 ва 21 жилднинг бир қисми топилган. Нашр қилинган асарда эса жами 22245 (йигирма икки минг икки юз қирқ беш) та ҳадис мавжуд. Ҳар бир жилдда мингтача ҳадис мавжудлигини эътиборга олсак, унга яна 5 000 (беш минг) тача ҳадис қўшилиши мумкин. Демак, унда жами 27 000 (йигирма етти минг) атрофида ҳадис бўлган, дейишимиз мумкин.

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳнинг мазкур учта тўпламида атига 3 (уч) тасининг ровийлар силсиласи уч иснодлидир. Иснодда фақатгина уч нафар ровийнинг номи қатнашган ҳадислар “Сулосийёт” деб аталади. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг бу хилдаги “Сулосийёт”лари анча шуҳрат қозонган бўлиб, уларнинг сони 22 тадан иборат. Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳнинг “Сулосийёт”ларида эса ўн бешта ҳадис мавжуд. Ибн Можа раҳимаҳуллоҳнинг “Сулосийёт”лари бештани ташкил қилади. Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг “Сулосийёт”лари эса фақат биттагина, холос. Улар ўзбек тилига таржима қилинган.

Уч нафар ровийдан иборат ҳадисларнинг иснодларида жуда кам ровийлар қатнашганлиги, уларнинг ўта даражада ишончли зотлар бўлгани сабабли “Сулосийёт” ҳадислари энг тўғри, энг ишончли, энг қабул қиларли бўлиб қолаверади. Бинобарин, уларни билиб-ўрганиш ва ҳадис матнидаги ҳукмларга амал қилиш муҳим аҳамият касб қилади. Бироқ, Имом Табароний раҳимаҳуллоҳнинг “Сулосийёт”идаги ҳадислар ровийлар жиҳатидан заиф ҳисобланади.

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ушбу “Сулосийёт” ҳадислари: Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Язид ал-Қассос ал-Басрий→Динор ибн Абдуллоҳ→Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу; Жаъфар ибн Ҳумайд ибн Абдулкарим ибн Фаррух ибн Дийзаж ибн Билол ибн Саъд ал-Ансорий ад-Димишқий→Умар ибн Абон ибн Муфаззал ал-Маданий→Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳу; Убайдуллоҳ ибн Румоҳис→Абу Умар Зиёд ибн Ториқ→Абу Жарвал Зуҳайр ибн Сурад ал-Жушамий ровийлар силсиласидан иборатдир.

Биз – Сиз азизларга “Сулосийёт ат-Табароний”ни алоҳида таржима қилиб, айрим изоҳ ва шарҳлар билан тақдим қилишни маъқул кўрдик. Аллоҳ таоло барчамизга уни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам манфаатли қилсин!

 Ҳамидуллоҳ Беруний.

ثلاثيات الطبرانى

بسم الله الرحمن الرحيم

Биринчи ҳадис

لا يروى هذا الحديث عن النبي صلى الله عليه و سلم إلا بهذا الإسناد تفرد به وهب بن بقية محمد بن أحمد بن يزيد بن حبيب حدثنا محمد بن أحمد بن يزيد بن حبيب المقرئ البصري قال نا دينار بن عبد الله مولى أنس بن مالك قال حدثني مولاي أنس بن مالك قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم طوبى لمن رآني ومن رأى من رآني ومن رأى من رأى من رآني ثلاثا

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч марта бундай деб марҳамат қилганлар:

“Мени кўрган кишига, мени кўрган кишини кўрган кимсага ва мени кўрган кишини кўрган кимсани кўрган одамга жаннат хушхабари бўлсин!” (Табароний, “ал-Мўъжам ас-сағир”, 2/858; “ал-Мўъжам ал-авсат”, 6/6106; “ал-Мўъжам ал-кабир”, 22/29).

Мазкур ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини кўрган саҳобаларни, саҳобаларни кўрган тобеъинларни, тобеъинларни кўрган табъа тобеъинларни мақтаб, хушхабар берганлар. “Тубо” жаннатдаги дарахт номи.

Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ бошқа бир ривоятларида келтиришича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини кўрган ва кўрмаганларни мақтаб бундай деган эканлар:

طوبى لمن رآنى و آمن بى و طوبى لمن لم يرنى و آمن بى سبع مرّات

“Мени кўриб имон келтирган кимсага жаннат хушхабари бўлсин! Мени кўрмасдан менга имон келтирганларга эса етти марта жаннат хушхабари бўлсин!” (Табароний, “ал-Мўъжам ал-кабир”, 8/8009).

Иккинчи ҳадис

حدثنا جعفر بن حميد بن عبد الكريم بن فروخ بن ديزج بن بلال بن سعد الأنصاري الدمشقي قال حدثني جدي لأمي عمر بن أبان بن مفضل المدني قال أراني أنس بن مالك الوضوء أخذ ركوة فوضعها عن يساره وصب على يده اليمنى فغسلهما ثلاثا ثم أدار الركوة على يده اليمنى فتوضأ ثلاثا ثلاثا ومسح براسه ثلاثا وأخذ ماء جديدا لسماخه فمسح سماخة فقلت له قد مسحت أذنك فقال يا غلام إنهن من الرأس ليس هن من الوجه ثم قال يا غلام هل رأيت وفهمت أم أعيد عليك فقلت قد كفاني وقد فهمت قال فهكذا رأيت رسول الله صلى الله عليه و سلم يتوضا لم يرو عمر بن أبان عن أنس غير هذا الحديث

“Анас ибн Молик разийаллоҳу анҳуни кўза ушлаган ҳолда кўрганман. Уни чап қўлида тутиб, ўнг қўлига сув қуяр эди. Уни уч марта ювди-да, кўзани ўнг қўлига айлантириб олди. Сўнг, уч марта-уч мартадан таҳорат қилдилар. Бошларига ҳам уч марта масҳ тортдилар. Сўнг, қулоқлари учун янги сув олиб, қулоқларини масҳ қилдилар. Мен унга: “Қулоғингизни ҳам масҳ қилдингизми?”, дедим. У зот: “Эй, бола! Улар бошдандир, юздан эмас. Эй, бола! Кўриб, тушуниб олдингми ёки қайтарайми?”, дедилар. “Менга кифоя қилди. Тушуниб олдим!”, дедим. У зот: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай таҳорат олганларини кўрганман!”, дедилар (Табароний, “ал-Мўъжам ал-авсат”, 3/3362).

  Бу ҳадисда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳанафийлик мазҳабига – бизнинг мазҳабга тўғри келмайдиган жойи таҳоратда бошга ҳам уч марта масҳ тортилганидир. Бизлар бошга бир марта масҳ тортамиз. Бу ҳадисни шу жойини ололмаганимизнинг сабаби ҳадиснинг исноди заиф эканидир. Уни Имом Табароний раҳимаҳуллоҳнинг ўзлари ҳам тан олиб, шу ернинг ўзида қайд қилиб кетганлар.

Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ айтишларича, бошқа саҳиҳ ҳадисларнинг мазмунидан масҳ бир марта қилингани чиқади. Улар ҳанафийлар, моликийлар ва ҳанбалийларнинг бошнинг масҳи бир марта бўлиши кераклиги ҳақидаги фатволарига очиқ далилдир. Шофиъийлар аъзолар ювилганда уч марта бўлгани каби масҳ ҳам уч марта бўлишини қўллайдилар. (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 2-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 121).

Ҳанафийликнинг таниқли манбаси “ал-Ҳидоя”да: “Агар бошга уч марта масҳ тортилса, у масҳ эмас, ювиш бўлиб қолади-ку”, дейилган (Бурҳониддин ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1902. – Б. 32).

Бошга бир марта масҳ тортишга қиёс ҳам далолат қилади. Чунки, масҳига масҳ тортганда, яра боғичига масҳ тортишда бир марта қилинади. Демак, масҳ бир марта қилинар экан.

Учинчи ҳадис

حدثنا عبيد الله بن رماحس الجشمي ثنا أبو عمرو زياد بن طارق وكان قد لبث عليه عشرون ومئة سنة قال سمعت أبا جرول زهير بن صرد الجشمي يقول لما أسرنا رسول الله صلى الله عليه و سلم يوم حنين يوم هوازن وذهب يفرق الشبان والسبي أنشدته هذا الشعر:

(امنن علينا رسول الله في كرم … فإنك المرء نرجوه وننتظر)

(امنن على بيضة قد عاقها قدر … مفرقا شملها في دهرها غير)

(أبقت لنا الدهر هتافا على حزن … على قلوبهم الغماء والغمر)

(إن لم تداركهم نعماء تنشرها … يا أرجح الناس حلما حين يختبر)

(امنن على نسوة قد كنت ترضعها … وإذ يزينك ما تأتي وما تذر)

(لا تجعلنا كمن شالت نعامته … فاستبق منا فإنا معشر زهر)

(إنا لنشكر للنعماء إذ كفرت … وعندنا بعد هذا اليوم مدخر)

(فألبس العفو من قد كنت ترضعه … من أمهاتك إن العفو مشتهر)

(يا خير من مرحت كمت الجياد به … عند الهياج إذا مااستوقد الشرر)

(إنا نؤمل عفوا منك نلبسه … هادي البرية إذ تعفو تنتصر)

(فاعف عفا الله عما أنت راهبه … يوم القيامة إذ يهدى لك الظفر)

فلما سمع هذا الشعر قال: ما كان لي ولبني عبد المطلب فهو لكم وقالت قريش: ما كان لنا فهو لله ولرسوله وقالت الأنصار: ما كان لنا فهو لله ولرسوله

“Ҳунайн ва Ҳавозин кунлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни асирга туширгандилар. Чўпон ва асирларни ажратиш бошланганда, мен бу шеърни ўқидим:

“Эй, Аллоҳнинг элчиси, бизга карамингизни дариғ тутманг! Зотан, Сиз – биз умид қилиб, интизор кутган кишисиз. Қадри юксалиб борадиган уруғларни сочиб, замонлар оша душманларнинг эътиборини йўқотиб, бизни миннатдор қилиб қўйинг! Бизлар қанча-қанча замонлар маҳзунликда қолган эдик. Қалбларда ғам-қайғу ва тугунлар бор эди. Агар уларга неъатларни синов пайтида ҳалимлик билан топиб бермасангиз, эй одамларнинг энг улуғи, улар тарқаб кетади. Сизни эмизган аёлларни ҳам миннатдор қилиб қўйинг. Чунки, келганларида ҳам ва тарк қилганларида ҳам Сизни ясантириб қўйишган эди. Бизларни туяқушини йўқотган киши каби қилиб қўйманг. Биздан ўтиб кетинг. Чунки, биз зуҳарлик одамлармиз. Албатта, биз бир пайтлар инкор қилинган, бу кундан кейин эса бизнинг ҳузуримизда захира қилинадиган неъматлар учун шукр айтамиз. Сизни эмизган оналарингиз учун афв либосини кийинг. Зотан, афв машҳур хислатдир. Эй, ёмонлик олови қўзғалганида, унинг давомийлигини тўхтатишга қодир кишиларнинг энг яхшиси! Биз Сиз кийиб олган афвни умид қилиб турамиз. Эй, яхшилик йўлбошчиси, авф қилсангиз, ғалаба қозонасиз. Авф қилинг. Аллоҳ қиёмат куни сиз қўрқитган кишиларни авф қилсин. Чунки, сизга ҳамиша зафар ёрд бўлади”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу шеърни эшитиб, “Менга ва Абдулмутталиб уруғига ҳеч нарса йўқ. Улар сизлар учундир!”, дедилар. Шунда, қурайшликлар: “Бизга ҳам ҳеч нарса йўқ. Улар Аллоҳ ва унинг расулиникидир!”, дедилар. Мадиналик ансорийлар ҳам: “Бизга ҳам ҳеч нарса йўқ. Улар Аллоҳ ва унинг расулиникидир!”, дедилар” (Табароний, “ал-Мўъжам ас-сағир”, 1/661; “ал-Мўъжам ал-авсат”, 5/4630; “ал-Мўъжам ал-кабир”, 5/5303).

Ҳунайн – Арабистоннинг Тоиф шаҳри яқинидаги водий номи. Уни Ҳавозин қабиласи номи билан ҳам аташади. Бутун араб қабилалари иттифоқ қилиб, мусулмонларни йўқ қилиш мақсадида ҳужум уюштирадилар. Мушриклар билан мусулмонлар ўртасида бу жойда саккизинчи ҳижрий йили шаввол ойида – 630 йили январь охирларида жанг бўлиб ўтган. Бу жангда мусулмонлардан тўрт нафари шаҳид бўлган.

Мазкур ҳадиснинг ҳикмати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кечиримлилиги, меҳр-шафқати, узрни дарҳол қабул қилиши каби хислатларини кўрсатиб бергани билан белгиланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дунёдаги энг кечиримли ва энг меҳрбон зотдирлар!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шоирларнинг гўзал мазмунли шеърларининг қадрига етгани ҳам бу ҳадисдан маълум. Зотан, яхши инсон адабиётга, мазмунли ашъорларга ошно бўлади.

Тамом.

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.   

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *