Барлавий такфирчиларнинг мухтасар тарихи

Lotin alifbosida

Бугунги кунда юртимизга кириб келаётган адашган фирқалар ичида, такфирчи (мусулмонларни кофирга чиқарувчи) барлавийларнинг даъвати фаоллашиб бораётганлигини инобатга олиб, уларнинг фитналаридан оммани огоҳ қилиш мақсадида, ушбу фирқанинг келиб чиқиши ва асосий белгилари ҳақида маълумот бериш мақсадга мувофиқдир.

Ислом тарихига назар ташлар эканмиз, ҳар бир асрда умматни парчалаш учун, мусулмонларни турли фирқага ажратиб ташлаш учун кўплаб фитналар уюштирилганлигини кўришимиз мумкин.

Биргина Ҳиндистонни мисол тариқасида оладиган бўлсак, бу диёр мусулмонларини парчалаш учун кўплаб фитналар чиқарилган. Айниқса уларнинг сони Англия калониал сиёсатини юритиши даврида ҳаддан зиёд кўпайган. Зеро, Ҳиндистон аввалда бир буюк мамлакат бўлган бўлса, кейинчалик 3 мамлакатга бўлиниб кетди (Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш). Дунёдаги аксар мусулмонлар ҳам шу мамлакатда яшар эди. Улар ҳам учга бўлиниб кетишди.

Келинг, Ҳинд диёридаги асосий оқимларни бир санаб чиқамиз:

1. Мазҳабсизлар.

2. “Аҳли ҳадислар”.

3. Ваҳҳобийлар. (Аслида бу уччала фирқа бир хил асосга бино қилинган бўлиб, замон ўтиши билан, вазиятга қараб номларини ўзгартириб турадилар).

4. Оғаҳонийлар (шиаликнинг фирқаси, куфрона ақийдалари бор).

5. Қодиёнийлар (дунё уламолари уларни кофир фирқа деб фатво беришган, чунки улар Мирзо Қодиёний исмли, ўзини пайғамбар деган одамга эргашганлар).

6. “Қуръончилар” (дунё уламолари уларни кофир фирқа деб фатво беришган, чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини, суннатларини мутлақо инкор қилишади).

7. Барлавийлар.

Рўйхатни давом эттирсак узоқ чўзилиши мумкин, бироқ сўзни қисқароқ қилиб асосий мақсадга кўчамиз.

Юқорида келтирилган оқимлар ҳақида аҳли уламоларимиз яхшигина хабардорлар.

Агар Ҳинд тарихини мутолаа қиладиган бўлсак, мазкур фирқалар ичида энг катта зарар, фитна ва фасод айнан барлавий фирқасидан келганини биламиз.

Аллоҳ сақласин, Аллоҳ сақласин, агар бу фирқа бизнинг ватанимизда қулоч ёзса, ваҳҳобийлар ва уларни жангари тоифларининг фитна-фасодлари, бузғунчиликлари барлавий фирқаси қаршисида денгиздан томчи бўлиб қолади!

Барлавийлар, гарчи улар ўзларини мотуридий, ҳанафий, нақшбандий десалар ҳам, лекин улар билан ҳамфикр бўлмаган ҳанафий, мотуридий ва нақшбандийларни кофир деб эълон қиладилар.

Ҳижрий 14-асрда такфир фитнасининг раҳбари — барлавийларнинг етакчиси Аҳмад Ризо Хон эди. Ризо Хоннинг энг яхши кўрган, бутун умрини бағишлаган фаолияти – Ислом умматининг улуғ уламоларини, буюк шахсларини кофир деб эълон қилиш (такфир)дан иборат эди.

Аҳмад Ризо Хон бошқаларни кофирга чиқаришда “устаси фаранг” эди.

Агар қайсидир олим ҳақида кофир деб фатво берса, қуйидагича ёзарди:

“Бу инсон шундай кофири-акфардирки, агар ким унинг кофирлигига шак-шубҳа қилса, у ҳам кофир ва жаҳаннамийдир”.(Ал-муътамад ал-мустанад).

