Порнографиянинг ҳукми ва ҳизбнинг баъзи шубҳаларига раддия

Lotin alifbosida

pornografiyaning-hukmi-va-hizbning-bazi-shubhalariga-raddiyaШаҳвоний ҳирсни уйғотиб, кишини фитна сари олға бошловчи беҳаё фильм ва расмларнинг шаръий ҳукмини тўғри топишда соғлом табиатнинг ўзи кифоя қилса керак. Ҳа, бу учун алоҳида ўтириб китоб титишга ҳожат йўқ. Ҳарқалай, биз шундай ўйлардик. Не таъажжубки, ўзларини диндор деб ҳисобловчи тоифалар орасида бу масаланинг ҳукмини “мубоҳ” деб тасаввур қилувчилар ҳам йўқ эмас экан. Назарнинг бу каби бузуқ турига рухсат берувчи тоифа ўзларини Ҳизбут-таҳрир деб атайдилар. Порнография жанрда суратга олинган, шарманда фильмларни мубоҳ деган бу тоифа ўзларига асосан ҳанафий мазҳабидан далил топганларини айтиб, катта кетишлари эса биз каби ҳанафийларни янада ҳайратлантиради.

Ҳанафий мазҳабининг хос бир масаласи бўлиб у “Эркак киши ажнабий аёлнинг фаржига тикилганда мусоҳара ҳурматининг собит бўлиши”дир.  Яъни: бирон эр ўзга аёлнинг фаржига қараса орада мусоҳара ҳурмати собит бўлиб, у эр ўша аёлнинг қизига уйланиши шариат нуқтаи назаридан ҳаром бўлади. Бу масала фақат ҳанафий мазҳабида бўлиб қолган уч мазҳаб мужтаҳидлари бу фикрга қўшилмаган.

Ибн Ҳумом Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ “Фатҳул-қадир”ни шарҳида шундай дейди:

«Аёлнинг фаржига ойна ортидан қарашлик мусоҳара ҳурматини собит қилувчидир. Ойнадан аксини кўриш эса ундай эмас. Агар эркак киши сув остида бўлса, ўша ердан қараб аёл фаржини кўрса ҳаромлик собит бўлади. Лекин аёл сув четида бўлиб, унинг акси сувга тушиб турган ҳолида бирон эркак унинг сувдаги аксини кўрса, бундай назар никоҳни ҳаром қилмайди”.

Яланғоч суратга тикилишни мубоҳ деган ҳизбчилар ибн Ҳумом Ҳанафийнинг юқорида келтирилган матндаги “Ҳаром қилмайди” деган иборасини ўзларига далил қиладилар. Уларнинг хулосаси қуйидагича:

“авратнинг аксига назар қилиш томошабин билан тамошо қилинувчи аёл ўртасида мусоҳара ҳурматини собит қилмас эканми?! Демак, аксга тикилиш ҳам ҳаром эмас экан. Бундан чиқди телевизорда яланғоч аёлларни тамошо қилишимиз ҳам мубоҳ экан”.

Бу мантиқий хулоса фақат ҳизбчиларнинг ботил хулосаси бўлиб, бундай бемани фатвони ҳизбут-таҳрирчилардан бошқа ҳеч ким айтган эмас.

Уларнинг таҳлилига диққат қилинса хулосалари асоссиз экани намоён бўлади. Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ юқоридаги иборада бир-бирига никоҳи ҳалол бўлган эр ва аёл орасида мусоҳара ҳурмати собит бўлиши ҳақида гапирган. У ерда бегона аёлнинг авратини тамошо қилишнинг ҳаром ёки мубоҳ экани тўғрисида ҳеч қандай гап йўқ. У кишининг иборасидан шундай маънони олиш тўғрироқ бўлади:

“мусоҳара йўли билан никоҳ ҳаром бўлиши учун кучли далил талаб қилинади. Аниқ ва равшан ҳолда аёлнинг фаржига назар қилинса мусоҳара ҳурмати собит деймиз. Аммо фаржнинг ўзига эмас балки унинг аксига назар қилинса масалан тошойна ёки телевизорда, бу ҳолатда асли ҳалол бўлган никоҳни ҳаром деб ҳукм қила олмаймиз. Балки никоҳни ўз ҳолича,  яъни ҳалоллигича қолдирамиз. Ибн Ҳумомнинг иборасидан фақат шу тушунчани олиш мумкин холос!

Бироқ, ҳизбут таҳрир “фақиҳлари” ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳнинг иборасини асл йўналишидан бошқа тарафга буриб юбордилар ва ўз райларига мослаб ахлоқсиз фатво чиқардилар. Ўз навбатида нафси ғолиб шаҳват қулларига, нафслари хоҳлаган нарсаларни бемалол тамошо қилишлари учун каттагина йўл очиб бердилар.

Шофеъий фуқаҳоларининг баъзи сўзларида ҳам Ҳизбут-таҳрирга далил бўлиш шубҳаси бор айрим қавллар бор. Масалан, “Минҳожут-толибин”нинг шарҳига ёзилган Қолюбий хошиясида шундай келтирилади:

“Назар деганда ойна ортидан, юпқа кийим ортидан ва тиниқ сувдан туриб амалга оширилган назарларни ҳам тушунилади. (яъни ҳукми бир хил). Расмга назар қилиш, ёки тошойнадан кўриш унга кирмайди. ( яъни истилоҳий назар ҳисобланмайди.) Демак, акс ёки расмга қарашлик агарча шаҳват билан бўлса ҳам ҳаром бўлмайди. (3ж/209-Б).

Бу иборалар ҳам ташқаридан қаралганда фаҳш фильмларни кўриш мубоҳлигини кўрсатади. Аммо мавзуга жиддий ёндошилса хақиқат намоён бўлади:

Биринчидан, бу гап “никоҳ боби”да совчилар ёки куёв “келинни текшириб олиш” хақидаги масала тафсилотида келтириб ўтилган. Сиёқул каломдан келиб чиқиб айтиш мумкинки: “куёв, бўлажак турмуш ўртоғини текшириб олиш учун, унинг суратига агарча шаҳватдан омон бўлмаса ҳам, назар қилишига рухсат берилади” бу масалани умумийлаштиришиб ‘барча эркак аёллар суратини тамошо қилиши мубоҳ” деб хулоса ясашлик қўпол хато бўлади. Зотан авратга қарашни мубоҳ қилувчи узрлар ичида “Келинни текшириб олиш зарурати” ҳам фуқаҳолар томондан алоҳида айтиб ўтилган.

Иккинчидан, бу масала омматан шофеъий мазҳабининг қарори ҳам эмас. Балки айрим имомларига мансуб холос.

Ундан кейин авратнинг аслига қараш ҳаром эканини кўрсатиб турувчи шаръий ҳужжатлар авратнинг аксига тикилишни ҳам ҳаром эканини яққол кўрсатиб турибди:

1-) Аллоҳ таоло Нур сураси 30-31 оятларида мўмин ва мўминаларга қараши ҳаром қилинган нарсаларга тикилишни тақиқлаб, кўзни тийишга амр қилди. Ҳаром қилинган нарсага юзма-юз ва ёки ойна ортидан назар қилишни бир-биридан ҳеч қандай фарқи йўқ. Шунингдек, авратнинг ҳақиқати билан сурати ҳам уламолар тарафидан фарқланган эмас. Зотан, фуқаҳоларнинг бирортаси авратга назар қилиш ҳаромлиги бобида ҳақиқат ва суратни орасини фарқлаб, авратни айни ўзига қараш ҳаром, суратига қараш мубоҳ деган гапни келтирган эмаслар. Шундай экан, авратларга тикилишнинг бари бирдек ҳаромдир. Авратни айнан ўзими ва ё суратими, аҳамияти йўқ. Яна шу ҳам борки, яланғоч аёлнинг суратига назар қилган кимсага ҳеч бир истилоҳда “Аллоҳ амр қилганидек кўзини ҳаромдан тийди” дейилмайди-ку?!

2-) Муайян авратлардан бошқа аъзоларга назар қилишнинг ҳаром-ҳалоллигини аниқлашда фитналаниш омили ўлароқ, шаҳвоний ҳирс асосий сабаб вазифасини ўтайди. Яъни шаръий авратларга назар қилиш мутлақо ҳаромдир. Масалан бегона аёлнинг болдирини тамошо қилмоқ ҳар қайси ҳолда ҳаромдир. Хоҳ у шаҳвоний назар бўлсин ёки оддий назар. Лекин унинг юзи ва кафтига оддий назар мубоҳ, шаҳвоний назари эса ҳаромдир. Шунингдек, ёш ҳуш сурат йигитларда ҳам шу қоида. Шаҳвоний назар ҳаром, оддий назар мубоҳ.
Энди фаҳш фильм ёки суратлар аслида инсоннинг айни эмас, балки акси бўлсада уни тамошо қилувчиларнинг деярли 98% фоизи шаҳват билан кўрадилар. Фильмни тамошо қилиш жараёнида шаҳвоний ҳирс қўзғалиб фитналаниш эҳтимоли юқорилаша бошлайди. Аврат бўлмаган аъзоларга шаҳвоний ҳирс билан назар қилиш ҳаром бўлса-ю авратларнинг фотосуратларига шаҳват ва лаззат билан тикилиш қанақасига мубоҳ бўлсин?!

3-) Аллоҳ таоло Нур сураси 31-оятининг ушбу: “Зийнатларини кўрсатмасинлар, магар эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ака-укаларига ё ака-укаларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё аёлларига” деган қисмида муслима аёллар зийнатларини кўрсатиш мубоҳ бўлган маҳрамларни баён қилди. Санаб ўтилган маҳрамлар ичидан оятнинг келтирилган қисмида сўннги турган маҳрам  яъни “аёлларига” сўзига этиборингизни жалб қиламиз:

Тафсири Ибн Касирда келтирилишича, муслима аёллар ўз зийнатларини ўзлари каби муслима аёлларга кўрсатишлари мубоҳ.  яъни улардан беркитиши вожиб эмас. Бироқ ғайридин аёлларга эса кўрсатишлари ҳаромдир. Чунки ғайридин аёллар муслималарнинг авратларини кўриб, уни ўз эрларига тавсиф қилиб беришларини олдини олиш мақсадида уларга авратни кўрсатиш тақиқлаб қўйилди. Бегона аёлларнинг авратига тикилиш умуман яхши иш бўлмасада, кофир аёлларга нисбатан бу ҳукм қаттиқроқ олинди. Чунки муслималар аёлларни зийнатига қараш мубоҳ эканини билсаларда бу амалдан ўзларини тиядилар. Аммо кофиралар эса ундай эмас.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Аёл киши аёл киши билан (бир-бирига бир кийимда) юзланмасин . Бас, эрига тавсифлаб беради. У эса гўёки уни (ҳаёлида) кўриб туради”. (Бухорий, Муслим).

Яъни, бирор аёл бошқа бир аёлнинг бадани, авратини тамошо қилиб уни ўз эрига гапириб берса, эр ҳаёлида ўша аёлни тасаввур қилиб худди уни кўриб тургандек нафсоний ҳузур қилади. Худди шу ҳаёлий тасаввурни раво кўрмаган Расулуллоҳ уни олдини олиш мақсадида икки аёл бир-бирининг авратига қарамасин—демоқдалар.

Айтмоқчимизки, аёл аёл билан ёлғиз қолишини тақиқловчи сабаб бу уларнинг эрларида воқе бўлиши мумкин бўлган ҳаёлий тасаввурдир. Демак эркак киши бегона аёлнинг бевосита авратига тикилиши у ёқда турсин, ҳатто бегона аёлнинг гавдасини тассаввур қилиб, ҳаёлида тамошо қилиши ҳам ҳаром ҳисобланади.

Энди бир мулоҳаза қилайлик! Телевизор ёки мобиль телефонимизда яланғоч аёлларнинг суратини тамошо қилганимизда биз нималарни тасаввур қиламиз?! Техник имконияти жуда юқори бўлган расмга олиш асбоблари бизга фоҳишаларни бадани ва авратларини қай даражада тасвирлаб, кўз олдимизга келтириб беради?! Бир аёл иккинчи аёлни аврат, баданини оғзаки сифатлаб бергани қаерда-ю телевизор экаранининг тасвири қаерда? Бугунги аср техникаси ҳатто инсон кўзи илғамаган нарсаларни ҳам жуда чиройли тасвирлаб бера олади. Ва ҳолбуки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оғзаки сифатлашга рухсат бермадилар. Расмга олиб уни бировга кўрсатишга рухсат берармидилар?! Шундай экан, экран ортидаги тиниқ ва аниқ тасвирланган номаҳрамларни тамошо қилмоқ қандаям мубоҳ бўлсин?!

Бу саволларнинг жавобида “фаҳш фильм мубоҳ” деб сафсата сотган ҳизбчилар бир ўйланиб кўрса яхши бўларди.

4-) Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: «Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни зинодан насибасини белгилаб қўйган. (Зино қилувчи) уни шубҳасиз топади, идрок қилади. Бас, (шундай экан) кўз ҳам зино қилади, унинг зиноси назардир. Ва қўл ҳам зино қилади, унинг зиноси ушламоқдир. Оёқ ҳам зино қилади, унинг зиноси (зино қилинмиш томонга) юриб бормоқдир. Тил ҳам зино қилади, унинг зиноси сўзлашмоқдир. Оғиз ҳам зино қилади, унинг зиноси ўпишмоқдир. Нафс орзу қилади, иштаҳа қилади. (Нафснинг зиноси орзу ва иштаҳа билан бўлади.) Фарж бу зиноларни ё тасдиқлайди ёҳуд ёлғонга чиқаради». (Муслим).

Демак, зино фарж билан амалга оширилгудек ҳолатга етиб борса, бу том маънодаги зино бўлиб, бу ишни қилганлар гуноҳи кабира соҳиби бўлади. Агар фарж билан амалга ошмай бас қилинса, кўз, тил ва бошқа аъзоларнинг зиноси мажозий зино ҳолича қолади. Зинонинг мажозийси агарча кабира бўлмасада шаръан гуноҳ ҳисобланади. Фаҳш фильмларни тамошо қилувчилар эса кўз, қулоқ ва нафс зиноларини ҳис қиладилар. Зеро порно фильм шайдоларини, “фильм қаҳрамонлари билан бирга бўлишни нафслари хоҳламайди” деб ким айта олади?! Балки улар ҳаёлот оламида фильм қаҳрамонлари билан не-не разилликларни қиладилар. Шуни мубоҳ деб бўладими?!

5-) Шариатимизда “наҳйи султоний” деган қоида бор.  Яъни, ҳукумат бирор қонунни ҳалқ манфаатини кўзлаб чиқарса ва у қонун шариатга очиқча зид бўлмаса, ўша қонунга амал қилиб унда кўрсатилган буйруқларни бажариш ва белгиланган тақиқлардан тийилиш фуқаро зиммасига вожиб бўлади. Порнографияънинг зараридан ҳалқимизни ҳимоя қилиш мақсадида не-не қонунларимиз борлиги бугунги кунда деярли барчага малум.

Хулоса

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, инсон ажнабий аёлнинг авратига ва аврат бўлмаган аъзоларига шаҳват билан тикилиши шариати исломияда ҳаром саналади. Бу ҳукмда унинг айни ҳақиқати билан суратини асло фарқи йўқдир. Ҳанафий олимларининг “мусоҳара ҳурмати” масаласидаги фатволари, Ҳизбчиларнинг “фаҳш суратларга тикилиш мубоҳ” деган масаласига асло далил бўлмайди. Зеро бу иккиси аслида бошқа-бошқа мавзудир. Уларнинг бир-бирига боғлиқ ери йўқ.

Шунингдек, баъзи Шофеъий фуқаҳоларининг келинни текшириб олиш масаласидаги хоссатан куёв ёки унинг вакилига жорий қилган рухсатлари ҳам Ҳизбчилар ўйлаганидек умумий рухсат эмас.

Ундан кейин, Ҳизбут-таҳрир бир фиқҳий мактаб эмаски, уларнинг келтирган далиллари ҳалол-ҳаром мавзусида бирор муаммони ечиб берса…

Шундай экан уларнинг фатволарига ҳам, далилларига ҳам эътибор қилинмайди. Аллоҳ таоло ҳеч биримизни тўғри йўлдан тойдирмасин.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *