ХОЗИР ҚАЕРДА БЎЛСАНГИЗ ЎША ЕРДА ҚОЛИНГ!

10(1)Ижтимоий тармоқларда чет элда қолиб кетиб, карантин туфайли Ватанга қайта олмаятган ватандошларимизнинг  уйларига қайтиш учун амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари кундан-кунга кўпайяпти.

Ҳатто баъзилари “Биз чет элда ишлаб Ватанга пул жўнатганмиз, бугун бизни шу ҳолда ташлаб қўйдинглар!” деган миннатлариям чиқяпти.

Мен ўшаларнинг ҳаммасига “Хозир қаерда бўлсангиз ўша ердан жилманг!” деган бўлардим!

Бу аслида менинг гапим ё истагим эмас! Бу шариатнинг, мусулмончиликнинг истаги. Буни бизга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганлар. Чунки Ул зот вабо тарқаган жойни ташлаб чиқиб кетмасликни, вабо тарқаган жойга эса кирмасликни буюрганлар.

Азиз чет элдаги ватандошлар! Хозир Ўзбекистонимизда карантин ҳолати ва сиз буни яхши биласиз. Агар сиз соғлом бўлсангиз, бу ерга киришингиз ҳаётингиз учун ҳавфли! Агар чет элда касаллик юқтириб олган бўлсангиз, сизнинг Ватанга қайтишингиз ўз яқинларингиз, оилангиз, фарзанд ва ота-онангиз, маҳалладош, ватандошларингиз орасидаги соғломлар ҳаёти учун ҳавфли! Шуни тўғри тушуниб, сабрли бўлсангиз Аллоҳ сизга ажр беради!

Халифа Умар ибн Хаттоб Шомда даҳшатли ўлат кенг тарқаб кетгач, Шомнинг амалдаги ҳокими машҳур Саҳоба Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуга қуйидаги мазмунда мактуб йўллайди:

“Агар шу мактубим сенга кундузи етиб борса кунни кеч қилмасдан, агар тунда етиб борса тонг отмасдан туриб дарҳол йўлга чиқ! Бизнинг сенга эҳтиёжимиз бор!”

Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу мактубни олгач, қуйидагича жавоб ёзади:

“Эй Амир ал-мўминин. Биласиз, шу пайтгача бирорта ҳам қарорингизга қарши чиққан эмасман. Менга нақадар зарурат борлигини ҳам англадим. Лекин эй Амир ал-мўминин! Сиз дунёда боқий қола олмайдиган кимсани олиб қолмоқчи бўляпсиз… Мен мусулмонлар орасидаман ва Аллоҳ уларга нима тақдир ёзган бўлса мен ҳам шулар билан биргаман. Улардан ажраб кета олмайман. Мактубим сизга етиб боргач, мени маъзур тутасиз ва бу ерда қолишимга рози бўласиз, деб умид қиламан!”

Исломга биринчилардан бўлиб кирган машҳур саҳоба Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳу ўлат тарқаган Шомда нега қолган эди?

Абу Убайда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Бирор жойда вабо борлигини эшитсанглар ҳаргиз у ерга борманглар! Агар сизлар бор жойга вабо келса, ундан асло қочиб чиқиб кетманглар!”.  – деган ҳадисларини билар эдилар! У киши ўзи билан шомда ўлатни олиб чиқиши ва борга ерига тарқатиши мумкинлигини ҳам билардилар!

Абу Убайда яқинларининг, диндошларининг, ватандошларининг ва бошқа соғлом ҳудуддаги одамларнинг ҳаётини ҳавфга солмаслик учун Шомда қолишни афзал билганди.

Шундай экан! Азизлар! Хозир қаерда бўлсак ўша ердан чиқмайлик! Агар касал юқтирган бўлсак, уйда ўтириш билан бошқаларни сақлаб қолган бўламиз, агар юқтирмаган бўлсак ўзимиз ва яқинларимизнинг ҳаётини сақлаб қолган бўламиз!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

“Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиби

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...