Мавлоно Муртазо Ҳасан ушбу китобга раддия ёзиш учун Ҳиндистондаги ҳанафийларнинг улуғ уламоларидан бўлмиш Шайх Рашид Ахмад Гонгуҳийдан ижозат сўрайди. Шунда, ҳазрат Гангуҳий шундай гўзал жавоб берадиларки, у кишининг берган насиҳатлари бизлар учун ҳам дуру-гавҳардир. У киши айтадилар:

“Сен қачонгача у одам (Ризо Хон)нинг гапларига жавоб бермоқчисан ва қачонгача раддия китоблари ёзмоқчисан? Ахир у ҳар куни янгидан янги туҳмат-бўхтонларни устма-уст қалаб ташлайди, китобу-рисолалар ёзиб, бўхтон қилишдан чарчамайди. Дунёда унинг бундан бошқа қиладиган иши йўқ. Балки, Аллоҳ таоло унинг тақдирига шуни ёзган бўлса керак. “Надватул-Уламо” олимлари ҳақида қилган ишларини биласан-ку. Шунинг учун, менинг фикримча, уни ўз ҳолига ташлаб қўй. Сен дин хизматини қилишдан қолма (чалғима). Ўз охиратинг фикрини қил”. (“Барлавийлар фитнаси” 213-214 саҳифалар).

Аҳмад Ризо Хоннинг китобларини варақлар эканмиз, унга эргашганлардан бошқа ҳамма кофирдек туюлади. У кофир деб фатво берган Ислом олимларининг рўйхатига бир қаранг:

1. Имом Абдулборий Лакнавий.

2. Мавлоно Рашид Аҳмад Гангуҳий.

3. Мавлоно Қосим Нанутвий.

4. Мавлоно Ашроф Алий Таҳонавий.

5. Мавлоно Ҳалил Аҳмад Саҳаранпурий.

6. Аллома Иқбол (машҳур шоир).

7. Мусулмонлар жамияти конференцияси қатнашчиларининг барча-барчаси.

8.” Надватул Уламо” қатнашчилари.

9. Каъба ходимлари.

10. Усмонийлар комитети.

11. Ҳинд уламолари жамияти.

12. Икки Ҳарами шариф (Масжидул ҳарам ва Масжидун набавий)нинг ходимлари.

13. Ҳинд миллати бирлиги ташкилоти.

14. Озодлик мажлиси қатнашчилари.

15. Муслим лигаси.

16. Ижтиҳод конференцияси қатнашчилари.

17. Мусулмонлар Озодлиги конференцияси қатнашчилари.

18 Сийрат (Расулуллох соллаллоҳу алайҳи ва саллам) конференцияси қатнашчилари.

19. Биҳор вилояти шариат идораси.

20. Партиялар умумий конференцияси қатнашчилари.

21. Абул Калом Озод.

22. Мавлоно Ҳоли ва Мавлоно Шиблий (урду тили буюк шоирлари, мутафаккир олимлар).

“Булар КОФИРИ АКФАРдир. Ким уларнинг кофирлигига шак-шубҳа қилса, у ҳам кофир ва жаҳаннамийдир”. (“Тажануби Аҳлу Сунна”, 90-91, 112, 113, 151, 158, 164, 297, 335 саҳифалар).

“Тажануби Аҳлу сунна” китобида кофирга чиқарилмаганнинг ўзи қолмаган. Бу китоб бирлавийлар учун “амал дастури”бўлиб хизмат қилади.

Бу фирқанинг энг катта мунозарачиси, “Мазҳари аъло ҳазрат” лақабли Ҳашмат Али Хон ўз жамоатига қуйидагиларни васият қилган бўлиб, унинг бу васияти мазкур китобга киритилган:

“Эй дўстларим, азизларим, шогирдларим, муридларим. Сизларга васиятим, диний насиҳатим шуки, ушбу китобни ўзларингнинг амал дастурларинг қилинглар, тўғрини нотўғридан ажратиш учун меъёр қилинглар” (“Тажануби Аҳлу сунна” 474-саҳифа).

Минг афсуски, Аҳмад Ризо Хон қўлига қалам олиб, фатво беришни бошлаган кундан бошлаб куфрнинг қиймати шу даражада арзон бўлиб кетдики гўё, улар учун такфир сув ичишдан ҳам осон бўлиб қолди  Аллоҳ ўзи диёрларимизни бундай фитнадан асрасин.

