“Каромат” деб тоат ибодатларини ўз ўрнида адо этувчи, пайғамбарлик даъвоси бўлмаган, маърифат аҳллари тарафдан содир этилган ғайри оддий ишларга айтилади. Пайғамбарлик вазифаси билан келганлардан содир бўлган ғайри оддий ишлар эса «мўжиза» дейилади. Аҳли сунна вал-жамоа эътиқодий таълимотига кўра, солиҳлар, авлиёлар тарафдан кароматлар содир бўлиши шаръан ва ақлан мумкин, нақлан асосланган масаладир. Кароматга хаворижлар (салафий-ваҳҳобийлар) ва баъзи мўътазилалар мункир бўлишади. Аллоҳ уларга инсоф берсин, ҳаққа юришсин!
Абдурауф ал-Муновий раҳматуллоҳи алайҳ “Табақот ул-кубро” асарида Ибн Нажжорнинг тарихидан ва Ибн Салоҳнинг “Риҳла”сида фақиҳ Занжонийдан нақл қилиб айтади:
Менга шайх Абу Исҳоқ Шерозий Қози Абу Тийбдан сўзлаб берди, у шундай деган:
Бир куни мунозара ҳалқасида бир-бирларимиз билан илмий баҳс қилиб ўтирган эдик. Кутилмаганда орамизга хуросонлик бир ўсмир келиб “мусаррот” (бозорга олиб борилганда елини катта кўринсин учун сути атайин соғилмаган сигир) масаласида далил суриштириб қолди. Унга Имом Бухорий ва Имом Муслим икковларининг Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятини ҳужжат қилиб кўрсатилди. (Бухорий/2151. Муслим/3908). Шунда ўша ўсмир йигит: “Абу ҳурайранинг ҳадислари ҳужжат ўрнида қабул қилинмайди”—деди. Унинг шу гапи ҳали охирига етмай туриб тўсатдан унинг устига бир илон келиб тушди. Илонни қаердан келиб қолганини биров англамади ҳам. Ҳалқадаги мунозарачилар даҳшатдан тум-тарақай қочишди. Илон ҳалиги йигит ортидан таъқиб қила кетди. Шунда у қочаётган ҳолида: “ТАВБА ҚИЛДИМ, ТАВБА ҚИЛДИМ”—деб бақирди. Шундан кейин ҳалиги даҳшатли илон қандай пайдо бўлган бўлса, шундай ғоиб бўлди, унинг изи ҳам қолмади…
Аллоҳнинг дўстларидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга нисбатан беадаблик қилган йигитга Аллоҳ ҳазрати Абу Ҳурайранинг шарафи ва маконатини дарҳол кўрсатиб қўйди. Бу ҳазрати Абу Ҳурайранинг вафотидан кейинги кароматларидан бири эди. Аллоҳ таоло барчамизни улуғларга нисбатан ҳурматсизлик қилишдан ўзи асрасин. Ҳамиша тўғри йўлда собитқадам қилсин! Нотўғри бузуқ оқим ва тоифаларга қўшилиб, эътиқодда адашиб қолишдан сақласин!
Андижон шаҳар “Абу-Ҳурайра” жоме масжид имом хатиби
Ш. МУСАБОЕВ

