ШИФОКОРЛАР КИМЛИГИНИ АНГЛАБ ЕТДИНГИЗМИ?!

f_utQ0LevA2JLWhj0s0k0qnADi3YvMeEДонишмандларнинг “Неъматнинг қадри заволидан кейин билинади” деган ҳикматли гапи бор. Дарҳақиқат, бугун Аллоҳ таолонинг кўп неъматларини қадрини англаб етяпмиз. Карантин бизга катта сабоқ беряпти. Ҳамма соғлик-саломатлик ташвишида бўлиб қолди. Бутун дунё ёппасига “Саломатлик – туман бойлик” деган ҳақиқатни англаб етяпти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кейин энг улуғ инсон бўлган Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу шундай ривоят келтиради: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

“Инсониятга иймондан кейин саломатликдан кўра яхшироқ неъмат берилмаган!”. (Термизий, Ҳоким, Ибн Абу Дунё ривоятлари).

Ҳа, ҳақиқатан иймондан кейин биз учун энг қадрли неъмат бу тану-жонимизнинг сиҳҳати экан. Шу кунга қадар бунга эътиборсиз бўлган эканмиз.

Азизлар, худди шу соғлик неъматини ўзимизда сақлаб қолишимиз учун шифокорларга эҳтиёжимиз катталигини 4 ёшли бола ҳам билади. Агар шифокорлар бўлмаса ҳолимизга вой бўлади. Бошимиз оғриса ҳам, тишимиз оғриса ҳам шуларга мурожаат қиламиз.

Лекин биз шу кунгача шифокорларни етарлича қадрламадик, камситиб таҳқирладик. Уйимизга бизни даволаш учун келган «тез ёрдамни» 5 минут эртароқ келмадинг деб, калтаклашгача бориб етдик. Бугун эса улар ўз ҳаётларини гаровга қўйиб бизнинг соғлигимиз учун курашмоқда.

Тушуняпсизми?! Иймонимиздан кейин энг қимматли бўлган саломатлигимизни тиклаш учун, ҳаётимизни сақлаб қолиш учун улар ҳафталаб уйига келмасдан курашмоқда. Бирортаси “Менинг ҳам жоним ўзимга керак, бола-чақам бор ҳаётимни хавф остига қўймайман” деб ишини ташлаб уйига қамалиб олгани йўқ!

Куни кеча муҳтарам Президентимиз коронавирусга чалинганлар ичида 11 нафари шифокорлар эканини алоҳида урғулади. Улар беморлар билан мулоқот чоғида вирус юқтириб олганлар. Аллоҳ уларга шифои комил берсин!

Таълим ал-мутааллим китобида бир гап келади: “Табиб ва муааллим етарлича икром қилинмас экан, асло улардан яхшилик кутманг!”. Яъни табиб билан муаллимдан самарали натижа олиш учун уларнинг меҳнатини етарлича қадрлаш керак, дейилган. Лекин бизнинг шифокорлар бу мақолда айтилгандан кўра фазилатли бўлиб чиқди. Биз уларни етарлича қадрламаган бўлсак ҳам улар бизга яхшилик қилишмоқда!

Муҳтарам Президентимиздан Аллоҳ рози бўлсин. Куни кеча, “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорга мувофиқ, зарарланган беморлар билан ишлаётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун 5 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди.

Шунингдек, коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўм;

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади.

Азизлар, шифокорларни нафақат ҳукумат, билки биз – ҳалқ ҳам қадрига етайлик! Меҳнатини, илмини муносиб қадрлайлик! Уларни камситиб калтакламайлик! Уларни моддий ва маънавий қўллаб қувватлайлик! Улар бугунги кундай оғир дамларда бизларнинг жонимизга оро киряпти. Илоҳим шифокорларимизга сабр ва улкан ажр берсин. Уларга мужоҳидларнинг мақомини берсин!

Ш. Мусабоев.

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид имоми

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...