РЎЗА ҳақида 40 ҲАДИС

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Ramazon haqida 40 hadis

1) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Рамазон ойи кирганда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннамга қулф солинади ва шайтонлар кишанланади.” (Бухорий ва Муслим).

2) Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Жаннатда саккизта эшик бор. Улардан бири “Раййон” деб номланган. Ундан фақатгина рўзадорлар киради”. (Бухорий ва Муслим).

3) Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, Ул зот айтардилар:

“Жаннатда бир эшик бор, уни “Раййон” дейилади. Қиёмат куни бўлганда “Рўзадорлар қани”—дейилади. Жаннатга киришгач эшиклар қулфланади. Бас, у ерда сув ичишади. Ким унинг сувидан ичса асло ташналик кўрмайди”. (Термизий).

4) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Кимки Рамазонда иймон ва ихлос ила, савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади.  Кимки Рамазонда иймон ва ихлос ила, савоб умидида кечалари (намозда) қоим бўлса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади. Кимки қадр кечасида иймон ва ихлос ила, савоб умидида қоим турса, унинг олдинги гуноҳлари кечилади”. (Бухорий ва Муслим).

5) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Одам боласининг ҳар бир яхши амалига ортиғи билан мукофот берилади. Бир яхшиликка ўн баробардан то етти юз баробаргача савоб берилиши мумкин. Аллоҳ айтадики: илло, рўза бундан мустаснодир. Чунки рўза Мен учун ва унга Ўзим ажр бераман. Рўзадор Мени деб шаҳвати ва таомидан воз кечади. Рўзадорга икки марта шодлик бор. Бири ифторлик чоғида, иккинчиси Роббисига йўлиққан чоғда. Шубҳасизки, рўзадорнинг оғзидан чиққан ҳид Аллоҳнинг наздида мушки анбарнинг хушбўйидан ҳам яхшироқдир. Рўза қўрғондир. Қайси бирингиз рўза тутган бўлса, бировни ҳақоратламасин ва овозини кўтариб бақирмасин. Уни биров сўкса ё урушса, унга: “мен рўздорман”, десин”. (Бухорий ва Муслим).

6) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Рамазон ойининг биринчи кечаси кириши билан шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади. Жаҳаннам эшиклари беркилади, бирортаси ҳам очилмайди. Жаннат эшиклари ланг очилади, бирорта ҳам эшик ёпилмайди. Махсус жарчи: ҳой яхшилик истаганлар, келинг! Ҳой ёмонлик истаганлар ўзингизни тийинг!—деб жар сола бошлайди. Ва бу ойда Аллоҳ кўплаб одамларни дўзахдан озод қилади. Озодлик ҳар кечада бўлади”. (Термизий, ибн Можа).

7) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Сизларга муборак ой—Рамазон келди. Унинг рўзасини Аллоҳ фарз қилган. Бу ойда само эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари ёпилади, Шайтон малайлари боғланади. Бу ойда Аллоҳнинг бир кечаси борки, у минг ойдан кўра яхшироқ. Ким бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум бўлса, барча яхшиликлардан қуруқ қолибди”. (Имом Аҳмад, Насаий).

8) Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Рўза ва Қуръон бандани шафоат қилади. Рўза айтади: “Эй Роббим, мен уни кундузи таомланиш ва шаҳвоний эҳтиёжларини қондиришдан ман қилганман, бас, уни шафоат қилишимга изн бер”. Қуръон айтади: “Эй Роббим, мен уни кечаси ухлашдан ман қилганман, бас, уни шафоат қилишимга изн бер”. Уларнинг талаби қондирилади ва шафоат изни берилади”. (Байҳақий, Шуаб ул-иймон).

9) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у айтди: Рамазон кирганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Сизларга бу (улуғ ва баракотли) ой келди! Унда минг ойдан кўра хайрлироқ бир кеча бор! ким у кечани қўлдан бой берса, барча яхшиликлардан қуруқ қолибди! Рамазон яхшиликларидан фақат бахтсизларгина қуруқ қолади!”. (Ибн Можа).

10) Салмон Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар:  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шаъбон ойининг охирги куни мавъиза қилиб:

Ҳой одамлар! Сизларга улуғ, баракали ой соя солиб турибди. У шундай ойки, унда минг ойдан кўра самаралироқ бир кеча бор. Аллоҳ у ойда кундузи рўза тутишни фарз, кечалари қоим туришни нафл қилди. Ким бу ойда бир яхши хислат билан Худога яқинлашса бошқа ойларда бир фарзни адо этгандек бўлади, кимки бу ойда бир фарзни адо этса, бошқа ойларда етмишта фарзни адо этган даражада кўп савобга эга бўлади. Бу сабр ойидир, сабрнинг ажри эса жаннатдир. Бу ўзаро ҳиссадорлик, шерикчилик қилинадиган ойдир. Унда мўминнинг ризқи зиёда бўлади. Ким бу ойда бир рўзадорга ифтор қилиб берса, гуноҳлари кечирилади, жаҳаннамдан озод бўлади ва ўша рўзадорга берилган ажр мислича ажрга эга ҳам бўлади”.—дедилар.

Биз: Эй Расулуллоҳ, ҳаммамиз ҳам ифтор қилиб беришга қодир эмасизку?!—дедик .

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ таоло рўздаорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ва ёки бир қултум сув бериб ифтор қилдирганга ҳам ўша савобни бераверади. Агар кимки бир рўзадорнинг қорнини тўйдирса, Аллоҳ уни менинг хавзимдан сув ичиради ва у то жаннатга киргунча қайта ташна бўлмайди. Бу шундай ойки, унинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири жаҳаннамда озодликдир. Кимки бу ойда қўл остидаги қулига енгиллик қилса, Аллоҳ уни кечиради ва дўзахдан халос қилади”—деб жавоб бердилар. (Байҳақий. Ибн Хузайма).

11) Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазон ойи кирганда барча асирларни озод қилар ва ҳар бир соилга сўраганини берарди. (Байҳақий, Шуаб ул-иймон).

12) Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Икки байрам ойи бор, улар асло камтик бўлмайди: Рамазон ва Зулҳижжа”. (Муслим).

13) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Жаннат Рамазон учун йил бошидан келгуси йилгача зийнатланиб, ясаниб туради.” Яна Расулуллоҳ айтдилар: “Рамазоннинг биринчи куни кириши билан хури ийнлар узра жаннат дарахтларидан хушбўй шаббода эсади. Шунда улар: “Эй Раббимиз, бизга Ўз бандаларингдан жуфти ҳалоллар бергинки, улар бизнинг кўзимизни қувнатсин, бизни кўрганда уларнинг кўзи қувнасин”—деб дуо қилишади. (Байҳақий. Шуаб ул-иймон).

14) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:

Рамазоннинг охирги кечасида умматлари кечирилишини” айтдилар. Шунда Ул зотга кимдир: Эй Расулуллоҳ, ўша қадр кечасими?—деб савол қилди. Ул зот: “йўқ, лекин ҳар бир амал эгаси ўз ишини тугатса тўлиқ ажрини олади”—дедилар. (Имом Аҳмад).

15) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Саҳарлик қилинглар, чунки саҳарликда барака бордир!”. (Бухорий, Муслим).

16) Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Бизнинг рўзамиз билан аҳли китобларнинг рўзасини саҳарлик ажратиб туради”. (Муслим).

17) Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Одамлар модомики ифторга шошилар экан, яхшиликда давомий бўлаверишади”. (Бухорий ва Муслим).

18) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Аллоҳ азза ва жалла: “бандаларим ичида менга энг маҳбублари—ифторга шошилганларидир”—деб айтган”. (Термизий).

19) Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Бу (шарқ) томондан зулмат қоплаб келса, ёруғлик бу (ғарб) тарафга қараб ғоиб бўла бошласа ва қуёш ботса, рўзадорлар ифтор қилади”. (Бухорий. Муслим).

20) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзани (ифторликсиз) улаб тутишдан қайтардилар. Шунда ул зотга бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули, ўзингиз улаб тутасизку?!”—деди. Расулуллоҳ: “қайси бирингиз менга ўхшашсиз?! Мен ухлайман ва ҳолбуки Аллоҳ мени тўйдиради ва ташналигимни қондиради”—дедилар.”. (Бухорий. Муслим).

21) Хафса онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди, ул зоти шарифа айтдилар:

Ким фажр (тонг)дан аввал рўзга ният қилмаган бўлса, унингрўзаси рўза эмасдир”. (Термизий, Абу Довуд ва Насаий).

22) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Аллоҳ таоло айтган: Менга бандаларимнинг энг суюклиги ифторга шошилганларидир”. (Термизий).

23) Салмон ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Қай бирингиз ифтор қилмоқчи бўлса, хурмо билан ифтор қилсин. Чунки у баракадир. Агар хурмо топа олмаса, сув билан ифтор қилсин. Чунки у покловчидир”. (Термизий).

24) Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзаларида шом намозини ўқишдан олдин янги пишиб етилган хурмо билан ифтор қилардилар. Агар янги пишгани топилмаса қуритилган хурмо билан ифтор қилардилар. У ҳам топилмаса уч хўплам сув билан оғиз очардилар”. (Термизий. Абу Довуд).

25) Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Ким бирорта рўзадорга ифтор қилиб берса, ёки бирор ғозийни қуроллантирса, у учун уларнинг ажрича ажр берилади”. (Байҳақий. Шуаб ул-иймон).

26) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам афтордан кейин: “Ташналик кетди, томоқлар намланди ва иншааллоҳ савоб ҳосил бўлди”—дер эдилар. (Абу Довуд).

27) Муоз ибн зуҳра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ифтор қилгач: “Аллоҳумма лака сумта ва ъала ризқика афторту (Эй Аллоҳ сен учун рўза тутдим ва ризқингла ифтор қилдим)”—дер эдилар. (Абу Довуд).

28) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

Одамлар ифторликка шошилар экан дин ғолиб бўлиб қолаверади. Чунки яҳуд ва насоролар ифторликни кечиктириб қилишади”. (Абу Довуд, ибн Можа).

29) Абу Атийя айтади: мен Масруқ билан Оиша розияллоҳу анҳо онамиз хузурига кирдик ва Ул зоти шарифага айтдик:

— Эй мўминлар онаси! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан икки кишини биламиз уларнинг бири рўзада ифторга шошилади ва шом намозини ҳам эртароқ ўқийди. Иккинчиси эса ифторни ҳам, шомни ҳам ортга суради.

— Оиша онамиз: қайси бири ифтор ва шомни эртароқ адо қилади?—дедилар.

— Биз: Абдуллоҳ ибн Масъуд—дедик.

— Оиша онамиз: Расулуллоҳ ҳам худди шундай қилар эдилар—деди.

Иккинчи саҳобий Абу Мусо ашъарий эди. (Муслим).

30) Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда мени саҳарликка таклиф қилиб: “муборак тонгда бизникига кел!”—дедилар”. (Абу Довуд, Насаий).

31) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Мўминнинг саҳарлигида қуритилган хурмо қандай яхши таомдир…”. (Абу Довуд).

32) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Кимки рўзадорлигини унутиб бирон нимани еса ё ичса, рўзани охирига етказсин. Чунки унга Аллоҳнинг Ўзи едирибди ва ичирибди”. (Бухорий ва Муслим).

33) Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Учта нарса рўзани бузмайди: ҳижома, қай қилиш ва эҳтилом”. (Термизий).

34) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Кимки (Рамазонда) бўлмағур, фаҳш сўз ва амалларни ташламас экан, Аллоҳ унинг таом емай ва ичимлик ичимай юришига эътибор қилмайди”. (Бухорий).

35) Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтди:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромдалик чоғида ҳам, рўзадор ҳолида ҳам хижома қилдирган эдилар”. (Бухорий ва Муслим).

36) Омир ибн Робиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, у киши айтди:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзадор чоғида тишларини шу даражада кўп тозалар эдиларки, ҳатто ҳисобини ололмасдим”. (Термизий, Абу Довуд).

37) Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Қанча-қанча рўзадорлар борки, уларга ташналикдан бошқа ҳеч вақо берилмайди. Қанча-қанча (Рамазон кечалари) қоим бўлувчилар борки, уларга бедорликдан бошқа ҳеч қандай насиба йўқ”. (Доримий).

38) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: Ҳамза ибн Амр ал-Асламий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўради:

— Сафарда рўза тутсам бўладими? (у киши жуда кўп сафарда юрарди).

— Расулуллоҳ: “хоҳласанг рўза тут, хоҳласанг тутма”.—дедилар.

39) Анас ибн Молик ал-Каъбий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Аллоҳ таоло мусофирдан намознинг ярмини кўтарди. Рўзани эса мусофир, эмизикли аёл ва ҳомиладорлардан кўтарди”. (Абу Довуд, Термизий, Насаий, ибн Можа).

40) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

“Кимники зиммасида Рамазон фарз рўзаси туриб вафот топса, унинг ортидан ҳар бир кунлик рўза учун бир мискинга таом берилсин”. (Термизий).

Ҳикматуллоҳ Иброҳим тайёрлади.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *