Мисвок ва уни ишлатиш ҳақида

Lotin alifbosida

misvok-va-uni-ishlatish-haqidaМисвок қилиш (таҳоратда) “ал-Жавҳара”да келганидек, оғиз чайиш асносида суннати муаккададир. Шуни кўпчилик уламолар олган. Шуниси яхшироқ. Чунки, у тозалашда ўнғайдир.

Ундан олдин ҳам дейилган. “Баҳр”да очиқ келишича, аз-Зайлаъийга эргашиб, бошланишда суннат дейилган. “Наҳр”да эса, оғиз чайиш асносида суннат дейилиши яхшироқ, деб очиқ айтилган. Кейин, уни мустаҳаб ҳам деганлар. Чунки у таҳоратнинг хусусиятларидан эмас.  Мана шуни Имом аз-Зайлаъий ва бошқалар тўғри деб топган. “Фатҳ”да эса соҳиби мана шу ҳақиқатдир, деган. Лекин, кичик “Шарҳ ал-Муниййа”да келишича, Имом Қудурий ва кўпчилик уламолар уни суннатлар жумласидан санаганлар. Энг саҳиҳи ҳам шудир. Фиқҳий матнлар ҳам шуни олган.

У (яъни, мисвок ишлатиш) бизнинг наздимизда таҳорат учундир.

Яъни, таҳоратнинг суннатидир. Имом аш-Шофиъий наздида намознинг суннатидир. Хилофнинг самараси (натижаси) шулки, битта таҳорат билан бир неча намоз ўқийдиган одамга ўша таҳоратида қилган мисвоки кифоя қилади, бизнинг наздимизда. Аммо Имом Шофиъий наздида бу кифоя қилмайди, яъни, у ҳар намоз учун мисвок қилиб олиши даркор. Сирожиддин ал-Ҳиндий “Шарҳ ал-Ҳидоя”да келтиришича, намоз учун мисвок ишлатаётганда милклари қонаб кетса, ижмоъ билан таҳорати синади ва у қон нажасдир. Имом Шофиъий наздида эса бу ҳолатда қонаши таҳоратни синдирмайди.

Фақат уни унутса, кейин намоз учун қилиб олиши мустаҳаб бўлади. “Жавҳара”да келган бу иборанинг фойдаси шулки, мисвокни таҳоратда ишлатгандан сўнг намоз учун алоҳида мисвок ишлатиб ўтирмайди. Лекин таҳоратда унутиб қўйса, намоз учун мисвок қилиб олиши мустаҳаб бўлар экан. Бунга шориҳ ҳам ишора қилмоқда. “Фатҳ”да “Ғазнавиййа”дан олиб келтиришига қараганда, мисвок ишлатиш беш ўринда мустаҳаб бўлади: тиш сарғайганда; оғиз бадбўй бўлганда; уйқудан турганда; намозга турганда; таҳорат пайтида. Лекин, “Баҳр”да келганидек, мисвок ишлатиш таҳоратнинг суннати, намознинг эмас. Аммо, “Наҳр” соҳиби икки ривоятни мувофиқлаштириб, шориҳ ишора қилгандек фатво беради.

Менинг ўйлашимча, бизнинг (мазҳабимизнинг) наздимизда мисвок таҳорат учун, намоз учун эмаслигига далил сифатида мисвокнинг фазилатини баён қилинган Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифни кўрсатиш мумкин. Жаноби Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам демишлар: “Мисвок билан ўқилган намоз мисвоксиз ўқилган етмишта намоздан афзалдир”. Демак, бу савоб таҳоратда мисвок ишлатиш билан юз беради, Имом Шофиъий наздида эса фақатгина намоз олдидан ишлатиш билан ҳосил бўлади. Шундай қилиб, бизнинг наздимизда мисвок билан қилинган таҳорат билан ўқилган барча намозлар ушуб фазилатни топади. Бунга ҳам Имом Шофиъий хилоф қиладилар. Шу билан бирга бу нарса бизнинг наздимизда ҳар бир намоз учун мисвок ишлатишни инкор этмайди. Намоз учун нимага мустаҳаб бўлмас экан, ахир у одамлар жамълангани учун мустаҳаб бўладию, Парвардигори оламга муножот учун бўлмасинми?!

Чунончи, тишнинг сарғайганлиги, оғиз ҳидларининг ўзгарганлиги ва Қуръон қироати учун мисвок қилиш мустаҳаб бўлганидек. “Имдод ул-фаттоҳ”да айтилганки, мисвок таҳоратгагина хос амаллардан эмас.  Чунки, бошқа ҳолатларда ҳам мустаҳаб бўлади: оғизнинг ҳидланганида; уйқудан турганда; намозга қоим бўлишда; Байтуллоҳга киришда; одамлар даврасига боришда; Қуръон қироати олдидан. Абу Ҳанифанинг гапи борки, мисвок ишлатиш диннинг суннатларидандир. Демак, барча ҳолатлар унга тўғри келади. “Қўҳистоний”да айтилишича, мисвок таҳоратга хос нарса эмас, балки, зоҳири ривоятга кўра алоҳида суннатдир. “Ҳидоя”нинг бир ҳошиясида эса мисвок ишлатиш ҳамма вақтда мустаҳабдир, деб келган. Унинг мустаҳаблиги таҳорат пайтида таъкидлироқ, яъни суннатдир ёки ҳар намоз олдидан мустаҳабдир. Намоз олдидан мисвокнинг мустаҳаблигини яна Имом Ҳалабий кичик “Шарҳ ул-Муниййа”сида очиқ айтган. Ибн ал-Имоднинг “Ҳидоя”сида ҳам келган, “Таторхониййа”да ҳам “Татимма”дан олиб келтирилган.

Мисвок қилишнинг энг ози юқоридан учта, тишнинг пастида учта бўлиб, учта сув биландир. “Меърож”да айтилган: мисвок қилишнинг аниқ адади йўқ, балки, қалби таскин топгунча, бадбўйлик ва тишнинг сариғи кетгунча мисвок ишлатади. Ишлатишнинг мустаҳаби шулки, уч сув билан уч марта ишлатади, яъни, комил суннат ҳосил бўлишида тақдир йўқ, қалби ором олгунча ишлатаверади, фақат учтадан оз ишлатиб қўйса, уни учтага тўлдиради. Чунончи, истинжода кесак ишлатиш ҳам шундайдир.

Мисвок ишлатишда аввал юқори тишлар ўнг тарафдан бошлайди, сўнг чап тарафини қилади. Кейин эса пастки тишларнинг ўнги, сўнг чапи қилинади. Бу “Баҳр”да келган. Учта сув дегани ҳар сафар мисвокни ҳўллаб, намлаб олади, деганидир.

Мисвокни ўнг қўл билан тутмоқ мустаҳаб бўлади. “Дурар”да келишича, бу анъанавий тарзда нақл қилинган. Зоҳири шулки, бу Пайғамбар алайҳиссаломдан нақл қилинган. Мисвок қилиш, агар поклаш учун бўладиган бўлса, оғизни чайиш каби ўнг қўл билан бўлади. Агар зарарни кетказиш учун бўлса, чап қўл билан бўлади, ҳам деганлар бор. Ўнг қўл билан тутишга далил шулки, Ойша онамиз разийаллоҳу анҳонинг ҳадиси шарифида баъзи ривоятларда бу тарзда келган: “Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иштон кийишда ҳам, калиш кийишда ҳам, поклашда ҳам, мисвок ишлатишда ҳам ўнгни яхши кўрар эдилар”.

“Баҳр” ва “Наҳр”да келган: Мисвокни ушлашдаги суннат шулки, жимжилоқ бармоқни унинг остидан, бош бармоқни ҳам бош тарафидан остидан, қолган бармоқларни эса устидан тутади. Чунончи, буни Ибн Масъуд разийаллоҳу анҳу ривоят қилганлар.

Унинг юмшоқ бўлмоғи ҳам мустаҳаб бўлади. “Фатҳ”да ҳам шундай келган. “ас-Сирож”да келишича, мисвок эгилувчан ҳўл бўлмаслиги керак. Зеро, у тишнинг кирларини (сариқ тошларини) кетказа олмайди. Яна милкларни жароҳатлайдиган ҳолатда қуруқ бўлмаслиги даркор. Демак, мисвокни ишлатадиган боши – ўрни юмшоқ бўлиши лозим, яъни ўта даражада қаттиқ ёки юмшоқ бўлмасин.

Букмасдан тўғри тутмоқ, жимжилоқ бармоқ йўғонлигида, бир қарич узунликда бўлиши мустаҳабдир. Зоҳири шулки, мисвокнинг узунлиги ишлатишнинг бошланишида бир қарич бўлмоғи керак. Кейинчалик калта бўлиб қолиши зарар қилмайди. Бунда одатдаги қарич эътиборлидир.

Бўйига эмас, эни (ёни) тарафи билан мисвокни  ишлатади. Чунки, узунасига мисвок ишлатиш тиш милкларига жароҳат етказади. “ал-Ғазнавий” китобида бўйига ҳам ёнига ҳам ишлатаверади, дейилган. Лекин “ал-Ҳулиййа”да ҳадислар орасини жамълаб, мувофиқлаштириш учун мисвокни тишларда ишлатишда ён тарафи билан ишлатади, тилни мисвок қилишда узунасига ишлатади, дейилган. Яна “ал-Ғазнавий”да тишларнинг сирти, ички тарафи, озиқ тишларнинг устини ва тишларнинг ораларини ҳам мисвок қилади, деб келган.

Ётиб олиб мисвок ишлатмайди. Зеро, у талоқнинг катталашиб кетишига олиб келади. Уни кафти билан ҳовучлаб ҳам тутмайди. Чунки, у бавосир касаллигини пайдо қилади. Зеро, булар суннат ҳайъатига хилофдир.

Шимиб сўрмагай, чунки, у кўрлик пайдо қилади. Яъни, махсус қилмагай. Аммо, мисвокни шиммасдан ўз тупугини, сўлагини ютмоққа келсак, “Ҳулиййа”да келишича, Ҳаким ат-Термизий ҳазратлари бундай деганлар: “Мисвокни биринчи ишлатишингда тупугингни ютгин. Чунки, у махов, песлик ва ўлимдан бошқа барча дардларга фойда беради. Ундан сўнг тупугингни ҳаргиз ютма. Зеро, у васвасани келтириб чиқаради”. Уни Зиёд ибн Алоқа разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Ишлатиб бўлгандан сўнг уни ювиб қўйгай. Агар шундай қилмаса, шайтон у билан мисвок қилади. Бир қаричдан зиёда узун қилмагай. Агар шундай қилса, шайтон унга миниб ўтиргай. Уни ётқизиб қўймагай, балки, тикка қилиб қўйгай. Шамсиддин Қўҳистоний айтадилар: Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисвокларининг ўрни худди котибларнинг қаламининг ўрни каби муборак қулоқларида эди. Асҳоби киромнинг ҳам мисвокларининг ўрни, Ҳаким Термизий айтганларидек, қулоқларининг орқалари бўлган. Саҳобалардан баъзилари мисвокни саллаларининг печи-ўрамига қўяр эдилар.

Агар шундай қиладиган бўлса, жинни бўлиб қолиш хатари бор. “Қўҳистоний”да мазкурдир. Ушбу нарса Саид ибн Жубайр разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: “Кимки, мисвогини ерга қўядиган бўлса, шундан жинни бўлиб қолса, ўзинигина маломат қилсин”. Бу “Ҳулиййа”да Ҳаким Термизийдан нақл қилинган.

Зарарли дарахтдан мисвок қилиш макруҳ, заҳарлисидан эса мисвок қилиш ҳаром бўлади. Райҳон ва анор шохчаларидан мисвок қилишнинг макруҳлигини бир қанча уламолар зикр қилганлар. Ал-Айнийнинг “Шарҳ ал-Ҳидоя”сида бундай келган: ал-Ҳорис ўз муснадида Зумайр ибн Ҳубайб разийаллоҳу анҳудан ривоят қилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мисвокни райҳон шохчаларидан қилишдан қайтардилар”. Ул зоти шариф деган эканлар: “Чунки, у махов касаллигининг илдизини қимирлатиб юборади”. “Наҳр”да келганки, анор ва қамишдан бошқа барча дарахтлардан мисвок қилса бўлади. Энг афзали арок дарахти, сўнг зайтун дарахтидир. Имом ат-Табароний ривоят қилган: “Муборак дарахт бўлмиш зайтундан бўлган мисвок қандай ҳам яхши! У менинг ва мендан олдин ўтган Пайғамбарларнинг мисвогидир”.

Унинг (мисвокнинг) манфаатларидан баъзиси шулки, у ўлимдан бошқа барча дардларга шифодир. Ўлим олдидан шаҳодат калимасини эслатгувчидир. “Шурунбулолиййа”да “Саҳиҳи Бухорий”га ал-Форизий ёзган ҳошиядан олиб келтирилган: Мисвок ишлатиш соч-соқолнинг оқаришини кечиктиради, кўз нурини кучайтиради. Энг яхши фойдаси ўлимдан бошқа касалликларга шифо бўлишидир. Мисвок Сирот кўприги устидан ўтишни тезлатгувчидир.

“Шарҳ ул-Муниййа”да келган: Мисвок оғизни покловчи, Парвардигорнинг розилигини топишга ёрдам берувчи, фаришталарни хурсанд қилувчи, кўзга равшанлик бағишловчидир. У ёқимсиз ҳидларни, тишларнинг касалланишини кетказади, тишларни эса оқартиради, милкларни бақувват қилади, таомни ҳазм қилишга ёрдам беради, балғамни кесади, намоз савобини кўпайтиради, Қуръон йўлини тоза қилади, фасоҳатни зиёда қилади, меъдани қувватлантиради, шайтонни ғазаблантиради, яхшиликлар савобини оширади, аччиқни кесади, асаб торларини тинчлантиради, тиш оғриғини босади, оғиз ҳидларини хушбўй этади, жон чиқишини осонлаштиради…

“Наҳр”да келган: Мисвокнинг фойдалари ўттиздан ҳам ошиб кетади. Энг кичиги шулки, озорларни кетказади. Энг улуғи шулки, ўлим олдида шаҳодат калимасини эслатади.

Аллоҳ ўз карами ила манфаатларидан насиба ато қилсин!

Мисвок йўқ пайтида ёки тишлари йўқ бўлса, дағал латта ёки бармоқлари унинг ўрнига ўтади. “Ҳулиййа”да келганки, қайси бармоғи билан мисвок қилса ҳам зарари йўқдир. Афзали шулки, иккала кўрсаткич бармоғи билан мисвок қилгай. Аввал чап кўрсаткич бармоғи билан бошлагай, сўнг ўнги билан қилгай. Агар хоҳласа, ўнг қўлнинг бош бармоғи ва кўрсаткич бармоғи билан мисвок қилгай. Бош бармоқ билан ўнг тарафини юқори ва пастини мисвок қилишдан бошлайди. Сўнг кўрсаткич бармоқ билан чап тарафини қилади.

Чунончи, сақич аёллар учун мисвокка қодир бўлса ҳам унинг ўрнига ўтади. Демак, қачон ният билан қилинса, мисвок қилганнинг савобини топадилар. Сақични доимий чайнаш тишлар милкини кучайтиради, шунинг учун бу мустаҳабдир.  “Баҳр”да шундай келган. Иборанинг зоҳири шулки, сақич чайнашни таҳоратда оғиз чайиш ҳолатига боғламайди.

Валлоҳу аъламу бис-савоб.

Имом ал-Ҳаскафийнинг “Дурр ул-мухтор” шарҳи ҳамда Ибн Обидийннинг “Радд ул-муҳтор” ҳошияси (Байрут: «Дор ул-кутубил илмиййа», 2003 й. 1-жилди, 232-236 бетлар) асосида тайёрловчи:

Ҳамидуллоҳ Беруний

 

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *