Ҳар бир мазҳабнинг қанча фақиҳи, муфтийси бўлса, уларнинг ҳаммаси ўзларининг фатво тўпламларини тузган дейилса, муболаға бўлмаса керак. Бинобарин, ҳанафийлик мазҳабидаги таниқли ва обрўли уламоларининг барчаси фатво тўпламлари тузган. Уларни бирма-бир зикр қилишнинг иложи йўқ. Бу ерда улардан айримларини зикр қилинади:
1)“Фатовойи Абу-л-Лайс” (Абу-л-Лайс фатволари). Абу-л-Лайс ал-Фақиҳ Наср ибн Муҳаммад ибн Иброҳим ас-Самарқандий (ваф. 393/1003) фатволар тўплами. Муаллиф асар муқаддимасида ўнга яқин фақиҳларнинг номларини тилга олиб, ўзининг “Уйун ал-масоил” (Масалалар булоғи) ҳамда “ан-Навозил” (Бошга тушган нарсалар) асарларида уларнинг фатволаридан фойдаланганини баён этган. Муаллиф фикрича, ҳодиса ва воқеалар тўхтамай содир бўлиб турганидан, янги-янги фатволарга эҳтиёж тушади. Бу икки асарда, ва умуман, барча фатво тўпламларидаги фатволар ҳамма ҳодиса ва воқеаларга жавоб бера олмайди. Бинобарин, янги-янги фатво тўпламларига муҳтожлик бўлаверади. Абу-л-Лайс ас-Самарқандий мазкур фатво тўпламида мана шундай янги ва тез-тез содир бўлиб турадиган воқеа ва ҳодисаларга жавоб тарзидаги фатволарни тўплашга ҳаракат қилган. Асар фалончига бундай савол тушди, у бундай деб фатво берди, тарзида тузилган. Ҳар бир масалага муаллиф “Фақиҳ бундай дейди” деб ўз фикрини билдириб кетган. Асарга фатво бериш ва олиш одоблари, жоҳил ҳамда бидъатчиларга раддия, ҳикоялар ва тарихий воқеалар каби боблар ҳам илова қилинган. Ҳикоя ва тарих бобида ҳанафий олимларининг ҳаётидан олинган лавҳалар, ҳанафий олимларининг номлари, вафоти ва таваллуд саналари ҳақидаги маълумотлар киритилган.
2)“Назм ал-фиқҳ” (Фиқҳ тартиби). Абу Али ал-Ҳасан ибн Яҳё ибн Али ибн Абдуллоҳ ал-Зиндависатий ал-Бухорий ал-Мубтағий ал-Ҳанафий (ваф. 400/1010) асари. Китоб мухтасар ҳолдаги фатво тўплами бўлиб, фатволар тартибли, “фалон масала мана шунча”, “фалончи бу масаланинг шунча эканини айтган” тарзида рақамлаб, сонма-сон баён этган. Масалан, таҳоратнинг суннати шунча, имомга эргашишнинг турлари бунча, закот шунча одамга фарз бўлади ва ҳоказо тарзда тузилганки, уни ўқиш ҳам, тушуниш ҳам анча осон. Афсуски, асар нашр этилмаган, ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида унинг 1805-1806 йилларда кўчирилган битта қўлёзма нусхаси сақланади.
3)“Хизонат ал-фатово” (Фатволар хазинаси). Фахруддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абу Бакр ал-Бухорий (ваф. 522/1128) асари бўлиб, у Заҳириддин Кабир Али ибн Абдулазиз ал-Марғиноний (ваф. 506/1112)нинг шогирди эканини асарининг “Закот китоби”да алоҳида тилга олган. Асар муқаддимасида муаллиф аввал ёзган “Мажмаъ ал-фатово” (Фатволар мажмуаси) асарини ҳамда олдин ўтган фақиҳларнинг 20 га яқин фатво тўпламларини тилга олиб, улардан истифода этган ҳолда катта-ю кичикнинг ҳифз қилиши ва мутолааси учун қисқа фатво тўплами тузаётганини билдирган. Асар одатдагидек “Китоб ат-таҳорат”дан бошланган ва “Китоб ал-Ҳийал” ҳамда “Адаб ал-муфтий” билан тугаган. Мазкур фатво тўплами ҳам нашр этилмаган. Қози Жакан ал-Ҳиндий (ваф. 920/1514) қаламига мансуб “Хизонат ал-фатово” номли асар бор. Ифтихориддин Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий (ваф. 542/1148) қаламига мансуб “Хизонат ал-фатово” номли асар VII жилд қилиб Деҳли ва Қоҳирада нашр этилган бўлиб, аслида у муаллифнинг “Хизонат ал-Воқеот” асари бўлса керак.
4)“Фатовойи Валволижиййа” (Валволижийликнинг фатволари). Абу-л-Фатҳ Абдуррашид ибн Абу Ҳанифа ибн Абдурраззоқ ибн Абдуллоҳ ал-Валволижий (1075-1145) асари. Ҳусомиддин Садр аш-шаҳид (1090-1151)ни муқаддимада тилга олиб, унинг фатволаридан энг муҳимларини олиб, қайта ишлаб янги фатво тўплами тузганини қайд этади. Асар “Намоз китоби”дан бошланган бўлиб, унга таҳорат масалалари ҳам киритилган. Мазкур фатво тўплами яна бир ҳанафий олими Абу-л-Макорим Исҳоқ ибн Абу Бакр ал-Валволижий (ваф. 710/1310)га нисбат қилинади.
5)“Хулосат ал-фатово” (Фатволар хулосаси). Итихориддин Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид ал-Бухорий (ваф. 542/1148) асари. Муаллиф муқаддимада ўзининг “Хизонат ал-Воқеот” (Воқеалар хазинаси) ҳамда “Китоб ан-Нисоб” асарлари асосида қисқартириб тузганини ёзади. Асарнинг ҳар бир китоб (боб)и аввалида шу китобдаги фасллар ва жинс (мавзу)ларни баён қилиб чиққан. Мазкур фатво тўплами 4 жилд (жуз)дан иборат бўлиб, биринчи жилдда 6 та, иккинчи ва учинчи жилдда 3 тадан, тўртинчи жилдда эса 35 китоб мавжуд. “Хулосат ал-фатово” Ҳиндистонда нашр этилган.
6)“ан-Нутаф фи-л-фатово” (Фатволар ҳақида қатралар). Шайх ал-ислом Абу-л-Ҳасан Али ибн ал-Ҳусайн ас-Сўғдий (ваф. 461/1069) асари. Мухтасар, қисқа иборалар билан тузилган, фатво тўпламларидан кўра фиқҳий матнларга ўхшаб кетадиган фатво тўплами. Унда ҳанафий фақиҳларининг фатволари нақл қилингани боис фатво тўпламлари қаторидан саналади. Асар икки жилд қилиб нашр этилган.
7)“Фатовойи Кубро” ва “Фатовойи Суғро” (Катта ва кичик фатволар). Абу Муҳаммад Ҳусомиддин Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Ҳусом аш-шаҳид ал-Бухорий (1090-1141) тузган катта-кичик фатволар тўплами. Мазкур икки асарни хоразмлик фақиҳ Жамол ал-аимма Нажмиддин Юсуф ибн Аҳмад ал-Хоразмий ал-Хосий (ваф. 634/1237) янада қисқартириб, қайта ишлаган. Буларнинг ҳеч қайсиси нашр этилган эмас. Улардан биттадан нусха ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида сақланади.
8)“Фатовойи Сирожиййа” (Чироқли фатволар). Абу-л-Ҳасан Сирожиддин Али ибн Усмон ал-Ўший ал-Мотуридий ал-Фарғоний (ваф. 575/1179) қаламига мансуб фатво тўплами. Кичик ҳажмли ушбу асарда бошқа китобларда учрамайдиган масалаларни қамраб олишга ҳаракат қилинган. Мазкур фатво тўплами 53 та китобдан иборат, ҳар бир китоб бир неча боб ва фасллардан таркиб топган. Ҳар бир китоб аввалида унинг боблари мундарижаси билдириб ўтилган. Унда мерос тақсимоти, ҳийлаи шаръийлар ҳақидаги мавзу билан бирга муфтий ва фатво сўровчининг одоби ҳақидаги китоб ҳам киритилган. “Адаб ал-муфтий” китобда илм ва фиқҳнинг фазилати, ҳанафийлик мазҳабидаги машҳур фақиҳлар ҳаётидан олинган лавҳалар, улар айтган дурдона фикрлар ҳам илова қилинган. Асар “Фатовойи Қозихон” билан бирга Калкутта ва Лакнауда нашр этилган. Яна “Фатовойи Сирожиййа” номли асар “Фароизи Сирожиййа”нинг муаллифи Абу Тоҳир Сирожиддин ас-Сижовандий (ваф. 596/1200)га ҳамда Қори ал-Ҳидоя лақаби билан шуҳрат қозонган Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Али ал-Киноний ал-Ҳусайний ал-Қоҳирий (ваф. 829/1426)га нисбат қилинган.
9)“Жавоҳир ал-Фатово” (Фатволар жавоҳири). Рукниддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Абу-л-Мафохир ибн Абдуррашид ибн Наср ал-Кирмоний (ваф. 577/1182) асари. Муаллиф китобини ёзишда устози Рукниддин Абу-л-Фазл Абдурраҳмон ибн Муҳаммад ал-Кирмоний (1064-1148)нинг тартибга солинмаган, паришон ҳолда сақланган фатволар тўпламини асос қилиб олган. Иш жараёнида муаллиф ўз даврининг кўзга кўринган фақиҳларидан бири Қози ал-қузот Жалолиддин (ёки Жамолиддин) ал-Мутаҳҳар ибн ал-Ҳусайн ибн Саъд ибн Али ибн Бундор ал-Яздий (ваф. 591/1194) билан маслаҳатлашиб турган. Шунинг учун асарнинг ҳар бир китобидаги аввалги боблари уларнинг фатволарига ажратилган. Мазкур фатво тўпламида ҳар бир китоб асосан олтита бобдан ташкил қилинган. Биринчи бобда Рукниддин Абу-л-Фазл ал-Кирмоний, иккинчи бобда Жамолиддин ал-Яздий, учинчи бобда Ато ибн Ҳамза ас-Саъдий (XI аср), тўртинчи бобда Нажмиддин Абу Ҳафс Умар ан-Насафий (1068-1142), бешинчи бобда Мажд аш-шариъа Абу Муҳаммад Сулаймон ибн ал-Ҳасан ал-Кирмоний (?), олтинчи бобда мутааххирин уламоларнинг фатволари ҳар бирининг номлари келтирилган ҳолда баён этилган. Агар китоб мавзуси ва ҳажми катта бўлса, боблар ҳам кўпайган ва уламоларнинг фатволари исмлари келтирилган ҳолда зикр этиб кетилаверган. Асар анъанага кўра “Таҳорат китоби”дан бошланган, у эътиқодлар ҳақидаги китоб билан тугаган, энг муҳими, асар Абу Ҳанифанинг маноқиби ҳақидаги боб билан якунланган. Мазкур фатво тўплами нашр этилмаган. Унинг Темурийлар даврининг машҳур қозиларидан бири Ихтиёриддин ибн Ғиёсиддин ал-Ҳиравий 889 йилда китобат қилган ноёб қўёзма нусхаси (ва яна учта нусхаси) ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида сақланади.
10)“Фатовойи Аттобиййа” (Аттобликнинг фатволари). Ушбу фатво тўпламининг бошқа номлари “Жавомеъ ал-фиқҳ” (Фиқҳ тўпламлари) ва “Жомеъ ал-фиқҳ” (Фиқҳ тўплами) ҳам деб аталади. Унинг муаллифи Зайниддин Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар ал-Аттобий ал-Бухорий (ваф. 586/1190). “Кашф аз-зунун” (Гумонларни очиш)да унинг тўрт жилддан иборат экани айтилган. Муаллиф асари муқаддимасида ҳодиса ва воқеаларда эҳтиёж тушадиган масалаларни йиғишга ҳаракат қилганини баён этган ва 30 нафарга яқин ҳанафий фақиҳларининг номларини тилга олиб, уларнинг фатволаридан фойдаланганини, истифода асносида уларнинг фақат номлари ёки нисбаларини зикр қилиб кетганини қайд қилган. Мазкур фатво тўплами ҳам ҳанузгача нашр этилмаган.
11)“Фатовойи Қозихон” (Қозихоннинг фатволари). Уни манбаларда “Фатовойи Хониййа” ёки қисқача “ал-Хониййа” номлари билан ҳам зикр этилади. Унинг муаллифи Фахриддин Қозихон Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд ал-Ўзжандий (ваф. 592/1196)дир. Унда воқеъликда кўп содир бўладиган масалалар тўпланган. Асар “Фатовойи Сирожиййа” ҳамда “Фатовойи Оламгириййа” билан биргаликда нашр этилган. Асарнинг муқаддима қисмида фатво олиш одоблари, расм-русумларига тўхтаб ўтилган.
12)“Фатовойи Динорий” (Динорийнинг фатволари). Абу Наср Алоуддин Абдулкарим ибн Юсуф ибн Муҳаммад ибн Аббос ал-Динорий (1123-1197) асари бўлиб, Динор Астробод яқинидаги шаҳарча номига нисбатдир. Мазкур асар ҳанафийлик фиқҳидаги энг қадимий форс тилидаги фатво тўпламларидан биридир. Асарда муаллиф “Навозил” ва “Воқеот” масалаларини форс тилида жамлашга киришганини ва унга “Уъжубат ал-фатово” деб ном қўйганини қайд қилган. Аввалига асар муаллифга келган саволларга жавоблар тарзида, китоб, боб ва фаслларга ажратилмасдан тузилган. Кейинчалик уни 40 та китоб ва ички жинсларга ажратиб, муаллифнинг ўзи уни “ал-Мутажонис мин Уъжубат ал-фатово” (Ажабланарли фатволардан ҳамжинслари) деб номлаган. Мазкур фатво тўплами “суила” (сўралди), “ужоба” (жавоб берилди) тарзида савол-жавоб тарзида тартибга солинган. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида мазкур фатво тўпламининг учта нусхаси бўлиб, (иккитаси XVI асрда кўчирилган) муаллиф номи негадир Алоуддин Абу Бакр ал-Ҳусайн ибн ал-Ҳасан ал-Ахсикатий ас-Самарқандий ад-Динорий деб берилган.
13)“Фатовойи Темуртоший” (Темуртошийнинг фатволари). Абу-л-Аббос Заҳириддин Аҳмад ибн Исмоил ибн Муҳаммад ат-Темуртоший ал-Хоразмий (ваф. 601/1205) асари. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида унинг қўлёзма нусхаси мавжуд. Мазкур фатво тўплами ҳам нашр қилинмаган.
14)“Захират ал-фатово” (Фатволар захираси). Бурҳониддин Садр ад-ислом Маҳмуд ал-Бухорий (1156-1219) асари бўлиб, “Захират ал-бурҳониййа фи-л-фатово” номи билан ҳам юритилади. Муаллиф буни ўзининг катта ҳажмли “Муҳит ал-Бурҳоний” асаридан қисқартириб тузган, бунинг ўзи ҳам икки жилддан иборат. Муаллиф ушбу асарида наводир масалалари ва ундан кейинги эътиборли фатволарни тўпламшга ҳаракат қилган. Мазкур фатво тўплами нашр этилмаган, ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида унинг Темурийлар даврида китобат қилинган ноёб нусхалари мавжуд.
15)“Татиммат ал-фатово” (Фатволар тугалланмаси). Бурҳониддин Садр ад-ислом Маҳмуд ал-Бухорий (1156-1219) асари. Уни “Таммат ал-фатово” ҳам дейилади. Асар фиқҳ соҳасида муҳим бўлган бўлимлар: таҳорат, намоз, закот, ҳаж, никоҳ, талоқ, байъ ва зиёрат ал-қубурга оид фатволар мажмуасидан иборат. “Кашф аз-зунун”да айтилишича, мазкур асар аслида Ҳусом аш-шаҳид (1090-1141) қаламига мансуб бўлиб, мавзуларга, китоб ва бобларга ажратилмаган бўлган. У кейинчалик номаълум кимса томонидан чала тартибга солинган. Садр ал-ислом уни бирма-бир тузатиб, тартибга солган, янги мавзулар ва масалалар қўшиб қайта ишлаган. Мазкур фатво тўплами нашр қилинмаган.
16)“Фатовойи Заҳириййа” (Заҳириддиннинг фатволари). Заҳириддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар ал-Бухорий (ваф. 619/1222) асари. У Бухорода муҳтасиблик қилган таниқли ҳанафий олимидир. У Заҳириддин Абу-л-Маҳосин ал-Ҳасан ибн Али ал-Марғиноний (XII аср)нинг шогирдларидан бўлиб, унинг ҳам фатво тўплами мавжуд. Бироқ, Заҳириддин ал-Бухорийнинг фатво тўплами машҳурроқ ва “Фатовойи Заҳириййа” номи билан шуҳрат топган. Унда Заҳириддин ал-Марғиноний ва унинг отаси Заҳириддин Кабир номи билан танилган Али ибн Абдулазиз ал-Марғиноний (ваф. 506/1112) номлари ҳурмат билан тилга олинган. “Фатовойи Заҳириййа”нинг муқаддимаси илмнинг фазилати ҳақидаги иборалар билан бошланган: “Илмнинг фазилати махфий бўлмаган фазилатдир, жаҳолатнинг разолати эса инкор қилинмайди. Илмга эга бўлган кимса олий даражаларга эришади. Жаҳолат билан эса пасткаш жарликларга қараб кетилади. Илмнинг навлари ва синфлар жуда кўп. Уларнинг ичида энг кўп учрайдиганлари иложсиз фиқҳга муҳтож бўлади. Аллоҳ фиқҳ билан қадрли қилган кимсага кўп яхшилик берган бўлади…”. Асардаги ҳар бир китоб аввалида бу китоб нечта боб ёки фаслдан иборат экани, уларнинг номлари бирма-бир зикр қилинган. Китоблар гоҳида қисм, навъ ва муқаттаъот номли бўлимларга ҳам ажратилган. Фатво тўплами “Фароиз китоби” билан тугаган.
17)“Ятимат ад-даҳр фий фатово аҳл ал-аср” (Аср аҳолисининг фатволарида замона ягонаси). Алоуддин Абдурраҳим ибн Умар ибн Абдуллоҳ (Муҳаммад) ат-Таржумоний (ваф. 645/1247) асари. Мазкур фатво тўплами 33 китобдан иборат бўлиб, савол-жавоб тарзида тузилган. Муаллиф асар муқаддимасида ўз отаси Умар ибн Муҳаммад ат-Таржумоний ва бошқа ўндан ортиқ таниқли ҳанафий фақиҳларининг номларини тилга олиб, уларнинг фатволаридан фойдаланганини баён этади. Айниқса, “Воқеот” масалаларидан кўпроқ фойдаланганини зикр қилган. Фиқҳий масалалар кимлардан сўралгани, улар қандай жавоб берганлари ёзилгандан сўнг муаллиф ўз фикрини ҳам бериб кетган ва жавобларга ўзининг муносабатини ҳам билдирган. Мазкур фатво тўплами нашр қилинмаган. Фиқҳий манбаларда уни қисқача “Ятима” ёки “Ятимат ал-фатово” ҳам дейилади. Мазкур асарни хоразмлик Алоуддин Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Хоразмий ат-Таржумоний ал-Маккий (1197-1257) ҳам нисбат берилган.
