Ашъарийлар ҳақида тарихий фатво

Lotin alifbosida

Аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашувчи сунний мусулмонлар амалиётда тўртта мазҳабга – ҳанафий, шофеъий, моликий ва ҳанбалийга ҳамда иккита ақидавий мазҳабга – ашъарий ва мотуридийга бўлинганлар. Ашъарийлик ва мотуридийлик аҳли суннат ва жамоатнинг икки қанотидир. Бу қанотнинг бирортасига ўзини мансуб қилганлар нажот топадилар, жаннат томон соғ-саломат учадилар. Улардан ўзини четга олиб қочганлар ҳалокатга маҳкумдирлар, дўзах қаъри томон шошаётгандирлар.

Ўзларини аҳли суннат ва жамоатдан деб даъво қилиб, лекин, аслида, мана шу икки қанотни – ашъарийлик ва мотуридийликни синдирмоқчи бўлганлар ва бўлаётганлар, ушбу икки қанотнинг патларини юлишга уринганлар ва уринаётганлар барча замонларда топилиб турган. Ҳозир ҳам бу нарса бот-бот кўзга ташланиб туради. Ашъарий ва мотуридийларни ёмонлаётганлар, уларни аҳли суннат ва жамоатдан ташқари чиққанлар деб иддио қилаётганлар, лекин аслида ўзлари ана шу аҳли суннат ва жамоатдан четда бўлганлар, афсуски, бугунги кунда ҳам топилиб турибди. Бир пайтлар ана шундай бадкирдор иддиочиларга қарши уламолар қуйидаги фатвони чиқарганлар.

Ушбу фатвонинг энг муҳим аҳамиятли томони шуки, уни чиқарганлар ўз даврининг энг таниқли, энг катта уламолари, аҳли суннат ва жамоатнинг пешволари эди. Улардан биринчиси, ўз даврида “Абу Ҳанифаи соний” деб аталган ҳанафийларнинг таниқли уламоси, камида 30 (ўттиз) йил қози ал-қузот, яъни қозикалон бўлган аллома Абу Абдуллоҳ ад-Домағоний (398-478 ҳ./1007-1085 м.) раҳимаҳуллоҳ, иккинчилари эса ўз даврида умматнинг муфтийси бўлган, “Табақот ал-фуқаҳо”, “ал-Муҳаззаб” каби асарлар муаллифи Абу Исҳоқ аш-Шерозий ал-Ферузободий (393-476 ҳ./1003-1083 м.) раҳимаҳуллоҳ, учинчилари эса бизнинг фахрли юртдошимиз, “Ҳилйат ал-уламо” ва бошқа асарлар муаллифи Абу Бакр Қаффол аш-Шоший ал-Мустазҳирий (429-507 ҳ./1037-1114 м.) раҳимаҳуллоҳдирлар.

Мазкур фатво таниқли муҳаддис ва муаррих Ибн Асокир ад-Димишқий (499-571 ҳ./1105-1175 м.) раҳимаҳуллоҳнинг Абулҳасан ал-Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳини ва ашъарийларни ҳимоя қилиб битган “Табйин кизб ал-муфтарий” (“Туҳматчининг ёлғонини очиқлаш”) номли асарида келтирилган. Ибн Асокир раҳимаҳуллоҳ кўп жилдли машҳур “Дамашқ шаҳрининг тарихи” асарининг муаллифидирлар. Бундан ташқари ҳам юзга яқин асарлар муаллифи ҳисобланади. Имом ан-Нававий (631-676 ҳ./1233-1277 м.) раҳимаҳуллоҳ у зотни “Шомнинг ҳофизи, балки бутун дунёнинг ҳофизи, мутлақ имом, ишончли, мустаҳкам ҳадис ровийси”, деб таърифлаганлар.

Фатвонинг матни қуйидагича:

بسم الله الرحمن الرحيم. ما قول السادة الجلة الأئمّة الفقهاء أحسن الله توفيقهم و رضى عنهم فى قوم إجتمعوا على لعن فرقة الأشعرى و تكفيرهم ما الذى يجب عليهم فى هذا القول يفتونا فى ذلك منعمين مثابين إن شاء الله. الجواب و بالله التوفيق إنّ كلّ من أقدم على لعن فرقة من المسلمين و تكفيرهم فقد إبتدع و ارتكب ما لا يجوز الإقدام عليه و على الناظر فى الأمور أعز الله أنصاره الإنكار عليه و تأديبه بما يرتدع هو و أمثاله عن إرتكاب مثله. و كتب محمد بن على الدامغانى. و بعده الجواب و بالله التوفيق أنّ الأشعرية أعيان السنة و نصار الشريعة إنتصبوا للردّ على المبتدعة من القدرية و الرافضية و غيرهم فمن طنع فيهم فقد طعن على أهل السنّة و إذا رفع أمر من يفعل ذلك الى الناظر فى أمر المسلمين و جب عليه تأديبه بما يرتدع به كلّ أحد. و كتب إبراهيم بن على الفيروزباذى. و بعده جوابى مثله و كتب محمد بن أحمد الشاشى.

“Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Буюк имом, фақиҳ, улуғ зотларнинг қуйидаги масаладаги гаплари (ҳукмлари) қандай? Аллоҳ уларнинг тавфиқларини гўзал айласин, улардан рози бўлсин!

Бир гуруҳ одамлар ашъарийлик гуруҳидагиларни лаънатлаб, уларни такфир қилиб – кофирга чиқариб тўпланишаверадилар. Бу гаплари борасида уларга нима вожиб бўлади? Бу ҳақида бизларга фатво берсалар, инша Аллоҳ савобга эга неъматларга мушарраф бўлардилар!

Аллоҳнинг тавфиқи билан жавоб:

Мусулмонларнинг гуруҳларини лаънатлашга ва уларни кофирга чиқаришга уринаётган барча кимсалар, ҳақиқатдан ҳам, бидъат ишни қилган ва жоиз бўлмаган ишни бажарган бўладилар. Ишларга нозир (ҳукумат аҳли) бўлган кимсаларга уларни инкор қилиш ва бундан ўзларини тийишлари ҳамда бундай ишларни қайтиб қилмасликлари мақсадида уларнинг адабини бериб қўйишлари лозимдир. Аллоҳ ўз динига ёрдам берувчиларни азиз қилсин! Уни Муҳаммад ибн Али ад-Домағоний ёзди.

Шундан кейин, Аллоҳнинг тавфиқи билан яна бир жавоб:

Албатта, ашъарийлар суннатнинг таниқли шахслари, шариатнинг беҳад ёрдамчиларидирлар! Улар қадарийлар, рофизийлар ва бошқалардан иборат бидъатчиларга раддиялар қилиб қарши тура олган зотлардирлар. Кимки ашъарийларга таъна қилса, муҳаққақки, аҳли суннатга таъна қилган бўлади! Шу ишни қилган кимсани мусулмонларнинг ишига нозир бўлиб турган ҳукумат аҳлига олиб борилса, токи ҳеч ким бу ишни қилмаслиги учун унинг адабини бериб қўйиш вожиб бўлади. Уни Иброҳим ибн Али ал-Ферузобозий ёзди.

Шундан кейин. Менинг жавобим ҳам юқоридагиларга ўхшашдир! Уни Муҳаммад ибн Аҳмад аш-Шоший ёзди”.

(Ибн Асокир ад-Димишқий. Табйин кизб ал-муфтарий. – Қоҳира: Мактаба ал-Азҳария ли-т-турос, 2010. – Б. 249).

Мазкур фатвони ўқиганларнинг барчасига ашъарий ва мотуридийларни ёмонлашдан, уларга таъна қилишдан, уларни аҳли суннат ва жамоатдан оғишган деб иддио қилишдан ўзларини тийишлари вожиб бўлади! Зотан, аҳли суннат ва жамоатнинг соф таълимотларидан четга чиқмаганлар, исломнинг ҳаққоний ақидаларидан оғишмаганлар ашъарий ва мотуридийлардир! Бу дунёда ҳам, охиратда ҳам нажот топувчилар айнан улардирлар!

Ҳамидуллоҳ Беруний.

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...