
Айни кунларда долзарблик касб қилиб шов-шувларга сабаб бўлиб турган психогенетикачилик ва тренддаги психологлик ҳақида сўз юритишга тўғри келмоқда… Уни биз диний тарафдан ўнта бандда кўриб чиқамиз. Гапларимиз илмий генетика ва психология ҳақида эмас!…
Аввало:
Кўпчиликка маълум, авваллари ота-боболаримиз руҳшуносларга боришмаган. Телевизорларда ҳар хил киноларда айрим қаҳрамонлар руҳшунослар ҳузурига бориб юришганини кўрар эдик. Тўғри, руҳшунослар бизда яқин-яқинларгача жиннихоналарда ишлашарди. Руҳшуносга асосан жиннилар мурожаат қилишар эди. Ёки улар олдига бирор сабаб билан “99” бўлиб қолганлар мажбуран боришарди. Соғлом одамлар борганлигини бошқалардан яширишарди ҳам, мабодо руҳияти ҳақида маълумотнома керак (рўйхатда турмаганлик ҳақида) бўлиб қолса, уни бориб олиш ҳам бир муаммо эди. Бугунги кунга келиб руҳшунослик гўё обрўли касбга айланиб, ҳатто одамлар тўп-тўп бўлиб улар қабулига ёзилишиб борадиган бўлиб қолди. Қиёматга яқин Дажжол чиққанида ҳам кўпчилик тўп-тўп бўлиб унга эргашиб кетади ва бу ҳақ гап! Хуллас, Дажжол ҳам энг замонавий психогенетик ёки қанақадир псих бўлса керак! Нима бўлганда ҳам, ундан олдин комил мусулмон инсон эсини йиғиб олиши лозим, менимча.
Биринчи:
1)Психогенетикачилардан бирининг: “Психогенетиканинг асоси – Библия” деб тан олиб айтган гапи бор. Ўзларининг гапидан келиб-чиқиб фикр билдирсак, бу нима дегани? Бу бизнинг шариатимизга кўра жоиз эмас, дегани! Бу комил мусулмон уларнинг қабулига ёзилиши мумкин эмас, дегани! “Мишкот ал-масобеҳ”да бир ҳадиси шариф келади:
أَنَّ عُمَرَ بْنَ الْخَطَّابِ رَضِيَ اللَّّ عَنْهُمَا أَتَى رَسُولَ اللَِّّ صَلَّى اللَُّّ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِنُسْخَةٍ مِنَ التَّوْرَاةِ فَقَالَ يَا
رَسُولَ اللَِّّ هَذِهِ نُسْخَةٌ مِنَ التَّوْرَاةِ فَسَكَتَ فَجَعَلَ يقْرَأ وَوجه رَسُول الله يَتَغَيَّرُ فَقَالَ أَبُو بَكْرٍ ثَكِلَتْكَ الثَّوَاكِ لُ مَا تَرَ
مَا بِوَجْهِ رَسُولِ اللَِّّ صَلَّى اللَُّّ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَنَظَرَ عُمَرُ إِلَى وَجْهِ رَسُولِ اللَِّّ صَلَّى اللَُّّ عَ لَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ أَعُوذُ بِاللََّّ من
غضب الله وَغَضب رَسُوله صلى الله عَلَيْهِ وَسلم رَضِينَا بِاللََِّّ رَ ب ا وَبِالِْْسْلََمِ دِينًا وَبِمُحَمَّدٍ نَبِي ا فَقَالَ رَسُولُ اللَّّ صَلَّى اللَُّّ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: » وَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَوْ بَدَا لَكُمْ مُوسَى فَاتَّبَعْتُمُوهُ وَتَرَكْ تُمُونِي لَضَلَلْتُمْ عَنْ سَ وَا السَّبِيلِ
وَلَوْ كَانَ حَي ا وَأَدْرَكَ نُبُوَّتِي لََتَّبَعَنِي
Умар ибн ал-Хаттоб разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Тавротдан бир нусха олиб келиб, “Ё Расулуллоҳ, бу Тавротнинг бир нусхаси” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жим турган эдилар, у ўқишни бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари (ғазабдан) ўзгариб кетди. Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу: “Эй қарғиш теккур, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларини кўрмаяпсанми?”, деди. Умар разийаллоҳу анҳу у зотнинг юзларига боқиб, “Аллоҳнинг ва унинг Расулининг ғазабидан паноҳ тилайман. (Мени кечиринг!). Биз Аллоҳни раб деб, исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни набий деб рози бўлганмиз!”, деди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Муҳаммаднинг жони тасарруфида бўлган Зотга қасамки, агар Мусо алайҳиссаллом сизга чиққанида унга эргашиб, мени тарк қилиб кетган ва тўғри йўлдан озган бўлардингиз! Агар у тирик бўлиб менинг пайғамбарлигимни топганида, албатта, менга эргашган бўлар эди!”, деб марҳамат қилдилар” (Табризий, “Мишкот ал-масобеҳ”, 1/194; Доримий, 1/449).
“Саҳиҳи Бухорий”да “Аҳли китобдан бирор нарса сўрамаслик ҳақида” деган махсус боб мавжуд. Яъни, дин-диёнат, маънавият ва маърифат борасида христиан ва яҳудийлардан ва уларнинг китобларидан ҳеч нарса ўрганиб бўлмаслиги ҳақидадир. Бу қуйидаги ҳадиси шарифга асосланади:
لََ تَسْألَُوا أَهْلَ الْكِتَابِ عَنْ شَيْ ،ٍِ فَإِنَّهُمْ لَنْ يَهْدُوكُمْ، وَقَدْ أَضَلُّوا أَنْفُسَهُمْ
“Аҳли китобдан ҳеч нарса сўраманглар! Чунки улар ҳаргиз сизни тўғри йўлга бошлай олишмайди, зотан, ўзлари адашиб бўлишган” (Абдурраззоқ, 6/11003).
“Саҳиҳи Бухорий”даги мазкур бобда келган бир саҳиҳ ҳадиси шарифга қаранг. У муфассирлар султони Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳунинг гаплари:
أَنَّ ابْنَ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللَُّّ عَنْهُمَا قَالَ: كَيْفَ تَسْألَُونَ أَهْلَ الْكِتَابِ عَنْ شَيْ ،ٍِ وَكِتَابُكُمُ الَّذِي أُنْزِلَ عَلَى
رَسُولِ اللَِّّ صَلَّى الله عليه وسلم أحدث، تقرؤونه مَحْضًا لَمْ يُشَبْ، وَقَدْ حدَّثكم أَنَّ أَهْلَ الْكِتَابِ بدَّلوا كِتَابَ اللَّّ وغيَّروه، وَكَتَبُوا بِأيَْدِيهِمُ الْكِتَابَ، وَقَالُوا: هُوَ مِنْ عِنْدِ اللَِّّ لِيَشْتَرُوا بِهِ ثَمَنًا قليلًَ؟ أَلََ يَنْهَاكُمْ مَا جَا كَُِمْ مِنَ ا لعِلْمِ عَنْ
مَسْألََتِهِمْ؟ لََ وَاللَِّّ، مَا رَأَيْنَا مِنْهُمْ رَجُلًَ يسألكم عن الذي أنزل عليكم
“Нима учун сизлар аҳли китоблардан бирор нарса хусусида сўрайсизлар? Ахир, Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Китобингиз Аллоҳ таолонинг кейинги Китоби-ку! Унга бошка китоблар матни аралаштирилмаган, бунинг устига Жаноб Расулуллоҳ аҳли китобларнинг Аллоҳ таолонинг китобини (Таврот ва Инжилни) ўзгартириб ўз қўллари билан ёзганликларини ҳамда уни озгина пулга сотиб, Аллоҳ таоло нозил қилган, деб даъво қилишларини айтганлар-ку! Бу билан улар сизларни ўзингизга йўлланган ҳақиқий илмдан осонгина чалғитиб, ўз тарафларига оғдириб олмоқчидирлар. Йўқ, Аллоҳ таоло ҳаққи, биз ҳали улардан бирор кишининг сизларга нозил қилинган нарса хусусида сўраганини кўрган эмасмиз!” (Бухорий, 9/7363).
Демак, психогенетиканинг асоси Библия бўлар экан, ундаги фикр ва қарашлар Инжилдан олинар экан, унга мурожаат қилиш шариатимизга кўра мутлақо жоиз бўлмайди!
Иккинчи:
2) Психогенетикачилар: “Психогенетиканинг асоси – Библия” деб туриб, изидан: “Тўғри, буларнинг асоси насронийлардан. Лекин биз буни интерпретация қилаяпмиз”, деб сафсата сўқишади. Яъни, гўё улар насронийларнинг ишини исломлаштирмоқчи бўлишади. Уларнинг исломлаштирган нарсасига инсоф билан бир боқинг: Аслини олганда, психогенетиканинг фонида миссионерларнинг: “Одам отанинг азалий гуноҳи” ғояси туради. Яъни, “Инсон бўйнидаги бу гуноҳдан қутулиш Исо алайҳиссаломни Худонинг ўғли ва унинг ўзи деб эътиқод қилиш билангина ювилади”, деб даъво қилишади ҳамда бизнинг юртимиздаги психогенетикачилар эса гўё шуни исломлаштириб, уни генетик кодни ўзгартириш билан ювилади, деб даъво қилади. Бу гапларини исломлаштириш маъносида севимли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо жоним фидо бўлсин соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “шаққи садр” воқеасига боғлашади. Маълумки, Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўрт-беш ёшларида фаришталар томонидан кўксилари ёрилиб, бир парча гўштни олиб ташланган (Қаранг: Сафиюрраҳмон Муборакфурий. Ар-Раҳиқул махтум (Муборак сийрат). – Тошкент: “Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи”, 2018. – Б. 57-58). Ана шуни изоҳлаб, гўё психогенетикачилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг генларида хато кетган. Одам атодан келаётган ана шу гуноҳни кейин Жаброил фаришта келиб ювиб-тозалаб кетган”, деган сафсатани гапиришади. Психогенетикачиларнинг ҳақиқатдан ҳам ана шундай деганларини бугун бир нечта одамлардан эшитиш мумкин. Агар динимизда: “Бирор мўъминнинг куфрига тўқсон тўққизта маълумот далолат қилса-ю, битта далил унинг мусулмонлигини билдириб турса, ана шу битта далилни олиш лозим”, деган қоида бўлмаганда, бу гапни куфр деб баҳолаш мумкин бўларди. Уларнинг гапи Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг шаънларини булғаш мақсадида айтилмагани боис такфир қилиш мумкин эмас, албатта. Мазкур қоида машҳур ҳанафий олими Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ томонидан бир нечта китобида такрорланган (Қаранг: Али ал-қори. Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар. – Миср: “Тақаддум”, 1905. – Б. 146; Али ал-қори. Шарҳ аш-Шифо. 2-жилд. – Истанбул: “Усмония”, 1901. – Б. 502; Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 1-жилд. – Байрут: “Дор ал-фикр”, 1994. – Б. 714; Али ал-қори. Шамм ал-авориз фи замм ар-равофиз. – Қоҳира: “Дор ас-Сафва”, 2004. – Б. 34). Аввало шуни айтиш керакки, “шаққи садр” воқеаси бир марта содир бўлмаган. Ибн Ҳажар Асқалоний раҳимаҳуллоҳ “Саҳиҳи Бухорий”га ёзган машҳур “Фатҳ ал-Борий” номли шарҳида уни камида икки, бўлмаса беш марта бўлиб ўтгани ҳақида ривоятлар мавжудлигини ёзади (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 2-жилд. – Риёз: “Дор Таййиба”, 2005. – Б. 52). Энди, агар анави психогенетикачилар гапига ишониладиган бўлса, Расуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саламни гуноҳдан тозалаб, генини ўзгартириш иши шошилинчда биринчисида чала-чулпа қилинган-у кейингиларида топ-тоза қилинган ва аввалги ҳолатидан кўра генлари мутлақ ўзгартириб ташланганми?! Астағфируллоҳ! Бундай дейишдан Аллоҳ сақласин! Психларгина шундай дейишлари мумкин, комил, оқилу болиғ мусулмон эса сал ўйланиб гапириши керак! Ҳар нарса илм бўлавермайди! Учинчи: 3) Психогенетикачиларнинг: “Аждодларнинг гуноҳи авлодлар генида акс этади” деганга ўхшаш гапларидан инсониятнинг энг шарафлилари бўлмиш пайғамбарлар ҳам шу гуноҳдан холи эмас, деган соғлом эътиқодга зид фикр вужудга келади. Уни биз юқоридаги бандда уларнинг Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳақларида айтган бўлмағур мушоҳадаларида кўрдик.
Соф ислом ақидасига биноан “Пайғамбарлар гуноҳдан маъсум” ҳисобланади. Мазкур масала калом илмида “исмат ал-анбиё” (“пайғамбарларнинг маъсумлиги”) деб аталган. Аҳли суннат ва жамоат таълимотига кўра пайғамбарлар маъсум ҳисобланади. Улар пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам, пайғамбар бўлганидан кейин ҳам ҳаргиз куфр келтирмаганлар, катта ва кичик гуноҳларни эса асло қилмаганлар. “Беайб – Парвардигор!” дейилганидек, фақат ўз ихтиёрларисиз ёки мажбурий равишда айрим кичкина хатоликлар содир қилган бўлишлари мумкин. Бунга: فَأزََلَّهُمَا
الشَّيْطَانُ عَنْهَا – “Бас, шайтон иккисини (васваса билан) ундан чалғитди” каби оятлар (“Бақара” сураси, 36-оят) далолат қилади.