18)“Фатовойи Таторхониййа” (Таторхоннинг фатволари). Фаридиддин Олим ибн ал-Аъло ал-Ҳанафий (ваф. 786/1384) асари бўлиб, Ферузшоҳ Туғлуқ (1351-1388) даврида унинг ташвиқоти билан битилган ва унинг амирларидан бири Таторхонга бағишланган. Мазкур фатво тўплами 777/1375-76 йилда ёзиб тугатилган бўлиб, уни “Зод ал-мусофир” (Мусофир тўшаси) ёки “Зод ас-сафар” ҳам дейилади. “ал-Ҳидоя” каби китоб ва бобларга бўлинган бўлиб, унда “Муҳит ал-Бурҳоний”, “Захират ал-Бурҳониййа”, “Фатовойи Қозихон”, “Фатовойи Заҳириййа” китобларидаги масалаларни тўплашга ҳаракат қилинган.
19)“Фатовойи Баззозиййа” (Баззознинг фатволари). Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Кардарий ал-Баззозий ал-Хоразмий (ваф. 827/1424) қаламига мансуб ушбу фатволар тўпламининг яна бир номи “Жомеъ ал-Важиз” (Мўжаз тўмлам) ва “Фатовойи Кардарий” (Кардарликнинг фатволари)дир. Муаллиф уни 812/1409 йилда ёзиб тугатган, унда воқеот ва фатово жанрларида келтирилган масалаларнинг энг муҳимларини 52 та китобда жамлашга ҳаракат қилган. Бошқа мазҳаб фикрлари ва мазҳаб масалаларининг далилларига тўхталиб ўтирмаган. Қозон, Булоқ ва Қоҳирада нашр этилган.
20)“Фатовойи Шайбоний” (Шайбонийнинг фатволари). Али ибн Муҳаммад Али ибн Али ибн Маҳмуд ал-Мухторий ал-Кубровий ал-Хоразмий (XVI аср) асари бўлиб, муаллиф уни Шайбонийхон (1500-1510)га бағишлаб 1496 йилларда ёза бошлаган. Ҳанафийлик фиқҳига оид ушбу фатво асари араб тилида ёзилган бўлиб, 43 та китобга бўлинган. Асарнинг ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида 15 га яқин нусхалари бор ва улар илмий тавсиф этилган. Улардан иккита нусха автограф эканлиги тахмин этилган. “Фатовойи Шайбоний” асарининг 960/1553 йилда Муҳаммад Темур номли котиб кўчирган нусхасида муаллиф шу йили Тошкент ҳокими Наврўз Аҳмад (1544-1552) саройига борганлиги қайд этилади (СВР. VIII, 5858). Демак, у XVI асрнинг 50 йиллар охирида вафот этган. Муаллиф кейинчалик “Фатовойи Шайбоний”нинг қисқа вариантини яратади, у “Фатовойи Алиййа” (Алининг фатволари) деб аталган бўлиб, Убайдуллоҳхон (1487-1540)га бағишлаган.
21)“Фатовойи Зайниййа” (Зайниддиннинг фатволари). Зайниддин (Зайн ал-обидин) ибн Нужайм ал-Мисрий (1519-1563) асари бўлиб, у машҳур “Баҳр ар-роиқ”нинг муаллифи ҳамдир. Мазкур фатво тўпламини унинг ўғли Аҳмад тартибга солган. Асар “Фатовойи Ғиёсиййа” (Ғиёсиддиннинг фатволари) билан биргаликда Булоқда 1322 йилда нашр этилган.
22)“Фатовойи Хайриййа” (Хайрли фатволар). Хайриддин ибн Аҳмад ибн Али ал-Айюбий ар-Рамлий (1585-1671) асари бўлиб, тўла номи “Фатовойи Хайриййа фий нафъ ал-бариййа” деб аталган. Икки жилдли ушбу фатво тўплами муаллифнинг ўғли ва шогирди томонидан тартибга солинган. Асар Булоқ, Истанбул ва Қоҳирада бир неча мартадан нашр этилган.
23)“Фатовойи Оламгириййа” (Оламгирнинг фатволари). Унинг яна бир номи “Фатавойи Ҳиндиййа” бўлиб, Бобурийлар (1526-1858) сулоласи вакили Аврангзеб Оламгир (1659-1707) буйруғига биноан бир гуруҳ салоҳиятли фақиҳлар томонидан ёзилган ва унинг шахсий назорати остида тугатилган[1]. Мазкур йирик ҳажмли фатво тўплами 1663-1670 йиллар (айримлар фикрича, 1682-1690 йиллар)да Низомиддин Бурҳонпурий (Шайх Низом) раҳбарлигида 40 нафарга яқин олимлар гуруҳи томонидан тайёрланган. Тўпламни яратишда тўрт гуруҳга бўлиниб ишланган: аввалги тўртдан бирига Шайх Важиҳиддин, иккинчи қисмига Шайх Жалолиддин, учинчи қисмига Қози Муҳаммад Ҳасан, охирги бўлагига Мулла Ҳамид Жунпурий бошчилик қилган ва Шайх Низом раҳбарлиги ва муҳаррирлигида муваффақиятли тугатилган.
“Фатовойи Оламгириййа” қозилик ишларини бажариш ва давлатни бошқариш учун асосий қонун ўрнида ишлатилган. Мазкур асар урду тилига ҳам таржима этилган бўлиб, у 1889 йилда Лакнауда нашр этилган. “Фатовойи Оламгириййа” Ҳиндистонда, Байрутда бир неча марта нашр қилинган.
24)“Уқуд ад-дурриййа ли-танқиҳ ал-Фатовойи Ҳомидиййа” (Ҳомиднинг фатволарини поклаш учун дурли маржон). Ибн Обидин (1783-1836) асари бўлиб, у Ҳомид ибн Али ибн Иброҳим ал-Имодий ад-Димишқий (1692-1757) қаламига мансуб, 1725-1742 йилларда 18 йил Шомда қозилик қилган вақтда тушган саволларга жавобан яратган “Фатовойи Ҳомидиййа” асарининг тузатилган қайта ишланган варианти ҳисобланади. “Уқуд ад-дурриййа” Булоқ ва Қоҳирада нашр этилган.
25)“Мажмуат ал-фатово” (Фатволар мажмуаси). Абдулҳайй ибн Абдулҳалим ал-Лакнавий (1847-1886) асари. Мазкур фатво тўплами муаллиф муфтий бўлиб турганида тушган саволларга жавоб сифатида тузилган бўлиб, савол арабча бўлса араб тилида, урдуча бўлса урду тилида, форсча бўлса форс тилида фатво берилган. Айрим фатволарнинг аниқлиги учун бошқа уламо ва фақиҳлардан тақризлар олингани мазкур фатво тўпламининг аҳамиятини оширади. Фатволар машҳур ҳанафий олимлари ва уларнинг асарлари асосида ёзилган бўлиб, аксар ўринларда ҳар бирининг Қуръон ва ҳадисдан далиллари ҳам келтирилган. Уч жуз қилиниб алоҳида ва қисқартирилиб “Хулосат ал-фатово” ҳошиясида Ҳиндистонда нашр этилган.
[1] Муҳаммад Мустаъидхон Соқий. Маъосири Оламгирий (Оламгирнинг хайрли ишлари) / Форс тилидан таржима, луғат ва изоҳлар муаллифи: И.Низомиддинов. – Т.: Мовароуннаҳр, 2013. – Б. 414-415.
Ҳамидуллоҳ Беруний

