КИБР

الكبرШу кунларда кибр ҳақида мақола ёзишни, кибр, такаббур, истикбор ҳақида маълумот беришни долзарб деб топдим. Жамиятимизнинг бошқа соҳаларини билмадим, аммо диний аҳли илмларимиз ичида шу мавзунинг ўта долзарб эканини англаб етдим. Қуръонни такрор қилмасдан  ўқий олмайдиган чала ҳофиз, аммо Қуръон ўқишни билмайдиганларни қуйи табақага мансуб ҳисоблайдиган керик қориларни, қўлига тушган арабий китобни аранг наридан-бери таржима қилади-ю, бироқ ўзини росса катта олим ҳисоблаб бошқаларни саводсизга чиқарадиган димоғдор муллаларни, ўтирган мансабининг номи улуғ бўлса-да сурпаси қуруқ лекин олифтагарчилиги оламни оладиган айрим ўзидан кетган имомларни, шунингдек, яшаётган уйи ва ҳатто миниб юрган машинасигача қайнотаси олиб берган аммо иқтисодий жиҳатдан ўзидан пастлар билан қўл бериб кўришишга ор қилувчи эрка куёвларни кўриб билганим учун шу мавзуда кичик бир мақолача ёзишдан ўзимни тўхтатолмадим.

Сўзларим кимнингдир манмансираган шахсиятига тегиб нафсонитига оғир ботиб кетса олдиндан узр сўраган ҳолда шуни билдириб қўяманки: Мақола ҳеч кимнинг шахсиятига қаратилган эмас! Балки, омонатдорлик масъулияти ила умумий тарзда ёзилган дилсўзларидир! Шундай қилиб мавзуга киришсам:

КИБР 

Мўминнинг қалбини яралаб мажруҳ қилувчи маънавий иллатлардан бири бу кибрдир. Инсон ўзини ўзгалардан устун кўриши, устунлиги билан нафсоний ички фараҳ туйишига — кибр, деб айтилади. Мутакаббирлар ўз хатолари-ю нотўғри ишларини доим ҳақ деб тасаввур қилишади, ўзларини оқлаб ҳимоя қилишади, олифтагарчиликларини узлуксиз давом эттиришга ҳамиша бир баҳоналари бўлади. Насиҳатга қулоқ солишмайди. Ўзидан бошқаларни бесавод, жоҳил, пастмақом ҳисоблайди. Ҳолбуки асл бесавод, жоҳиллар уларнинг ўзидир!

Банданинг кибр қилиши шаръан ҳаромдир!  Амр ибн Шуайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди:Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Қиёмат куни мутакаббирлар инсон қиёфасида аммо, чумоли каби майда ва ҳақир ҳолда тирилтириладилар. Уларни ҳар тарафдан хорлик қамраб олади. Уларни жаҳаннамнинг «Булис» деган чуқур ерига ҳайдаб борилади. Уларнинг устидан оловлар ёниб туради. Жаҳаннам аҳолисининг баданидан оққан чиқиндилар билан суғориб турилади. (Термизий).

Бу иллатнинг пайдо бўлишига асосан қуйидаги саккизта омил сабаб бўлади:

  1. Илм;
  2. Ибодат;
  3. Насаб;
  4. Ҳусн-жамол;
  5. Куч-қувват;
  6. Бойлик;
  7. Мансаб;
  8. Серфарзандлик.

Шу етти нарсадан биттаси ёки улардан бир нечтасига эга бўлган шахсда кибр ва унинг ёмон оқибати ҳақида тўлиқ ёки қисман маълумот бўлмаса, унинг қалбида кибр пайдо бўлади.

Диний ё дунёвий соҳа бўлсин, илмга эга бўлган киши ўзини олим ўзгаларни эса саводсиз ҳисобласа, демак унинг қалбига кибр уруғ қўйибди!

Ибодатларини вақтида адо қилиб юрган обид ўзгалардан ўзини Аллоҳга яқинман деб фараз қилаётган бўлса, демак унинг қалбига шайтон кибр найзасини санчиб қўйибди!

Насабига таяниб ўзини шарафли ҳисоблаб, ўзгаларни писанд қилмай қўйган оқсуяклар ҳам билиб қўйсин улар кибр балосига гирифтор бўлишибди!

Вақтинчалик гўзаллигига алданиб ҳусни жамолда қисилганларга кўз қири билан назар қилиб юрган калтабинлар ҳам ўзини катта тутмасин! Гўзалликни Аллоҳ беради ва у ўткинчидир!

Жисмонан бақувват полвонлар нимжон заифларни менсимай юрган бўлса, қиёмат куни қийналиб қолишларини, куч қувватлари иш бермаслигини ёдда тутсин!

Чўнтаги қаппайиб бойиб кетганлар фақир-у қашшоқларни одам ўрнида кўрмай қўйган бўлса, муҳтожларни кўрганда бурнини жийириб таъби хира бўлаётган бўлса, улар хулоса қилиб олсинки, ўша камбағаллар Аллоҳнинг наздида улардан қадрлироқдир!

Вақтинчалик мансабига ҳаволаниб лавозими пастлар билан кўришишга, бирга ўтиришга ор қилиб қолган мансабпарастлар, ходимларини менсимай қўйган димоғдор раҳбарлар, айниқса ўзидан ўзгаларни кўрмай қўйган имомлар! Қорилар! Қалбингизни кибр заҳри заҳарлаб, емириб бораётганини сезмаятган бўлсангиз билиб қўйинг! Мансабингиз вақтинчадир!

Аллоҳ берган фарзанд неъматини ўзидан деб ҳисоблаб Аллоҳни унутиб қўйган ғофиллар! Ўғлим кўп деб суюниб юрган калтафаҳмлар! Бефарзанд ё ўғли йўқларнинг устидан истеҳзоли кулиб юрган ақли калталар! Сизлар ҳам кибр балосига ўралашиб қолганингизни билиб қўйинг!

Ҳаммангиз кўзингизни очинг!

Кибрдан аста-аста такаббур — ўзини катта тутиш униб чиқади. Инсон қалбидаги кибрини ташқарига изҳор қилиши, ўзини юқори табақадан эканини ҳаракатда, амалда, ўзини тутишида, муомаласида ё сўзида ошкора айтишига — такаббур дейилади.

Кибр мутлақо ҳаром аммо такаббурнинг ҳалол бўлган турлари бор. Кўзини шира босиб қолган мутакаббирларга муносиб тарзда такаббур қилиш жоиз бўлади. Ноҳақ такаббурчилик кибр каби ҳаромдир. Аммо мутакаббирга такаббур билан муносиб жавоб қайтариш ҳаром эмас. Чунки мутакаббирларга тавозе кўрсатиш уларнинг такаббурини зиёда қилади. Такаббур билан жавоб қилиш эса уларни ҳушёр торттиради, эсини киргизиб қўяди.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ айтардилар: «Беписанд мутакаббир шахсга тавозе кўрсатувчилар золимларнинг золимидир!«.

Имом Шофеъий айтадилар: «Мутакаббирга икки карра такаббур қилиб жавоб қайтаринг!».

Ноҳақ такаббурчиликни Истикбор дейилади. Бинобарин, Аллоҳ таолони «Мутакаббир» деб сифатланади. Мустакбир, деб сифатлаш эса дуруст бўлмайди.

Қуйидаги тўрт ўринда такаббур қилиш ҳаром эмас:

  1. Мутакаббирларнинг такаббурига яраша муносиб жавоб қилиш;
  2. Жанг майдонида душманга руҳий тасир ўтказиш ниятида такаббур қилиш;
  3. Садақа тарқатиш вақтида фақирларга нисбатан такаббурли бўлиш. Токи, уларни ҳам мол топиш ва садақа берадиган ҳолга етишларига ундов маъносида;
  4. Дунёвий риёкорларга уларнинг фелига муносиб такаббур қилиш.

Эй Аллоҳим! Аввало, ниятимизни холис қилгин! Амалларимизни манфаатли қилгин!

Ботиржон қори

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...