“БАРОАТ” КЕЧАСИНИНГ ФАЗИЛАТИ

2018_5_1_15_52_55_274Ҳар йили шу бўлар такроор, такроор!
Ўзларини билимдон ва тақводор кўрсатувчи, одоб-ахлоқдан бироз узооқ, халқларнинг, миллатнинг урф-одатларига, диний-миллий қадриятлари ва анъаналарига эътиборсиз қаровчи, хусусан, шариатнинг асл мақсадларини чуқур англамайдиганлар томонидан ҳар йили халқнинг орасида иғво, фитна, ихтилоф чиқарувчи фикрлари тарқалиб туради. Бу хилдаги намоз ва шу хилдаги ибодатларга оид мавзуъий фитналари билан бирга мавсумий фитналари ҳам атайин чиқарилади, деб ўйлаб қолиш мумкин. Масалан, жумъа кунида инсон бир-бирини табриклаб бўлмаслиги тўғрисидаги “фатво”дан бошланадиган бу хилдаги мавсумий фитналар жумласига: ҳар йили янги йил ва наврўз арафасида бу байрамларни ҳаром деб, уни нишонловчиларни ёппасига кофир дейиладиган фикр, рамазоннинг бошланиш кунини белгилашдаги ихтилоф, шу рамазоннинг ҳайит кунини аниқлашдаги турли хиллик кабиларни айтиш мумкин. Шулар қаторида ҳар йили шаъбон ойида бутун мусулмон оламида нишонланадиган унинг ўн тўртинчи кунидан ўн бешинчига ўтар кечаси – “бароат” кечаси ҳақидаги бўлар-бўлмас гап-сўзларни айтиш мумкин. Бугунги куннинг “билимдон”лари ва “ҳадисшунос”лари бу кечанинг фазилати ва уни ибодат билан ўтказиш ҳақида ҳеч қандай саҳиҳ ҳадислар йўқ, ҳатто бу кечани фазилатли деб билиш ва уни ибодат билан ўтказиш бидъатдир, бидъат эса дўзахдандир, демак, ким бу кечани ибодат билан ўтказса, эрталаб тўғри дўзахга кетади, деганга ўхшаш гапларни тарқатиб ётишади. Гўё ўзларини оламлар роббиси Парвардигор томонидан шу ҳукмни осий бандаларга етказувчи қилиб юборилгандек тутишади…. Астағфируллоҳ!…
Саҳиҳ ҳадис бўлмаса, ибодат қилмаслик керакми? Кечани ибодат билан бедор ўтказмаслик керакми? Фақат саҳиҳ ҳадисга амал қилинади, заифларга амал қилинмайди, деб қайси муҳаддис ёки қайси фақиҳ айтибди? Бундай қоида йўқ! Барча саҳиҳ ҳадислар суннат бўлавермагани каби уммати муҳаммадия минг йиллардан бери қанчадан-қанча заиф ҳадисларга амал қилиб келишаяпти. “Талаққийи уммат” деган қоида бор. Уммати муҳаммадий бирор ибодатни ва ҳукмни шаръий сифатида қабул қилиб, оммавий амалга ошириб келаётган бўлса, унга саҳиҳ ҳадис бўлмаса ҳам, заиф ҳадис бўлса ҳам, умуман, ҳадис бўлмаса ҳам амал қилинаверади. Халқ орасида фитна ва ихтилоф чиқармайдиган, ҳадис илмини чуқур ўқиб-ўрганган инсоф-диёнатли аҳли илмларимизга бу ҳақиқатлар махфий эмас. Заиф ҳадислар кўп бўлиб, бир-бирини қўллаб-қувватлаб келса, бир мавзуда кўплаб заиф ривоятлар бўлса, у “ҳасан” даражага кўтарилиб, ҳужжат бўлади ва албатта уларга амал қилинади. Уларни инкор қилишнинг ўзи янги бидъат бўлади. Бу яна бир қоида. Учинчи бир қоида ҳам бор: амалларнинг фазилатлари тўғрисида келган ривоятлар заиф бўлса ҳам, уларга амал қилинаверади. Савобни Аллоҳ беради, ҳадисни заифга чиқариб, сизни ибодатдан тўсадиган одам эмас. Шунинг учун, Аллоҳдан умид қилиб заиф ривоятга ҳам амал қилинаверади.
Шу кунимизгача “Бароат” кечасининг фазилатли экани ва ушбу кечани ибодат билан ўтказишнинг фазилати ҳам бор экани тўғрисида мусулмонларнинг уламолари қанчадан-қанча асарлар ва рисолалар битганлар. Уларнинг уммат учун қилган хизматлари бугунги куннинг “билимдон” ва “ҳадисшунос”ларидан минг-миллион карра юқорироқ ва фойдалироқдир. Бу ихтилоф қўзғовчилар ҳеч бўлмаса, уларнинг эҳтиромини қилиб, тилларини тийиб, мавсумий фитналарини қўзғамай турсалар, яъши бўларди. Уммат ўз ибодатини шак-шубҳага тушмай қилиб олган бўларди. Биз ибодатга ихлос қўйган обид, зоҳид ва ихлосманд дўстларимизга бир ўрнак сифатида “Бароат” кечасининг фазилати ҳақида китоб ёзган оламлар ва уларнинг асарларининг номларини бирма-бир келтириб ўтмоқчиман. Гарчи рўйхат узун бўлса ҳам, лекин, анавиларнинг фитналарига тушиб қолмасдан ибодати изига тушишга кифоя қилса керак, иншаАллоҳ.

Шаъбоннинг ярми – “бароат” кечаси фазилати ҳақида асар битган олимлар:
1) Ибн Тулун ад-Димишқий ал-Ҳанафий. “Таҳаллият аш-Шабъон фи ма рувийа фи лайлат ан-нисф Шаъбон”;
2) Иброҳим а-Сақо ал-Мисрий. “Минаҳ ал-Маннон би-фазоил нисф мин Шаъбон”;
3) Мавлоно Али ал-Қори. “ат-Тибён фи баён ма фи лайлат ан-нисф Шаъбон”;
4) Зайнулобидин Муҳаммад ал-Маданий ал-Халифатий. “Ифозат ал-Маннон фи нашр фазоил лайлат ан-нисф Шаъбон”;
5) Муфтий Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Маҳаллий. “Беҳжат ал-ихвон фи фазл лайлат ан-нисф Шаъбон”;
6) Шайх Мансур ат-Табловий. “Туҳфат ал-яқзон фи лайлат ан-нисф Шаъбон”;
7) Саййид Ҳусайн ибн Салим ад-Дужоний. “ал-Ароис ал-ҳисон фи шарҳ фазоил лайлат ан-нисф Шаъбон”;
8) Нуҳ ибн Мустафо ар-Румий. “Ақд ал-маржон фи фазилат лайлат ан-нисф Шаъбон”;
9) Ҳасан Шаршар ас-Сирсий аш-Шофеъий. “Фатҳ ар-Раҳмон фи фазл лайлат ан-нисф Шаъбон”;
10) Абу-с-Сурур ал-Бакрий ал-Мисрий аш-Шофеъий. “Файз ал-Маннон фи шарҳ фазл лайлат ан-нисф Шаъбон”;
11) Ражаб ибн Муҳаммад ал-Имроний аш-Шофеъий. “Насиҳат аҳл ал-имон фи фазл лайлат ан-нисф Шаъбон”;
12) Нуриддин ал-Ажҳурий. “Ҳидоят ал-Маннон фи фазоил лайлат ан-нисф Шаъбон”;
13) Муҳаддис Имом ад-Дорақутний. “Китоб ан-нузул”;
14) Муҳаддис Ибн ал-Асокир. “Жузъ мажлис фи фазоил лайлат ан-нисф Шаъбон”;
15) Шайх Муҳаммад ал-Лаббон аш-Шофеъий. “Боқат ар-райҳон фима йаталлақу би-лайлат ан-нисф Шаъбон”;
16) Аҳмад ас-Суҳаймий. “ад-Дурр ал-олий аш-шон ъала лайлат ан-нисф Шаъбон”;
17) Абу-л-Ҳасан ал-Бакрий. “Фазоил лайлат ан-нисф мин Шаъбон”;
18) Жамоат мин уламо ал-Азҳар. “Ас-Сирот ал-мустақим”;
19) Носириддин ас-Санҳурий. “Рисола лайлат ан-нисф мин Шаъбон”;
20) Нажмиддин Муҳаммад ал-Ғийтий. “Мавоҳиб ал-Карим ал-Маннон фи-л-карам ъала лайлат ан-нисф мин Шаъбон”.
Шаъбон ойининг қоқ ўртасида “Бароат” кечасининг фазилатли экани ва бу кечани ибодат билан ўтказишнинг фазилатли экани ҳақиқатдир. Бунга юқорида номлари бирма-бир санаб ўтилган уламоларининг номлари ва асарлари, уларнинг ишончлари ёққол исботдир. Қолаверса, минг йиллардан бери мусулмонлар бу кечани ибодат билан ўтказиб келмоқдалар. Бугунги кунда юзага чиқиб турган: “Бароат” кечасининг фазилатли экани ҳақида саҳиҳ ҳадис йўқ, уни ибодат билан ўтказиш бидъат, дегувчиларнинг гаплари бекордир. Зотан, ҳадиснинг саҳиҳ ёки заифлигини ажратиб аниқлаш омманинг вазифаси эмас, тор доирадиги мутахассис бўлмиш муҳаддисларнинг ишидир. Оммага эса ибодат, дуо, ихлос вазифадир. Уммат минг йиллардан бери ўз вазифасини ихлос билан адо қилиб келишмоқда. Энди, фитнагарларнинг галари эса уларни ибодатидан чалғитмаслиги керак. Зотан, заиф ҳадисларга амал қилиш ҳам фазилатлар бобида эътиборлидир!!!
Қани, ҳамма ибодатга!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...