ШАРИАТ↔ТАРИҚАТ↔МАЪРИФАТ↔ҲАҚИҚАТ

WdLthBp2EZapJbP_Bi_tVynPMCupgd2jfSOzI6Z4iT-1T40f62v20_jDD4vA8ImIv3R0Uy2R-EZ4ro5WP0ZA18xt1QhuxLz0-7wwvAIX1t6MkQАслида, бу шариат↔тариқат↔маърифат↔ҳақиқат деган тўртта сўзнинг маъноси бир хил ва бир нарсанинг тўртта томони, тўртта ҳолати, тўрт жиҳатини билдиради, холос. Яъни, битта ишдаги турли даражаларни англатади. Улар битта ишнинг имон-эътиқод, зоҳирий амал, фиқҳ томони ҳамда ихлос, руҳий-ботиний томони билан боғлиқ: зоҳирий ва ботиний, жисмоний ва руҳий тарбияга қараб белгиланадиган ҳолатлар ҳисобланади. Улар битта йўлнинг тўртта бекатидир:

“Шариат” (الشريعة) сўзи луғатда тўғри йўлни айтилади, ҳозирда араблар катта кўчани “шориъ” (الشارع) дейишади. Бирор нарсага, бирор ишга киришишини эса “шуруъ” (الشروع) дейилади. Қонун сўзининг бир маъноси ҳозирда “шаръ” (الشرع), қонун чиқаришлик ва кодекс тузишликни “ташриъ”  (التشريع), қонун чиқарувчи, юрист ва адвокатларни эса “шореъ” ва “муташарреъ” (الشارع، المتشرع) дейилган. Бу сўзларнинг ўзаги бир. Демак, умумий маънода диний қонун-қоидалар мажмуаси “шариат” ҳисобланади.

Саййид Шариф ал-Журжоний раҳимаҳуллоҳ “шариат”нинг маъносини: “бандалик қилиш усуллари ва диндаги йўлдир”, деб келтирганлар (Саййид Шариф ал-Журжоний. Мўъжам ат-Таърифот. – Қоҳира: Дор ал-Фазилат, 2000. – Б. 109).

“Тариқат” (الطريقة) сўзи ҳам луғатда йўлни билдиради. Замонавий араб тилида усул, метод ва восита маъноларида ишлатилади. Ўзбек тилидаги “тарақ-туруқ” сўзи ҳам шу сўзнинг ўзагидан олинган. Чунки, текис ва тўғри, тошли ва асфальт йўлда юрган одам “тарақ-туруқ” қилиб, овоз чиқармай иложи йўқ. Саййид Шариф ал-Журжоний раҳимаҳуллоҳ “тариқат”нинг маъносини бу тарзда келтирганлар:

اَلطَّرِيقَةُ هِىَ السِّيرَةُ الْمُخْتَصَّةُ بِالسَّالِكِينَ إِلَى اللهِ تَعَالَى مِنْ قَطْعِ الْمَنَازِلِ وَ التَّرَقِّى فِى الْمَقَامَاتِ

“Тариқат – у Аллоҳ таолога томон йўлга тушганларнинг манзилларни босиб ўтиши ва мақомлардан ўтиб боришидаги махсус юришдир” (Саййид Шариф ал-Журжоний. Мўъжам ат-Таърифот. – Қоҳира: Дор ал-Фазилат, 2000. – Б. 119).

Маърифат” (المعرفة) сўзи луғатда танимоқ, билиш, билим, таниш, хабардор бўлиш, эътироф қилиш каби маъноларни билдиради. Бирор нарсани аниқ-тиниқ билиб олиш “маърифат” ҳисобланади.

“Ҳақиқат” (الحقيقة) сўзи луғатда ўзбек тилидагидек бир нарсанинг тўғрилиги, ҳаққонийлиги, ҳақиқийлигини билдиради. У чинакам, ҳаққоният, реаллик, ҳақ-ҳуқуқ, адолатли маъноларида қўлланилади. Яъни, Ҳаққа етишмоқ ҳақиқатдир, Аллоҳни ҳақиқий кўриб турган каби билиш ва англаш ҳақиқатдир.

Демак, юқоридаги тўртта ҳолат инсоннинг камолот босқичларидир. Булар шариат↔тариқат↔маърифат↔ҳақиқат босқичларидан иборат бўлади. Демак, маърифатли одам шу маърифатини аниқ билиб-англаган онда энг баркамол, комил ва мукаммал инсондир! Янада соддароқ тушунтирадиган бўлсак, булар шаръий амалларни ихлос ва холис бажаришдаги даражалар, амал қилиш жараёнида инсонни қамраб оладиган маънавий ҳис-туйғулар, руҳий тарбиялар даражаси миқдоридир. Буни тушуниш учун намоз ўқишни мисол келтирамиз:

Мусулмон киши намоз ўқишни ўрганиб, мусулмонлиги сабабли барча кўрсатилган қоидалари (таҳорат, қибла, жойнамоз, ният, намоздаги қиём, қироат, рукуъ, сажда ва қаъда кабилар) билан намоз ўқишга киришиши “шариат” бўлади. Шуни қилса, бўлди у шариатга амал қилган бўлади. Ким шариатга амал қилса, унинг намози албатта қабул бўлади. Чунки, Аллоҳ таоло: وَ أَنَّ اللهَ لَا يُضِيعُ أَجْرَ الْمُؤْمِنِينَ – “Албатта, Аллоҳ мўъминларнинг ажрини зойеъ қилмайди”, деган (Оли Имрон, 171).

Энди, мана шу намоз унинг бандалик бурчи эканини ҳис қилиши, шу намоз билан Аллоҳга етишиш мумкинлигини англаши, яъни онгли равишда намоз ўқиши “тариқат” бўлади.

Энди, шу намозида худди Аллоҳ уни кўриб турганидек, Аллоҳ унинг намоз ўқишини кузатиб турибди, деган ҳис-туйғуни ҳис қилиб намоз ўқиши “маърифат” бўлади.

Шу намозида шу намозхоннинг ўзи Аллоҳни кўриб тургандек, Аллоҳнинг ҳузурида ва “қарши”сида тургандек даражада ҳис-туйғу билан намоз ўқиши эса “ҳақиқат” бўлади.

Нафақат намоз, балки барча хайрли ва яхши ишларни бажаришда ана шундай йўл тутиш, шу ҳис-туйғулар билан амал қилиш шариатдан кейинги тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларини билдиради. Демак, улар кўпроқ шаръий амалларни ихлос билан адо қилишга қаратилади. Инсоннинг руҳий тарбияси яхшиланиб борар экан, у шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларида юксалиб бораверади ва алалоқибат буларнинг барчаси амалий, зоҳирий ва ботиний, руҳий ва маънавий жиҳатдан бир нарсанинг тўрт томони эканини англаб етади. Мўъмин-мусулмон йўлининг бошланиши шариат, охири эса ҳақиқатдир. Яъни, бир йўлнинг икки томони. Шунинг учун ҳам, Имом Раббоний қуддиса сирруҳу бундай деган эдилар:

وَ أَمَّا الْمُنْتَهِى الْحَقِيقِى فَإنَّهُ يَجِدُ الْبَاطِنَ مُوَافِقًا لِظَاهِرِ الشَّرِيعَةِ

“Ҳақиқатнинг охирига етган киши ботини (ички олами)ни шариатнинг зоҳирига мувофиқ эканини топади” (Имом Раббоний. Мактубот. 1-жилд. – Истанбул: Мактаба ал-Ҳақиқат, 2002. – Б. 33).

Бу ҳолатларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Жаброил ҳадиси” деб аталган машҳур ҳадиси шарифида айтиб берганлар. Жаброил алайҳиссалом одам суратида келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан учта савол сўраган. Булар имон, ислом ва эҳсон ҳақида бўлган. “Эҳсон” бу ана шу биз айтаётган, тасаввуф аҳли истилоҳидаги “маърифат” ва “ҳақиқат” тушунчаларининг айнан ифодаси эди:

           قَالَ مَا الْإِحْسَانُ قَالَ أَنْ تَعْبُدَ اللَّهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ

“Жаброил алайҳиссалом: “Эҳсон нима?” деб сўради. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга уни кўриб турганингдек, агар уни кўрмайдиган бўлсанг, у сени кўриб турадигандек ибодат қилишингдир”, деб марҳамат қилдилар” (Бухорий, 1/50; 6/4777; Муслим, 1/8-9).

“Эҳсон” сўзи луғатда яхшиликни, гўзал ишни билдиради. Яъни, шариат яхши деб топган, гўзал ва эзгу деб ҳисоблаган барча нарсалардир. Ана шу гўзал ва эзгу яхшиликларни ихлос билан амалга ошириш “эҳсон” мақоми ҳисобланади. Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир, яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир. Аллоҳ таоло: هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ – “Эҳсоннинг мукофоти фақат эҳсондир!”, деб эълон қилган (ар-Раҳмон, 60).

Шаръий амалларни “эҳсон” мақоми ва “эҳсон” даражасида адо қилувчилар ҳақиқий эҳсон қилувчилар, ҳаққоний яхшилик қилувчилар бўлиб, “муҳсин” (“эҳсон қилувчи”) деб аталади. Аллоҳ таоло ҳам муҳсин бандаларининг амалларини зойеъ қилмасилигини “Қуръон”да уч марта айтиб ўтган:

  إِنَّ اللهَ لَا يُضِيعُ أَجْرَ الْمُحْسِنِينَ

“Албатта, Аллоҳ муҳсин бандаларнинг ажр-мукофотини зойеъ қилмайди” (Тавба, 120; Ҳуд, 115; Юсуф, 90).

Бу ерда ибодатдаги эҳсон тушунчаси жуда кенг маънодадир. Инсоннинг бутун ҳаёти ибодатга айланиши мумкин. Бу шариат, тариқат, ҳақиқат ва маърифат босқичларида амалга оширилиши керак. Инсон камолоти даврида бу тўртта босқични босиб ўтиши мумкин. Шунинг учун ҳам, мазкур ривоят муҳаддис Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ томонидан бундай деб келтирилган:

اَلْإِحْسَانُ أَنْ تَعْمَلَ لِلَهِ كَأَنَكَ تَرَاهُ فَإِنَّكَ أَنْ لَا تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ

“Эҳсон – Аллоҳ учун худди уни кўриб турганингдек, агар сен уни кўрмасанг, у сени кўриб турганидек амал қилишингдир” (Ибн Ҳиббон, 1/173).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган “эҳсон” даражаси қалбнинг иши бўлгани боис, уни Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ривоятида “Аллоҳдан қўрқиш” деб ифодаланган. Бу ерда Аллоҳдан қўрқув ҳис-туйғуси кўрсатиб берилган:

أَنْ تَخْشَى اللهَ عَزَّ وَجَلَّ كَأَنَّكَ تَرَاهُ فَإِنْ لَمْ تَكُنْ تَرَاهُ فَإِنَّهُ يَرَاكَ

“Аллоҳ азза ва жалладан худди уни кўриб турганингдек, агар уни кўрмасанг, у сени кўриб турганидек қўрқишингдир” (Таҳовий, “Мушкил ал-асор”, 7/2985).

Саҳоба Абу-д-Дардо разийаллоҳу анҳу амалларни ихлос билан амал қилиш борасида бундай деганлар:

اعْمَلْ لِلَّهِ كَأَنَّكَ تَرَاهُ، وَاعْدُدْ نَفْسَكَ مَعَ الْمَوْتَى، وَإِيَّاكَ وَدَعَوَاتِ الْمَظْلُومِ فَإِنَّهُنَّ يَصْعَدْنَ إِلَى اللهِ عَزَّ وَجَلَّ كَأَنَّهُنَّ شَرَارَاتُ نَارٍ

“Аллоҳ учун уни кўриб турганингдек амал қил. Ўзингни ўликлар билан бирга деб ҳис қил. Мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл. Чунки, уларнинг дуоси Аллоҳ азза ва жаллага худди оловнинг ёлқинлари сингари кўтарилиб боради” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 13/10183).

Шариатга ихлос билан амал қилишни “тариқат”, “маърифат” ва “ҳақиқат” даражалари деб айтдик. Бу ҳақида Абу Усмон Саъид ибн Исмоил ал-Ҳийрий қуддиса сирруҳу бундай деганлар:

صِدْقُ الْإِخْلَاصِ نِسْيَانُ رُؤْيَةِ الْخَلْقِ لِدَوَامِ النَّظَرِ إِلَى الْخَالِقِ، وَالْإِخْلَاصُ أَنْ تُرِيدَ بِقَلْبِكَ وَبِعَمَلِكَ وَعِلْمِكَ وَفِعْلِكَ رِضَا اللهِ تَعَالَى خَوْفًا مِنْ سَخَطِ اللهِ، كَأَنَّكَ تَرَاهُ بِحَقِيقَةِ عِلْمِكَ بِأَنَّهُ يَرَاكَ حَتَّى يَذْهَبَ الرِّيَاءُ عَنْ قَلْبِكَ، ثُمَّ تَذْكُرَ مِنَّةَ اللهِ عَلَيْكَ إِذَا وَفَّقَكَ لِذَلِكَ الْعَمَلِ حَتَّى يَذْهَبَ الْعُجْبُ مِنْ قَلْبِكَ، وَتَسْتَعْمِلَ الرِّفْقَ فِي عَمَلِكَ حَتَّى تَذْهَبَ الْعَجَلَةُ مِنْ قَلْبِك

“Тўғри ихлос – холиққа доимий назар қаратилгани боис халқнинг кўриб турганини унутмоқдир. Ихлос – қалбинг, амалинг, илминг ва феълинг билан Аллоҳдан қўрққан ҳолда Аллоҳ таолонинг розилигини исташингдир. Буни У сени кўриб туради деган ҳақиқий илминг туфайли худди уни кўриб турганингдек бўласан. Шунда қалбингдан риё буткул йўқолади. Кейин эса Аллоҳ сенга берган неъматларини эслай бошлайсан. Агар сенга мана шундай амал қилиш муваффақ бўлса, қалбингдан ўз-ўзингдан ажабланиш ва ғурурланиш ҳам кетади. Амалингда меҳр-шафқат, пок ниятлилик ишлатила бошлайди. Қалбингдан эса шашқалоқлик кетади” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 9/6475).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабал разийаллоҳу анҳуни Яманга жўнатаётганларида шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат йўлини бундай тушунтирганлар:

اعُبُدِ اللهَ وَلَا تُشْرِكْ بِهِ شَيْئًا، وَاعْمَلْ لِلَّهِ كَأَنَّكَ تَرَاهُ، وَاذْكُرِ اللهَ عِنْدَ كُلِّ حَجَرٍ، وَشَجَرٍ وَإِنْ عَمِلْتَ سَيِّئَةً فِي سِرٍّ فَأَتْبِعْهَا حَسَنَةً، فِي سِرٍّ وَإِنْ عَمِلْتَ سَيِّئَةً عَلَانِيَةً فَأَتْبِعْهَا حَسَنَةً عَلَانِيَةً وَاتَّقِ اللهَ، وَإِيَّاكَ وَدَعْوَةَ الْمَظْلُوم

“Аллоҳга ибодат қил ва унга бирор нарсани ширк келтирма! Аллоҳ учун худди сен уни кўриб тургандек амал қил! Аллоҳни ҳар бир тош, ҳар бир дарахт олдида эсла. Агар яширин бирор ёмон иш қилиб қўйсанг, унга кетидан бирор яхши ишни махфий қилиб қўй. Агар бирор ёмон ишни ошкора қилиб қўйсанг, унга кетидан бирор яхши ишни ҳам ошкора қилиб қўй. Аллоҳдан қўрққин, мазлумнинг дуосидан эҳтиёт бўл!” (Байҳақий, “Шуаб ал-имон”, 2/544).

Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ бу ҳадисни ривоят қилар экан, бу ерда хилватдаги зикр ва қалб зикри назарда тутилганини айтганлар. Бу эса тариқатдаги зикр жараёнлари ҳисобланади. Умуман, инсоннинг бутун ҳаёти эътибор ва ихлос билан кечса, шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқат йўлларидан иборат бўлиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳуни ушлаб туриб, унга бундай насиҳат қилганлар:

اعْبُدْ اللَّهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ وَكُنْ فِي الدُّنْيَا كَأَنَّكَ غَرِيبٌ أَوْ عَابِرُ سَبِيلٍ

“Аллоҳга худди уни кўриб турганингдек ибодат қил ва дунёда мисоли бир мусофир ёки йўловчи каби бўл!” (Аҳмад, 10/6156).

Бир ҳаким донишманд бундай насиҳат қилган экан:

اعْلَمْ أَنَّ أُجُورَ الْعَامِلِينَ عَلَى مَنْ عَمِلُوا لَهُ ؛ فَاعْمَلْ لِمَنْ شِئْتَ. اتَّقِ اللهَ كَأَنَّكَ تَرَاهُ ؛ فَإِنَّهُ يَرَاكَ إِنْ لَمْ تَرَهُ

“Билгинки, амал қилувчиларнинг ҳақ-мукофотлари ким учун иш қилинган бўлса, шунинг зиммасида бўлади. Демак, кимга ишлашингни ўзинг ҳал қил! Аллоҳдан худди уни кўриб тургандек қўрқ. Зотан, уни кўрмасанг ҳам, у сени кўриб туради” (“ал-Мужоласа ва жавоҳир ал-илм”, 6/2668).

Буюк мутасаввиф, иккинчи минг йилликнинг мужаддид олими Имом Раббоний қуддиса сирруҳу: “Хуллас, илм ва амал шариатдан олинадиган нарсалардир. Илм ва амалда руҳ ўрнидаги ихлосни ҳосил қилиш эса сўфийларнинг тариқатида юришга боғлиқ. Агар Аллоҳ томон йўлни босиб ўтмаса ва бу йўлда ҳақиқатга эришмаса, демак у ихлоснинг ҳақиқатидан узоқ ва мухлис бандаларнинг камолотидан маҳрумдир”, деганлар (Имом Раббоний. Мактубот. 1-жилд. – Истанбул: Мактаба ал-Ҳақиқат, 2002. – Б. 122).

Мусулмон шариат↔тариқат↔маърифат↔ҳақиқат даражаларида турлича бўлиши, бир даражада турмаслиги, юқорилаб, пастлаб туриши, даражаси гоҳи ундоқ, гоҳи бундоқ бўлиши мумкин. Муҳими, шариатдан пастлаб кетмаслиги лозим. Ҳанзала ал-Усайдий разийаллоҳу анҳунинг бу борадаги ҳикояти бор. У зот: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бўлганимизда, у зот бизга жаннат ва дўзах ҳақида гапириб берардилар. Биз худди кўзимиз билан кўриб тургандек бўлар эдик. Бир куни уйимга келиб, оилам ва болаларим билан ўйнашиб, кулиша бошладим. Шунда, мана шуни эслаб қолдим”, деган эканлар. Яъни, Расулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида бир мақомда бўлиб, Аллоҳни кўз билан кўриб тургандек мақомда бўлишини, уйга келганда эса Аллоҳ ва унинг зикри эсдан чиқиб қолиб, бошқа мақомда бўлишини эслаган. Дарҳол бу ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан сўраш учун йўлга тушган эканлар. Йўлда Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳуни учратиб, у зотга: “Мен мунофиқ бўлдим, мунофиқ бўлиб қолдим. Менда шундай-шундай ҳолат юз беради”, деган. Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу ҳам: “Бизлар ҳам шундай қиламиз-ку!”, деганлар. Яъни, бола-чақа билан бирга бўлиб, кулиб-ҳазиллашиш, ўйнаб-кулиш, дунёвий ишларни қилиш шариат чегарасида бўлиши мумкин, албатта. Буни ҳар бир мусулмон қилади. Уни қилмасдан бошқа илож ҳам йўқ. Бироқ, Ҳанзала разийаллоҳу анҳу ўйлаганларидек “Аллоҳни аниқ кўриб тургандек” ҳолат ҳамиша ва ҳамма вақт бўладими?! Ҳанзала разийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу ҳақида айтиб берганлар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилган эканлар:

فَقَالَ يَا حَنْظَلَةُ لَوْ كُنْتُمْ تَكُونُونَ كَمَا تَكُونُونَ عِنْدِي لَصَافَحَتْكُمْ الْمَلَائِكَةُ عَلَى فُرُشِكُمْ أَوْ فِي طُرُقِكُمْ، يَا حَنْظَلَةُ سَاعَةً وَسَاعَةً

“Эй, Ҳанзала! Агар сизлар менинг ҳузуримда бўлганингиздек доим шундай бўлганингизда эди, фаришталар сизларнинг йўлларингизга чиқиб, сиз билан қўл бериб кўришадиган бўларди. Эй, Ҳанзала! Бир соат ундоқ, бир соат бундоқ!” (Ибн Можа, 2/4239; Аҳмад, 4/17646; Табароний, 4/3491).

“Аллоҳни аниқ кўриб тургандек” ҳолат тасаввуфдаги “ҳақиқат” ҳисобланади. Бу инсониятнинг энг буюк камолотидир. Унга Аллоҳнинг энг севган бандалари – авлиё валийлари мушарраф бўладилар. Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бобомиз ривоят қилишларича, бу мақомни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг номидан “ҳадиси қудсий” сифатида бундай деб айтиб берганлар. Агар эътибор берсангиз, мазкур ҳадиси қудсийда шариат↔тариқат↔маърифат↔ҳақиқат босқичлари кўрсатиб берилган:

مَنْ عَادَى لِي وَلِيًّا فَقَدْ آذَنْتُهُ بِالْحَرْبِ وَمَا تَقَرَّبَ إِلَيَّ عَبْدِي بِشَيْءٍ أَحَبَّ إِلَيَّ مِمَّا افْتَرَضْتُ عَلَيْهِ وَمَا يَزَالُ عَبْدِي يَتَقَرَّبُ إِلَيَّ بِالنَّوَافِلِ حَتَّى أُحِبَّهُ فَإِذَا أَحْبَبْتُهُ كُنْتُ سَمْعَهُ الَّذِي يَسْمَعُ بِهِ وَبَصَرَهُ الَّذِي يُبْصِرُ بِهِ وَيَدَهُ الَّتِي يَبْطِشُ بِهَا وَرِجْلَهُ الَّتِي يَمْشِي بِهَا وَإِنْ سَأَلَنِي لَأُعْطِيَنَّهُ وَلَئِنْ اسْتَعَاذَنِي لَأُعِيذَنَّهُ وَمَا تَرَدَّدْتُ عَنْ شَيْءٍ أَنَا فَاعِلُهُ تَرَدُّدِي عَنْ نَفْسِ الْمُؤْمِنِ يَكْرَهُ الْمَوْتَ وَأَنَا أَكْرَهُ مَسَاءَتَهُ

“Кимки менинг валийимга душманлик қилса, менг унга ўзим уруш очаман! Бандам менга энг севимлироқ бўлмиш унга фарз қилган нарсаларимни (шариатни) қилмасдан туриб менга бошқа бирор нарса билан яқинлик қила олмайди. Кейин бандам то уни яхши кўриб қолгунимча (тариқатда) нафлларни адо қилиш билан менга (даражама-даража) яқинлик ҳосил қилиб бораверади. Агар уни яхши кўриб қоладиган бўлсам, (“эҳсон” мақомидаги маърифатда) унинг эшитадиган “қулоғи” бўламан, унинг кўрадиган “кўзи” бўламан, унинг ушлайдиган “қўли” бўламан, унинг юрадиган “оёғи” бўламан. Агар (“эҳсон” мақомидаги ҳақиқат билан) мендан сўраса, албатта уни бераман. Агар мендан паноҳ сўраса, албатта унга паноҳ бўламан. Агар бирор нарса борасида иккиланиб қолса, уни мен амалга ошириб бераман. Менинг иккиланишим эса ўлимни ёқтирмайдиган мўъминнинг жони борасида бўлади, чунки, мен унга ёмонлик қилишни ёқтирмайман!” (Бухорий, 8/6502).

Демак, инсоннинг шариатга ихлос ва эътиқод билан амал қилиши тариқат, ҳақиқат ва маърифатга етишишига олиб келади. Шариатга ҳам инсон ўзича амал қилиб кетавермайди, шариатни ўргатадиган устоз, мураббий ва муаллим керак бўлади, ўрганувчи эса қори, ўқувчи, мутааллим бўлади. Худди шундай мусулмон тариқат, маърифат ва ҳақиқатни ҳам махсус устозлардан ўрганади. Руҳий тарбия устозлари муршид ва пир деб аталади, уни ўрганувчи эса солик ва сўфий дейилади. Демак, шариат, тариқат, маърифат ва ҳақиқатнинг фарқи руҳият олами билан боғлиқ, руҳий ҳис-туйғуларга қараб белгиланар экан. Хуллас, мўъмин-мусулмон Аллоҳга етишишда юрадиган шариат↔тариқат↔маърифат↔ҳақиқат  йўлининг бошланиши шариат, охири эса ҳақиқатдир. Яъни, булар битта йўлнинг икки томони ва унинг ўртасидаги икки бекатлардир.

Аллоҳ таоло ҳар бир мусулмонни шариатга мустаҳкам амал қилиб, тариқат, маърифат ва ҳақиқат босқичларида юксалиб, комил инсон бўлишини муяссар қилсин! Омин, ё рабб ал-оламин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *