Тасаввуф шариатга мослиги билан мўътабардир!

Lotin alifbosida

Tasavvuf shariatga mosligi bilan mo`tabar

Савол:

— Тасаввуф нима?

Жавоб:

— Ҳижрий иккинчи аср охирларида аҳли суннат таълимотига мос эътиқод қилган ҳолда, қалбларини ғафлатдан ҳимоялаб ва нафсларини Аллоҳга итоат қилдириш бахтига эриша олган инсонларнинг ушбу ҳолларига Тасаввуф, ўзларига эса Сўфийлар деб ном берилди.

Тасаввуф ислом ахлоқи билан безаниш учун керакли бўлган илмларни ўргатадиган соҳадир. Тиб илми бадан соғлигига оид маълумотларни ўргатганидек тасаввуф ҳам қалбнинг, руҳнинг ёмон ахлоқлардан фориғ бўлишини ўргатади. Қалб хасталикларининг аломатлари бўлган ёмон иллатлардан узоқлаштиради. Аллоҳ розилиги учун хайрли амаллар ва ибодат қилишни таъминлайди. Чунки динимиз аввало илм ўрганишни сўнгра шунга мос амал ва ибодатларни Аллоҳ розилиги учун бажаришни амр қилган.

Имоми Молик ҳазратлари айтганлар: «Фиқҳни ўрганмасдан тасаввуф билан шуғулланган киши диндан чиқади, зиндиқ бўлади. Фиқҳни ўргангану лекин тасаввуфдан хабари бўлмаган одам эса, бидъат аҳли бўлади. Ҳар иккаласини ўрганган инсон ҳақиқатга эришади.» (Мараж-ул-баҳрайн).

Тасаввуф қалбни соф тутиш, ёмон хулқ-атвордан поклаш ва яхши ахлоқ билан безатиш деганидир. Тасаввуф ҳол иши бўлгани учун буни бошидан кечирган одамларгина билади, таърифлаш билан тушунтириш қийин.

Тасаввуф аҳли ўз даражаларига кўра тасаввуфни турлича таърифлаганлар. Баъзиларини қуйида келтирамиз:

— Тасаввуф диннинг амрларига бўйсуниб, тақиқларидан сақланиб қалбини ёмон ахлоқдан поклаб, яхши ахлоққа тўлдирмоқдир.

— Тасаввуф ўлмай туриб ўла олиш ҳолатидир.

— Тасаввуф тақдирига рози бўлмоқдир.

— Тасаввуф намоз, рўза ва кечалари ибодат қилиш дегани эмас. Буларни бажариш ҳар бир мусулмоннинг қуллик вазифасидир. Тасаввуф инсонларни ранжитмасликдир. Буни уддалаган киши восил бўлади, яъни мақсадига қовушади.

— Тасаввуф инсонни ибодатларда керак бўладиган ихлосга ва инсонлар билан муносабатда керак бўладиган гўзал ахлоққа эриштирувчи йўлдир. Инсонларга бу йўлни фақат муршиди комиллар ўргатади.

— Тасаввуф Расулуллоҳнинг муборак қалбидан чиқиб, авлиёларнинг қалбларига келадиган илмлардир.

— Тасаввуфнинг етти юздан ортиқ таърифи бор. Лекин асоси аҳаммни муҳимдан аввалроқ бажариш демакдир. Яъни қилиниши муҳим бўлган амал ва ишлар ичидан энг муҳимини ажрата олиш ва бажара олиш санъатидир.

Савол:

-Тасаввуфда шариатга хилоф амаллар бўлиши мумкинми?

Жавоб:

— Тасаввуфнинг бошланғич қоидаларидани бири «аввал шариат кейин тариқат…» қоидасидир. Бунга кўра аҳли суннат эътиқодида бўлган сунний тариқатларнинг ҳеч бирида шариатга хилоф амал бўлиши мумкин эмас. Зотан тарихдан маълум бўлган сунний тариқатларда шариатга зид амал ва усуллар бўлмаган. Шариат деганда маълум ва машҳур тўрт ҳақ мазҳаб фиқҳи тушунилади. Шу боис яқин ўтмишгача ҳеч қайси сунний тариқат мавжуд тўрт мазҳаб фиқҳига терс ишларни тарғиб қилмаган. Аксариятла сўнгги 200-300 йилда Ислом оламининг ҳамма соҳаларида бўлганидек бу соҳада ҳам тариқат раислигини юрита оладиган ҳақиқий муршиди комиллар етиштира олмаган тариқатлар бошига салоҳиятсиз ва етарсиз шахслар келиб ўтирди. Уни устига битта тариқатнинг ўзи шоҳланиб бутоқланиб бир неча фарқли ўлкаларда фарқли усуллар билан давом этди. Ана шу пайтдан бошлаб тариқатларнинг аксариятида шариатга хилоф бўлган бидъат амаллар одат ва ҳатто ибодат ҳолини олди. Бу баъзи калтафаҳмлар томонидан барча тариқатларга ҳақорат қилиш, уларни Ислом ташқарисидаги йўллар деб айблаш учун ягона сабаб бўлиб қолаверди. Лекин шунча манфийликларга қарамасдан минтақамизда машҳур бўлган Нақшбандия тариқати каби баъзи тасаввуф мактаблари суннати санийяга содиқ ҳолда фаолиятларини давом этказишга муваффақ бўлишганини кўра оламиз.

Савол:

— Бази бир «аҳли тасаввуф»ман деган кимсаларнинг айтишича пирга байъат қилингандан сўнг олдинги гуноҳлар ҳаммаси кечирилади ва ҳатто қазо намозлар ҳам соқит бўлар экан. Шу тўғрими?

Жавоб:

— Юқорида ишорат қилганимиздек тариқатлар ҳар хил ўлкаларда бир хил ном билан фаолият юритмоқда. Улардан атиги биттасининг бошида муршиди комил бўлади, қолганлари ўша муршиднинг вакилларидир. Лекин улар муршид вафот этганида ваколатларини йўқотишади. Шунга қарамай охирги асрларда вакиллар аслларнинг ўрнини эгаллаб, «мурид»ларидан айрилиб қолмаслик мақсадида сиз айтгандай ҳақиқатан диёнатга тўғри келмайдиган ваъдалар беришган. Унақа сохта шайхлардан мужаддиди алфи соний Имоми Раббоний ҳазратларидек нақшбандиянинг йирик муршиди ҳам Мактубот номли китобларида шикоят қилганлар.

Тариқат шариатга мослиги билан эътиборлидир. Акс ҳолда одамнинг охиратига зиғирча фойдаси бўлмайдиган, умрни бекор ўтказадиган матоҳга айланади. Фиқҳ ҳукмлари тариқатда аҳамм (муҳимлар муҳими) саналади. Шунинг учун бу саволингизнинг ечими учун фиқҳга мурожаат қилайлик:

Ҳақ бўлган ҳар тўрттала мазҳаб фиқҳида ҳам намозларни вақтида ўқиш фарз бўлганидек ўз вақтида ўқилмаган намозни қазо қилиб ўқиш ҳам фарз. Булардан бир нечтасини қуйида келтириб ўтамиз:

— Фарз намозни узрсиз вақтидан кейинга қолдириш катта гуноҳ бўлади. Бу гуноҳ қазосини ўқиш билан авф этилмайди. Қазосини ўқигандан кейин бундан ташқари тавба ёки ҳаж қилиш керак. Қазосини ўқиш билан фақат намозни ўқимаганлик гуноҳи авф бўлади. Қазосини ўқимасдан тавба этилса, тарк қилганлик гуноҳи авф этилмаганидек кечиктириш гуноҳи ҳам авф этилмайди. Чунки тавбанинг қабул бўлиши учун гуноҳни тарк этиш шартдир. (Дурр-ул-мухтор)

— Фарзларнинг фарз эканлигига ишониб, лекин дангасалик билан бажармаган кимса муртад бўлмайди. Имони кетмайди, аммо бир фарзни бажармаган мусулмон иккита катта гуноҳ қилган бўлади:

1) Бу фарзнинг вақтини ибодатсиз ўтказиш, яъни фарзни кечиктириш гуноҳи. Бунинг кечирилиши учун тавба қилиши лозим.

2) Бу фарзни бажармаслик гуноҳи. Бу катта гуноҳнинг авф этилиши учун бу фарзни зудлик билан қазо этиши лозим. Қазони кечиктириш ҳам алоҳида катта гуноҳ бўлади. (Бариқа)

— Узрли ёки узрсиз равишда бир намозни тарк этган киши бунинг фарзини қазо этиши шарт. (Халабий)

— Унутиб ёки қасдан қазога қолдирилган намознинг қазосини ўқиш фарздир. (Ҳиндия)

— Узрли ёки узрсиз сабаблар билан қазога қолдирилган намозларнинг қазосини дарров ўқиш фарз бўлади. (Мазоҳиби арбаъа)

Қуйидаги ҳадиси шарифларда ҳам буюрилганки:

 “Бир намозни ўз вақтида ўқишни унутган киши ёдига тушган заҳоти қазосини ўқисин. Унутилган намознинг бундан бошқа каффорати бўлмайди.” (Термизий, Абу Довуд, Насоий)

“Ухлаб қолиб ёки унутиб бир намозни ўз вақтида ўқий олмаган киши ёдига тушган заҳоти қазосини ўқисин!” (Бухорий, Муслим, Термизий, Абу Довуд)

Унутиб ўқилмай қолган намознинг қазоси шунча жиддият ва аҳаммиятла ўқилгандан кейин қасдан ўқилмаган намознинг қазоси нимага ўқилмайди?! Унутиш намознинг қазосидан одамни қутқара олмаганига кўра, тарк этиш қандай қутқаради?

Ҳеч бир мусулмоннинг даражаси кўтарилиши билан зиммасидаги намоз вазифаси соқит бўлмайди. Ҳатто Пайғамбаримиздан ҳам намоз охирги нафасларигача соқит бўлмаган. Тарихда ҳеч бир авлиё “Мендан намоз соқит бўлди” деган эмас. Шунингдек “Менга қўл берганнинг ёки менга мурид бўлганнинг қазо ўқиши шарт эмас, ўзим кечиртираман” дегани умуман учрамаган.

Лекин сохта шайхлар (пирлар) эгаллаб олган тариқатлар муридларини кўпайтириш учун инсонларнинг нафсларига ёқадиган гаплар қилишган. Айниқса хуруфий зиндиқлар тарқаган жойларда шундай куфрликлар оммавийлашган. Ана шундай хуруфийлардан «илҳом олган» баъзи гуруҳлар ҳам шунақа имтиёзлар ўйлаб топишган.

Имоми Раббоний ҳазратлари “Мактубот” китобида шунақа сохта пир ва сохта авлиёлик қилганлар дастидан шикоят қилиб, улардан худди арслондан эҳтиёт бўлиб қочгандай қочиш кераклигини насиҳат қилганлар.

Ҳикматуллоҳ Иброҳим тайёрлади

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...