РАҒОИБ КЕЧАСИ ВА НАМОЗИ

5d9db3a257c6c7f8c9dc479faa80667bРағоиб кечаси бу Ражаб ойининг биринчи жума кечасидир. Бу кечада шомдан кейин 2 ракатдан олти марта, жами 12 ракат ўқиладиган маръруф намозга (биринчи ракатда «Фотиҳа» сурасидан кейин уч марта «Қадр» сураси, иккинчи ракатда эса «Фотиҳа» сурасидан кейин ўн икки марта «Ихлос» сураси ўқилади. Шу тариқа икки ракатдан олти марта. Намоз тамом бўлгач 70 марта саловат ўқилади.) “Рағоиб намози” дейилади.

Рағоиб намози Салафи солиҳлар даврида бўлмаган. Баъзи маълумотларга кўра у ҳижрий бешинчи асрнинг иккинчи ярмида, аниқроғи 480 – ҳижрий санада урфга кирган.

Шиаларнинг китобларида “Рағоиб кечаси” ва “Рағоиб намози” ҳақида ҳадислар борлиги иддао қилинган. Аммо аслида бу ҳақда биронта ишончли ҳадис собит бўлмаган.

Ҳанафий мазҳабининг йирик олимларидан Шайҳ Мулла Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳ “ал-Адаб фи Ражаб” номли рисоласида келтришича, “Рағоиб намози” ҳақидаги ҳадисларни ривоят қилган одамлар ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас ва аксар муҳаддислар очиқ – ойдин бу ҳадисларни уйдирма деган.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳу Муслим”да шундай деган:

Уламолар “Рағоиб намози”нинг макруҳлигига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Жума тунини намоз билан, Жума кунини рўза билан хосламанглар!” – деган ҳадиси билан ҳужжат қилишган. Чунки бу намоз жаҳолат ва залолат бидъатлари қаторида мункар бидъатдир. Унинг ичида ҳам ошкора мункар амаллар бор. Буни ўйлаб топиб шариатга тиқиштирган ихтирочига Аллоҳ уруш эълон қилсин! (Шарҳу Нававий ъала саҳиҳи Муслим. 8/20).

Шайҳ Мулла Али раҳимаҳуллоҳ имом Нававийнинг бу сўзларидан иқтибос келтиргач, қуйидаги фикрини илова қилади:

Имом Нававий Жума кечаси уйида ёлғиз ёки жамоат бўлиб (нафл) намоз ўқиганларга ҳам тааллуқли қилиб мутлақ залолат ва жаҳолатга чиқариши бироз баҳслидир. Чунки намоз умуман олганда яхши амал. Тўғри, биз бу (рағоиб намози ҳақидаги ҳадис)ни уйдирмалигини эътироф этамиз. Лекин гуноҳ ўша ҳадисни ўйлаб топган уйдирмачининг бўйнига тушади. Воқеан жума кечаси нафл ўқиган одамга эмас. (ал-Адаб фи Ражаб. 45 — Б).

Имом Нававий раҳимаҳулоҳга кўра, Ражаб ойининг илк жума кечасида “Рағоиб намози”ни ўқиш макруҳ. Чунки бу ҳақда юқоридаги ҳадис далил бўлади.

Лекин умуман, жума кечасини нафл намоз билан хослаб олиш масаласига тўхталадиган бўлсак, бунинг макруҳлигида уламоларнинг ихтилофи бор. Зоҳирроғи шуки, айнан жума кечасида нафл ўқиш макруҳи танзиҳий (енгил макруҳ)дир. Энг яхшиси айнан жумада эмас балки ҳар кеча нафл ўқимоқдир. Шунда ҳеч қандай кароҳият бўлмайди. Нафл ўқиш учун махсус вақтни танлаб олиш ҳақиқатан яхши эмас.

Рағоиб намози қандай залолат ва мункар бўлади?! Ва ҳолбуки “Жомеъ ул-усул” китобида унинг ҳаммага машҳур кайфиятини баён қилгач, унинг ортидан дуолар ижобат бўлиши ҳақида айтилганку?!

Рағоиб ҳақдига ҳадисни мен Разин Ироқийнинг китобида кўрдим, аммо саҳиҳ тўпламларда учратмадим. Ҳадисга таъналар айтилгани ҳам рост. (Жомеъ ул-усул. 6 / 154 – Б).

Мавлоно Мулла Али ал-Қори раҳимаҳуллоҳ яна шундай дейди: Бизга, “Рағоиб намози”ни шаръан эътиборга олишимиз учун ҳадисшуносликда  юксак мақомга эга шайҳ Ибн Салоҳ бу намозни жоиз деб ихтиёр этганлиги етарли далил бўлади. Ва яна Ҳужжат ул-ислом Ғаззолий ҳам “Иҳё”да жоиз деган. Ундан ташқари яна бир қанча машойиҳлар дуруст деган.

Баъзи одамларнинг “бу намоз тўртинчи юз йилликдан кейин пайдо бўлган” деган гаплари унинг бидъати саййиа эканини келтириб чиқара олмайди. Зотан нафл намоз шариатимизда китоб ва суннат билан собитдир.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бу кечада яъни, “Рағоиб кечаси”да одамларнинг тўпланиши ва олов ёқиши, шунингдек, эркак-хотилар аралашиб тадбир уюштиришлари, чилдирма чалишлари ва рақслар уюштиришлари ҳақиқатан бидъат, мункар ишлардир. (Мавлоно Мулла Али. ал-Адаб фи Ражаб. 47 — Б).

ХУЛОСА

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, холис ният билан, улуғ Ражаб ойининг нафақат илк жума кечаси, балки ҳар кечасида имкон қадар қоим бўлиш, зикр қилиш, Қуръон ўқиш каби ибодатлар таҳсинга лойиқ амаллардир. Шундай экан, бу хайрли ишни агар йўлга қўймаган бўлсангиз бугунги “Рағоиб кечаси”дан, хусусан хозирданоқ бошланг деймиз!

Ботиржон ТОЖИБОЕВ

Андижон шаҳар “Абу Ҳурайра” жоме масжид ноиб имоми

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *