№38. Расулуллоҳга бўлган муҳаббатимиз…

Исботга муҳтож бўладиган даъводир

Ҳар йили ушбу муборак ой арафасида мусулмонларнинг кўпчилиги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилишлари хотирасини нишонлашга одатланганлар. Шубҳа йўқки албатта бу яхши ва олийжаноб ишдир.

Ўзининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мансублигидан фахрланишни истаётган ва бирор муносабат билан ёки муносабатсиз у зотни мақташни хоҳлаётган ҳамда у зотга бўлган боғланишни янгилаб қалбидаги муҳаббатни мутаҳкамлашга интилаётган кишини инкор қилиш учун таянадиган сўзга одамларнинг ҳеч бири эга эмас. Одамлар ичида мусулмонларнинг ушбу туйғуларини бирор муносабат билан ёки муносабатсиз ифода қилишларидан қайтаришга кучи етадиган киши йўқ.

Ажабланарлиси шуки улар ҳар йили ўзларининг подшохлари хотирасини нишонлайдилар, ўтиб кетган ёки ҳозирдаги қироллари ҳотирасини тантана қиладилар.

Уларнинг бирларини туғилиши ёки вафот этганлиги  хотираси бўлиб қолса уларнинг ўзлари подшоҳлари ҳотирасини нишонлаб тантана қиладилар кейин ушбу ҳотираларни ва ўша шоҳларининг обрўлари ҳақидаги сўзларни газета ва журналларида гапиртиришни талаб қиладилар.

Ким энди ҳудди шу ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишлари хотирасини нишонлашга келганда инкор қилади.

Нима учун уларнинг бу ишни подшох ва раҳбарлари учун мумкин деб, туғилган ёки вафот этган кунлари муносабати билан саҳифа ва журналларида катта унвонлар билан уларнинг сифатлари ҳақидаги сўзларни чиқартиришни талаб қиладилар-у, Расулуллоҳ соллаллоҳ алайҳи ва салламга келганда нима учун бу ҳуқуқни у кишидан ман этишларини бирор оқил одам билмайди. Кейин бирорта ақли бор одам нима учун уларнинг барча подшоҳ, раҳбар ва ҳокимлардан ҳам юқори бўлган киши қаршисида мусулмонлар жамоасини бундай ҳуқуқни амалга оширишларига қаршилик қилишларини тушунмайди. Билиб қўйинг бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўладилар.

Демак ҳеч ким мусулмонларни ўзларига хос бўлган йўл билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилиш хотирасини нишонлашларига қаршилик қилишга кучи етмайди.

Лекин билишимиз лозим бўлган нарса шуки, албатта бу йиғилишларнинг ҳаммаси мусулмонларни ҳамиша Расулуллоҳга эргашувчи издош эканликлари ифодасидир.

Албатта бу мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тўғри ҳидоят йўлида ҳаракатланадилар. Албатта улар ҳар йили шу кунларда набийлари соллаллоҳу алайҳи ва салламга берган қасамёдларини янгилаб оладилар.

Бу йиғилишлар ана шу маънодан бошқа нарсани ифода қилмайди. Бу сўзларни барча мусулмонлар учун айтиш мумкин, бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ. Лекин шуни билишимиз керакки, албатта бу сўзлар даъволардир. Бас эди бу даъво эгалари ўз даъвосига содиқ бўлиши ёки ёлғончи бўлиши мумкин.

Сен бу каби муносабатларда айтишинг мумкин; «Мен ўзимни анбиё ва расулларнинг охиргиси бўлган Муҳаммад ибн Абдуллоҳга муносиб эканимдан фахрланаман». Сен бу каби муносабатларда у киши билан завқланишинг ҳамда у кишига бўлган муҳаббатингни ифода қилишинг мумкин. Сен ўзингни унинг тўғри йўлида ҳаракатланишни лозим тутганингни ифода этишинг мумкин. Лекин сен шуни унутмагинки буларнинг барчаси сен баён қилаётган даъволар саналади. Кейин сенинг ҳаёт тарзинг бу даъвони тасдиқлаб беради ёки уни рад қилади. Бу биз тўхталишимиз лозим бўладиган нарсадир.

Биз бу каби йиғилиш ва муносабатларда қилаётган даъволаримиз ҳаёт тарзимизга ва амалларимизга мувофиқ бўлаябдими ёки йўқми, шуни суриштиришимиз лозим.

Агар мувофиқ бўлаётган бўлса бу бошни баланд ва юқори кўтарадиган ҳамда қалбга ишонч соладиган нарсалардандир. Аммо даъволар бир водийда амаллар ва ҳаёт тарзларимиз эса бошқа бир водийда бўлса шубҳа йўқ-ки, мусибат оғир. Бу йиғин ва муносабатлар эртага бизнинг фойдамизга гувоҳлик бериш ўрнига зараримизга гувоҳ бўлади.

Араб ва барча ислом оламини қоплаб олган ахборот идораларига назар солган вақтимизда шу кунларда бўлаётган Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам туғилишлари хотирасини нишонлаш билан қўшилиб кетганини кўрамиз.

Демак уларни бу ишга жамлаган нарса Набийлари Муҳаммад алайҳис-салом билан фахрланишга келишиб олишлари ҳамда у киши билан завқланишлари ва у кишига бўлган муҳаббатларини ифода қилишларидир. Шунингдек у зотнинг сийратлари ва ҳаёт тарзларига эргашувчи издош эканликларини баён қилиб беришдир. Сен ундан кейин воқеликга эътибор бер, шунда сен воқеликни ҳаммаси ёки қисимлари бу йиғилишлар талқин қилаётган нарсага зид келаётганини кўрасан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилганларида ҳаммани бир сўзга жамланишга, фирқаланишдан қайтаришга, ихтилоф, бўлиниш ва парчаланиш сабабларини тор-мор қилишга чақирганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ишга даъват қилганларида Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи ила ёрдам сўраган ҳолларида чақирган.

”Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”. Оли Имрон, 103.

Пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотирасини нишонлашга бир сўзда жамланган кишиларни кўрасан, кейин уларнинг воқеликларига назар солсанг уларни бир бирларига душман бўлганларини, бир-бирлари билан келиша олмай бўлиниб кетганларини, тортишиб жанжал қилаётганларини кўрасан. Гапириб ва тушунтириб бўлмайдиган ажойиб ғалати нарса.

Аммо бу жамловчи йиғинларнинг зоҳири ўзига мафтун (жалб) қилувчи унсур бўлиши лозим. У ҳамма одамларни бўлиниб кетишдан ўзига тортиши ва уларни бир услубда ҳаракатланадиган ва бир йўлда учрашадиган қилиши лозим. Бу уларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни туғилиш хотирасини нишонлашлари тақозо этган нарсадир. Лекин сен уларнинг воқеликларини келиб кўрсанг ҳар бир гуруҳни алоҳида бир водийда юрганини топасан. Бир-бирига ўхшаш бу жамловчи йиғин иштирокчиларига қараб уларни ҳаётларида ҳеч қачон бирдам эмаслигини кўрасан. Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам хотирасини нишонлаш учун ташкил қилинган бундай иш қандай қилиб Расулуллоҳ рози бўладиган амал саналади? Қандай қилиб Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло рози бўладиган иш ҳисобланади?

Бу бир сўз билан айтганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни алдаш турларидан биридир. Шарқдан ғарбгача ва шимолдан жанубгача бўлган ислом ўлкаларимизда йиғинлар ташкил қилаябмиз. Сиз унда сўзловчиларнинг оғизларидан вулқондек отилиб чиқаётган алангали сўзларни эшитасиз. Ахборот идораларининг ҳаммаси бу сўзларни кўчириб бормоқда. Бу сизга аслини олганда бир уммат бўлиб кўринади ва ягона йўлда ҳаракатланаётгандек туюлади. Булар сизга эртами индин ерларимизни босиб олган ва ҳуқуқларимизни топтаган душманни бир камонга ўқлаб ерларимиздан улоқтириб ташлайдигандек туюлади. Сабаби уларнинг ҳаммаси Аллоҳга бўлган иймон ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатига бўлган масъулият сояси остида тўхталганларидир. Энди бу муносабатлар ўтиб, сўзловчилар жим бўлса, ахборот идораларининг бу талқинларни узатиш ишлари тугаб ўзларининг бошқа ананавий дастурларига киришиб кетсалар, сен уларнинг барчасини бир-бирларига қарама-қарши бўлган йўлда кетаётганини кўрасан.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саъид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбасидан.

25-июл 1997-йил.

Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллоҳ  Ғуломов таржимаси.

5-январ 2017-йил.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *