Ҳожиларга фойдали маслаҳатлар

Lotin alifbosida

4bk53756b65f6f7vbg_800C450Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

1-маслаҳат

Биринчи қисм маслаҳатлар ҳажга тайёргарлик тўғрисида. Энг аввал ярим ёки бир ой ҳар куни камида 3 километр ёки 5 километр пиёда юришни йўлга қўйинг. Ҳаж бориб, меҳмонхонада ётиб ёки касал бўлиб, ибодатларни чала-чулпа қилиб қайтиб келадиган амал эмас. Жуда катта жисмоний тайёргарлик ҳам зарур.

2-маслаҳат

Борганда керак бўладиган ортиқча пул олинг. Бу пул фақатгина совға-салом учун эмас, бошқа нарсаларга ҳам керак бўлади. Масалан, таксига, аравага, қурбонликка ва ҳоказо. Қари бўлсангиз, юришга қийналиб қолсангиз, аравачи ёллаб бўлса ҳам, ибодатларни албатта қилинг. Одатда қурбонликка бу ердан пул тўлаган бўласиз. Шунинг ўзи етарли. Бироқ, у ерда айрим ибодатларни чала қилиб қўйганда, каффоратга қўй сўйиш керак бўлади. Умуман, қурбонликни ўз қўлингиз билан сўйган ёки кўз олдингизда қилинган маъқул.

3-маслаҳат

Бу ерда ҳожиларга махсус сумка берилади. Ушбу сумкада бўлиши керак бўлган нарсалар тўғрисида. Шу сумкангизга энг юпқа адёл ёки покриваль солишни унутманг. Адёл қалин бўлиб кетса, сумкага бошқа нарса сиғмай қолади, кўтариб юриш ҳам қийин кечади. Бу адёл сизга Масжиди ҳаромда мармар устида ўтирганингизда, Муздалифа ва бошқа жойларда тагингизга тўшашда ёки устингизга ёпинчиқ сифатида ишлатишда асқотади. Ухлаганда эса ёпинчиқ қиласиз, токи эҳромли пайти авратингиз очилиб қолмайди. Хоҳлаган жойда тўхтаб, дам олганингизда жуда керак бўлади. Ибодатингиз ҳар тарафлама қулай, қийинчиликсиз, мукаммал бўлгани дуруст.

Hajj-1

4-маслаҳат

Ушбу махсус сумкангизда пакетчалар бўлсин. Яна тўпиқдан пастда бўладиган юмшоқ тапичка, басаношка ёки мокасин ёки таги юмшоқ кето бўлсин. Буларни бу ёқдан олиб кетинг. Вақтингиз кетмасин.
Маккада масжиди ҳаромга кирганингизда унгача кийиб борган оёқ кийимингизни пакетга солиб, сумкага соласиз ва масжидда яп-янги басаношка, мокасин ёки таги юмшоқ кетони кийиб оласиз. Масжид мармарлари совуқ, яна ремонт бўлаяпти. Оёқ яланг тавоф қилиб юравериш совуқлигингиз ошиб кетишига сабаб бўлиши мумкин ёки ремонт жойдан айланганда оёқ қавариши мумкин. Сафо ва Марва ораси эса ундан ҳам совуқ ва зах. Бу ерда басаношка ёки мокасин Сизга жуда асқотади. Масжиди ҳаромда оёқ кийим кийдирмасди, ҳозир рухсат беришаяпти. Рухсат бермаса, яшириб бўлса ҳам кийиб олганингиз тузук. Биздан борганларнинг энг қийналадиган жойи совуқ мармарлар. Кейинги ибодатларга қийналиб қолманг. Шунга басаношка ёки мокасин ёки кето кийиб, ибодатингизни қилаверганингиз маъқул.
Масжиддан чиқиб кетаётганингизда, хоҳлаган ва тўғри келган эшикдан чиқиб, сумкага солиб олган оёқ кийимингиз билан алиштириб оласиз.

5-маслаҳат

Ушбу махсус сумкангизга қоғоз солишни унутманг. Туалет қоғози ноқулай. Ҳамма вақт сальфетка қоғоз бўлсин. У томонларда туалетларида қоғоз қўйилмайди, бунинг иложи ҳам йўқ. Қоғозсиз эса биз томонлардан борганлар жуда қийналиб қолишади. Туалетда ишлатаман, деб кесак ола кўрманг. Уят қилишади. Сумкада ҳамма вақт қоғоз бўлиши бошқа нарсаларда ҳам асқотади.

