Ассалому алайкум биз учун қадрли бўлган сайтимиз мухлислари! Аллоҳ таоло барчангизга бу тунни муборак қилсин! Қилаётган ибодатларингиз қабул, дуоларингиз мустажоб бўлсин!
Азиз “ahlisunna.uz” сайтининг ўқувчилари, биз бу кеча, яъни ҳижрий 1441 йил Шаъбон ойининг қоқ ўртаси – “Бароат” кечасида 4 ёшга тўлдик. Бугун бизнинг “туғилган кунимиз”.
Бундан роппа роса тўрт йил олдин (Мелодий 12 05 2016) Бароат кечасида ўз фаолиятимизни бошлаган эдик. Сайтимизга қўйилган дастлабки мақола устозимиз Ҳамидуллоҳ Беруний домла қаламига мансуб “Сайтимиз дунё ва охиратда бароат бўлсин!” номли мақола эди. Хозирга қадар сайтимизга жойланган мақола, таржима ва бошқа маълумотларнинг умумий сони салкам саккиз юзтага яқинлашиб қолди.
Азиз Мухлислар, сайтимиз ўшанда дини, халқи ва Ватани тинчлиги йўлида жонкуяр 4 нафар аҳли илм ташаббуси билан ташкил топган эди. Улар: сайтимизнинг бош илмий раҳбари, устозимиз Ҳамидуллоҳ Беруний (Ҳамидулла Аминов); Сайтга жойланган мақолаларга масъул муҳаррир Ҳикматуллоҳ Иброҳим (Ботиржон Тожибоев). Дўстимиз Анвар Абдуллоҳ (Пирматов Анваржон. Афсуски бу кишининг сайтдаги фаолияти кейинчалик тўхтаб қолди) ва сайтнинг техник ишларига қаровчи укамиз Саминов Азимжонлардир.

Устозимиз Ҳамидуллоҳ Беруний домла. Фото телеграм манзилидан олинди.

Ботиржон Тожибоев. Фото фейсбук саҳифасидан олинди.

Азимжон Саминов. Ўртада. Фото фейсбук саҳифасидан олинди.
Сайтимизнинг бош мақсади: Ватанимизга кириб келаётган ҳар-хил бидъат-ҳурофот ғояларга қарши илмий раддиялар бериш, аҳли сунна вал-жамоа ақидаси ва ҳанафий мазҳабимиз ҳимояси йўлида бор кучимиз билан хизмат қилиш, халқимизнинг эътиқодий савиясини ошириш ва ҳамда диний илмга чанқоқ ёшларимизда бидъатчи оқимларга қарши иммунитет шаклланиши йўлида муносиб ҳиссамизни қўшиш эди. Алҳамдулиллоҳ, сайтимиз шу тўрт йил давомида ўз йўналишида кўзлаган мақсади сари Аллоҳнинг фазли ва кўмаги билан фаолиятини давом эттириб келяпти.
Тўрттовлон иш бошлашимиздан аввал, ҳали ўзбек интерет оламида бидъатчи оқимларга бизнинг сайт каби кескин ва илмий раддиялар беришга ихтисослашган веб сайтлар деярли йўқ эди. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугун бу каби сайтлар анча кўпайди.
Интернет оламида халқимизга Ваҳҳобийлар, Салафийлар, Ҳизбут-таҳрирчилар ва соҳта тариқатчи адашган сўфийлар ҳақида асл ҳақиқатни етказишдек шарафли вазифа сайтимиз воситасида дастлаб бизга насиб этгани учун Аллоҳга чексиз ҳамду санолар айтамиз.
Шуни алоҳида тилга олиш ўринлики, сайтимизда қўйилган раддиялар, айниқса ваҳҳобий-салафийларга қарши ёзилган илмий раддиялар халқимизнинг кўзини очишда катта хизмат қилди ва қилмоқда. Сайтимиз фойдланувчиларининг аксари тўғри йўлни топишида сайтимиз маълумотларининг роли муҳим бўлди ва бўлмоқда. Биз тарафдан эълон қилинган мақолаларни ўқигач, ўз эътиқодларини ўзгартириб аввалги бузуқ эътиқодидан тавба қилганларнинг миннатдорчилик изҳор этган мактублари электрон почтамизга қатор-қатор келганида шодлигимиздан кўзларимизга ёш келган кунлар ҳам бўлди. Алҳамдулиллаҳ.
Баъзида бизга савол бериб қоладилар: «Сайтдан пул топасизларми?» деб. Йўқ! Сайтдан пул топмаймиз, аксинча, сайтнинг фаолияти учун ёнимиздан харажат қиламиз! Сайтга мақола қўйганларга ҳам ҳеч қандай қалам ҳақи берилмайди. Ҳаммаси холис бўлади. Лекин, сайтнинг йиллик интернет тўлови учун (бир йилига 300 минг сўм атрофида) баъзи дуо талаб дўстлар оз-моз ёрдам қилади. Уларнинг ҳаққига сизлар ҳам дуо қилишингизни сўрардик.
Азиз мухлислар! Бугунги шарафли тунда сиз азизлардан дуо умидидамиз. Дуоларингизда сайтимиз ва унда хизмат қилаётган аҳли илмларни ҳам бир эслаб ўтсангиз бошимиз кўкка етарди. Биз ҳамиша сизнинг хизматингиздамиз!
Илоҳим юртимиз гуллаб яшнасин! Динимиз янада азиз бўлсин! Мусулмонлар иззат топсин! Юртимиз тинчлигига кўз олайтирган барча душманларга Аллоҳ инсоф берсин! Бутун дунёни ташвишга солган коронавирус балосини Аллоҳнинг ўзи жиловласин! Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ!
Ahlisunna.uz сайти маъмурлари номидан Ботиржон қори