Барлавийлар такфирда шу даражада чегарадан чиқиб кетишдики, ўзларидан бошқа барчани кофирга чиқариб, фақат ўзларигина мусулмон бўлиб қолишди. (Файсилакўн мунозара 75)

Барлавийлар такфири ҳатто ўзларининг олимларини ҳам четлаб ўтмади. Барлавий олимлари ўзларининг олимларидан бўлмиш Абдулмажид Бадоюний ва Абдулқодир Бадоюний иккисини кофир деб фатво беридилар (Таҳқийқоти қодирийя 8,9,10,16,40). Бунинг сабаби Мавлоно Абдулможид Бадоюний Девбанд олимларининг пешвоси Шайхул-ҳинд Мавлоно Маҳмуд Ҳасанни роҳимаҳуллоҳни (у киши Аллома Кашмирий, Ҳакимул уммат Ашраф Али Таҳонавий ва бошқаларнинг устози бўлганлар) бир илмий мажлиснинг раиси қилиб сайланишга тавсия қилган эди.

Риё Мустафо Барлавий ўша мажлис қатнашчиларининг барчасини кофирга чиқаради:

“У мажлисда 500 уламо қатнашган бўлса, уларнинг барчаси динсизлар эди”. (“Таҳқийқоти қодирийя”, 40)

Барлавий уламолари томонидан Мавлоно Зафар Али Хонни ҳам кофир дея фатво беришди. 25дан ортиқ барлавий уламолари дастхати қўйилган фатво китоб шаклида бутун мамлакат бўйлаб тарқатилди ва у китобга “سيف الجبار علي كفر زميندار” дея ном қуйилди.

Шоир эса бу фатвога гўзал тарзда жавоб беради:

Кимдир Туркияни олиб кетди, Эронни эса яна ким,

Кимдир этакни олиб кетди, ёқамни эса яна ким.

Фақатгина қолган эди менда Ислом номим,

Буни ҳам суғуриб олиб кетди Ҳомид Ризо Хон.

Шунингдек, юртимиз мустақиллигигача бўлган даврда яшаб ўтган буюк олимларимиздан бири – Домла Ҳиндистоний, Мавлавий Ҳиндистоний исмлари билан машҳур бўлган Муҳаммад Рустам ўғли Қўқандий бўлганлар. Диёримизнинг ҳар ерида у кишининг шогирдлари бор. У кишининг энг катта устози Мавлоно Муинуддин Ажмирий бўлиб, Домла Ҳиндистоний ўқиган мадрасанинг (Усмония Мадрасаси) асосчиси ва бош устози бўлганлар.

Мавлоно Муинуддин Ажмирий Ҳайрабодий Ҳинд диёрида мантиқ илмида машҳур бўлган ҳайрабодийлар сулоласининг энг сўнгги вакили эди. Мавлоно Ажмирий томонидан Аҳмад Ризо Хонга раддия тарзида “Ал-қавл ал-азҳар фий маа ятаъаллақу би масъалатил азани индал минбар” номли рисола ҳам ёзилган. Аҳмад Ризо Хоннинг ўғли Ҳомид Ризо Хон эса Мавлоно Муинуддин Ажмирийга раддия ёзган. Уша раддиясида Ажмирийни кофир дея фатво беради. (Ажалий Анворе Ризо, 13).

Кўриб турганингиздек, мазкур фирқа пайдо бўлганидан бери Ҳиндистон, Покистон ва бошқа юртлар мусулмонларини тафриқага солиб, мусулмонларни кофирга чиқариб, уларнинг ораларида адоват, душманлик, битмас туганмас фитналар уруғини сочиб келмоқда. Ушбу фирқа ҳозирда, ўз фаолиятини қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва афсуслар бўлсинки бизнинг юртда ҳам кенг равишда амалга оширишни бошлаганлигини инобатга олиб, такфир балосини тарқатувчилардан барчамиз огоҳ бўлмоғимиз ҳамда уларга қарши курашишга аҳли илмларимиз сафарбар бўлмоқликлари лозимдир.

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *