Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг сифатлари учга бўлиб ўрганилади:
Биринчиси зотий сифатлар. Уларнинг сони чекланган бўлиб, етти-саккизтадан ошмайди. Улар “ҳаёт”, “илм”, “қудрат”, “басар”, “самъ”, “ирода”, “калом” ва “таквин”дир. Мотуридийлар саккизинчи сифат маъносида: «таквин» – «бўлдирмоқ» сифатини қўшганлар.
Аллоҳ таолонинг иккинчи сифатлари феълий ҳисобланади. Феълий сифатларга яратмоқ, ризқ бермоқ кабилар киради. Тирилтирмоқ, ўлдирмоқ, ўстирмоқ, юксалтирмоқ, шакл-шамоил бермоқ кабилар ҳам феълий сифатлардир.
Феълий сифатларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг «таквин» сифати ичига киради. Ашъарийлар эса таквин сифатини «қудрат» сифати остига киради, дейдилар.
Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатларидан ташқари учинчи – муташобеҳ сифатлари ҳам бор. Аллоҳнинг зоти ва сифатлари баён этилган оят ва ҳадисларда айрим зот ва сифатлар зоҳирий маъносига кўра одамзотнинг ёки, аниқроғи, лафзда яралмишларнинг зот ва сифатларига ўхшаш тарзда зикр қилинган. Оят ва ҳадисларнинг тушуниш қийин бўлган, аниқ маъноси қоронғу, инсоннинг ақлини шоширадиган бу хилдаги иборалари «муташобеҳ» (бир-бирига ўхшайдиган ёки шубҳали) деб аталиб келади. Айнан ана шу сифатларга асосланиб, Аллоҳ таолони яралмишларга ўхшатувчи, Аллоҳнинг жисми бор дегувчи, Унинг аъзолари мавжуд деб сафсата сотувчи тоифалар ҳам мавжуд. Улар “мушаббиҳа” ва “мужассима” деб аталади.
Ислом оламида муташобеҳларга муносабат, асосан, тўрт гуруҳга мувофиқ бўлиб келган:
1) Мушаббиҳалар ва мужассималар гуруҳи. Улар: “Оят ва ҳадисларда келган “нузул”, “яд”, “важҳ” каби сифатлар ҳақиқий ва айни собитдир. Улар худди яралмишларда бўлганидек, масалан, одамларда бўлгани каби ҳақиқий аъзодир, лекин одамларникига ўхшамайди”, дейдилар. Улар Аллоҳ таолонинг сифатларини яралмишларнинг сифатларига ўхшатганлари учун мушаббиҳалар – ўхшатувчилар, деган ном билан аталганлар. Бу гуруҳнинг айрим вакиллари Аллоҳ таолони айнан одамзот жисмидек, деб тасаввур қилиш керак, деган ғояни илгари сурганлари учун уларни “мужассима” – жисм исбот қилувчилар, деб ҳам номланган. Уларнинг аввалгилари Аллоҳ таолони одамзотнинг бутун гавдаси, танасига ўхшатсалар, ҳозиргилари айрим аъзоларга ўхшатадилар. Бу тоифани ва ушбу фикрларни аҳли суннат ва жамоат вакиллари асрлар давомида кескин рад қилиб келганлар.
2) Мўътазилийлар гуруҳи. Ушбу мазҳаб вакиллари Аллоҳ таолонинг сифатларини мутлақо инкор қиладилар. Унинг сифатлари йўқ, муташобеҳ ҳадисларнинг барчаси ёлғон, дейдилар. Аҳли суннат ва жамоатга кўра ушбу мазҳаб фикрлари ботилдир.
3) Аҳли суннат ва жамоатнинг муҳаддислар жамоаси. Улар фикрига кўра, муташобеҳ оят ва ҳадисларда келтирилган сифатлар аслида бор, оят ва ҳадисларга эргашган ҳолда мазкур сифатларни бор, деб эътиқод қилиш керак бўлади. Лекин, уларнинг кайфияти – қандайлиги номаълум. Банданинг ақли унга етмайди, бу борада «таваққуф» қилинади, маъно излаб чуқур кетилмайди. Ҳатто бундай сифатларни араб тилидан бошқа тилларга таржима ҳам қилиб бўлмайди. Бундай сифатларнинг қандайлигини Аллоҳ таолонинг ўзига топширилади, уларни Аллоҳ таолонинг ўзи билади. Шунинг учун мазкур жамоани муфаввизалар – топширувчилар гуруҳи деб ҳам номланган. Аммо, лекин, бироқ, мазкур муфаввизалар жамоаси ҳам айрим муташобеҳ сифатларни таъвил қилмасдан бошқа иложлари қолмасдан, таъвил қилишга мажбур бўлганлар. Яна шуни билиш зарурки, мазкур “аҳли ҳадис” деб аталаётганлар аввал бошданоқ ўнг ва сўл томонга бўлиниб келганлар. Яъни, аҳли суннат ва жамоат таълимотидан айрилмаган ҳақиқий муҳаддислар ҳамда ушбу соф таълимотдан оғишган сохта “муҳаддис”лар.
4) Аҳли суннат ва жамоатнинг мутакаллимлар жамоаси. Улар фикрига кўра, муташобеҳ оят ва ҳадисларда келтирилган сифатлардан зоҳири асло мурод қилинган эмас. Чунки, бу ташбеҳни – ўхшатувни келтириб чиқаради. Бу эса асло мумкин эмас. Улар фикрига кўра, бу хилдаги муташобеҳ оят ва ҳадисларда мажозий маъно мурод қилинган бўлади. Мажозий маънони эса шариатнинг умумий мақсад ва кўрсатмаларидан, асосан, раъй ва мантиқ орқали топиб қўйилган, яъни таъвил қилинган.
Юқоридаги тўртта гуруҳдан аввалги иккитасининг фикрлари аҳли суннат ва жамоат бўйича ботилдир. Аҳли суннат ва жамоат эса муташобеҳ оят ва ҳадислар маъносига муносабат билдиришда икки гуруҳга бўлинганлар. Тафвиз ва таъвил аҳли. Мужассима ва мушаббиҳаларнинг сассиқ булоғидан сув ичаётган бугунги кундаги ваҳҳобий ва салафий кабилар таъвил қилишни мутлақо қоралаб, таъвил аҳлини аҳли суннат ва жамоатдан оғишганлар, деб иддио қиладилар. Шунинг учун, асли аҳли суннат ва жамоатдан бўлмиш ашъарийлар ва мотуридийларни улардан эмас, деб даъво қиладилар. Қаерда муташобеҳлар ҳақида гап қўзғалса, ўша ерда айнан ана шу фикрни ўртага ташлаб, оламга жар солаётганини кўрасиз. Жумладан, ваҳҳобий-салафийларнинг раҳнамоси Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бу ишни бошлаб берган бўлиб, уларнинг муфтийси Ибн Боз ўз асар ва мақолаларининг бир қанча жойида аҳли суннат ва жамоатнинг муташобеҳ оятларни тушунишда иккита йирик мазҳаб (мактаб)га – “тафвиз” қилувчилар, яъни олдинги уламолар ҳамда “таъвил” қилувчилар, яъни кейинги уламоларга бўлинганини ўзича инкор қилган. Халафлар мазҳабини, яъни таъвил қилиш усулларини ёмонлаган. Таъвил қилишни эса мутлақо жоиз эмас, таъвил қилувчиларни аҳли суннат ва жамоатдан ташқаридагилар, деб даъво қилган ва такрор-такрор ёзиб қолдирган (Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Боз. Мажмуъ фатово ва мақолот мутанаввиъа. Ат-Тавҳид ва ма ялҳақу биҳи. 5 жилдлик. — Риёз: Мактабат ал-маориф, 1992. 3-жилд, 60-бет; 3-жилд, 64-65 бетлар; 4-жилд, 131-133 бетлар; 5-жилд, 372-373 бетлар).
Умуман олганда, салафий-ваҳҳобийларнинг барчаси аҳли суннат ва жамоат вакиллари орасидаги муташобеҳларни таъвил қилувчиларни ҳам, таъвил қилишни ҳам ҳамиша ва доимий равишда инкор қилиб келадилар. Ҳолбуки, салафи солиҳинларнинг ўзлари ҳам, ундан кейинги даврдаги уламолар ҳам барчаси таъвил қилиб келганлар, ҳаққоний таъвилни асло инкор қилмаганлар. Кейинги даврнинг ашъарийлари ҳам, мотуридийлари ҳам ўтмишдошларига қараганда кўпроқ таъвил қилганлари учун “асҳоб ат-таъвил” деб аталиб келадилар. Аслида, муташобеҳларни таъвил қилиш аҳли суннат ва жамоат мусулмонларининг ижмоъ қилган масаласи бўлиб, фақат аввалги уламолар уни ижмолий – қисқача таъвил қилардилар, кейинги давр уламолари эса тафсилий – батафсилроқ таъвил қилардилар. Бунинг замон ва маконга хос алоҳида сабаблари бор эди. Биз буларни исботлаб бера оламиз. Лекин, ваҳҳобий-салафийлар бўлса, таъвил қилган аҳли суннат ва жамоат уламоларининг номларини айтишни унчалик хуш кўрмайдилар. Чунки, буни айтилса, шунча ҳаққоний ва бутун дунёга таниқли уламоларни ёмонлаган бўлиб чиқадилар ва ўзлари шарманда бўлиб қоладилар. Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатларини ҳақ таъвил қилувчи ашъарий ва мотуридийларни аҳли суннат ва жамоатдан оғишган тоифалар деб аташга уларнинг нима ҳақлари бор?! Ҳолбуки, ашъарий ва мотуридийлар асил аҳли суннат ва жамоатнинг асосини ташкил қиладилар.
Мана қаранг, Қози Иёз (476-544 ҳ./1083-1149 м.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Саҳиҳи Муслим”га битган шарҳларида таъвил қилиш ижмоъ эканлигини қайд қилганлар:
قال القاضى: لا خلاف بين المسليمن قاطبة – محدثهم و فقيههم و متكلمهم و مقلدهم و نظارهم – أنّ الظواهر الواردة بذكر الله فى السماء كقوله «أأمنتم من فى السماء»، أنّها ليست على ظاهرها و أنّها متأوّلة عند جميعهم
“Қози раҳимаҳуллоҳ дейдилар: мусулмонлар орасида мутлақо – уларнинг муҳаддислари, фақиҳлари, мутакаллимлари, муқаллидлари, назариётчиларининг барчаси орасида “Осмондаги зотдан омондамисизлар?!” (Мулк, 16) каби оятлардаги Аллоҳнинг осмонда деб келган зоҳирий сўзларни аслида зоҳирий маънода эмаслиги борасида ҳеч қандай ихтилоф қилинмаган. Уларнинг ҳаммаларининг наздида бу хилдаги муташобеҳ сифатлар таъвил қилингандир!” (Қози Иёз. Икмол ал-муаллиф би-фавоиди Муслим. 2-жилд. – Миср: Дор ал-Вафо, 1998. – Б. 465).
Мазкур ижмоъни Имом ан-Нававий (631-676 ҳ./1233-1277 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳам “Шарҳ Саҳиҳи Муслим” асарида айнан такрорлаганлар (Имом ан-Нававий. Шарҳи Саҳиҳи Муслим. 5-жилд. – Миср: ал-Азҳар, 1929. – Б. 24).
Исломнинг энг таниқли икки олими моликий мазҳабли Қози Иёз раҳимаҳуллоҳ ва шофеъий мазҳабли Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ муташобеҳ сифатлар таъвил қилинганига ҳеч қандай ихтилоф ва инкор йўқ, мусулмонлар бу борада иттифоқдирлар, демоқдалар. Қаранг, ихтилофни кимлар қўзғаяпти? Албатта, ихтилофни ҳозирги давримизнинг ваҳҳобий-салафийлари қўзғаётганига, фитна эшигини очишаётганига энди амин бўлдингизми?!
Ҳозирги мақоламизда эса аҳли суннат ва жамоатнинг ана шу икки гуруҳга “тафвиз” ва “таъвил”га бўлинганларини исботламоқчимиз. Бунга буюк уламоларнинг фикрлари яққол далил бўлади:
1)Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ.
Абу Бакр Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ал-Байҳақий (384-458 ҳ./994-1066 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли муҳаддислардан бири. Мингга яқин асар ёзган, деган гаплар бор. Унинг энг машҳур асарлари “ас-Сунан ал-кубро”, “ас-Сунан ас-суғро”, “Маърифат ас-сунан ва-л-асор”, “Далоил ан-нубувват”, “ал-Одоб”, “Шуаб ал-имон” ва “ал-Асмо ва ас-сифот” кабилардир. Унинг “ал-Эътиқод ва ал-ҳидоят” номли асарларида бундай дейилган:
و أصحاب الحديث فيما ورد به الكتاب و السنّة من أمثال هذا و لم يتكلم أحد من الصحابة و التابعين فى تأويله على قسمين منهم من قبله و آمن به و لم يؤوّله و وكل علمه الى الله و نفى الكيفية و التشبيه عنه و منهم من قبله و آمن به و حمله على وجه يصحّ إستعماله فى اللغة و لا يناقض التوحيد
“Ҳадис асҳоблари Китоб ва Суннатда келтирилган бу хилдаги муташобеҳлар борасида саҳоба ва тобеъинлардан ҳеч ким гапирмаган. Уларнинг таъвили борасида икки гуруҳга бўлинганлар. Биринчилари, муташобеҳларни қабул қилганлар, уларга имон келтирганлар, уларни таъвил қилмаганлар. Балки, унинг илмини Аллоҳга топширганлар, кайфият ва ташбеҳни инкор қилганлар. Улардан баъзиси эса муташобеҳларни қабул қилганлар, уларга имон келтирганлар ва луғатда ишлатиш дуруст бўладиган ва тавҳидга зид келмайдиган жиҳатга ҳамл қилганлар” (Абу Бакр ал-Байҳақий. ал-Эътиқод ва ал-ҳидоят ила сабил ар-рашод. – Риёз: Дор ал-фазилат, 1999. – Б. 120).
Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг бу ерда: “луғатда ишлатиш дуруст бўладиган ва тавҳидга зид келмайдиган жиҳатга ҳамл қилганлар”, деган гаплари айнан таъвилнинг ўзгинасидир. Яъни, шариатга мувофиқ, Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг шаънига лойиқ қилиб, муташобеҳларни луғатга тескари келмайдиган маънода деб айтиш мумкин ва шу хилда таъвил қиладиганлар жамоаси мавжуд. Улар айнан аҳли суннат ва жамоатнинг асосини ташкил қилади.
2)Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ.
Муҳйиддин Яҳё ибн Шараф ан-Нававий (631-676 ҳ./1233-1277 м.) шофеъий мазҳаби олими, ҳадисшунос ва фақиҳи бўлиб, унинг “ал-Арбаъин” ва “ал-Азкор” асарлари ўзбек тилида нашр қилинган. У зот ҳам “Саҳиҳи Муслим”га ёзган шарҳининг бир неча ўринларида муташобеҳ сифатлар борасида аҳли суннат ва жамоат уламолари иккига бўлинишини зикр қилганлар:
إعلم أن لأهل العلم فى أحاديث الصفات و آيات الصفات قولين: أحدهما و هو مذهب معظم السلف أو كلهم أنه لا يتكلم فى معناها بل يقولون يجب علينا أن نؤمن بها و نعتقد لها معنى يليق بجلال الله تعالى و عظمته مع اعتقادنا الجازم أن الله تعالى ليس كمثله شئ و أنه منزه عن التجسم و الإنتقال و التحيز فى جهة و عن سائر صفات المخلوق و هذا القول هومذهب جماعة من المتكلمين و اختاره جماعة من محققيهم و هو أسلم و القول الثانى و هو مذهب معظم المتكلمين أنها تتأول على ما يليق بها على حسب مواقعها و انما يسوغ تأويلها لمن كان من أهله بان يكون عارفا بلسان العرب و قواعد الأصول و الفروع ذا رياضة فى العلم
“Билгинки, сифатлар айтилган ҳадислар ва оятлар тўғрисида аҳли илмларнинг икки қавли – гаплари (қарашлари, фикрлари) бор. Биринчиси, салафи солиҳларнинг катта қисми ёки барчасининг мазҳаби бўлиб, уларнинг маъносини гапирмайдилар. Балки, “Бизларга уларга имон келтиришимиз ва Аллоҳ таолонинг жалоли ва азаматига лойиқ бўладиган маънода деб эътиқод қилмоғимиз вожиб бўлади. Шу билан бирга, Аллоҳ таолони ҳеч нарсага ўхшамайди, у жисмланиш, кўчиш, бирор бир жиҳат-томонда бўлиш ва бошқа яралмишларнинг сифатларидан пок деб жазм билан эътиқод қиламиз”, дейдилар. Бу қавл мутакаллимлардан иборат бир жамоанинг ҳам мазҳабидир. Уни муҳаққиқ олимлар ихтиёр қилган бўлиб, у саломатлироқдир. Иккинчи қавл эса бу мутакаллимларнинг катта қисмининг мазҳаби бўлиб, улар Аллоҳ таолога лойиқ бўлган маънода ўз ўрнига қараб таъвил қиладилар. Шунга аҳл бўлган (олим) кимсага таъвил қилиш жоиз бўлади. У араб тилини, усул ва фуруъ қоидаларини билмоғи, илмда риёзат чеккан кимса бўлмоғи керак бўлади” (Имом ан-Нававий. Саҳиҳи Муслим би-шарҳ ан-Нававий. 3-жилд. – Миср: ал-Азҳар, 1930. – Б. 19).
Бу ерда Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ муташобеҳ сифатларни тушунишда аҳли суннат ва жамоатнинг икки мазҳаби борлигини аниқ қилиб айтганлар. Шу билан бирга, таъвил қилишнинг жоиз эканлигини ва у кимга жоиз бўлишини ҳам кўрсатиб берганлар. Замонамизнинг сохта салафийлари Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳни ҳам таъвил қилишни жоиз дегани ва таъвил қилувчиларни аҳли илм сифатида кўрсатиб ўтгани учун аҳли суннат ва жамоатдан оғишган деб айтадиларми?!
Бошқа ўринда Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
بيان إختلاف العلماء فيها على مذهبين أحدهما و هو قول جمهور السلف و طائفة من المتكلمين أنّه لا يتكلم فى تأويلها بل نؤمن أنها حق على ما أراد الله و لها معنى يليق بها و ظاهرها غير مراد و الثانى و هو قول جمهور المتكلمين أنها تتأول بحسب ما يليق بها
“Сифатлар борасида уламолар икки мазҳабда эканлигини баён этиш керак. Улардан биринчиси, салафи солиҳларнинг жумҳури ва мутакаллимларнинг бир жамоасининг гапи. Улар таъвил борасида бирор гап айтмайдилар, балки улар Аллоҳнинг ўзи хоҳлаганининг ҳақ эканлигига имон келтирамиз, Унга лойиқ маъноси бор, лекин зоҳири ирода қилинмаган, дейдилар. Иккинчиси, мутакаллимлар жумҳурининг гапи бўлиб, улар Аллоҳга лойиқ маънолар билан таъвил қиладилар” (Имом ан-Нававий. Саҳиҳи Муслим би-шарҳ ан-Нававий. 17-жилд. – Миср: ал-Азҳар, 1930. – Б. 182-183).
Демак, Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ томонидан ҳам аҳли суннат ва жамоат вакиллари олдинги давр уламолари ва кейинги давр уламолари “тафвиз” ва “таъвил” қилувчилар гуруҳига бўлиниши қайд қилинган. Ана энди, замонамиздаги ваҳҳобий-салафийлар таъвил қилувчиларни аҳли суннат ва жамоатдан ташқаридагилар деган сафсаталари билан Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳга ҳам қарши чиқаверадиларми?!
Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ мазкур асарининг яна бир жойида тафвиз қилувчиларни салафи солиҳинларнинг жумҳури (яъни, жуда кўпчилиги) ва айрим мутакаллимлар деб кўрсатган бўлсалар, айнан таъвил қилувчиларнинг мутакаллимлар мазҳаби ва салафи солиҳинлардан бир жамоасининг фикри деб айтганлар. Таъвил қилувчилар қаторида Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Авзоъий раҳимаҳуллоҳнинг номларини келтирганлар. Қаранг:
هذا الحديث من أحاديث الصفات و فيه مذهبان مشهوران للعلماء … و مختصرهما أن أحدهما و هو مذهب جمهور السلف و بعض المتكلمين أنه يؤمن بأنها حق على ما يليق بالله تعالى و أن ظاهرها المتعارف فى حقنا عير مارد و لا يتكلم فى تأويلها مع اعتقاد تنزيه الله تعالى عن صفات المخلوق و عن الإنتقال و الحركات و سائر سمات الخلق و الثانى مذهب أكثر المتكلمين و جماعات من السلف و هو محكى هنا عن مالك و الأوضاعى أنها تتاول على ما يليق بها بحسب مواطنها
“Бу ҳадис сифатлар ҳадиси бўлиб, бу борада уламолар орасида иккита машҳур мазҳаб мавжуд. Гапнинг қисқаси, улардан биринчиси салафи солиҳларнинг кўпчилигининг ва айрим мутакаллимларнинг мазҳаби. Уларга имон келтирилади, Аллоҳ таолога лойиқ бўлган маънода ҳақ дейилади. Уларнинг биз ҳақимиздаги зоҳирий маъноси мурод эмас. Аллоҳ таолони яралмишнинг сифатларидан, кўчиш, ҳаракатлар ва бошқа яралмиш аломатлардан пок деб эътиқод қилиш билан бирга унинг таъвили борасида гапирилмайди. Иккинчиси, аксар мутакаллимларнинг ва салафи солиҳларнинг бир жамоасининг мазҳабидир. У бу ерда Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ва ал-Авзоъий раҳимаҳуллоҳдан ҳам ҳикоя қилинган. Зотан, муташобеҳларни ўз ўринларига қараб лойиқ маъноларда таъвил қилинаверади” (Имом ан-Нававий. Саҳиҳи Муслим би-шарҳ ан-Нававий. 6-жилд. – Миср: ал-Азҳар, 1930. – Б. 36-37).
Ҳозирги сохта салафийлар муташобеҳ сифатларни таъвил қилишни жоиз деб туриб, таъвил қилиб берган Имом Молик раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Авзоъий раҳимаҳуллоҳни ва уларга эргашган кейинги давр олимларини аҳли суннат ва жамоатдан оғишган деб биладиларми?! Уларга таъна қиладиларми?! Ёки Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг бу хабарини оммадан яшириб, ҳаспўшлаб ўтаверадиларми?!
3)Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ.
Тақийуддин Муҳаммад ибн Али Ибн Дақиқ ал-Ийд (625-702 ҳ./1228-1302 м.) раҳимаҳуллоҳ Мисрнинг “Фозилия”, “Комилия”, “Дор ал-ҳадис” каби мадрасаларида дарс берганлар. Моликийлик ҳамда шофиъийлик мазҳаби фиқҳини яхши ўзлаштириб, шу икки мазҳаб фиқҳи бўйича дарс ва фатво берганлар. Айниқса, у ҳадисшунос сифатида жуда шуҳрат қозонган эди. Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ унинг оғзидан 20 та ҳадисни эшитганини фахр билан тилга олади. Яна бир шогирди Абулқосим Абдулғаффор ал-Мисрий раҳимаҳуллоҳ унинг сабоқлари асосида тўққизта ровий силсилаларидан иборат ҳадислар тўплами – “Тусоъийёт” тузган. Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ 695 йил, 18 жумодий ал-уло (1296 йил, 24 февраль)да Миср диёрларига қози ал-қузот (қозикалон) этиб таъйинланади. Шу лавозимда 8 йил фаолият олиб борганлар. Айни пайтда у муфтийлар раҳбари Шайх ал-ислом сифатида фатволар чиқариб турганлар. Унинг “ал-Илмом фий аҳодис ал-аҳком”, “ал-Иқтироҳ фий баён ал-истилоҳ” ва “Иҳком ал-аҳком” каби асарлари шуҳрат қозонган.
Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳуллоҳ у зотни “умри охирида аср олими бўлди” деганлар. Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ эса “Табақот аш-шофиъийа ал-кубро”да “Ибн Дақиқ ал-Ийднинг етти юзинчи аср бошида юборилган олим эканлиги борасида ҳеч бир машойихлар қаршилик қилмаган”, деганлар.
Хуллас, Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ “тафвиз ва таъвил” аҳли борасида бундай деганлар:
و نقول فى الألفاظ المشكلة إنها حق و صدق على الوجه الذى أراده و من أوّل شيئا منها فإن كان تأويله قريبا على ما يقتضيه لسان العرب و تفهمه فى مخاطبتها لم ننكر عليه و لم نبدعه و إن كان تأويله بعيدا توقفنا عنه و استبعدناه و رجعنا الى القاعدة فى الإيمان بمعناه مع التنزيه
“Мушкил (муташобеҳ) сўзлар борасида улар Аллоҳнинг Ўзи ирода қилган жиҳатга кўра ҳақ ва тўғри деб айтамиз. Улардан бирортасини таъвил қилган зотлар бўлган. Агар уларнинг таъвили араб тили тақозо қиладиган маъноларга яқин бўлса, уни ўзаро гап-сўзларимизда тушуниладиган бўлса, уларни инкор қилмаймиз ва уларни бидъатчига чиқармаймиз! Агар уларнинг таъвили узоқ бўлса, ундан тўхтаймиз, ундан узоқлашамиз. Имон ҳақидаги танзеҳ билан бўладиган маъноли қоидага қайтамиз” (Иқтибос бундан: аз-Заркаший. ал-Баҳр ал-муҳит. 3-жилд. – Кувайт: Дор ас-Сафва, 1992. – Б. 441).
Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ: “Агар таъвил тўғри йўл билан амалга оширилса, уни инкор қилмаймиз, уни айтганни бидъатчига чиқармаймиз”, демоқдалар. Салафий-ваҳҳобийлар эса ҳар бир водийда мушаббеҳларни тайёрламоқчи бўладилар ва аҳли суннат ва жамоатнинг таъвил қилувчи покиза зотларини инкор қилаверадилар, бидъатчига чиқараверадилар.
4)Бадриддин аз-Заркаший раҳимаҳуллоҳ.
Бадриддин Муҳаммад ибн Баҳодир аз-Заркаший (745-794 ҳ./1344-1392 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли шофеъий олими. Ўз даврида усул ал-фиқҳ соҳаси бўйича аъламларидан бири. У машҳур олим Ибн Касир раҳимаҳуллоҳнинг шогирди. Унинг “ал-Баҳр ал-муҳит” асари шуҳрат қозонган.
Бадриддин аз-Заркаший раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Бурҳон фий улум ал-Қуръон” номли асарларида “тафвиз ва таъвил” аҳли борасида бундай деганлар:
و قد إختلف الناس فى الوارد منها فى الآيات و الأحاديث على ثلاث فرق أحدها أنه لا مدخل للتأويل فيها بل تجرى على ظاهرها و لا يؤوّل شئ منها و هم المشبهة و الثانى أنّ لها تأويلا و لكن نمسك عنه مع تنزيه إعتقادنا عن الشبه و التعطيل و نقول لا يعلمه الا الله و هذا قول السلف و الثالث أنها مؤوّلة و أوّلوها على ما يليق به و الأوّل باطل و الأخيران منقولان عن الصحابة و ممن نقل عنه التأويل علىّ و ابن مسعود و ابن عبّاس و غيرهم
“Одамлар муташобеҳлар бўлиб келган оят ва ҳадислар борасида уч гуруҳга бўлинганлар. Улардан биринчиси, таъвил қилишга умуман йўл йўқ, унинг зоҳири олиниши керак, деганлар. Улардан бирортасини таъвил қилмаганлар. Улар мушаббиҳадирлар. Иккинчиси, таъвил қилиш бор, уларни ўхшатиш ва таътилдан эътиқодимизни асраган ҳолда уларни оламиз. Уларни Аллоҳдан ўзгаси билмайди, деймиз. Бу салафи солиҳинларнинг гаплари. Учинчиси, таъвил қилувчилардир. Аллоҳга лойиқ сўзлар билан уларни таъвил қилганлар. Булардан аввалгиси ботилдир. Охирги иккитаси эса саҳобалардан ҳам нақл қилинган… Таъвил қилиш нақл қилинган зотлардан Али, Ибн Масъуд, Ибн Аббос ва бошқа саҳобаларни келтириш мумкин” (Бадриддин аз-Заркаший. ал-Бурҳон фий улум ал-Қуръон. 2-жилд. – Қоҳира: Дор ат-Турос, 1984. – Б. 78-79).
Бадриддин аз-Заркаший раҳимаҳуллоҳнинг айни шу гаплари унинг “ал-Баҳр ал-муҳит” асарларида ҳам такрорланган (аз-Заркаший. ал-Баҳр ал-муҳит. 3-жилд. – Кувайт: Дор ас-Сафва, 1992. – Б. 439).
Таъвилни инкор қилувчилар, ашъарий ва мотуридийларни таъвил қилувчилар, деб ёмонлаётганлар саҳобалар ҳам таъвил қилганларини инкор қиладиларми?! Бадриддин аз-Заркаший раҳимаҳуллоҳ таъвилни ва таъвил қилувчиларни бу ерда ботил тоифаларга қарши қўйганлари учун уни ҳам ёмонлайдиларми?!
5)Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ.
Ислом оламининг энг машҳур алломаларидан бири, ўзларидан сўнг 600 га яқин асарлар мерос қолдирган баракали ижодкор олим, “Тафсири Жалолайн”нинг муаллифи Жалолиддин Абдураҳмон ибн Абу Бакр ас-Суютий (849-911 ҳ./1445-1505 м.) раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “ал-Итқон фий улум ал-Қуръон” асарларида аҳли суннат ва жамоатни “тафвиз ва таъвил”га бўлинишларини зикр қилганлар:
و جمهور اهل السنّة و منهم السلف و أهل الحديث على الإيمان بها و تفويض معناها المراد منها الى الله تعالى و لا نفسرها مع تنزيهنا له عن حقيقتها اى الذى هو ظاهر الألفاظ كالجوارح… و ذهبت طائفة من أهل السنّة الى أنّنا نؤولها على ما يليق بجلال الله تعالى و هذا مذهب الخلف
“Аҳли суннатнинг жумҳури – улар орасида салафи солиҳлар ва аҳли ҳадислар ҳам бор – муташобеҳларга имон келтириш, унинг маъноларини Аллоҳ таолога топшириш томондадирлар. Уларни тафсир қилмаймиз, уларни ҳақиқатидан, яъни, аъзоларга ўхшаш зоҳиридан поклаймиз, дейдилар. Аҳли суннатдан бир жамоаси эса уларни Аллоҳ таолонинг жалолига лойиқ бўладиган қилиб таъвил қилишга келишганлар. Улар халафларнинг – кейинги давр олимларининг мазҳабидир!” (Жалолиддин ас-Суютий. ал-Итқон фий улум ал-Қуръон. 2-жилд. – Қоҳира: Ҳижозий, 1910. – Б. 6).
Сиз Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг “аҳли суннатнинг жумҳури”, “аҳли суннатдан бир жамоаси” деган гапларига эътибор беринг. Бундан таъвил аҳлини аҳли суннатдан ташқари деётганлар, уларни инкор қилиб, ҳадеб таъна қилаётганлар қаерга кета ётганини билиб оласиз! Ҳолбуки, Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳнинг ўзлари ҳам кейинги давр уламоларидан бўлиб, таъвил қилувчилардан ҳисобланадилар. У зот таъвил қилувчиларни аҳли суннат ва жамоатдан демоқдалар, салафий-ваҳҳобийлар эса таъвил қилувчи ашъарий ва мотуридийларни аҳли суннат ва жамоатдан ташқари чиққанлар деб сафсата сотмоқдалар.
6)Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ
Саъдуддин Масъуд ибн Умар ат-Тафтазоний (712-793 ҳ./1322-1390 м.) раҳимаҳуллоҳ XV асрда Темурийлар салтанатидаги энг буюк ва энг таниқли алломаларидан бири ҳисобланади. Саъдуддин ат-Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ исломий илмлар ривожида калом илмига ҳам муносиб ҳисса қўшган бўлиб, ақидавий таълимотлари унинг иккита муҳим китобида – “Шарҳ ал-ақоид ан-насафия” ҳамда “Шарҳ ал-Мақосид” асарларида ўз аксини топган.
Муташобеҳ сифатларни “тафвиз” ва “таъвил” қилиш аҳли суннат ва жамоат таълимотининг икки йўналиши экани ҳақида Аллома Тафтазоний раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар:
و الادلة القطعية قائمة على التنزيهات فيجب ان يفوض علم النصوص الى الله تعالى على ما هو دأب السلف ايثارا للطريق الاسلم او يأول بتأويلات صحيحة على ما اختاره المتأخرون دفعا لمطاعن الجاهلين و جذبا لضبع القاصرين سلوكا للتسبيل الاحكم
“Қатъий далиллар Аллоҳ таолони поклашга бино қилинган. Демак, матнлардаги илмни Аллоҳ таолога топшириш вожиб бўлади. У салафи солиҳларнинг одати бўлиб, бу саломатлироқ йўлга ўзини топширишдир. Ёки саҳиҳ таъвиллар билан таъвил қилинади. Уни кейинги давр уламолари ихтиёр қилганлар. Бу жоҳилларнинг таъналарини дафъ қилиш ҳамда энг мустаҳкам йўлга тушиш мақсадида ноқисларнинг билагидан тортиш учундир” (Саъдуддин ат-Тафтазоний. Шарҳ ал-ақоид ан-насафия. – Лакнау: Шавкат ал-ислом, 1896. – Б. 34).
Ҳа, таъвил қилишнинг зарурати нима экан? Айнан жоҳилларнинг таъналарини дафъ қилиш, ноқисларнинг йўлини тўсиш учун экан. Бу борада ҳам уламолар барҳақ бўлиб, уларга таъна қилаётган жоҳил ва ноқис ваҳҳобий-салафийлар хато қилмоқдалар.
7)Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ
Али ал-қори ал-Ҳаравий ал-Маккий (ваф. 1014 ҳ./1606 м.) раҳимаҳуллоҳ таниқли ҳанафий олими, тадқиқотчи, ҳадисшунос. Ўзларидан юздан ортиқ асарлар мерос қолдирганлар. У зот ўзларининг “Мишкот ал-масобеҳ”га ёзган шарҳлари “Мирқот ал-мафотеҳ”да “тафвиз ва таъвил” аҳли ҳақида бундай деганлар:
و هى من المتشابهات و مذهب السلف فيها تفويض علمه الى الله تعالى مع التنزيه عن ظاهره و هو أسلم حذرا من ان يعين له غير مراد له تعالى … و مذهب الخلف فيها تأويله بما يليق بجلال الله تعالى و تنزيهه عن الجسم و الجهة و لوازمها … و هذا أعلم و أحكم اى يحتاج الى مزيد علم و حكمة حتى يطابق التأويل سياق ذلك النص و ليس المعنى أن مذهب الخلف أكثر علما فالمذهبان متفقان على التنزيه و إنما الخلاف فى أن الأولى ما ذا أهو التفويض ام التأويل و يمكن حمل الخلاف على إختلاف الزمان فكان التفويض فى زمان السلف أولى لسلامة صدورهم و عدم ظهور البدع فى زمانهم و التأويل فى زمان الخلف أولى لكثرة العوام و أخذهم بما يتبادر الى الأفهام و غلو المبتدعة بين الأنام
“У муташобеҳлардандир. У ҳақида салафи солиҳларнинг мазҳаби унинг илмини зоҳиридан тозалаш билан бирга Аллоҳ таолога топширишдир. У Аллоҳ таолонинг муродидан бошқани таъйин қилиб қўйишдан қочилгани учун саломатлироқдир. У ҳақида халафнинг мазҳаби уни Аллоҳ таолонинг жалолига лойиқ бўладиган сўз билан таъвил қилишдир ҳамда жисмдан, жиҳатдан ва унинг лозим бўладиган нарсаларидан поклашдир. У илмлироқ ва мустаҳкамроқдир. Яъни, таъвилни ушбу матннинг сиёқига мувофиқ қилингунча зиёда илмга ва ҳикматга муҳтож бўлинади. Бу ерда гап халафнинг – кейинги давр уламоларининг илми кўп деган маънода эмас, албатта. Демак, бу икки мазҳаб ҳам танзеҳга – ташбеҳ ва жисм деб изоҳлашдан узоқликда иттифоқдирлар. Бу ердаги турличалик тафвизнинг ёки таъвилнинг яхшироқ экани борасидадир. Турличаликни замоннинг ҳар хиллигига ҳам боғлаш мумкин бўлади. Шунда, тафвиз салафи солиҳларнинг замонида яхшироқ бўлгани маълум бўлади. Бу уларнинг қалблари саломат экани, уларнинг даврларида бидъатлар зоҳир бўлмагани билан боғлиқ. Таъвил эса халафлар – кейинги давр уламоларининг даврида яхшироқ бўлган. Чунки, авомнинг кўплиги, уларнинг фаҳмларига тез келган нарсани ушлаб олишларининг кўплиги ва одамлар орасида бидъатчи гуруҳларнинг ғулувга кетишлари бунга боғлиқдир” (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 150-151).
Бошқа ўринда эса Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ бундай ёзадилар:
و من ثمّ أختار بعض المحققين قبول التأويل إن قرب من اللفظ و احتمله وضعا و ردّه إن بعد عنه و الحاصل إنّ السلف و الخلف مؤولون لإجماعهم على صرف اللفظ عن ظاهره و لكن تأويل السلف إجمالى لتفويضهم الى الله تعالى و تأويل الخلف تفصيلى لإضطرارهم اليه لكثرة المبتدعين
“Шу жиҳатдан олиб қараганда, тадқиқотчиларнинг айримлари таъвилни қабул қилишни, агар сўз маъносига яқин ва бирор маънога мувофиқ бўлсагина ихтиёр қилганлар. Агар ундан узоқ бўлса, уни рад қилганлар. Хуллас, салафи солиҳлар ва халаф уламолари иккови ҳам таъвил қилувчилардир! Бу лафзни зоҳиридан буришга ижмоъ қилганлари учундир. Лекин, салафи солиҳларнинг таъвили Аллоҳ таолога тафвиз бўлгани учун ижмолий (мужмал)дир. Халаф уламоларининг таъвили эса унга бидъатчи гуруҳлар кўп мурожаат қилганлари учун тафсилий (батафсил)дир” (Али ал-қори. Мирқот ал-мафотиҳ. 1-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 1994. – Б. 280).
Демак, муҳаддислар жамоаси муташобеҳларни Аллоҳ таолонинг ўзигина биладиган маънода деган бўлсалар, мутакаллимлар жамоаси таъвил қилиш йўлидан борганлар. Инсонларнинг, хусусан, оддий одамларнинг фаҳм ва дунёқарашларига муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг маъноларини таъвил қилиб берилмаса, эътиқодларга путур етиб қолиши, ақидаларда тойиниш бўлиши эҳтимоли катталиги сабабли мутакаллимлар таъвил йўлини танлаганлар. Бу хилдаги муташобеҳларга айнан бидъатчилар кўпроқ мурожаат қилиб, одамларни адаштириш ва фитнага солиб қўйишининг олдини олиш мақсадида ҳам таъвил қилишга мажбур бўлганлар. Муҳаддисларнинг айримлари тавфиз билан таъвил йўлини биргаликда қўллаш тарафдори ҳам бўлганларини таъкидлаш жоиз. Улар икковининг орасини мувофиқлаштириб татбиқ қилишга ҳаракат қилганлар. Уларга кўра, муташобеҳларга маъно беришда такаллуфга, ортиқча маънолар излашга сабаб бўлмайдиган бўлинса, таъвил қилинади. Акс ҳолда, таъвилдан кўра тафвиз яхшироқдир.
Шундан келиб чиқиб, ҳанафийларнинг кейинги вакиллари барча халаф мутакаллимларига қўшилганлар. Жумладан, “ал-Ҳидоя”нинг энг яхши шарҳларидан бири “Фатҳ ал-қадир”ни битган Камолиддин ибн ал-Ҳумом (790-861 ҳ./1388-1457 м.) раҳимаҳуллоҳ кабилар таъвил қилишни ихтиёр қилганлар. У зот авомнинг фаҳмига халал етиб қоладиган бўлган тақдирда таъвил қилишни билдириб ўтганлар (Камол ибн Абу Шариф. Ал-Мусомара шарҳ ал-Мусойара. – Миср: Амирия, 1899. – Б. 33-36).
Албатта, таъвил йўлидан борилганда, таъвил қилинган муташобеҳнинг айнан маъноси худди шундай, деб қатъий фикр билдирилмайди, балки Аллоҳ таоло унинг ҳақиқатини билувчироқ, муташобеҳдан мурод шу бўлса керак, дейилади. Абу Шукур ас-Солимий (V ҳ./XI м. аср) раҳимаҳуллоҳ бу ҳақида бундай фикрларни билдириб ўтганлар:
فاما التأويل عند المعتزلة واجب و عند اهل السنة و الجماعة غير واجب و لكن يجوز ان يتأوّل المتشابه لانّ المشبهة اخذوا بظاهر الآية و قالوا بانّ الله تعالى صورة و يدا و اصبعا كسائر المخلوقات و اعتقدوا ذلك و ذلك كفر فيجوز التأويل عند تشبههم نفى الخطاء و زوال الشبهة و لكن لا نقول انّ المراد فيه ما ذكرنا من التأويل فيقول انّه يجوز ان يكون لذلك لكن لا يعلم تأويله فى الحقيقة الا الله
«Таъвилга келсак, мўътазилалар фикрича вожиб, аҳли суннат ва жамоат фикрича вожиб эмас. Лекин муташобеҳларни таъвил қилиш жоиз бўлади. Чунки, мушаббиҳалар оятнинг зоҳирини ушлаб олганлар ҳамда Аллоҳ таолонинг бошқа махлуқотлар каби сурати, қўли ва бармоғи бор, дейдилар ва шундай эътиқод қиладилар. Бу эса куфрдир! Демак, уларнинг хатоларини дафъ қилиш, шубҳаларини кетказиш ва ёпишиб олган фикрларини йўқотиш мақсадида таъвил қилиш жоиз бўлади. Лекин, муташобеҳдан биз таъвилда зикр қилганимиз мурод, дея олмаймиз. Мана шу маъно бўлиши мумкин, ҳақиқатда эса унинг таъвилини Аллоҳдан бошқа билмайди, деймиз, холос» (Абу Шукур ас-Солимий. ат-Тамҳид баён ат-тавҳид. – Самарқанд, 1908. – Б. 142).
ХУЛОСА
Аллоҳ таолонинг зотий ва феълий сифатлари билан бирга муташобеҳ деб аталган сифатларини ўрганишда аҳли суннат ва жамоат уламолари икки гуруҳга бўлинганлар. Биринчи гуруҳ уламоларига кўпчилик салафи солиҳинлар ва аҳли ҳадислар қўшилган бўлиб, улар “тафвиз” – яъни, маъно-мазмунини Аллоҳнинг ўзи билади, ўша сифатдан муродни Аллоҳ билади; шу билан бирга, зоҳир маъноси олинмайди, тафсир ва таржима қилинмайди, дейдилар. Иккинчи гуруҳ уламоларига кўпчилик мутакаллимлар ва кейинги давр уламоларининг аксарияти қўшилган бўлиб, улар “таъвил” – яъни, маъносини Аллоҳ таолонинг зоти ва жалолига муносиб луғат билан ифодалаш керак, дейдилар. Бу икки гуруҳга аҳли суннат ва жамоатнинг ашъарий ва мотуридийларининг ҳар иккисидан ҳам уламолар ажралганлар. Бироқ, замонамиз салафий-ваҳҳобийлари бу ҳақиқатни инкор қиладилар ва ўзларини салафи солиҳинларга қўшилгандек кўрсатиб, кейинги давр уламоларини айблаб, ашъарий ва мотуридийларни аҳли суннат ва жамоатдан эмас, деб даъво қиладилар. Аслида, уларнинг фикр ва қарашларини чуқур ўрганганимизда улар аҳли суннат ва жамоатнинг эмас, балки улардан оғишган ўтмишдаги бидъатчи гуруҳлар – мужассима ва мушаббиҳаларнинг фикр ва қарашларини давом қилдираётганига гувоҳ бўламиз. Уларнинг “таъвил қилиб бўмайди, таъвил қилувчилар аҳли суннат ва жамоатдан айрилганлар”, деган гаплари мутлақо бўҳтон бўлиб, биз уни юқорида етти нафар олимнинг фикрлари орқали исботлаб бердик. Таъвил қилиш эса исломдаги аҳли суннат ва жамоатнинг соф таълимотига эргашганларнинг иттифоғи ва ижмоъси эканини юқорида икки нафар олимнинг қайдлари орқали кўрсатиб ўтдик. Агар ваҳҳобий-салафийларнинг гаплари рост бўладиган бўлса, биз зикр қилган мана шу исломнинг энг буюк уламоларини ҳам адашганга чиқариш керак бўлади. Бу эса ўта даражадаги адашув ва туҳмат бўларди. Демак, асил аҳли суннат ва жамоатнинг аслини ташкил қилувчи ашъарий ва мотуридийликка таъна қилаётган анави ваҳҳобий-салафийлар аниқ адашув ва туҳмат соҳибларидирлар!
Ана энди муташобеҳларни таъвил қилган салафи солиҳин уламолари ҳамда кейинги давр уламоларининг уларга эргашганлигини айтиш қолди. Бу эса бошқа мақоламизнинг мавзуси, иншаАллоҳ.
Аллоҳ таоло салафий-ваҳҳобий мусулмон биродарларимизга инсофу тавфиқ берсин! Уларнинг бўҳтон ва туҳматларидан ашъарий ва мотуридий илм аҳлини Аллоҳнинг ўзи сақласин! Ҳеч бир мусулмонни асил ва ҳаққоний аҳли суннат ва жамоатдан айирмасин! Зотан, дунёда ўтган ва ҳозирги барча исломий гуруҳ ва оқимлар ўзларини аҳли суннат ва жамоатдан деб билади. Аҳли суннат ва жамоатда туришнинг шарти эса фиқҳда анъанавий тўрт мазҳаб – ҳанафий, моликий, шофеъий ва ҳанбалийга тақлид қилиб, эътиқодда ашъарий ва мотуридийни маҳкам ушлашдир. Буни унутманг!
Ҳамидуллоҳ Беруний.

