Қадимда узуклар нафақат қўл ва бармоқларнинг зийнати, балки муҳр вазифасини ҳам ўтаб келганлар. Шу билан бирга, уларда ҳар хил ҳикматлар ҳам битиб қўйилган. Айниқса, халифалар ва давлат раҳбарларининг узукларидаги бу ҳикматлар эгаларига эслатма бериб турган, бошқа шахслар эса муҳрдаги бу ҳикматларни кўриб панд-насиҳат олишларига сабабчи бўлган. Исломдаги таниқли шахсларнинг муҳр узукларидаги ана шундай ҳикматларини қуйида келтириб ўтамиз. Улар бизнинг ҳам панд-насиҳат олишимизга сабабчи бўлса, ажаб эмас.
1) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг узукларида: محمد رسول الله «Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир!», деган ёзув бўлган экан.
2) Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳунинг узукларида: نعم القادر الله – «Аллоҳ қандай ҳам қудратли зот!», деган ёзув бўлган экан.
3) Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳунинг узукларида: كفى بالموت واعظا يا عمر – «Ўлим ўгит оолишга кифоя қилур, эй Умар!», деган ёзув бўлган экан.
4) Ҳазрати Усмон разийаллоҳу анҳунинг узукларида: آمنتُ بالذى خلق فسوّى – «Яратиб, гўзал сурат бағишлаган Зотга имон келтирдим!», деган ёзув бўлган экан.
5) Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг узукларида: الله الملك الحقّ – «Аллоҳ ҳақиқий подшоҳдир!», деган ёзув бўлган экан.
6) Ҳазрати Ҳасан разийаллоҳу анҳунинг узукларида: الله أكبر و به أستغيثُ – «Аллоҳ улуғдир! Унгагина ёлвораман!», деган ёзув бўлган экан.
7) Муовия разийаллоҳу анҳунинг узукларида: لكلّ عمل ثواب – «Ҳар бир (яхши) амал учун савоб бор!», деган ёзув бўлган экан.
8) Халифа Марвоннинг узугида: العزّة لله – «Иззат (азизлик) Аллоҳникидир!», деган ёзув бўлган экан.
9) Халифа Валид ибн Абдулмаликнинг узугида: يا وليد إنّك ميّت – «Эй, Валид! Албатта, сен ўлгувчисан!», деган ёзув бўлган экан.
10) Халифа Сулаймон ибн Абдулмаликнинг узугида: أومن بالله مخلصًا – «Аллоҳга ихлос қилган ҳолда имон келтираман!», деган ёзув бўлган экан.
11) Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳнинг узукларида: أغر غروة تجادل عنك يوم القيامة – «Бир бора ғурурга берилсанг ҳам қиёматда ундан сўралурсан!», деган ёзув бўлган экан.
12) Язид ибн Абдулмаликнинг узугида: فنى الشباب بقى الحساب – «Ёшлик ўтиб кетди, ҳисоб-китоб қолди!», деган ёзув бўлган экан.
13) Халифа Ҳишом ибн Абдулмаликнинг узугида: الحكم للحكم الحكيم – «Ҳукм ҳикматли ҳоким Зотникидир!», деган ёзув бўлган экан.
14) Аббосийларнинг биринчи халифаси Абдуллоҳнинг узугида: الله ثقة عبد الله و به يؤمن – «Аллоҳ Абдуллоҳнинг суянганидир, у Унга имон келтиради!», деган ёзув бор бўлган экан.
15) Халифа Мансурнинг узугида ҳам: الله ثقة عبد الله و به يؤمن – «Аллоҳ Абдуллоҳнинг суянганидир, у Унга имон келтиради!», деган ёзув бор бўлган экан.
16) Халифа ад-Ҳодийнинг узугида: الله العظيم – «Аллоҳ буюкдир!», деган ёзув бўлган экан.
17) Ҳорун ар-Рашиднинг узугида: بالله يثق هارون – «Ҳорун Аллоҳга суянади!», деган ёзув бўлган экан.
18) Халифа Аминнинг узугида: حسبى القادر – «Менга Қодир Зот (Аллоҳ) етарлидир!», деган ёзув бўлган экан.
19) Халифа Маъмуннинг узугида ҳам: الله ثقة عبد الله و به يؤمن – «Аллоҳ Абдуллоҳнинг суянганидир, у Унга имон келтиради!», деган ёзув бор бўлган экан.
20) Халифа Восиқнинг узугида: الواثق بالله – «Аллоҳга суянувчи!», деган ёзув бўлган экан.
21) Халифа Мутаваккилнинг узугида: المتوكل على الله – «Аллоҳга таваккул қилувчи!», деган ёзув бўлган экан.
22) Халифа Мунтасирнинг узугида: محمد بالله ينتصر – «Муҳаммад Аллоҳ билан ғалаба қилади!», деган ёзув бўлган экан.
23) Халифа Мўътаззнинг узугида: المعتزّ بالله – «Аллоҳ билан азизланувчи!», деган ёзув бўлган экан.
24) Халифа Муқтадирнинг узугида: محمد رسول الله «Муҳаммад Аллоҳнинг элчисидир!», деган ёзув бўлган экан.
Исмоил ибн Аббод раҳимаҳуллоҳнинг «Унвон ал-маориф» номли асаридан олинди. (Қаранг: Исмоил ибн Аббод. Унвон ал-маориф. – ШҚМ, № 2956/I. – В. 1b-16a.).
Ҳамидуллоҳ Беруний таржимаси