6-маслаҳат

Ҳожилар ибодат ва бошқа мақсадларда кўп юриши табиий. Гоҳида 30 километрлар йўл босишади. Кунлар эса жуда иссиқ. Бу ҳолатда одамнинг чоти – сонлари ораси бир-бирига тегавергани ва ишқаланавергани сабабли қавариб, ачишиб, эзилиб, пишиб кетади. Айниқса, семизроқ ва бу ерда кўп юришни йўлга қўймаганларга қийин бўлади. Бу ҳолатда аёлларнинг пудрасини ишлатиб, ўшандан сепган маъқул. Қуритади. Бироқ, унинг ҳиди бўлгани сабабли эҳромли ҳолатда сепиб бўлмайди. Болалар присипкаси ҳам бу ҳолатда яхши ёрдам беради. Шунингдек, катта тош кўтарувчилар қўлларига суртиб оладиган оппоқ бўрнинг эзилганидан сепиш мумкин. Бироқ, уни бу ердан олиб кетишингиз, аэропортда муаммо бўлиши мумкин. Оппоқ бўлгани боис героин деб ўйламасинлар, тағин. Шунга энг қулайи, бўз тупроқ. Момоларимиз ёш чақалоқларни шундай тупроққа белаб, сепишади, билсангиз. Ҳеч нарса қўшилмаган, шўр бўлмаган, ёш болалар еб юрадиган тоза (сўхо) кесакнинг эзилгани. Шундан озгина топиб, кичкина боклашкада йўл сумкангизга солиб қўйинг. Аэропортда багажга бериладиган катта сумкага солинг. Кейин боргандан сўнг, уни олиб ёнингизда юрадиган махсус сумкангизга олиб қўйинг. Вақти-вақти билан сонларингиз орасига сепиш ёки бошқаларга бериб туришга тўғри келиб қолади. Агар буни ҳам топа олмасангиз, сумкангизга икки парчам дока солиб қўйинг, кейин керак пайтда сонларингизга боғлаб олишингиз мумкин.

7-маслаҳат

Яна махсус сумкангизда бўлиши керак бўлган нарсалардан бири кийимингиз. Иссиқ кунларда тез-тез терлашингиз табиий. Кўйлаклар сув-сув бўлиб кетади. Ҳамма ёқда кондиционер. Нам кўйлакда ўтиравериш ёки юравериш шамоллашга олиб келиши мумкин. Шунинг учун, дарҳол қуруқ кўйлакка алиштириб олишингиз учун, ёнингизда доим қуруқ кўйлак бўлсин.

8-маслаҳат

Энди, эҳромга етиб келдик. Одатда бизнинг ҳожиларга Мадинадан Маккага йўлга чиқилганда, меҳмонхонанинг ўзида эҳром кийиб олишга маслаҳат берилади. Аслида, Макка йўлидаги Зулҳулайфа деган жойда – мийқотда тўхтаб ўтилганда, эҳром кийиб олиш керак бўлади. Бироқ, ўша маслаҳат жуда тўғри. Меҳмонхонадан чиқишда хонангизнинг ўзида ғусл қилиб олиб, эҳромни кийиб олинг. Эҳром кийиш ҳали ҳажнинг бошлангани эмас. Зулҳулайфага келганда, масжидга кириб, энг чеккага ўтиб, макруҳ вақти бўлмаса, икки ракъат намоз ўқиб, олиб, умрага ният қиласиз. Бу ерда ҳамма тўхтагани учун, ғусл қилиш хоналари чекланган, унча қулай эмас. Таҳоратхонадан тўғри масжидга ўтилгани учун оёқостига ҳам эътиборли бўлинг. Шунинг учун, эҳромни Мадинанинг ўзидан кийиб чиққан маъқул.

information_items_190

9-маслаҳат

Эҳром танлаш ҳақида. Диққат ва эътибор беринг ва унутманг! Эҳромнинг энг арзонидан иккита олинг. Кўпчилик қимматроғи яхши бўлади, деб қимматроғидан олиб қўяди. Ундай эҳромлар қалин бўлади. Қалин бўлмасин. Кейин қийналиб юрасиз. Иссиқда юпқа ва енгил эҳром бўлгани маъқул. Умра учун бир эҳром, ҳаж учун бир эҳром. Арзон бўлгани учун уни кўп олиш мумкин. Тез-тез алиштирасиз. Ўлганимда кафанимга ишлатишади, деб ўйламанг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда саҳобалар ундай қилишмаган. Ҳаж ибодатингиз биринчи навбатда мукаммал, тўлиқ ва қийинчиликсиз бўлгани маъқул. Оғир, қалин ва қиммат эҳромда ҳаж амалларини чала-чулпа қилмаган маъқул. Агар, жаа, кафанлик учун олгингиз келса, охирги ишлатган эҳромингизни оласиз.
Қалин эҳромнинг ўтирганда қулайлиги бор. Бироқ, сизнинг сумкангизда юпқа адёль бўлиши етарли. Шунинг учун, арзон, ичи кўринмайдиган юпқа, асосийси, енгил эҳром олинг. Эҳромни алиштириб олиш учун, яна бири махсус сумкангизда бўлсин. Эҳромни алиштиришнинг ҳеч қандай зарари йўқ. Баъзида ювса ҳам, оппоқ эҳромда доғлар қолади. Шунинг учун, уни фақирлар учун, деб ташланг ва янгисига ўраниб олаверинг.

10-маслаҳат

Эҳромни боғлаб, бир-бирига жамлаб туриш учун ҳар хил қисқичлар, тўғноғичлар ола кўрманг. Ундай нарсалар ишлатманг. Сиқилинч ва тиқилинчда баданингизга кириб чиқиб, қонатиши, танангизга ботиб, оғритиши, синиб ёки учиб кетиши мумкин. Ҳозир эҳромларнинг бир-бирига ёпиштириладиган, махсус жиқилдоқ скочи бор (липочкали) турлари чиққан. Ўшандан олсангиз бўлади. Авратингиз ва елкангиз очилиб кетмаслиги учун шундайи қулай. Белингиз учун махсус камарлар сотилади. Шундан олинг. Бу камарга пастки эҳромни боғлаб, юқорисини устидан ташлаб қўясиз.

11-маслаҳат

Мадинаи мунавварада асосий зиёрат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбаримизнинг ўзларидир! Мадинага яқин келганингизни эшитган заҳоти саловот айтишни кўпайтиринг. У зотнинг муборак қабрлари Масжиди Набавийнинг ичкарисида. Масжидга кириб, (агар вақти бўлса, жуда енгил “таҳийёти масжид” намозини ўқиб бўлиб), дарҳол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам зиёратига шошилинг. Ҳар куни у зотни бир неча мартадан зиёрат қилинг.
Масжид ичида овозингизни асло кўтара кўрманг. Иложи бўлса, масжидда умуман гапирманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан саломлашганда ҳам жуда секингина саломлашинг.

naveshanie_mogili_proroka

12-маслаҳат

Зиёратлар. Масжиди Набавий ташқарисида “Бақеъ” қабристони жойлашган. У ерда минглаб саҳобалар, тобеъинлар, умматнинг энг яхши мусулмонлари дафн қилинган. Одатда у ер қулфлоғлиқ бўлади. Бомдоддан кейин очилади. Шу вақтни ғанимат билинг. Жаноза бўлиб қолса, тобут кўтарганлар қаторида кириб зиёрат қилиб чиқишга урунинг.
Уҳуд тоғи ва жангчилари зиёрати, Қиблатайн ва Қубо масжидига зиёратга боринг. Такси тутиб, яна саҳобалардан қолган беш-олтита бошқа масжидларни ҳам кўришингиз мумкин. Ғамома, Жумма, Бадр сингари, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар билан боғлиқ “Масжиди сабъа” (“Еттита масжид”) мавжуд. Улар: Абу Бакр, Умар, Ҳазрати Али, Фотима, Билол, Салмони Форисий масжидларидир. Убай ибн Каъб ва Абу Зарр номли масжидлар ҳам бор.
Масжиди Набавий остида, подвалда “Сийрат” музейи бор. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қолган асори атиқалар, саҳобалар ва ислом тарихига оид ашёлар мавжуд. У одатда очилмайди. Гоҳида шомдан кейин очилиб қолади. Уни кўриб чиқишга ҳам уруниб кўришингиз мумкин. Мадинанинг алоҳида музейи ҳам бор. “Асмоуллоҳ ал-ҳусно” деб аталган музей ҳам бор.

170140979992cd8c4ddee1552b887fad771845332c

13-маслаҳат

Мадина хурмоси билан машҳур. Хурмо сотиб олинг. Унинг турлари кўп. Араб хурмосининг 100 дан ортиқ турлари бор. Ажва деган хурмо турини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам мақтаганлар. Анбара деган турини эса араблар “подшоҳлар хурмоси” дейишади. Суккарий, Халос, Буржий, Ҳилолий, Ҳулва, Хисоб, Хузрий, Шабибий, Василий, Афанди номли хурмолар мавжуд. Ажва ва Мабрум деган туридан кўпроқ олинг. Мадинадан бошқа нарса сотиб олиб юрманг. Китоб олсангиз, майли. Бошқа нарсаларни Маккадан олганингиз маъқул.
Мадинада “Суқи истанбулия”, “Суқ Қубо” ва “ан-Нур мўл” деган бозорлар бор.

14-маслаҳат

Мадина авлиёлар шаҳри ҳамдир. Масжиди Набавийда бир чеккада жимгина ўтирган қари инсонларга эътиборли бўлинг. Улар билан кўришиб, дуосини олинг. Масжид имомини ҳам зиёрат қилишингиз мумкин.

15-маслаҳат

Маккага етиб келганингиздан кейин, ўзингизга қаранг: сумкаларни қўйиб, дарҳол Масжиди ҳаромга, Каъбатуллоҳ зиёратига шошилсангиз бўлади. Илк зиёрат оғир бўлади, шунга дам олиб, кейин чиқсангиз ҳам бўлади.

gambar-kabah-baitullah

16-маслаҳат

Масжиди ҳаромга кириб, Каъбатуллоҳга илк бор кўзингиз тушган заҳоти дарҳол тўхтанг. Одамларга эътибор берманг. Қўл кўтариб, барча дилдаги дуоларингизни қилинг. Ана шу пайт дуоларнинг ижобат бўладиган онидир! Илк дуоингиз, “Илоҳо! Эй, Каъбанинг эгаси! Менинг то уйимга боргунча дуо ва тилакларимни қабул айла!”, деган маънода бўлсин. Қори бўлсангиз, Қуръондаги барча дуоларни шу ернинг ўзида такрорланг. Сўнг, оқим билан айланиб, тавоф бошланадиган ерга келиб, сўнг тавофни бошланг.

17-маслаҳат

Эътибор беринг. Тавоф пайти пастки қаватдан айланганингиз маъқул. Бу масофани озайтиради. Лекин, жуда-жуда тиқилинч бўлади. Иккинчи ва учинчи қаватлардан тавоф 10 километрларга етиб қолади. Тавоф етти айланиш билан бўлади. Унутманг, етти марта айланганингиз бир тавофдир. Сўнг икки ракъат намоз ўқиб оласиз. Намоз пайти иккинчи ва учинчи қаватда бўлганингиз маъқул.

18-маслаҳат

Оби замзамдан кўпроқ ичинг ва ҳар ичганингизда тилак айтиб, дуо қилинг. Муздек оби замзамдан ичаверишдан эҳтиёт бўлинг. Иссиқ ва қайнаган оби замзамлар ҳам қўйилган. Шундан ичинг ёки аралаштириб ичинг. Томоғингизга жуда эҳтиёт бўлинг. Кейинги ибодатларингизга керак бўласиз.

1070-7-Etiquettes-of-Drinking-ZamZam-Water-every-Muslim-should-know

19-маслаҳат

Ҳажарул асвадни ўпиб-силаш суннатдир. Лекин, ҳажнинг зарурий амалига кирмайди. Унутманг, одамларга озор етказиб қўйиш хавфи бўлганда эса унга уруниш ҳаром. Аёлларнинг тиқилинч ҳолатида ҳажарул асвадни ўпишга ёки Каъбатуллоҳни ушлашга урунишлари мутлақо жоиз эмас! Айрим авомларга ўхшаб, ҳамма намоз ўқиганда, тура солиб ҳажарул асвадга югуриб аҳмоқлик қила кўрманг. Ўзингизни ҳам, одамларни ҳам эҳтиёт қилинг. Шунинг учун, ҳажарул асвадни узоқдан туриб, қўлингиз билан силагандек бўлиб, қўлингизни ўпиш билан кифояланинг.

hasjar-al-aswad-1024x683

20-маслаҳат

Масжиди ҳаромда “таҳийёти масжид” ўқилмайди. Тавоф унинг ўрнига ўтади. Умуман, бир умра қилгандан кейин, тавоф афзал амал ҳисобланади. Кўпроқ тавоф қилаверинг. Унутманг, етти айланиш бир тавоф. Ҳар тавофдан сўнг икки ракъат намоз бор. Ўзингиз учун умра қилгандан кейин, ота-боболарингиз учун ҳам тавоф қилаверинг. Умра учун “Ойша онамиз масжидлари”га бориб эҳром боғлаб келиш, етти марта Каъбатуллоҳ тавофи ҳамда етти марта Сафо ва Марва орасида саъй қилинади. Кунда умра қиламан десангиз, қийналиб қоласиз. Ҳаж пайтида чарчаб қоласиз. Шунга куч йиғиб туринг.

21-маслаҳат

Маккада “Масжиди ҳаром” ва Каъбатуллоҳдан ташқари зиёрат қилишингиз мумкин бўлган жойлар бор. Уларнинг биринчиси, пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилган жойлари. У ҳозирда кутубхона қилиб қўйилган.

gTrpeRjRxI8

Сўнгра, “Муаллот” қабристони. Бу қабристонда Хадижа онамиз разийаллоҳу анҳо ва умматнинг бошқа буюк инсонлари дафн қилинган. Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг номлари билан аталган “Танъим” масжиди, Ҳазрати Билол, Холид ибн Валид масжидлари бор. Шажара, Ҳудайбия (Шумайсий), Жеъиррона масжидларини кўринг. Ижобат деган масжид бор. Унда дуолар ижобат бўлади. Ёш бўлсангиз, Ҳиро ва Савр ғорларини бориб кўринг.
“ал-Ҳижоз”, “Утайбия”, “Азизия” деган бозорлари ҳам бор.

22-маслаҳат

Маккага борган вақтингиз билан ҳаж ниятида Минога чиқиб кетиш вақтингизга эътибор беринг. Агар 15 кун ва ундан ортиқ бўлса, сиз муқим ҳисобланасиз. Шунингдек, Мино, Арафот, Муздалифада, яна ҳаж тугагандан сўнг уйга қайтиш кунигача 15 кунга етиш-етмасликка қаранг. 15 кундан кам бўлса, сиз шаръий эътибордан мусофир ҳисобланишингиз мумкин. Шунга қараб, муқим имомга иқтидо қилмасдан меҳмонхонада ёки йўлда ўзингиз намоз ўқийдиган бўлсангиз, қаср ўқишга тўғри келади. Ўша ерлик имомларга иқтидо қилганда эса тўлиқ ўқишингизни билсангиз керак.

23-маслаҳат

Намозларни масжидда жамоат бўлиб ўқишга ҳаракат қилинг. Мадинадаги Масжиди Набавий, Маккадаги Масжиди ҳаромда доим жамоатни топишга урунинг. Тўғри, уч кунлар ўтгандан кейин чарчаб қоласиз. Бироқ, бу сизнинг охирги сафарингиз бўлиши мумкин. Муборак маконларни ғанимат билинг. Чарчоқни енгиб, ибодатларга астойдил бўлинг. Уйга қайтгандан кейин ҳам дам олаверасиз. Чарчасангиз, меҳмонхонада эмас, масжидда дам олинг. Масжидда эътикоф ният қилиб, бир-икки кун ўтиринг.

24-маслаҳат

Айрим ношудлар сафарда суннат намозлари ўқилмайди, деган эътиқодда ҳажга борганда ҳам, муборак ҳаж сафари йўлида ҳам суннат намозларини ўқимайди. Бу жуда улкан хато! Сиз бунга эътибор берманг. Худди уйдагидек, фарзлар билан бирга суннат намозларга ҳам эътиборли бўлинг. Зотан, ҳаж сафари ибодат сафаридир!

25-маслаҳат

Арабистонга борганингизда, банандан ташқари апельсин, ананас ва мандарин мевалари кўп берилади. Сиз банандан бошқасини кам енг. Чунки, бу мевалар оёқ қабарганда, ундан сув кўп чиқишига сабаб бўлади. Кўп юрганингиз учун оёқ қабариши эса шубҳасиз. Эҳтиёт бўлинг.

26-маслаҳат

Еб-ичишда яна бир эҳтиёт. Умуман, сафарда товуқ гўшти ейишдан эҳтиёт бўлинг. Ҳозирги мусулмон оламида ҳалол гўштлар ичида энг шубҳалиси товуқ гўшти ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, бизнинг тақводор масъул ходимларимиз ҳожиларга товуқ гўшти беришмайди.

27-маслаҳат

Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни ёки ундан олдинроқ ҳамма Минога чиқиб кетиш ташвиши билан бўлганида, Каъбатуллоҳни тавоф қилиш ҳамда Сафо ва Марвани саъй қилиш осонроқ бўлади.

hadj06

Шунинг учун, эрта саҳарданоқ ҳажни ният қилиб, эҳромга киринг ва Масжиди ҳаромга бориб нафл ниятида Каъбатуллоҳни тавоф қилинг. Сўнгра, Сафо ва Марвани саъй қилинг.

1

Аслида, нафл тавофда саъй лозим эмас. Бу вақтда саъй қилса, у ҳажнинг бир фарзи ҳисобланадиган зиёрат тавофининг саъйи бўлади. У ҳайит ёки ундан кейинги куни қилинадиган тавофдир. Ҳайит куни зиёрат тавофини ҳажга келган жами мусулмонлар қилишга урунади. Шунинг учун, бу куни тавоф ҳам, саъй ҳам, жуда оғир бажарилади. Салгина осонлаштириш мақсадида, мазҳабимиз уламолари, ҳеч бўлмаса, саъйни олдинроқ қилиб қўйишга рухсат беришган.
Кейин ҳамма билан қўшилиб Минога чиқиб кетаверинг.
Бу амалда эътибор беришингиз керак бўлган нарса бор: кўпчилик зиёрат тавофини эҳромсиз адо қилиш мумкин бўлгани учун ушбу саъйни олдин бажарилганда ҳам эҳром шарт эмас, деб ўйлашади. Бироқ, бу фикр хато. Чунки, бу ерда саъйнинг ўзини адо қилиш мумкин эмас, уни нафл тавофи билан қилиш керак. Нафл тавофда ҳам эҳром шарт эмас. Бироқ, фарз амали ҳайитдан олдин бажарилгани боис унга қўшимча равишда эҳром шарти қўшилади.

28-маслаҳат

Арафот майдонига борганингизда, мусулмонлар ўзларининг юрти ва вилоятига қараб, палатка, чодирларга жойлаштирилганини кўрасиз. Иложи бўлса, сиз муфтий ҳазратлари жойлашга палатка, чодирга ўтиб жойлашинг. Ёки, намоз вақтида ўша чодирга бориб олинг.

hadj15

29-маслаҳат

Арафотда “Жабали раҳма” (“Раҳмат тоғи”) деган тоғ бор. Уни “Арафот тоғи” ҳам дейилади. Унда “Намира” масжиди бор. Бу ерда ҳаж амири намоз ўқийди, хутба қилади. Қарилар у ерларга боришга чарчаб қолади. Боришга урунмаганлари маъқул. Агар улар ҳам бу ерни кўришни хоҳласалар, ҳожиларнинг Арафотда туриш куни эмас, балки бошқа кунлари такси билан бориб кўриб келишлари мумкин.
Агар сиз ёш бўлсангиз, бу ерларни бориб кўришингиз мумкин. Турклар чодирлари орасидан ўтиб, тўғри тепага қараб юрсангиз, ўша тоғ қаршисидан чиқасиз.

arafa4

30-маслаҳат

Арафот, Муздалифа ва Минода таҳоратхона-ю ҳожатхоналар аҳволи кўнгилдагидек бўлмаслиги аниқ. Кирганингизда, почаларингизни, аниқроғи эҳромингизни шимариб ёки кўтариб олинг. Пастдан ва ён томондан ногоҳон сув сачраши мумкин. Арафотда ғусл қилиб ювиниб олиш суннат.
Кийимингиз, сумкангиз, ҳамёнингиз, камарингизни таҳоратхона ёки ҳожатхонанинг устига ила кўрманг. Бу ҳолатда ундай нарсаларингизни шеригингизга топшириб турганингиз маъқул.