“Тойиниш ва хатолик”ларни аслида жоиз (мубоҳ) ишни қилишга киришади-ю, тасодифан гуноҳ ишга қўл уриб қўйиш деб тушунтирилган. Буни олимлар “саҳви шайтоний” (шайтоннинг гапига кириш) эмас, балки “саҳви раҳмоний” (раҳмоннинг қилгани) деб таъбир қилишган (Муҳаммад Аввома. Ҳужжияту афъол Расулиллоҳ. – Жидда: “Дор ал-Минҳож”, 2013. – Б. 16-17). Бунинг ҳам биз билмаган бир ҳикмати мавжуд, албатта. Масалан, Одам алайҳиссаломнинг манъ қилинган дарахт мевасидан еб қўйишлари (“Бақара” сураси, 35-36 оятлар), Мусо алайҳиссаломнинг эса жанжаллашаётган икки одамнинг орасини ажратаман, деб бировини бехостдан ўлдириб қўйишлари (“Қасас” сураси, 15-оят) каби. Лекин бу ишлари ҳам пайғамбарликларидан олдин бўлиб ўтган ҳодисалар сифатида талқин қилинади. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса пайғамбарларнинг энг афзали сифатида ҳаргиз-ҳаргиз гуноҳ қилмаганлар. У зотнинг: “Мен сизларга ўхшаган башарман! Сизлар унутганингиз каби мен ҳам унутаман. Қачон унутсам, менга эслатинглар!”, деганлари (Бухорий, 1/401) эса назарий жиҳатдан хатоликлар (гуноҳлар эмас) бўлиши мумкинлигини, амалда эса бўлмаслигини билдиради, холос. Шунинг учун ҳам, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “Фиқҳ ал-акбар”да буни: “Пайғамбарлар алайҳимуссолату вассаломнинг барчаси кичик ва катта гуноҳлардан, куфр ва қабиҳликлардан узоқ қилингандирлар. Гоҳида улардан тойиниш ва хатоликлар бўлиши мумкин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг ҳабиби, бандаси, расули, набийси, соф ва пок элчисидир. У зот бутга асло ибодат қилмаганлар, Аллоҳ таолога кўз очиб юмгунча ҳам ҳаргиз ширк келтирмаганлар, кичик ва катта гуноҳларни ҳам ҳаргиз қилмаганлар”, деб ифода қилганлар (Имоми Аъзам Абу Ҳанифа. Ал-Фиқҳ ал-акбар (Тадқиқот, матн, илмий изоҳлар). – Тошкент: “Ўзбекистон халқаро ислом академияси” нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2021. – Б. 63-64). Тўртинчи: 4) Психогенетикачиларнинг: “Аждодларнинг гуноҳи авлодлар генида акс этади” деганга ўхшаш гаплари Қуръон оятлари ва саҳиҳ ҳадиси шарифларга ҳам зиддир. Қуръони каримнинг бир неча оятларида бундай дейилган:
وَلََ تَكْسِبُ كُلُّ نَفْسٍ إِلََّ عَلَيْهَا وَلََ تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَ
“Ҳар бир жон (инсон) фақат ўзи учун иш қилади. (Ҳеч бир) кўтарувчи (гуноҳкор) ўзга (жон)нинг юки (гуноҳи)ни кўтармайди” (Анъом, 164).
مَنِ اهْتَدَ فَإِنَّمَا يَهْتَدِي لِنَفْسِهِ وَمَنْ ضَلَّ فَإِنَّمَا يَضِلُّ عَلَيْهَا وَلََ تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَ وَمَا كُنَّا مُعَذِ بِينَ
حَتَّى نَبْعَثَ رَسُولًَ
“Ким ҳидоят йўлига юрса, бас, ўзи учун юрар. Ким (ҳидоят) йўлидан чалғиса, у ҳам ўз зиёнига чалғир. Ҳеч бир (юк) кўтарувчи (гуноҳкор шахс) ўзга жоннинг юкини (гуноҳини) кўтармас. То пайғамбар юбормагунимизча (бирор кимсани) азобловчи бўлмадик” (Исро, 15).
وَلََ تَزِرُ وَازِرَةٌ وِزْرَ أُخْرَ وَ إِنْ تَدْعُ مُثْقَلَةٌ إِلَى حِمْلِهَا لََ يُحْمَلْ مِنْهُ شَيْ وَلَوْ كَانَ ذَا قُرْبَى
“Ҳеч бир кўтарувчи бошқанинг юкини кўтармайди. Юки оғир жон ўз юкига чорласа-да, гарчи қариндоши бўлса ҳам ундан ҳеч нарсани кўтаришмайди” (Фотир, 18).
تِلْكَ أُمَّةٌ قَدْ خَلَتْ لَهَا مَا كَسَبَتْ وَلَكُمْ مَا كَسَبْتُمْ وَلََ تُسْألَُونَ عَمَّا كَانُوا يَعْمَلُونَ
“Улар ўтиб кетган уммат(лар)дир. Уларнинг аъмоллари – ўзларига ва сизларнинг аъмолларингиз ҳам ўзингизга (қайтур). Сизлар уларнинг қилмишлари учун жавоб бермайсиз” (Бақара, 141). Юқоридаги ояти карималарда биров бировнинг гуноҳи учун жавоб бермаслиги, биров бировнинг гуноҳини ва “юки”ни кўтармаслиги очиқ-ойдин айтиб ўтилган. Улардан аждодларнинг гуноҳи авлодлар генида акс этмаслиги равшан бўлади. Чунки бундай оятлар муҳкам оятлар ҳисобланади. Бу эса ислом шариатининг қатъий ҳукми ва қоидаси шу, дегани. Бешинчи: 5) Психогенетикачиларнинг: “Аждодларнинг гуноҳи авлодлар генида акс этади” деганга ўхшаш гаплари натижасида ислом шариатида инкор қилинадиган “таносух” ақидаси илгари сурилади. Таносух бу “руҳларнинг кўчиб юриши” деган ҳиндларнинг ақидаси бўлиб, гўё руҳлар авлоддан авлодга кўчиб юради. Оқибатда психогенетикачилар бировнинг ҳаётида бўлаётган воқеалар аслида ота-онаси, бувиси ёки холаси, хуллас аввал ўтиб кетган қариндошларининг тақдирининг қайтарилишидир, деган ақидани уқтиришади. Абу Райҳон Беруний бобомиз “Ҳиндистон” асарида ҳиндларнинг ушбу таносух масаласига атрофлича тўхталган бўлиб, ундаги тафсилотларга кўра ҳиндларнинг бу борадаги ақидаси психогенетикачиларнинг айтаётган гапларининг айни ўхшашидир. Чунки таносух ақидасига кўра, бирор жон ўзининг яхши-ёмон ишини тўла адо қилолмай қолса ва унинг самарасини кўра олмай қолса, уни давом эттириши ва кўриши учун бошқа баданга кўчишга мажбур бўлади. Абу Райҳон Беруний бобомиз бу ақида қадимги юнонларда ҳам бўлганини айтиб ўтади (Абу Райҳон Беруний. Танланган асарлар. II жилд. Ҳиндистон. – Тошкент: “Фан”, 1965. – Б. 55-60). Темурийлар даврининг улуғ алломаси Саъдуддин Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Шарҳ ал-Мақосид” асарида таносух ақидасини куфр ва залолат, деб айтган (Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-Мақосид. 5-жилд. – Байрут: “Дор ал-кутуб”, 1998. – Б. 90). Темурийлар даврининг яна бир улуғ алломаси Саййид Шариф Журжоний раҳимаҳуллоҳ ўзининг “Шарҳ ал-Мавоқиф” асарида таносух ақидасининг ботиллиги тўғрисида сўз юритган (Саййид Шариф ал-Журжоний. Шарҳ ал-Мавофиқ. 7-жилд. – Байрут: “Дор ал-кутуб ал-илмия”, 1998. – Б. 259). Хуллас, психогенетикачиларнинг: “Аждодларнинг қилмиши авлодлар генида акс этади ва уни тозалаб ташлаш керак” деганга ўхшаш гаплари ғирт фолбинликнинг айнан замонавий кўриниши бўлиб, унга ишонганлар ўтмишини излаб оввора бўлиб қолишади. Психогенетикачиларнинг бу борадаги ген кодини ўзгартиришга ва тозалашга даъво қилишлари эса кинначиликнинг замонавий кўринишидан бошқа нарса эмас! Олтинчи: 6) Психогенетикачилардан бирининг: “Бизнинг ҳеч биримиз «тоза лист» (тоза варақ) билан туғилмаймиз”, деган гапи ислом шариатига мутлақо зиддир. Бу гапнинг ўзи насронийларнинг Одам атонинг бирламчи гуноҳи барча инсониятнинг устига юклатилган, деган ғоясидан келиб чиққан. Бунга қарши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг машҳур ҳадислари бор. Уни “Саҳиҳи Бухорий”да икки марта келтирилган:
مَا مِنْ مَوْلُودٍ إِلََّ يُولَدُ عَلَى الْفِطْرَةِ، فَأبََوَاهُ يُهَ وِدَانِهِ، أَوْ يُنَ صرَانِهِ، أَوْ يُمَ جسَانِهِ، كَ مَا تُنْتَجُ الْبَهِ يمَةُ بَهِ يمَةً
جَمْعَا ،َِ هَلْ تُحِسُّونَ فِيهَا مِنْ جَدْعَا ؟َِ. ثُمَّ يَقُولُ أَبُو هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: }فِطْرَتَ اللهِ الَّ تِي فَطَرَ النَّاسَ عَلَيْهَا{
الْْيَة
“Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?” дедилар. Сўнгра Абу Ҳурайра “Агар хоҳласангиз, “(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл табиатдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас”, деган оятни ўқинг”, дер эди” (Бухорий, 2/1358; 1385; Муслим, 4/2658). Бу ерда инсон “асли ва соф табиати”да туғилади, дейилиши у «тоза лист» (тоза варақ) билан туғилади, деганидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шуни таъкидламоқдалар. Бунга далил сифатида Аллоҳ таолонинг “Рум” сурасининг 30-оятини ўқилгани бежизга эмас. Яъни Аллоҳ инсоннинг “соф табиат” билан, «тоза лист» (тоза варақ) билан туғилишини айтаяпти ва уни қанақадир кодини ўзгартириш ва тозалаш билан ўзгартириб бўлмаслигини қатъий белгилаб қўйяпти. Еттинчи: 7) Психогенетикачилар суҳбатларидан шу нарса маълумки, улар исломий ақидада тарихда мўътазилийлар деб аталган тоифанинг ақидасини илгари суришади. Бу ҳам “Аждодлар айбдор” ғоясидан келиб чиқиб, гуноҳларга, ёмонликларга аждодлар ва ўзингиз айбдорсиз, бунда Аллоҳ таолонинг ҳеч қандай алоқаси йўқ, дейдилар. Бу исломнинг имон шартларига зиддир. Ҳаммага маълумки, имоннинг еттита шартидан бири: “…ва-л-қадари хайриҳи ва шарриҳи миналлоҳи таоло” (“Тақдирдаги барча яхши-ёмонлик Аллоҳдандир!”) деган устувор ғоядир. Ҳамма нарсага аждодларим ва ўзим айбдорман, деб қараш инсонни тушкунликка солиб қўяди. Уни Аллоҳдан, бу борада Аллоҳнинг хоҳиши шу экан, дейиш инсонни тушкунликдан чиқаради. Психогенетикачиликда инсонни тушкунликка ташлаб, ўзларининг измига солиш ғояси ётади. Абулмуин Насафий раҳимаҳуллоҳ мўътазилийларнинг ақидасини баён қилиб, “Мўътазилийлар ёмонликнинг ҳаммаси бандадандир. Чунки Аллоҳ таоло ёмонликни тақдир қилмайди, ёмонликка ҳукм ҳам қилмайди, ёмонликни хоҳламайди ҳам, дейдилар. Уларнинг фикрича, агар ёмонликка ҳукм (тақдир) қилса, кейин бандаларни шунга азобласа, бу зулм ва жавр бўлиб қолади. Аллоҳ таоло эса зулм ва жавр қилишдан покдир. Шунга улар ўзларини адолат ва тавҳид тарафдорлари, дейишади” (Абулмуин ан-Насафий. Баҳр ал-калом. – Уммон: “Дор ал-Фатҳ”, 2014. – Б. 91). Демак, психогенетикачилар камида мўътазилийларнинг ақидасини билар-билмас ёйиш билан овворалар. Аслида, Аллоҳ таоло яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам Ўзи яратади, Ўзи қазо-ю қадарда белгилайди, Ўзининг хоҳиш-иродаси билан яхшилигу ёмонликлар содир бўлади. Лекин, ёмонликка бандани мажбур қилмайди, яхшилик билан ёмонликдан бирининг танлов ихтиёрини бандага беради. Ана шу танлови оқибатида банда масъул бўлади. Саккизинчи: 8) Психогенетикачилик кишининг хулқ-атворининг яхши-ёмон бўлишига, ҳаётда муваффақиятли ва омадли ёки муваффақиятсиз ва омадсиз инсон бўлишига, яхши ёки ёмон одам бўлишига, бахтли ёки бахтсиз бўлишига унинг генлари таъсир кўрсатади, деган ғояни илгари суради. Генларнинг таъсирини таълим-тарбия ва ташқи омиллардан устун кўради. Психогенетикачилар содда инсонларни ўзларига чорлаб, бир-икки курс “маъруза”лари ва тренинглари билан гўё уларнинг кодини очиб ва уни тузатиб, ёмонни яхши, омадсизни омадли, бахтсизни бахтли қилиш даъвосини қиладилар. Психогенетикачилик фолбинликнинг замонавий кўринишидир, деганда биз ана шу ҳолатни назарда тутган эдик. Шариатимиз эса фолбинликнинг барча кўринишларини ҳаром ҳисоблайди:
مَنْ أَتَى عَرَّافًا أَوْ كَاهِنًا يُؤْمِنُ بِمَا يَقُولُ فَقَدْ كَفَرَ بِمَا أُنْزِلَ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَ يهِ وَسَلَّمَ
“Кимки арроф ёки коҳин олдига келса, унинг айтган гапларига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган нарсага куфр келтирибди” (Табароний, 10/10005). Бу ерда тилга олинган коҳин тушунарли, у фолбиндир. Арроф эса йўқолган нарсани топиб бериш ва кодларни “очиш”ни даъво қилиб “бахт улашувчи” фолбинлар ҳисобланади. Уларга бориш ғирт кофирлик бўлмаса ҳам, камида намозлар қабул бўлмай қолишига сабабчи бўлади: مَنْ أَتَى عَرَّافًا فَسَألََهُ عَنْ شَيْ لَمْ تُقْبَلْ لَهُ صَلََ ةٌ أَرْبَعِينَ لَيْلَة “Ким аррофга бориб, бирор нарса сўраса, қирқ кечагача намозлари қабул бўлмайди!” (Муслим, 7/2230; Аҳмад, 27/16638; Байҳақий, 8/16510). Тўққизинчи: 9) Психогенетикачиларнинг хулқ-атворга генлар таъсир қилади ва шу генларнинг кодини очиб, тўғрилаб қўйиш керак, шунда хулқ-атвор яхши томонга ўзгаради ёки кодни ўзгартириш билан бахтсизнинг бахти очилади, деб даъво қилишлари генетиканинг илмий тадқиқотларига кўра хато экани маълум. Буни генетик олимлар ва соҳа мутахассислари айтиб чиқишмоқда. Илмий генетикага кўра гендаги бирор кодни ўзгартириш билан инсоннинг хулқ-атворини ёки бахтини ёхуд ақидасини ўзгартириб бўлмайди. Биз бу ерда унинг мутлақо иложи йўқ эканини бир ҳадиси шариф билан эслатмоқчимиз, холос:
إِذَا سَمِعْتُمْ بِجَبَلٍ زَالَ عَنْ مَكَانِهِ، فَصَدِ قُوا، وَإِذَا سَمِعْتُمْ بِرَجُلٍ تَغَيَّرَ عَنْ خُلُقِهِ، فَلََ تُصَدِ قُوا بِهِ، وَإِنَّهُ يَصِ يرُ
إِلَى مَا جُبِلَ عَلَيْهِ
“Агар тоғ жойидан силжиди, деса, ишонинглар, лекин инсон хулқи ўзгарди деса, ишонманглар. Зеро у яратилган табиатига кўра юради” (Аҳмад, 45/27499). Инсондаги хулқ-атвор туғма бўлади, уни фақатгина таълим-тарбия, атроф-муҳит ва ташқи омиллар билангина ривожлантириш ёки заифлаштириш мумкин. Одоб-ахлоқ, бахтлилик ва бахтсизлик, яхшилик ва ёмонлик эса ирсий бўлмайди. Буни бир отанинг ўнта фарзанди ўн хил ҳарактерда бўлиши билан исботланади. Дуоихайр, дуоибад ва мазлумнинг қарғиши масаласининг аждодлардан ўтиб авлодларга ҳам тегиши ва таъсири масаласи тамоман бошқа бўлиб, бу фақат ва фақатгина Яратганнинг изни, иродаси, ҳукми ва тақдири билан бўлиши мумкин, холос. Ўнинчи: 10) Биз псехогенетикачилар ва тренддаги психологларнинг айрим фикр-мулоҳазалари ислом шариатига тўғри келмаслигини айтар эканмиз, асло илмий генетика ва илмий психологияни ёмонлаётганимиз йўқ! Генетика энг муҳим илмий фан соҳаси бўлиб, уни Ўзбекистонда ҳам ривожлантириш тарафдоримиз. Генетикадаги генларнинг ўзаро таъсири масаласи – комплементар, эпистатик, полимерик, комбинирик ёки плейотропик таъсирларини илмий ўрганиш ривожлантирилиши керак, албатта. ДНК ларни текширинг, ирсиятни менделик, морганик ёки уни цитогенетик тадқиқ қилинг, унинг мутацион ва эволюцион жиҳатларини кўриб чиқинг, қанақадир экспериментал тажрибалар ўтказинг. Илмингиз йўлида холисанлиллоҳ бўлсангиз, ниятингиз хайрли бўлса, Аллоҳ ҳузурида даража ва савоб олишингизга аминман! Лекин, генетика деганлари бахтсиз инсонни бахтли қилиш, ёмонни яхшига айлантириш, гуноҳкорнинг кодини ўзгартириб гуноҳдан тозалаш каби кинначи ва фолбинларнинг хурофий гаплари каби сохта илмий тажриба бўлмаслиги керак. Психология ҳам жуда муҳим илмий фан соҳаси ҳисобланади. Жамиятда руҳий жараёнлар ва ҳодисалар, психик касалликлар, психогениялар, психозлар ва қандайдир психопатиялар бўлар экан, уларни даволаш ва олдини олиш мақсадидаги психиатрия ҳам, психотерапия ҳам, психологизм ҳам ёки психофизика ҳам бўлаверади. Майли, психотерапик, психофизик, педагогик, социал, дифференциал, пото, нейро ва ҳатто космик психология билан шуғулланинг. Илмингиз йўлида холисанлиллоҳ бўлсангиз, ниятингиз хайрли бўлса, Аллоҳ ҳузурида даража ва савоб олишингизга аминман! Лекин, психология деганлари инсон хулқ-атворининг ва ҳаётининг асоси лаззат, кайф-сафо, айшу ишрат ва сексуал майллардан иборат, дейдиган психоанализни ёқлайдиган фрейдчилар сафсатаси бўлиб қолмаслиги, руҳий жараёнлар фақат динлар ва жинлар билан боғлиқ дейдиган хурофот бўлмаслиги, инсоннинг психик кодини очилса, ёмони яхши, бахтсизи бахтли бўлиб кетади, деган фолбинона сохта тажриба бўлмаслиги керак.
Хулоса:
Биз бу каттагина мақоламизда ҳозирда шов-шув бўлаётган психогенетиклар ва психологларнинг билдираётган фикр-мулоҳазалари шаръий томондан тўғри эмаслигини исботладик, деб ўйлайман. Албатта, уларнинг ҳар бир гапини ва фикрини таҳлил қилиб, раддия бериш ҳам мумкин эди. Лекин, уларнинг бугунги кунда трендда бўлган фикр-мулоҳазалари ислом динига зид эканлиги юқоридаги далил ва исботлардан маълум бўлади.
Юртимиз олимлари, аҳли илмлари ва соҳа мутахассислари томонидан бугунги шов-шувли психогенетика ва психологиянинг илмий эмаслиги, қандайдир ўзга динларнинг хурофотларига таяниши айтиб ўтилди. Биз бу мақоламизда ушбу азизларнинг муҳим раддия ва тушнтиришларини бир қадар тизимлаштирган ҳолатда, беришга ҳаракат қилдик холос. Мақоладаги хулосавий фикр шуки, бугунги шов-шувли психогенетик ва психологик тренинглар ва суҳбатлар фолбинлик ва кинначиликнинг замонавий кўриниши, холос. Замонавий фолбинлик ва кинначилик эса фирибгарликнинг бир йўли бўлиб, одамларнинг ишончи ҳисобига бойлик орттириш воситасидир. Унинг орқасида мусулмонлар оммасини зомбилаштириш ва соғлом ақидасини бузиш каби манфур ғоялар ҳам бўлиши мумкин. Энг камида, улар Алишер Навоий бобомиз айтганидек: Борғанимдин хастамен, қилсанг иложим, эй табиб,
Умр зойиъ айлабон, бекор қилғунгдур яна. Маблағни, вақтни ва умрни зоеъ қилиш ва бекор кетказиш шаръан ва ақлан дуруст бўлмаган ишдир. “Кулли исроф – ҳаром!” қоидасини унутманг. Ундан кўра, фойдалироқ ишлар ва илмлар билан машғул бўлмоқ лозим! Хурофотга эмас, илмга ишонинг. Нажот илмдадир!
Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

