Ибн Дақиқ ал-Ийд

Lotin alifbosida
(625-702/1228-1302)

Тўлиқ номи Муҳаммад ибн Али ибн Ваҳб ибн Мутиъ ибн Абут Тоат ал-Қушайрий ал-Манфилутий ал-Мисрий ал-Қувсий раҳимаҳуллоҳ бўлган бу зотнинг момолари замонасининг энг маърифатли, илмли олима аёли бўлганлигидан Тақийиддин ибн бинти ал-Аъазз ҳам дейишар эди. Боболари Ваҳбнинг лақаби эса Дақиқ ал-Ийд бўлгани учун у Ибн Дақиқ ал-Ийд номи билан шуҳрат қозонди. Тақводорлигидан Тақийуддин лақабини орттирдилар.

Тақийуддин Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ Қизил денгиз қирғоғидаги Янбуъ ноҳиясига қарашли қишлоқда 625 йил шаъбон ойи (1228 йил июль)да туғилганлар. Нил бўйидаги Қувс шаҳарчасида ёшлик йиллари ўтгани учун ал-Қувсий нисбасини ҳам қўллайдилар.

Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ бошланғич таълимни моликийлик мазҳабида бўлган отаси Маждиддин Али ал-Қушайрий (1182-1268) раҳимаҳуллоҳдан олади. Кейинчалик Ҳижоз, Шом, Дамашқ ва бошқа илм марказларига сафарлар қилиб, ўз даврининг кўпгина таниқли олимлари олдида диний фанларнинг барчасини ўзлаштиради. Энг асосий устозлари шофеъийлик мазҳаби олимларидан Ибн ал-Жамоа (1182-1261) раҳимаҳуллоҳ ҳисобланади. Ибн ал-Жамоа раҳимаҳуллоҳ ҳазратлари у билан Носириддин Аҳмад ибн ал-Мунир (1213-1285) раҳимаҳуллоҳ икковидан фахрланиб: “Миср диёри бу иккиси билан фахрланса арзийди!” деган эканлар. Шундай қилиб, Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ моликийлик ҳамда шофеъийлик мазҳаби фиқҳини яхши ўзлаштирдилар ва шу икки мазҳаб фиқҳи бўйича дарс ва фатво бера бошлаганлар. Айниқса, у ҳадисшунос сифатида жуда шуҳрат қозонган эди. Имом аз-Заҳабий (1274-1348) раҳимаҳуллоҳ ундан 20 та ҳадисни эшитганини фахр билан тилга оладилар. Яна бир шогирдлари Абулқосим Абдулғаффор ал-Мисрий (1252-1331) раҳимаҳуллоҳ эса унинг сабоқлари асосида тўққизта ровий силсилаларидан иборат ҳадислар тўплами – “Тусоъийёт” тузганлар.

Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ Мисрнинг “Фозилия”, “Комилия”, “Дор ал-ҳадис” каби мадрасаларида дарс берганлар. 695 йил, 18 жумодий ал-уло (1296 йил, 24 февраль)да Миср диёрларига қози ал-қузот (қозикалон) этиб таъйинланадилар. Шу лавозимда 8 йил фаолият олиб борганлар. Айни пайтда у муфтийлар раҳбари Шайх ал-ислом сифатида фатволар чиқариб турганлар.

Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ ўз даврида жуда машҳур тақводор олим сифатида фаолият олиб борганлар. “Табақот аш-шофиъийа ал-кубро”да уни “Саййид ал-мутааххирийн” (Кейинги давр олимлари бошлиғи), “Имому аҳл ас-сунна” (Суннатга эргашганлар имоми), “ал-Мужтаҳид ал-мутлақ” (Мутлақ мужтаҳид) каби фахрий унвонлар билан аталган.

Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ ўз ҳаётида кўрган энг кучли қувваи ҳофиза (ўткир зеҳн)га эга тўрт нафар олимнинг биринчиси Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ эканини айтиб, уни ҳадис борасида уларнинг энг фақиҳи деб қайд қилганлар.

Ибн аз-Замликоний (1268-1327) раҳимаҳуллоҳ эса унга ўхшаши олдин бўлган эмас, у олимлар алломаси эди, деб таърифлайдилар. “Табақот ал-ҳуффоз”да “унга ўхшашини кўзлар жуда оз кўрган” деб мақталган.

Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (1371-1448) раҳимаҳуллоҳ эса уни “умри охирида аср олими бўлди” деганлар. Тожиддин ас-Субкий (1327-1370) раҳимаҳуллоҳ “Табақот аш-шофиъийа ал-кубро”да “Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳнинг етти юзинчи аср бошида юборилган олим эканлиги борасида ҳеч бир машойихлар қаршилик қилмаган”, деганлар.

Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ, манбаларда таъкидланишича, 40 йиллар давомида кечалари ухламай ибодат ва мутолаа билан тонглар оттирган, одати бомдоддан кейин чоштгоҳгача ухлаб олганлар.

У 702 йил, 11 сафар (1302 йил, 5 сентябрь)да вафот этганлар.

Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳнинг асарларидан баъзиси қуйидагилар:

1.“ал-Илмом фий аҳодис ал-аҳком” (“Ҳадис ҳукмларида танишиш”). Муаллифнинг бош асари бўлиб, у шаръий ҳукмлар акс эттирилган ҳадисларга бағишланган. Муаллифнинг ўзи уни “ал-Имом” (“Йўлбошчи”) номи билан шарҳлашга киришган, лекин тугата олмаган.

2.“ал-Иқтироҳ фий баён ал-истилоҳ” (“Ҳадис истилоҳлари баёнида таклиф”). Мазкур асар ҳадисшуносликка оид бўлиб, Ибн ас-Салоҳ (1181-1246) раҳимаҳуллоҳнинг ҳадисшуносликка оид машҳур асари асосида ёзилган.

3.“Шарҳи Мухтасар” (“Мухтасар”нинг шарҳи”). Моликийлик мазҳаби фиқҳига оид Ибн Ҳожиб (вафоти 646/1249) раҳимаҳуллоҳнинг асарига ёзилган шарҳ. Лекин муаллиф уни ҳаж қисмигача шарҳлай олган, тугатишга улгурмаган.

4.“ал-Унвон фий усул ал-фиқҳ” (“Фиқҳ асосларига оид унвон”). Мазкур асари усули фиқҳ фанига бағишланган.

5.“ал-Арбаъийн фи-р-ривояти ъан Рабб ал-ъаламийн” (“Парвардигори оламдан қилинган ривоятлар асосида қирқталик”). Мазкур асарида муаллиф қирқ мавзуга оид 200 га яқин ҳадиси қудсийларни жамълаган.

6.“Шарҳи “Мухтасар” ли-Аби Шужоъ” (“Абу Шужоънинг “Мухтасар”ига шарҳ”). Абу Шужоъ Аҳмад ал-Исфаҳоний (вафоти 500/1106) раҳимаҳуллоҳнинг “Мухтасар” асарига ёзилган шарҳ бўлиб, шофеъийлик фиқҳига оиддир.

7.“Иҳком ал-аҳком” (“Ҳукмларни мустаҳкамлаш”). Фиқҳий масъалаларнинг манбалари, далиллари баён этилган асар.

8.“Шарҳи Арбаъийн” (“Арбаъийн”нинг шарҳи”). Яҳё ибн Шараф ан-Нававий (1233-1277) раҳимаҳуллоҳнинг қирқ ҳадис тўпланган “Арбаъийн” асарига ёзилган шарҳ.

9.“Туҳфат ал-лабиб фий шарҳ ат-Тақриб” (“ат-Тақриб” асари шарҳида ақл соҳибининг туҳфаси”).

10.“Иқтинос ас-савониҳ” (“Қулай фурсатларни овламоқ”).

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...