31-маслаҳат

Арафотда зикрни кўпайтиринг. Қуръонни хатм қилинг. Дуо ва тилакларни кўп қилинг. Зотан, у дуолар шубҳасиз ижобат бўладиган маконлардан биридир! Дунёнинг улуғ шайхлари, уламолари келганини эшитиб қолсангиз, уларни бориб зиёрат қилиб келишга ҳаракат қилинг. Улардан дуолар олинг. Умуман, юртимиз уламолари, аҳли илмлари, қари отахон ва онахонлар, ибодатга берилган кишилардан Арафотда дуолар олинг.

arafa2

32-маслаҳат

Арафотда сув ичмоқчи бўлсангиз, оғзи маҳкам скочланган ва бекитилган сувлардан олиб ичинг. Челак ёки идишларда муз солиб қўйилган сувлардан ичмаганингиз маъқул. Оби замзам ичсангиз ҳам шундай қилинг.

33-маслаҳат

Арафотда пешин билан аср намози қўшиб ўқилади. Уларни муфтий ҳазратларининг чодирида у зотга ёки ўзбекистонликлар зиёрат амирига ёки унинг ўзи шахсан олдинга ўтказган имом домлага иқтидо қилиб ўқинг. Ёки у вакил қилиб таъйинлаган чодирлар имомига иқтидо қилинг. Ўзингизча, ўз одамларингиз билан бу икки намоз жам қилиб ўқилмаслигини билиб қўйинг.

Унутманг: аввал азондан кейин пешиннинг суннати ўқилади, сўнг такбир билан пешин фарзи, сўнг яна такбир билан аср фарзи ўқилади. Пешиннинг охирги суннат намози ўқилмай қолаверади.

34-маслаҳат

Арафот майдонидан жилиш шом вақтида азон айтилганидан сўнг юз бериши лозимлигини унутманг. Ундан олдин шошилиб, Арафотдан чиқиб кетманг. Арафотдан Муздалифа томон жилишда ҳар ким ўз-ўзи билан овора бўлиб қолади. Масъуллар ва элликбошиларга қараб қолманг. Улар ҳам иложини қила олмай қоладиган издиҳом бўлади. Автобусларда кутавериб чарчаб кетасиз. Яхшиси, ўзингиз ёнингиздаги озчилик билан кетишга ҳаракат қилаверинг.

хадж-11

35-маслаҳат

Унутманг, мотоциклга чиқа кўрманг. Издиҳомда икки улов орасидан ўтишга ҳаракат қилинганда оёқларингизни майиб қилиб қўйишингиз мумкин. Тикога ўхшаш кичкинагина такси машиналарга чиқиб олинг. Ҳамиша такси пулини олдиндан келишиб чиқинг. Ёки пойу пиёда Муздалифа томон жўнанг, 5-6 километрлар юришингизга тўғри келади.

36-маслаҳат

Муздалифага боргандан сўнг шом билан хуфтон намози қўшиб жам қилиб ўқилади. Йўлда шом ўқилмайди. Боргандан сўнг ўз шерикларингиз билан жамоат бўлиб ўқийверасиз.

Унутманг: азон-такбир айтилгандан сўнг шомнинг фарзи ўқилади, кейин эса такбирсиз хуфтоннинг фарзи ўқилади. Сўнгра шомнинг суннати, кейин хуфтоннинг суннати, ундан сўнг витр ўқилади.

37-маслаҳат

Муздалифада шайтонга отиш учун майда-майда тошчалар йиғилади. Сиз уларни кичкина боклашкага солиб олинг. Ювиш ҳам осон, олиб юришга ҳам қулай бўлади.

38-маслаҳат

Муздалифада тонггача қолишга ҳаракат қилинг. Вақт бўлса, ухлаб дам олинг. Чунки, эртанги кун ҳам жуда оғир бўлади. Бомдодни тонгнинг ғира-ширасида ўқинг. Сўнг Минога жўнаш учун автобусларга ўтириб дуолар қилиб кутинг.

mina-tent-city-5

39-маслаҳат

Минога келиб жойлашгандан сўнг шайтонга тош отишга чиқиб кетасиз. Боришнинг ўзи 2,5 километрдан кўпроқ бўлади. Пой-у пиёда йўлга тушасиз. Оёққа тўпиқлар очиқ бўлган кедо ёки мокасин кийиб олинг. Унутманг, биринчи кун шайтонга тош отиш пешингача, ундан кейинги кунларники пешиндан кейин қилиниши керак.

705376_original

40-маслаҳат

Шайтонга тош отиш жойига етиб борганингизда, асло шошилманг. Тўғри бориб отманг, четроққа ўтиб кузатинг. Шайтоннинг орқа томонига – одам оз томонга ўтиб унга яқин бориб отинг, узоқдан туриб отаверманг.

41-маслаҳат

Шайтонга тош отиб бўлгандан сўнг Минога турган жойингизга қайтишингиз ҳам мумкин. 2,5 километр қайтасиз. Бироқ, энг яхшиси, тўғри Маккага 5-6 километрлар пойу пиёда жўнаганингиз маъқул. Масжиди ҳаромга бориб, фарз бўлмиш зиёрат тавофини қилинг. Пешингача ёки асргача улгуринг. Ундан кеч қолсангиз, одам ҳаддан ташқари кўпайиб кетади, қийналасиз. Зиёрат тавофи ҳайит куни қилиниши керак. Акс ҳолда, кейинги уч кунда тавоф зиёрати қилинади ва жаримасига битта қўй сўйиш керак бўлади. Шунинг учун, бу кун эрта ҳаракат қилинг ва тавоф зиёратига ҳаммадан олдин улгуришга ҳаракат қилинг. Сўнг албатта таксида Минога қайтинг.

1018634539

42-маслаҳат

Фарз зиёратни қилиб бўлганингиздан сўнг Минога келгандан кейин шукрона қурбонлигининг сўйилганини сўранг. Бу уйдаги қурбонлик эмас, балки бир сафарда умра ва ҳажни қўшиб қилганингизнинг шукрона қурбонлиги эканини унутманг. Қурбонлик қилинмасдан олдин соч олдирилмайди, буни ёддан чиқарманг, шошилманг. Минода қурбонлик қиладиган жойни излаб топиб, битта қўй сотиб олиб, кўз олдингизда уни сўйдиринг. Яхши бўлади! Агар ўзингизнинг олдиндан тўланган пулингизга олинган қурбонлик сўйилгани хабари берилмаган бўлса ўз номингиздан, берилган бўлса, бу қурбонликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларидан сўйдиринг. Шунинг учун, уйдан шу қурбонлик учун нақд 100-130 долларлар олиб кетинг. Шундан сўнг, эҳромсиз одамга соч олдиринг. Унутиб қўйманг, сочни эҳром киймаган одам олиши керак.

брить-голову

43-маслаҳат

Кейинги икки кеча ҳам Минода тунаш керак ва пешиндан кейин учта шайтонга тошлар отиб туриш керак. Каъбатуллоҳга зиёратга бориб келинган тақдирда ҳам, Минога келиб ётилади.

Кейин Маккага келиб, меҳмонхонага жойлашгандан сўнг, то уйга қайтгунча зиёрат ва ибодатларни ғанимат билиб, намозларни Масжиди ҳаромда жамоат билан ўқишга ҳаракат қилиб туринг.

Кетиш хабари келганда эса, Масжиди ҳаромга охирги келишингизда Каъбатуллоҳни охирги марта тавоф қилинг. Бу “садр”, “видо”, “ифоза” тавофи деб аталади. Охирги видолашув тавофи бу.

3488746417_e0fbe89d5f

44-маслаҳат

Юқоридаги маслаҳатлардан бирортаси сизга фойда етказган бўлса, бу маслаҳатларни бераётганда умрида бирор марта ҳам ҳаж ва умра қилмаган Ҳамидуллоҳ Берунийни: “Илоҳим, шу одам ҳам умри охиригача камида 44 марта бу ерларга зиёратга келсин!”, деб дуо қилиб қўйинг.

Тамом.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *