Қабр зиёрати ва унинг одоблари

Lotin alifbosida

Инсон меҳр-оқибат фарзанди. У узоқ кўришмаган одамларини соғиниб, қўмсаб яшайди. Бу соғинчнинг тафтини босиш учун уларни йўқлаб туради. Одамлар бир-бирлари билан тез-тез учрашиб, борди-келди қилиб, ҳар хил ўтиришмалар, зиёфатлар ва маъракалар ташкил қилиб, меҳмондорчилик, ўзаро йўқлов кабиларни амалга оширадилар. Шунинг учун ҳам, шариатда силаи раҳим – ўзаро қариндошлик алоқалари ва меҳмондўстлик фазилати йўлга қўйилган. Инсон дунёдан ўтиб кетган ота-оналарини, ўз яқинларини, қариндош-уруғларини ҳам соғинади. Шунинг учун, шариатимизда қабрларни зиёрат қилиш мустаҳаб ва жоиз амаллардан ҳисобланади. Қабр зиёратининг яна бир хусусияти шуки, у инсонни ким эканини, охиратни, дунёдаги ўрнини, Аллоҳ ҳузуридаги бурчини эслатиб туради. Қабр зиёратига даъват қиладиган энг машҳур ва аъло даражада саҳиҳ бўлган ҳадиси шарифлар мавжуддир. Уларда қабр зиёратининг хосияти ҳақида бундай дейилади:

قد كنت نهيتكم عن زيارة القبور فزوروها فإنها تذكر الآخرة فإنها تذكركم الموت ألا فزوروها فإنه يرقّ القلب و تدمع العين فإن لكم فيها عبرة فإنها تزهد فى الدنيا

“Мен сизларни қабрлар зиёратидан қайтарган эдим. Энди, уларни зиёрат қилаверинглар! Чунки, у охиратни эслатади, сизларга ўлимни эсга солади. Эй, зиёрат қилаверинглар. Чунки, у қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради. Чунки, сизларга унда ибрат бор. У дунёда парҳезкор қилиб қўяди” (Муслим, Термизий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким, Табароний ривоятлари).

Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, қабрлар зиёратининг фазилати сифатида: ولتزدكم زيارتها خيرا – “Уларнинг зиёрати сизларга яхшиликни зиёда қилади”, дейилган.

Демак, юқоридаги мазкур ҳадиси шарифдан қабрларни зиёрат қилишда зиёрат қилувчига асосан иккита фойда борлиги маълум бўлади:

Биринчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қабр зиёрати охиратни эслатади, дунёда зоҳид қилади”, деганлар. Яъни, охиратни эслатиб, дунёга ҳирс қўйишдан сақлайди. Инсон зиёратга бориб, ўзини ўнглайди, дунёнинг бир ўткинчи эканлигини эслайди, одамзотдан ўзи қилган яхшиликлари қолишини англайди. Тўпланган мол-дунёлар инсонга вафо қилмаслиги, бу дунёдан улардан бирор нарса олиб кета олмаслиги, фақатгина инсоннинг хайрли амаллари қолиши зиёрат асносида кўнгилдан ўтади. Шоир бундай деган экан:

Зиёрат кардам қабри шаҳаншоҳи Яман,

Даст баровард-у бар ман дод кафан.

Гуфтоки, “Аз ин саховатам айб макун,

К-аз ин дунё ҳамин расид аст ба-ман!”.

Мазмуни: Яман подшоҳининг қабрини зиёрат қилдим. У қўлини чиқариб, менга кафанини берди ва “Менинг бу саховатимни айб қилмагин, чунки, дунёдан менга шугина етган, холос”, деди.

 Иккинчиси, қабр зиёрати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, “қалбни юмшатади, кўзни ёшлантиради”. Халқимизда: “Кўнглинг чўкса, бозорга бор! Кўнглинг кўтарилса, мозорга бор!”, деган нақл бор. Инсон ҳаётда ўзи билмаган ҳолда манманликка, кибру ҳавога берилиб қолиши мумкин. Инсон ўз айбу нуқсонларини гоҳида кўрмай қолади. Шунинг учун ундай одамларга қабр зиёрати жуда фойдали. Айниқса, бой-бадавлат инсонлар, мансаб курсисига ўтирганлар қабрларни кўпроқ зиёрат қилиб туриши керак.

Аёл-қизларнинг қабрларни зиёрат қилишини аҳли суннат ва жамоатдаги ҳанафийликдан бошқа мазҳаб уламолари макруҳ деганлар. Чунки, Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа муҳаддислар томонидан: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп-кўп зиёрат қилувчи аёлларни лаънатладилар”, деган ҳадиси шариф ривоят қилинган. Ушбу ҳадиси шарифга асосланиб, аҳли суннат ва жамоат таълимотидан оғишган айрим тоифалар ҳатто аёлларнинг қабр зиёратини ҳаромга чиқарадилар. Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий манбаларда эса аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши жоиз, дейилган. Зотан, аёллар ҳам ўз ота-оналари ҳамда қариндошлари қабрларини зиёрат қилишга ҳақлидирлар. Бунга бир неча далиллар мавжуд.

Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо: “Қабрларни зиёрат қилганимда нима дейман?”, деб сўраганлар. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ассалом, ъала аҳл ад-диёр мин ал-мўъминин ва-л-муслимин!”, деб саломлашасан”, деганлар. Буни муҳаддислардан Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ ва Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган бўлиб, у аёлларнинг қабрларни зиёрат қилиши мумкинлигига ёққол далил бўла олади.

Ойша онамиз разийаллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг у зотнинг қабрларини зиёрат қилиб турганлар. Оталари Абу Бакр ас-Сиддиқ разийаллоҳу анҳу, машҳур саҳоба Ҳазрати Умар разийаллоҳу анҳу дафн қилингандан сўнг ҳам Ойша разийаллоҳу анҳонинг зиёратга кириб турганлиги маълум. Шунингдек, Ойша разийаллоҳу анҳо укалари Абдурраҳмон разийаллоҳу анҳунинг Маккадаги қабрлари зиёратига махсус борганлари нақл қилинган. Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, бир куни Ойша разийаллоҳу анҳо укалари Абдурраҳмон разийаллоҳу анҳунинг қабрини зиёрат қилиб қайтаётганларида, унга: “Ахир, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қабрлар зиёратидан қайтарган эмасмилар?!”, дейилган. Шунда, Ойша разийаллоҳу анҳо: “Аввал қабр зиёратидан қайтарилган эди, сўнг унга рухсат берилган”, деб жавоб берганлар.

Муҳаддислардан Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима разийаллоҳу анҳо ўз амакилари Ҳазрати Ҳамза разийаллоҳу анҳунинг қабрларини ҳар жумъа бориб зиёрат қилиб қайтар эканлар.

Юқорида келтирилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп-кўп зиёрат қилувчи аёлларни лаънатладилар”, деган ҳадиси шарифни уламолар аёлларнинг сабр-тоқатлари камлиги, улар тезда ҳўнграб йиғи-сиғи қилаверишлари оқибатида айтилган, деганлар. Шунингдек, “кўп-кўп”, дейилишидан аёллар ўз оилалари ва уй ичи ишларига қарамасдан зиёратма-зиёрат юраверишларидан қайтарилган. Аёлларнинг ярим ёланғоч, бошяланг бўлиб зиёратгоҳларга боришлари, айниқса азиз авлиёларнинг ҳузурларида бу ҳолда туришлари, албатта, гуноҳ ишлардандир. Агар аёллар уст боши ёпиқ ҳолда, маҳрамлари билан бирга зиёратгоҳларга борсалар, йиғи-сиғи қилмасдан сабрли бўлишиб, охиратни эслаб, Аллоҳни ёд олсалар, зиёратдан ҳеч монеълик йўқ.

Қабр олдига борганда, оёқ кийимини ечиш одобдандир. Қабрдаги кимсага одоб билан, секин салом беради. Инсон тирик вақтида қанчалик ҳурмат-иззатга сазовор бўлса, вафот қилганидан сўнг ҳам шунчалик ҳурмат-иззатга лойиқдир. “Мишкот ал-масобеҳ”да Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг қабр зиёрати одоби борасида ажойиб гаплари келтирилган:

كنت أدخل بيتى الذى فيه رسول الله صلى الله تعالى عليه و سلم و انّى واضع ثيابى و أقول إنما هو زوجى و أبى فلما دُفن عمر رضى الله عنه معهم فوالله ما دخلته إلا و أنا مشدودة علىّ ثيابى حياء من عمر رضى الله عنه

“Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дафн қилинган уйимга ёпинчиқларимсиз ҳам кираверар эдим. “Мана буниси завжим, буниси эса отам”, дер эдим. Умар разийаллоҳу анҳу дафн қилинганидан сўнг эса, Аллоҳга қасамки, Умар разийаллоҳу анҳудан ҳаё қилганимдан кийимларимга ўраниб кирар эдим” (Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ ривояти).

Саломлашувда қабрнинг қибла томонига ўтиб, юзини қабрга қаратиб турадими ёки юзини қиблага қаратиб турадими, деган масалада ҳанафий олимлар икки хил фикр билдирганлар. Юртдошимиз Абуллайс ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳ юзни қиблага қараб турилади, деганлар. Лекин, Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига келиб, юзингни қабрга қаратиб туришинг суннатдандир”, деганлари ривоят қилинган. Шунингдек, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Мен Мадинада бўлган вақтимда Абу Айюб ас-Сахтиёний раҳимаҳуллоҳ келдилар. Мен унинг орқасини қиблага қилиб, юзини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига қаратиб, овозсиз йиғлаётганига қараб турардим”, деганлари ҳам фиқҳий манбаларда зикр қилинган. Шунинг учун, зиёратчининг қиблага орқа қилиб, қабрга юзланиб туриши кўпроқ қўллаб-қувватланган.

Қабристонда дунёдан ўтиб кетганлар билан саломлашув қандай бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатганлар. Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганлари ва ўргатганларидек, қуйидагича салом ва дуойи хайрлар қилади:

السلام على أهل الديار من المؤمنين و المسلمين و يرحم الله المستقدمين منكم و منا و المستأخرين و إنا إن شاء الله بكم لاحقون

 “Мўъмин ва муслимлар жойидаги одамларга саломлар! Аллоҳ сиздан ва биздан олдин ўтганларни ҳам, биздан кейин қоладиганларни ҳам раҳмат айласин. Биз ҳам, Аллоҳ хоҳласа, сизга эргашувчимиз” (Муслим ривояти).

السلام عليكم أهل الديار من المؤمنين و إنا إن شاء الله بكم للاحقون أسأل الله لنا و لكم العافية أنتم لنا فرط و نحن لكم تبع

“Ассалому алайкум, мўъминлар диёридагилар! Биз ҳам, Аллоҳ хоҳласа, сизга эргашувчимиз.  Аллоҳдан ўзимизга ва сизларга офият сўрайман! Сизлар биздан олдинда кутиб олувчисизлар, биз эса сизларга тобеълармиз” (Муслим ва Насоий ривоятлари).

السلام عليكم دار قوم مؤمنين و أتاكم ما توعدون غدا مؤجلون و إنا إن شاء الله بكم لاحقون اللهم لأهل بقيع الغرقد

“Ассалому алайкум, мўъминлар гуруҳининг жойидагилар! Сизларга ваъда қилинган нарса келди, эртага қиёматгача муҳлат берилгансизлар. Биз ҳам, Аллоҳ хоҳласа, сизга эргашувчимиз. Эй, Аллоҳ! Бақиъ қабристонидагиларни мағфират қил!” (Насоий ривояти).

 السلام عليكم دار قوم مؤمنين و إنا إن شاء الله بكم لاحقون

“Ассалому алайкум, мўъминлар қавмининг ҳовлисида турганлар. Биз ҳам, Аллоҳ хоҳласа, сизга эргашувчимиз” (Абу Довуд, Ибн Можа ривоятлари).

 السلام عليكم يا أهل القبور يغفر الله لنا و لكم أنتم سلفنا و نحن بالأثر

“Ассалому алайкум, эй қабристондагилар! Аллоҳ бизни ва сизни мағфират қилсин. Сизлар биздан олдингиларсиз, биз эса издагилармиз” (Термизий ривояти).

السلام عليكم دار قوم مؤمنين أنتم لنا فرط و إنا بكم لاحقون اللهم لا تحرمنا أجرهم و لا تضلنا بعدهم

“Ассалому алайкум, мўъминлар қавмининг ҳовлисидагилар! Сизлар биздан олдинда кутиб олувчисизлар, биз эса сизларга эргашувчилармиз. Эй, Аллоҳ! Бизни уларнинг ажридан маҳрум қилма, улардан кейин бизни адаштирма!” (Ибн ас-Сунний ривояти).

Қабр зиёратидаги учинчи хосият шуки, унда зиёрат қилинаётган одамга, қабр эгасига ҳам фойда етказиш бор. Дуойи хайр қилинса, Қуръон тиловат этилса, дуо ва тиловатнинг савоби ўлганларга албатта етиб боради. Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Қабрдаги ўлик мадад истаётган ғарқ бўлувчи кабидир. У отасидан, онасидан, ака-укасидан ёки дўстидан етиб келадиган дуога интизор бўлади. Дуо етиб келса, бу унга дунё ва ундаги бор нарсадан яхшироқдир. Шак йўқки, Аллоҳ азза ва жалла қабр аҳлига ер аҳлининг дуосини тоғлар мисоли қилиб киритади. Тирикларнинг ўликларга қилган ҳадияси уларга истиғфор айтишдир!”. Шунинг учун, юқоридаги келтирилганларидек, саломлашиб бўлгандан сўнг ўзи билган кичик суралар ва саловатларни тик турган ҳолда ўқийди. Масалан, “сураи фотиҳа” ва “оят ал-курсий” бир мартада, “ихлос сураси” ўн бир марта ва уч марта ўзи билган саловатлардан ўқиб, савобини маййитга бағишлаш тавсия қилинган. Кейин четроққа ўтиб ўтириб, бошқа узун суралардан, масалан, “ёсин” ва “таборак” сураларини ўқийди. Бутун бор истакларини Аллоҳ таолодан сўрайди.

Қабрлар зиёратидан олдин ёки кейин икки ракъат нафл намоз ўқиб, унинг савобини зиёрат қилинганларга бағишлаш ва улар ҳаққига истиғфор айтиш тавсия қилинади. Чунки, Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ривоятида бундай дейилган: واجعلوا زيارتكم لها صلاة عليهم و استغفارا لهم – “Зиёратларингизда қабрдагилар фойдасига намоз ва истиғфор ҳам адо қилиб қўйинг!”.

Демак, қабр зиёратининг тўртинчи хосияти шу ерда маълум бўлади. Қабр соҳибларидан зиёрат қилувчиларга манфаат етиши ҳам бор. Бу икки жиҳатдан содир бўлади. Файзу барака етади ва қабр олдида қилинган дуолар ижобат бўлади. Қабр олдида дуо қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ўргатганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом қабрлар зиёратига борганда, “Аллоҳ сиздан ва биздан олдин ўтганларни ҳам, биздан кейин қоладиганларни ҳам раҳмат айласин!”, “Аллоҳ бизни ҳам, сизни ҳам мағфират қилсин!”, “Аллоҳдан биз учун ҳам, сизлар учун ҳам офият сўрайман!”, “Эй, Аллоҳ! Уларнинг ажру савобларидан бизни маҳрум қилмагин, улардан кейин бизни адаштирмагин!”, деб дуо қилганлари ва шу хилда дуо қилишни ўргатганлари нақл қилинган. Шунинг учун, Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳ “ал-Азкор” асарларида зиёратчи қабр олдида Қуръон қироати, зикрларни ва дуоларни кўп қилишни, улуғ ва фазилатли зотларнинг қабрлари олдида эса узоқ туришни мақбул амаллардан, деб таъкидлаганлар.

Қабрдаги зот улуғ авлиёлардан бўлса, ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бўлсалар, дуо қилиш асносида уларнинг номларини тилга олиб, “Эй, Аллоҳ! Шу зоти шарифнинг ҳурматидан дуоимни қабул қилгин!” дея дуосини якунлайди. Бу хилда зиёрат қилинаётган зотнинг номини дуода тилга олиб, зиёратчи Аллоҳ таолодан истакларини сўраши “тавассул” деб аталади.

Мусулмонларнинг Аллоҳ таолога дуо қилишлари фарз амаллардан бўлиб, банданинг бандалиги ана шу дуоси биландир! Дуо қилмайдиган банда Аллоҳнинг марҳаматига эриша олмайди. Аллоҳ ўз бандасининг унга ёлвориб, дуо қилишини яхши кўради. Аллоҳ таоло биз бандаларга бундай деб буюрган:

أدعوا ربكم تضرّعا و خفية إنه لا يحبّ المعتدين

“Парвардигорингизга тазарру ва махфий ҳолда дуо қилинглар! Албатта, Ул зот ҳаддидан ошганларни яхши кўрмас” (Аъроф, 55).

Мазкур ояти каримадаги “ҳаддан ошиш”да бақириб дуо қилиш, дуо лафзларида сергаплик қилиш билан бирга умуман дуо қилмай қўйиш маънолари ҳам бор. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга дуо қилмаган кимсага Аллоҳ ғазаб қилади”, деганлар. Модомики, банда дуо қилар экан, унинг дуосини Аллоҳ таоло ижобат қилади. Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари: “Раҳийм”, “Рауф”, “Таввоб”, “Мужиб”, “Афув”, “Нофиъ” каби сифатлари бандаларнинг дуоларини қабул қилишига ишора қилиб туради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай деган:

 وَإِذَا سَأَلَكَ عِبَادِي عَنِّي فَإِنِّي قَرِيبٌ أُجِيبُ دَعْوَةَ الدَّاعِ إِذَا دَعَانِ فَلْيَسْتَجِيبُوا لِي وَلْيُؤْمِنُوا بِي لَعَلَّهُمْ يَرْشُدُونَ

“Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман. Бас, улар ҳам Мени (даъватларимни) ижобат (қабул) этиб, Менга имон келтирсинлар, шояд (шунда) тўғри йўлга тушиб кетсалар” (Бақара, 186).

Бироқ, дуо қилувчи инсон, одатда, дуосининг тезда ижобат бўлишини истайди, бу борада қандайдир воситалар излайди. Ана шундай воситалар жумласидан дуоси ижобат бўладиган одамларга дуо қилдириш, улардан дуо олиш, Аллоҳ таоло олдида ҳурмати ва қадри бор нарсаларни ва шундай кимсаларни ўз дуосида тилга олиш кабилардир.

Демак, “тавассул” арабча сўз бўлиб, луғатда “етишмоқ”, “висол истамоқ”, “ялинмоқ”, “ўтинч қилмоқ”, “илтимос қилмоқ” маъноларида ишлатилади. “Тавассул”ни яна “васила”, яъни “восита, усул, чора, асбоб” маъносида ҳам қўлланилади. Бу маъноларнинг барчасини қамраб олган ҳолда “тавассул”нинг шаръий маъноси шаклланган. Унга кўра, “тавассул” – “дуоси тезда ижобат бўлади”, деб умид қилинган бирор солиҳ зотнинг ўзи бўлса ўзини, агар ўзи бўлмаса унинг номини келтириб у орқали Аллоҳ таолога дуо қилишдир”.

Узоқ масофаларда жойлашган улуғ зотларнинг қабрларини зиёрат қилишга атайин ният қилиб бориш, айниқса, пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрларини зиёрат қилиш мақсадида йўлга чиқишни аҳли суннат ва жамоат таълимотига эргашган уламолар, яъни тўрт мазҳабнинг бирига амал қилувчи олимлар жоиз деганлар. Таниқли ҳанафий олими Камолиддин ибн ал-Ҳумом раҳимаҳуллоҳ “ал-Ҳидоя”га битган машҳур “Фатҳ ал-қадир” номли шарҳларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилишни мустаҳаб амалларнинг энг афзали, деганлар. Манбаларда вақти ва моли етарли одамга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилишни вожибга яқин амал деб зикр этилган. Жумладан, таниқли ҳанафий олими Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ “Шарҳ Лубоб ал-маносик” асарида бундай деб қайд қилганлар:

“Билгинки, пайғамбарлар саййиди соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат қилиш имкони бор кимса учун мусулмонларнинг ижмоъси билан қурбатларнинг энг улуғи, тоатларнинг энг афзали, даражаларга эришишда саъй-ҳаракатларнинг энг нажоткорроғи,  вожиблар даражасига яқин амалдир. Бу борада мухолифларнинг гапига эътибор берилмаслиги керак. Зиёратни тарк этиш улуғ ғафлат ва катта жафодир. Айрим моликийлар Мадинага боришни бир марта ҳаж қилгандан кейин Каъба ва Байтулмуқаддасга боришдан афзалдир, дейишган…”.

Шу ерда Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ муҳаддис Ибн Адий раҳимаҳуллоҳнинг: من حجّ البيت و لم يزرنى فقد جفانى – “Кимки Байтуллоҳни ҳаж қилгандан сўнг мени зиёрат қилмаса, дарҳақиқат, менга жафо қилибди!”, деган ҳадисларини зикр қилганлар. Уни “ҳасан санадли”, деб туриб, ҳужжат қилишга эътиборли эканини алоҳида таъкидлаганлар.

Шунингдек, Имом ад-Дорақутний раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Баззор раҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар:

من زار قبرى وجبت له شفاعتى

“Кимки менинг қабримни зиёрат қилса, унга менинг шафоатим вожиб бўлур!”.

Яна Имом ад-Дорақутний раҳимаҳуллоҳ Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан тахриж қилган:

من جاءنى زائرا لا تعلمه حاجة الا زيارتى كان حقا على ان أكون له شفيعا يوم القيامة

“Кимки менинг зиёратимга келса, унда фақат зиёратимнигина ҳожат-эҳтиёж деб амал қилса, қиёмат куни унга шафиъ бўлишимга ҳаққи бўлади”.

Имом ад-Дорақутий раҳимаҳуллоҳ яна ривоят қилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар:

من حجّ و زار قبرى بعد موتى كان كمن زارنى فى حياتى

“Кимки ҳаж қилса ва ўлганимдан сўнг қабримни зиёрат қилса, худди тириклигимда мени зиёрат қилгандек бўлур”.

Бу хилдаги ҳадиси шарифлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Уларни тўплаб олимлар алоҳида китоблар ҳам яратганлар. Бироқ, XIV асрдан бошлаб ислом оламида пайдо бўлган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрлари зиёратларига узоқ жойлардан махсус ният қилиб йўлга чиқиш мумкин эмас!”, деган фикр ҳозиргача давом этиб келмоқда. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларини зиёрат этишни, у ерда дуо-ю фотиҳалар қилмоқни ният қилиб сафар қилишни ҳатто бутларни ҳаж қилишга бориш деб ҳукм қилган кимсалар ҳам мавжуд. Бутун дунё бўйлаб айрим мусулмонларнинг адашуви, янглишуви, охири тугамас тортишувларига сабабчи бўлган ушбу нотўғри фикрнинг келиб чиқишига фақатгина биргина ҳадис мазмуни сабаб бўлган:

لا تشدّ الرحال الا الثلاثة مساجد المسجد الحرام و مسجدى هذا و المسجد الأقصى

“Учта масжиддан бошқасига бел боғлаб чиқилмайди: Масжиди ҳаром, менинг бу масжидим ва Ақсо масжидидир”.

Бироқ, мазкур ҳадиси шарифда айнан қабрлар зиёрати борасида бирорта гап ҳам, бирорта ишора ҳам йўқ! Бу ҳадисда фақатгина масжидлар назарда тутилганлиги кўриниб турибди. Ана шу учта масжиддан бошқа масжидларда ўқилган намоз ва ибодатларнинг даражалари бир хил экани сир эмас. Бу ҳадисда тилга олинган масжидларда адо этилган ибодатларнинг савоби бошқаларига нисбатан анча кўпдир. Бу борада алоҳида ҳадиси шарифлар ҳам мавжуд. Масжиди ҳаромда ўқилган намоз юз минг намозга, Масжиди набавийда ўқилган намоз минг намозга, Байтулмуқаддасда ўқилган намоз эса беш юз намозга тенглиги борасидаги ҳадисларни кўпчилик эшитган. Булардан бошқа масжидлар борасида алоҳида фазилатлар ваъда қилинган эмас. Бошқа масжидларда ўқилган жамоат намозига эса бир хилда – ваъда қилинган 25-27 даража савобни олиш мумкин, холос. Демак, бошқа масжидларга алоҳида ният қилиб узоқ жойдан сафар қилиб боришда сайру тамошодан бошқа ортиқча савобни олиш мушкил. Шунинг учун, ҳадисда бошқа масжидлар зиёратига ният қилиб чиқилмайди, дейилган. Агар алоҳида ният қилиб йўлга чиқилмайдиган нарсаларга масжиддан бошқа нарсалар ҳам киради, дейиладиган бўлса, одам узоқдаги қариндош-уруғларининг зиёратига ҳам, бемор ётган биродарининг касалкўрдисига ҳам, тўй-маъракага ҳам, азиз ва улуғ инсонларнинг  дуосини олишга ҳам, илм олиш ниятида узоқ жойларга сафар қилишга ҳам, ҳатто тижорат сафарига ҳам бора олмай қоларди. Ана шунинг учун мазкур ҳадиснинг айнан Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ қилган ривоятида: «Намозхон учун намоз ўқишни истаб қуйидаги масжидлардан бошқасига кўч боғлаб, йўлга чиқиш яхши бўлмайди. Масжиди ҳаром, масжиди ақсо ва менинг масжидим», дейилган. Шунингдек, «Уловчига Масжиди Ҳаром, Масжиди Ақсо ва менинг мана бу Масжидимдан бошқасида намоз ўқишни ният қилиб, бирорта масжидга томон бел боғлаб, кўч боғлаб, йўлга тушиши тўғри келмайди», деган ҳадиси шариф ҳам мавжуд. Бу ҳадисларда ана шу учта масжиддан бошқасида намоз ўқишни ният қилиб сафар қилишдан қайтарилгани равшан бўлиб турибди.

Қачон Мадинага етиб келса, унинг ташқарисида шаҳарга кирмасдан аввал ғусл қилади ёки янги таҳорат қилади. Ғусл қилиш афзал. Покиза ва янги кийимлар кийиш афзал. Одамларнинг баъзиси ушбу ишларни Мадина яқинида махсус тушиб бажариб оладилар. Мадинага кираётганда ёки айнан Масжиди набавийга боришда қадамлари билан юриб бориш яхшидир. Одобу улуғлашга кирадиган ҳар бир нарса яхши бўлаверади. Сўнгра, бу табаррук зиёрат ҳосил бўлгандан кейин Масжиди набавий зиёратига киришсин! Улуғ зиёратнинг насиб қилгани учун Аллоҳ таолога шукроналар келтирсин. Чунки, мана шу ишда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таъзими бор, унда улуғлаш мавжуд.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак қабрларини зиёрат қилиш инсонга умрида бир марта ёки бир неча марта насиб қилиши мумкин. Алббата, имкон туғилганда бу фазилатдан асло бенасиб қолмаслик керак. Бироқ, инсон ўз ота-онасининг қабрларини, қариндош-уруғлари, устозлари ва яқин дўст-биродарларининг қабрларини  тез-тез зиёрат қилишга доимо имкон туғилади. Бу имкониятдан ҳамиша унумли фойдаланиш мусулмонлик хислатларидан биридир. Умуман зиёратга бормаслик, ота-онанинг қабрларини ҳатто қаердалигини унутиб юбориш, зиёратни ёмон кўриш инсоннинг тўғри йўлда эмаслигини билдиради. Имом ат-Табароний раҳимаҳуллоҳ ва Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ томонларидан: “Кимки ота-онасининг ёки улардан бировининг қабрини ҳар жумъада зиёрат қилса, уни кечирилади ва яхши инсон деб ёзилади”, деган ҳадиси шариф ривоят қилинган.

Қабр зиёратига борилар экан, қабр олдида ёки махсус жойда Қуръони карим оятларидан тиловат қилиш мумкин. Одатда ўтиб кетганлар номидан хайр-эҳсонлар этиб турилади. Қабрларни зиёрат қилишнинг савобли амал эканига мусулмонларнинг жами уламолари иттифоқ қилганлар. Лекин, қабристонда тиловат қилиш ёки ўлганлар руҳига Қуръон бағишлаш, улар номидан хайр-эҳсонлар қилиш жоизлиги борасида турли фикрлар билдирилган. Нима бўлганда ҳам, бизнинг халқимиз асрлар давомида қабристонларни обод қилиб келганлар, қабрлар зиёратига тез-тез чиқиб турганлар, ўтганлар руҳига оятлар ўқиб бағишлашни одат қилганлар.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *