Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ осмонда!” деганмилар?!

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим1722014-045751AM-3.preview

Мусулмонлар Аллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг зоти ҳақида фикр юритмасликка буюрилган. Жумладан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: لا تفكروا فى الله و لكن تفكروا فيما خلق الله – “Аллоҳ ҳақида фикр юритманглар! Лекин унинг яратган нарсалари ҳақида фикр қилинглар!”, деган ривоят мавжуд (“Тафсири Ибн Абу Ҳотим”, 16/4705; “Жомеъ ал-аҳодис”, 16/16700).
Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Шуаб ал-имон” асарида: تفكروا فى آلاء الله و لا تفكروا فى الله“Аллоҳнинг неъматлари борасида фикр юритинглар, Аллоҳ ҳақида фикр юритманглар!”, деган ривоятни келтирганлар (“Шуаб ал-имон”, 1/120).
Бошқа ривоятда эса уч марта такрор-такрор: ألا، فلا تفكروا فى الله فتفكروا فى عظم خلق الله“Эй, огоҳ бўлинг! Аллоҳ ҳақида фикр қилманглар. Аллоҳнинг яратган нарсаларининг улуғлиги борасида фикр қилинглар!”, дейилган (“Канз ал-уммол”, 27/5713).
Яна бошқа ривоятда эса: تفكروا فى كلّ شئ و لا تفكروا فى ذات الله تعالى – “Ҳар бир нарса тўғрисида фикр қилаверинг, аммо Аллоҳ таолонинг зоти тўғрисида фикр юритманг!”, дейилган (“ал-Жомеъ ас-сағир”, 2/3345).
Яна бир бошқа ривоятда эса: تفكروا فى الخلق و لا تفكروا فى الخالق – “Халқ ҳақида фикрланг, холиқ ҳақида фикрламанг!”, дейилган (“Канз ал-уммол”, 29/5706).

Динда, айниқса, Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари борасида баҳс ва мунозара қилмоқлик ўта хатарлидир. Шунинг учун аксар уламолар, жумла муфассирлар Аллоҳ таолонинг “муташобеҳ” деб аталадиган сифатлари ҳақида, яъни зоҳиран қараганда яралмишларнинг сифатларига ўхшаш қилиб айтилган оятлар тўғрисида: “Бунинг асил маъносини Аллоҳ таоло билади. Бу Аллоҳ таолонинг ўзига лойиқ сифат”, деб кетаверганлар. Жумладан, Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг “Тоҳо” сурасининг 5-оятидаги “истиво” сўзи ҳақида: “Истиво” маълум, лекин қандайлиги номаълум. У ҳақида баҳс (сўз) юритиш бидъатдир!”, деганлари машҳур.

Чунки, бизга аниқ ва равшан далиллар орқали маълумки, қадим – абадий ва азалий бўлган Зот Аллоҳ таолонинг ўзидир! Агар Аллоҳ таолога макон исбот қилинса, ўша маконнинг ҳам қадимийлиги келиб чиқади. Бу ақида эса ботил ва нотўғридир! Бироқ, бизнинг давримизда пайдо бўлган бемазҳаб “салафий”лар айнан Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари борасида фикрлашни, улар ҳақида кўп гапиришни, баҳс-мунозара қилишни хуш кўрадилар. Шунинг учун ҳам, “Аллоҳ осмонда!” дейиш замонавий бемазҳабликнинг энг яққол кўриниши бўлиб қолган. Аҳли суннат ва жамоатдан оғишган бу тоифа вакиллари ҳар қандай нарсадан беҳожат бўлган Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони осмонда деб бот-бот таъкидлаб келадилар ва шундай дейишни ақиданинг устувор рукни сифатида кўрадилар. Бунинг учун аҳли суннат ва жамоатнинг мужтаҳидларини ҳам “Аллоҳ осмонда!” деганлар, деб туҳмат ва бўҳтон қилиб, оммани чалғитиб келадилар. Албатта, мужтаҳид имомларимизнинг бундай деганлари борасида ҳеч қандай ишончли ва аниқ далил йўқ. Бироқ, бунинг учун бемазҳаблар ҳар қандай ишончсиз манбадан фойдаланаверадилар ва айни шу манбалардаги бемазҳабларнинг хатоларини фош қилувчи кўпгина маълумотларни оммадан яшириб келадилар, ўзлари фойдаланаётган манба ва маълумотларнинг асли йўқ, заиф ва тўқима эканлиги борасида эса лом-мим демайдилар. Мақола шу ҳақида:

“Аллоҳ осмонда!” дегувчи бемазҳаб “салафий”лар томонидан мотуридийларга билдирадиган раддиялари орасида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинувчи “ал-Фиқҳ ал-абсат” номли китобларидан ҳамда муҳаддис Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Асмо ва-с-Сифот” номли асарларидан келтирадиган иқтибослари марказий ўринда туради. Бемазҳаблар ўзларининг “Аллоҳ осмонда!” деган гапларига далил қилиб мана шу икки жойдан олинган иқтибосни келтираверадилар. Иқтибосларни келтириб қўявермасдан, ҳақиқий ҳанафийларга, ҳаққоний мотуридийларга таъна қилаверадилар, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашмайди, деган туҳматни айтаверадилар. Минг йиллардан бери ҳанафий олимларининг мутақаддимлари – олдингилари ва мутааххирлари – кейингилари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳар бир гапини, ҳар бир фатвосини, ҳар бир фикрини бирма-бир, батафсил ва мукаммал равишда ўрганиб, таҳлил қилиб чиққанлар. Кейинги давр уламоларини ўтган салафларига, ўзларидан олдин ўтган уламоларга эргашмайди, дейиш ҳақиқатдан ҳам уларга нисбатан бўҳтон ва жуда катта туҳмат ҳисобланади. Зотан, аниқки, улар ўз салафи солиҳинлари, ўзларидан олдин ўтган уламолари, мазҳаббошилари, мужтаҳидларининг гапларини, фикрларини ва фатволарини анави бемазҳаб “салафий”лардан кўра минг чандон яхши билишарди, тўғри тушунишарди.

Анави бемазҳаблар бизнинг уламоларимизни, мутааххирин – кейинги давр ҳанафийларини ва бизни ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашмайди, деб туҳмат қилар эканлар, уларнинг ўзлари у зотнинг ақидадаги ва фиқҳдаги қанча фоиз фатволари ва фикрларига эргашар эканлар?! Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Имон тил билан иқрор қилмоқ ва дил билан тасдиқ қилмоқдир! Амал қилмоқ имоннинг шартларидан эмас! Инсон амал қилмаса ҳам имонли бўлаверади!”, деган гапларига кўнадиларми ва қўшиладиларми?! Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Мусулмон киши: “Мен ҳақиқатда ҳам мўъминман!” демоғи лозим, “Мен, иншаАллоҳ, мўъминман!”, дейиш (имонда истисно масаласи) эса нотўғридир”, деган гапларига ҳам қўшиладиларми?! Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Аллоҳ таоло восита ва ҳарфларсиз сўзлайди”, деган гапларига ҳам кўнадиларми?! Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Еру осмон аҳлининг имони озаймайди ҳам, кўпаймайди ҳам”, деган гапларига ҳам қўшиладиларми?! Улар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг: “Бирор мусулмонни қилган гуноҳи учун, гарчи у катта гуноҳ қилган бўлса ҳам, уни ҳалол ҳисобламаса, кофирга чиқармаймиз, ундан имон номини олиб ташламаймиз ва уни ҳақиқатда мўъмин деб атаймиз”, деган гапларига ҳам қўшиладиларми?! Ахир, уларга эргашганлар бенамозларни, золимларни, давлат қонунларига амал қилувчиларни кофирга чиқармаяптиларми?! Бу ақидадаги гаплар. Уларнинг ўзлари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳдаги минглаб фатволарини хатога чиқариб, улардан тескарисини айтиб, минг йиллардан бери у зотнинг мазҳабларига ихлос билан амал қилиб келаётган мусулмонлар орасида ихтилоф ва шубҳалар қўзғамаяптиларми?! Уларнинг ўзлари Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг минг-минглаб фатво ва масалаларига амал қилмаяптилар-у, бир-иккита айтган-айтмаган масаласига кейинги даврнинг жумҳур уламолари қўшилмагани учун амал қилмаётган ихлосли ҳанафийларни ҳанафийликдан ташқари чиққан деб даъво қилмаяптиларми?! Энди, уларнинг хатоларини айтувчилар фитначи бўлиб қолдими, уларнинг бораётган йўли ва айтаётган ақидалари нотўғрилигини айтганлар мутаассиб бўлдими?!…

Аслида, бемазҳаблар доим келтираётган “ал-Фиқҳ ал-абсат”дан ва “ал-Асмо ва-с-Сифот”дан олинган иқтибослардаги гапни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ айтган эмаслар! Таъкидлаб айтаманки, “Аллоҳ осмонда!”, деб тўрт мазҳабнинг мужтаҳид имомларининг бирорталари айтганлиги ҳақида саҳиҳ ривоят йўқ! Улар бу иқтибосларни ўзларининг иддиоларини ҳаспўшлаш мақсадида келтирадилар, холос. Аслида, ушбу гапларнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбати шубҳали эканлигини уларнинг ўзлари ҳам яхши биладилар. Биз эса бошқа мўъмин-мусулмонлар, бемазҳаб бўлмаган ва ваҳҳобийликка мойил бўлмаган ватандошларимиз уларнинг бу ҳийлаларидан огоҳ бўлишлари ва ҳақиқатни билиб қўйишлари учун мазкур мавзуни алоҳида кўриб чиқишга мажбур бўлдик.

“ал-Фиқҳ ал-абсат”даги гап:

Бемазҳабларнинг иддио қилишларича, “ал-Фиқҳ ал-абсат”да қуйидаги иқтибос мавжуд экан:

قال أبو حنيفة: من قال لا أعرف ربّى فى السماء او فى الأرض فقد كفر و كذا من قال أنه على العرش و لا أدرى العرش أفى السماء او فى الأرض

“Абу Ҳанифа айтганлар: кимки раббимнинг осмонда ёки ерда эканлигини танимайман, деса кофир бўлади. Шунингдек, кимки Аллоҳни Аршда деса ҳам ва Аршнинг осмонда ёки ерда эканлигини билмайман, деса ҳам (кофир бўлади)”. (ал-Олим ва-л-мутааллим, рисола ала Усмон ал-Баттий, сумма ал-Фиқҳ ал-абсат / Таҳқиқ: Зоҳид ал-Кавсарий. – Қоҳира: ал-Анвор, 1949. – Б. 49).

Мазкур “ал-Фиқҳ ал-абсат”нинг бемазҳаблар фойдаланадиган нусхаларида шу жойда Раҳмон сифатли Аллоҳнинг Арш узра “муставий” бўлганлиги ҳақидаги “Раъд” сурасининг 2-ояти ва “Тоҳо” сурасининг 5-ояти келтирилган. Яна “Чунки, у бу сўзи билан Аршнинг осмонда эканини инкор қилади. Ваҳолонки, Арш Иллиййиннинг энг тепасидадир”, деган қўшимчалар ҳам мавжуд.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бошқа бирорта асарида бу мавзу кўтарилган эмас, у зотнинг хос шогирдларининг бирорта асарида “Аллоҳ осмонда!” деган гап борасида сўз юритилган эмас! Эътибор берилса, бу ерда ҳам бемазҳаблар айтаётганидек “Аллоҳ осмонда!” деган гапнинг айнан ўзи йўқ! “Аллоҳ осмонда!” деган аниқ гап йўқ экан, ушбу ривоят билан далилланишга бемазҳабларнинг нима ҳақлари бор?! Мана шу “ал-Фиқҳ ал-абсат”дан бошқа ҳанафийларнинг бирорта асарида “Аллоҳ осмонда!” деган гап келганлигини анави бемазҳаблар кўрсатиб берсинлар-чи?! Кўрсатиб бера олмайдилар! Зотан, ушбу “ал-Фиқҳ ал-абсат” асарининг ўзи ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилиниши шубҳали бўлса:

1) Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ақидавий манбалари орасида энг ишончлиси “ал-Фиқҳ ал-акбар” бўлиб, унда ҳанафийлик ва мотуридийликнинг энг асосий ақидалари ёритилган. Шунинг учун, ҳанафийлар ва мотуридийлар кўпроқ яшайдиган Мовароуннаҳр, Онадўли, Ҳинд-Синд ўлкаларида, Сурия томонлардаги ҳанафийлар орасида ҳозиргача мазкур асар тўлиғича мукаммал ва муфассал равишда ўқитилади, мадрасаларнинг асосий ўқув қўлланмалари қаторида туради, талабалар уни бошдан-оёқ ёд оладилар. Бироқ, бу юртларда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бошқа ақидавий асарлари оммалашмаган, ҳатто айрим аҳли илмлар уларнинг борлиги ҳақида маълумотларга ҳам эга эмаслар. У зотнинг васиятномалари тўғрисида билганлар ҳам, унинг “ал-Фиқҳ ал-абсат” асари борлигини айтмайдилар. Мазкур “ал-Фиқҳ ал-абсат” асарининг бирорта, биргина ҳам қўлёзма нусхасининг Ўзбекистонда, ва айтиш ўринлики, бутун Марказий Осиё қўлёзмалар жамғармаларида йўқлиги ҳам буни тасдиқлайди.

Зотан, салафи солиҳинларнинг асарлари тўғрисида бирма-бир маълумот беришга бағишланган Ибн ан-Надим (ваф. 438 ҳ./1047 м.) раҳимаҳуллоҳнинг “Феҳрист” асарида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Фиқҳ ал-акбар” асари ва васиятномалари тилга олинган, холос. Ушбу рўйхатда “ал-Фиқҳ ал-абсат”нинг номи йўқ. Демак, Ибн ан-Надим раҳимаҳуллоҳ давригача, яъни қарийб 400 ҳижрийгача олимлар “ал-Фиқҳ ал-абсат”ни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг асари сифатида билган эмаслар.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг асарлари қаторида “ал-Фиқҳ ал-абсат” йўқ экан, нимага бемазҳаблар уни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг асари сифатида кўрсатиб, унинг бир жойидан иқтибос олиб, оммани чалғитишга урунадилар?! Шундай экан, анави бемазҳаблар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбати шубҳали бўлган “ал-Фиқҳ ал-абсат”дан иқтибос олиб, нимага ўзларининг ақидаларига далил қиладилар?! Ўзи, ана шундай шубҳали асарларга суяниб, ақида шакллантириш мумкинми?!

2) Ҳақиқатдан ҳам, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинган бир қанча асарлар орасида “ал-Фиқҳ ал-абсат” номли ақидавий манба мавжуд. Гап шундаки, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарининг илк ровийси сифатида у зотнинг ўғиллари Ҳаммод раҳимаҳуллоҳ кўрсатилади. “ал-Фиқҳ ал-абсат”нинг илк ровийси сифатида эса Абу Мутеъ ал-Балхий раҳимаҳуллоҳ кўрсатилади. Мазкур асар: “Имоми Аъзам Абу Ҳанифадан фиқҳи акбар ҳақида сўрадим”, деб бошлангани учун “Иккинчи “ал-Фиқҳ ал-акбар” ҳам дейилади. Шунинг учун, табақот ва таржимаи ҳолга бағишланган асарларда Абу Мутеъ ал-Балхий раҳимаҳуллоҳни “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг ровийси сифатида кўрсатилган бўлиши мумкин. Айтганимиздек, у зот айнан “ал-Фиқҳ ал-акбар”нинг ровийси эмас, балки унинг иккинчи варианти деб қаралаётган “ал-Фиқҳ ал-абсат”нинг ровийсидир. Ана энди, Абу Мутеъ ал-Балхий раҳимаҳуллоҳ ким? “إنّ كلّا ينزل منزلته” – “Ҳар бир инсон ўз ўрнига туширилади!”, қоидасига биноан буни айтиб ўтишимиз керак:

Абу Мутеъ Ҳакам ибн Абдуллоҳ ал-Балхий (117-199 ҳ./735-814 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳақларида Имом Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Имом Насоий раҳимаҳуллоҳ уни ривоятда заиф деб баҳолаганлар. Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ эса уни жаҳмий деб билгани учун, ривоятлари умуман олинмайди, деган. Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ эса уни муржиийларнинг каттаси, суннатни ёмон кўрадиган кимса деб баҳолаган. Абу Ҳотим ар-Розий раҳимаҳуллоҳ билан Имом ал-Жавзақоний раҳимаҳуллоҳ уни муржиий деб туриб, каззоб одам, деганлар. Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ эса унинг бир ҳадисни тўқиб чиқарганлигини аниқ айтган (“Лисон ал-мезон”, 2/1369; “Мезон ал-эътидол”, 1/2181; 3/5523).

Анави бемазҳаблар каззоб деб баҳоланган ёки заиф дейилган Абу Мутеъ ал-Балхийдан ривоят қилинган “ал-Фиқҳ ал-абсат”дан иқтибос олаверишларининг сабаби нима?! Уни ҳадеб пеш қилаверишларидан мақсад не?! Бирорта ҳадис ёки ривоят айтилса, “Бу ҳадис саҳиҳми? Келтирган гапингиз саҳиҳми?” деб сўрашга одатланган бемазҳаб “салафий”лар нимага шу жойга келганда, оғизларига мум тишлаб оладилар?!

Бемазҳабларда инсоф борми, ўзи?!

Шу ерда айтиб кетишимиз керак бўлган бир ҳақиқат мавжуд.  Бемазҳаблар мазкур “ал-Фиқҳ ал-абсат” асаридан иқтибос олар эканлар, шу асарнинг бошқа бир жойидаги матнни олиб келтиришдан қочадилар. Ушбу иқтибос қуйидагича:

قلنا أريت لو قيل أين الله تعالى فقال يقال له كان الله و لا مكان، كان الله تعالى قبل أن يخلق الخلق و يقال كان الله تعالى و لم يكن أين و لا شئ و هو خالق كلّ شئ

“Аллоҳ ўзи қаерда, деб сўралса, нима деб жавоб берамиз? Ундай савол берган одамга: “Аллоҳ бор эди, макон йўқ эди. Аллоҳ халқни яратмасдан илгари бор эди. “Қаерда” йўқлигида ҳам (яъни, макон йўқлигида ҳам) Аллоҳ бор эди. “Ҳеч нарса” йўқлигида ҳам У ҳамма нарсанинг яратувчисидир!”, деб жавоб берилади”. (ал-Олим ва-л-мутааллим, рисола ала Усмон ал-Баттий, сумма ал-Фиқҳ ал-абсат / Таҳқиқ: Зоҳид ал-Кавсарий. – Қоҳира: ал-Анвор, 1949. – Б. 57).

Макон йўқ бўлса, осмон йўқ бўлса, “Қаерда?” деб сўраш қанчалик тўғри бўлади? Аллоҳ ҳамма нарсани яратган бўлса, Аршни ва осмонни яратган бўлса, ўзи яратган мавжудотларидан олдин қаерда эди?! Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ аҳли суннат ва жамоатнинг ўн иккита хислатга – эътиқодга эга бўлиши кераклиги ҳақидаги васиятномаларида бундай деганлар:

و الثالث نقرّ بأنّ الله على العرش استوى من غير أن يكون له حاجة و استقرار عليه و هو حافظ العرش و غير العرش من غير احتياج فلو كان محتاجا لما قدر على إيجاد العالم و تدبيره كالمخلوقين و لو كان محتاجا الى الجلوس و القرار فقبل خلق العرش أين كان الله تعالى الله عن ذلك علوّا كبيرا

“Биз Аллоҳни Аршга бирор ҳожат учун ёки қўним топиш учун “истиво” қилган, деб иқрор қилмаймиз. Аллоҳ Аршни ва ундан бошқа нарсаларни ҳам ҳифзу ҳимоя қиладиган Зотдир. Агар Аллоҳ эҳтиёжманд зот бўлганида эди, У оламни яратишга, унинг тадбирини қилишга қодир бўлмаган бўлур эди. Агарда Аллоҳ ўтиришга ва қарор топишга ҳожатманд бўлса, У Аршни яратмасдан илгари қаерда эди?! Аллоҳ таоло бу каби нуқсонлардан ўта баланддадир!”. (Имоми Аъзам. Асарлар / Таржимон ва нашрга тайёрловчи: Абдурашид қори Баҳромов. Масъул муҳаррир: Абдуқаҳҳор Шоший. – Тошкент: Movarounnahr, 2003. – Б. 33-34).

Ҳа, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу ерда ўзларининг, ва айтиш керакки, аҳли суннат ва жамоатнинг асил ақидаларини аниқ баён қилмоқдалар. Яъни, биз “Тоҳо” сурасининг 5-оятига иқрормиз. Лекин, бу ерда “истиво”нинг луғатда келадиган “истақарра” (“қарор топди, ўрнашди, қўним топди”) маъносини қўллаш мумкин эмас. Яна унинг “жулус” (“ўтирмоқ”) маъносини қўллаш ҳам жоиз эмас экан. “Арш”нинг луғавий маъноси эса подшоҳлар ўтирадиган тахтдир. Оятда келадиган “истиво” луғавий маънода эмас, балки истилоҳий маънода, яъни “эга бўлмоқ” мазмунида келади. Аллоҳ таоло Аршга эга бўлди, бутун коинотнинг энг улкан жисмига эга бўлдими, демак, бутун коинотга, тамоми борлиққа эга бўлди, деган мазмунда ифодаланади бу. Инсонлар “тахтга эгалик”ни “мамлакатга подшоҳ бўлмоқ” маъносида тушунганлари учун Аллоҳ таоло уларнинг ақл-идрокларига мос мажозий ибораларни ишлатган. (Бу ҳақида “Аллоҳ Аршда ўтирадими?!” номли мақола ёзилган, яна алоҳида мақолалар ёзилмоқда).

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ бу ерда “истиво”нинг “истақарра” ва “жулус” маъноларини инкор қилган эканлар, анави бемазҳаблар бўлса, “истиво”ни айнан “истақарра” маъносида деб оламга жар солиб келадилар. Бу эса “мушаббиҳа”ликнинг (Аллоҳнинг сифатларини махлуқотларнинг сифатига ўхшатишликнинг) айни ўзгинасидир!

Шу ерга келганда салафийлар ҳам жавобдан ожиз қоладилар. Шунинг учун, улар бу иқтибосларни асло келтирмайдилар, балки “Аллоҳ сомонда!”, деган аниқ сўз умуман ишлатилмаган ва асло қўлланилмаган шубҳали иқтибосларни келтириб, оммани чалғитаверадилар.

“ал-Асмо ва-с-Сифот”даги гап:

Таниқли муҳаддис Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Асмо ва-с-Сифот” асаридан бемазҳаблар келтираётган иқтибосда айтилишича, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таборака ва таоло осмондадир, ерда эмас!”, деган эмишлар. Ушбу асарда мазкур гап бир ҳикоят сабаби билан келтирилган. Унда айтилишича, Термизлик бир аёл жаҳмий бўлиб, Кўфага боради. У ерда ўн минглаб одамларни ўзининг ақидасига эргаштириб қўярмиш. (Мужтаҳидлар замонида, илм марказида-я! Аёл киши-я!). Шундан сўнг, Кўфанинг катта олими бўлмиш Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг олдига мунозара қилиб бориб, “Сен одамларга масала ўргатадиган одам экансан! Лекин, динингни тарк қилганингни биласанми? Ибодат қиладиган Раббинг қаерда?”, деб сўраган эмиш. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ эса унга жавоб беролмай, етти кунгача уйига кириб кетибди. Сўнгра, чиқиб, анави бемазҳаблар келтирган гап ёзилган хатни ўша хотинга тақдим қилибди (2/865).

Агар бу ҳикоят рост бўладиган бўлса, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ осмонда, ерда эмасдир!”, деган маънода Аллоҳнинг осмондалигини эътироф этиб, Ердалигини инкор қилиб гапирган бўлсалар, унинг бу гаплари камида икки оят мазмунига зид бўлиб қолади-ку! “Анъом” сурасининг 3-оятида Аллоҳ таоло айтади:

وَهُوَاللَّهُفِيالسَّمَاوَاتِوَفِيالْأَرْضِ

“У осмонларда ҳам, Ерда ҳам Аллоҳдир!”. (Анъом сураси, 3-оят).

Яна “Зухруф” сурасининг 84-оятида бундай дейилган:

وَهُوَالَّذِيفِيالسَّمَاءِإِلَهٌوَفِيالْأَرْضِإِلَهٌ

“У (Аллоҳ) осмонда ҳам илоҳ, Ерда ҳам илоҳдир”. (Зухруф сураси, 84-оят).

Мужтаҳидларнинг улуғи, буюк имомнинг юқоридаги икки оятни билмай қолиши мумкинми?! У зотнинг оятда келган “Ерда ҳам” иборасини инкор қилишлари мумкинми?! Йўқ, асло! У зот бу икки оятни ҳам, анави бемазҳаблар келтираётган бошқа оятларни ҳам бугунги мотуридийлар ва ашъарийлар тушунтираётгандек тушунганлар. (Бу хилдаги оят ва ҳадислар борасида алоҳида мақола ёзилади).

Шунинг учун ҳам, мазкур ҳикоятни келтирар экан, Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ: “Агар бу ҳикоят саҳиҳ бўлган тақдирда” деб туриб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапларини таъвил қилишга мажбур бўладилар. Демак, анави бемазҳаблар саҳиҳлигига Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг ўзи ҳам ишонмаган гапни келтириб туриб, заиф ривоят билан далилланишга нима ҳақлари бор?! Ушбу ривоятнинг ўта даражада заиф эканини бемазҳаблар томонидан нашр қилинган “ал-Асмо ва-с-Сифот”нинг ўзида ҳам қайд қилинган ва унинг ровийсини каззоб ва ваззоъ (тўқима ривоятларни кўп тўқувчи) деб зикр қилинган (Абу Бакр Аҳмад ибн ал-Ҳусайн ал-Байҳақий. Китоб ал-Асмоъ ва-с-Сифот. 2-жилд // Тақҳиқ: Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Ҳошидий. Тақдим: Муқбил ибн Ҳодий ал-Водиъий. – Мактаба ас-Саводий, 1991. – Б. 337-338).

Заиф ривоят билан ақида шакллантириш мумкинми?! Бемазҳаблар Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг мазкур ҳикоятга ишонч билдирмаганларини нимага оммадан яширадилар?! Ҳолбуки, мазкур асарда Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг Қуръонни махлуқ демаганлиги, у зотнинг асло жаҳмийлар фикрига қўшилмаганлиги ҳақидаги ривоятни келтира туриб, Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг ўзлари: “Унинг ровийлари ишончлидирлар!”, деган эътирофни келтирганлар (2/538). Мана бу ҳикоятни келтирганда эса ишонмаганларига яққол ишора қилганлар. Бемазҳаблар эса бу ҳақиқатни оммадан яшириб келадилар.

Ривоятнинг ёлғон ва тўқима эканлигига иккинчи бир янада асослироқ шубҳамиз ҳам бор:

Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ келтирган мазкур ҳикоят Абу Исмат кунияси билан танилган Нуҳ ибн Абу Марям раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган. У зот ким? Демак, “إنّ كلّا ينزل منزلته” – “Ҳар бир инсон ўз ўрнига туширилади!”, қоидасига биноан буни ҳам айтиб ўтишимиз керак:

Абу Исмат Нуҳ ибн Абу Марям ал-Марвазий (ваф. 173 ҳ./789 м.) ҳақида Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳнинг уни ҳадислар тўқишлигини айтганлигини Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бир эмас, иккита катта-кичик “Таърих” асарларида келтирганларини келтиришга мажбурмиз. Имом Муслим ва Имом Дорақутний раҳимаҳуллоҳ уни матрук ал-ҳадис – ҳадислари тарк қилинади, деганлар. Имом Ҳоким раҳимаҳуллоҳ: “Унга жами илмлар берилган, фақат тўғрисўзлик берилган эмас!”, деганлар. Абу Али ан-Найсобурий раҳимаҳуллоҳ эса уни очиқчасига каззоб деганлар. Қаранг, Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ эса: “Исбот ҳадисларини, яъни, Аллоҳнинг сифатлари ҳақидаги ривоятларни ишончли одамлардан ривоят қилмаган. Унинг бу борадаги бирорта ривоятлари ҳужжат қилинмаслиги керак!”, деганлар (“Таҳзиб ат-таҳзиб”, 9/878).

Шундай экан, нимага анави бемазҳаблар Абу Исмат ал-Марвазийнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳдан деб ривоят қилган гапларига ишонч билдириб, оммага тақдим қилаверадилар?! Улар бу зотнинг ривоятлари ишончсиз эканини айтсалар, ҳеч ким уларнинг ақидаларига ишонмай қўяди-да! Мазкур ривоятнинг ровийлари силсиласидаги бошқа заиф ровийлар ҳақида айтмаган тақдиримизда ҳам, биз келтирган ушбу шубҳаларнинг ўзиёқ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга бемазҳаблар иддио қилаётган гап туҳмат эканини бемалол тасдиқлашга етади.

Нуайм ибн Ҳаммод ал-Марвазий (ваф. 228 ҳ./843 м.) раҳимаҳуллоҳ ҳам мазкур ривоятнинг ровийлар силсиласида мавжуд. У Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳнинг кичикликдаги устози ҳисобланади. Бироқ, Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ уни “заиф ал-ҳадис” – “ ҳадис ривоятида заиф киши”, деганлар. Имом ад-Доримий раҳимаҳуллоҳ ҳам уни заиф деб билганлар. Абу Ҳотим ар-Розий раҳимаҳуллоҳ эса уни “кўп хато қилади ва янглишади”, деганлар. Имом ад-Дорақтуний раҳимаҳуллоҳ эса уни “касир ал-ваҳм” – “кўп янглишади” деганлар. Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ айтишича, Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ унинг йигирмага яқин асли йўқ ҳадисларни айтганлигини аниқлаган. Абулфатҳ ал-Аздий раҳимаҳуллоҳ эса “У суннатни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳадислар тўқир эди. Абу Ҳанифанинг раддига эса ҳар хил ҳаммаси ёлғон бўлган ривоятларни тўқир эди”, деган. Аббос ибн Мусъаб раҳимаҳуллоҳ эса унинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг раддиясига ёлғонларга тўлдирилган бир китоб ёзганини айтган (“ал-Муғний ли-з-зуафо”, 2/6658).

“ал-Асмо ва-с-Сифот”даги заифлиги ва тўқималиги аниқ билиниб турган мазкур гапни бемазҳаблар нимага келтираверадилар?! Уларнинг бундан мақсадлари нима? Бемазҳаблар асли йўқ ривоятни айтиб, ҳақиқий ҳанафийлар ва ихлосли мотуридийларнинг кўнгилларига ғулғула солиб, уларни адаштиришми, алдов йўли билан ўзларининг йўлларига юритишми?!

Яна бемазҳабларда инсоф борми?!

Шу ерда айтиб кетишимиз керак бўлган яна бир ҳақиқат мавжуд. Бемазҳабларнинг ўзи Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг асарларидан фойдаланиб, унга ишонч билдириб, унинг зикр қилганларини ҳужжат сифатида келтиришга нима ҳақлари бор?! Гап шундаки, Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ашъарий таълимотига ва шофеъийлик мазҳабига бўйсинувчи, тақлид қилувчи олим ҳисобланади. У зотнинг устозлари қаторида “Табақот ас-Суфия”нинг муаллифи сўфий Абу Абдурраҳмон ас-Суламий қуддиса сирруҳу, таниқли ашъарий олимлари мутакаллим Абу Исҳоқ ал-Исфароиний раҳимаҳуллоҳ, мутакаллим Ибн Фаврак раҳимаҳуллоҳ, ашъарийларнинг энг улуғ олими Абуттаййиб Саҳл ас-Саълукий раҳимаҳуллоҳ кабилар бор эди. Имом ал-Ҳарамайн раҳимаҳуллоҳ у зот ҳақларида бундай деган эдилар:

ما من شافعى الا و للشافعى فى عنقه منة الا البيهقى فإن له على الشافعى منة لتصانيفه فى نصرة مذهبه و أقاويله

“Шофиъийлик мазҳабидаги ҳар бир инсон бўйнида Имом аш-Шофеъийдан миннатдор бўлиш ҳаққи бор. Фақат Имом ал-Байҳақий бундан мустасно. Чунки, у зотдан мазҳабига ёрдамлашиш ва гапларини қувватлаш мақсадида битган таснифлари учун Имом аш-Шофеъийнинг ўзлари миннатдор бўлмоғи керак!”. 

Бемазҳаблар эса ашъарийларни адашган ҳамда аҳли суннат ва жамоатдан оғишган деб билади, бирор мазҳабга қаттиқ боғланишни эса таассуб деб биладилар.

Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ яна Аллоҳнинг муташобеҳ сифатларини таъвил қилувчи ва шуни ёқловчи ашъарий олимидир. Буни мазкур “ал-Асмо ва-с-Сифот”ни тўлиқ синчиклаб ўқиб чиққанлар жуда яхши билишади. Аслида, у зотнинг “ал-Асмо ва-с-Сифот” китобини ёзишдан мақсади ҳам ана шуни билдириш эди.

Бемазҳаблар эса таъвил қилишнинг турган-битганини залолат деб жар солиб келадилар, муташобеҳ сифатларни таъвил қилувчи ашъарий ва мотуридий вакилларини адашганлар дейдилар.

Шундай экан, бемазҳабларнинг “ал-Асмо ва-с-Сифот”дан унумли фойдаланиб, ундаги ривоятларни Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг изоҳ ва шарҳларисиз олиб, оммага тақдим қилишларидан мақсад нима? Бундай йўл тутиш илмга нисбатан хиёнат эмасми?!

 

Албонийнинг хиёнати

Замонамиз бемазҳабларининг “муҳаддис”и саналадиган Носир Албоний жаноблари таниқли олим Шамсиддин аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳнинг “Китоб ал-Улвв” асарини қисқартириб, ўз одатидагидек ундаги ривоятларнинг саҳиҳ ёки заифлиги ёхуд мавзуълигига махсус эътибор қаратган асарида юқорида келтирилган “ал-Асмо ва-с-Сифот”даги ривоятнинг “тахриж”ини қилар экан, унинг ровийларини ёлғончиликда ва заифликда айбланганини айтиб, فكان الواجب على المصنف أن يبين ذلك – “Мусаннифга мана шуни баён қилмоқ вожиб эди!”, дейди. Бироқ, юқоридаги “ал-Фиқҳ ал-абсат”дан келтирилган ривоятни “тахриж” қилар экан, “Мезон ал-эътидол”даги Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳнинг ровийни улуғлаши, илмини ҳурмат қилиши ҳақидаги маълумотни ва мақтовни келтиради, холос. Ундан кейинги маълумотларни учта нуқта қўйиш билан келтирмай қўя қолади (Қаранг: Ҳофиз Шамсиддин аз-Заҳабий. Мухтасар ал-Улвв ли-л-Алийй ал-Ғаффор / Албоний нашри. – Дамашқ: ал-Мактаб ал-исломий, 1981. – Б. 135-136).

Аслида, Албонийнинг ўзи айтганидек, бу ерда ҳам ровийнинг қандай мақомдалигини – мана шуни тўлиқ баён қилмоқ вожиб эди! Зотан, “Мезон ал-эътидол”да Албоний келтирмаган жойида Абу Мутеъ ал-Балхий раҳимаҳуллоҳни “жарҳ” қилинган. Яъни, ривоятларининг заиф ва олинмаслиги қайд қилинган. Жумладан, Ибн Маъин раҳимаҳуллоҳ, Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ, Ибн ал-Жавзий  раҳимаҳуллоҳ ва Имом ан-Насоий раҳимаҳуллоҳ кабилар уни заиф деб билганлар. Имом Аҳмад раҳимаҳуллоҳ эса: “Ундан бирор нарса ривоят қилинмаслиги керак!”, деган бўлсалар, Имом Абу Довуд раҳимаҳуллоҳ: “Ҳадислари тарк қилинади!”, деганлар. Ибн Адий раҳимаҳуллоҳ эса: “У очиқ-ойдин заифдир. Ривоят қилганларининг кўпчилигига эргашилмайди!”, деганлар. Имом аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ мазкур асарининг учинчи жилдида унинг бир ҳадисни тўқиб чиқарганлигини аниқ айтганлар. Албоний эса нимага бу маълумотларни яширган?!

Ҳадисшуносликда олтин қоида бор: “Жарҳ ва таъдил” қоидасида, “жарҳ” эътиборлироқ бўлади! Яъни, ровийларнинг саҳиҳлигини, адолатини, ривоятдаги мақомини текширилганда, уларга қилинган ишончлар эмас, таъналар устунлик қилади. Бинобарин, Албоний юқоридаги биринчи ривоятни ўзи ёлғонлигини айтиб қўйганидан сўнг, “Ровийнинг ҳолини баён қилмоқ вожиб эди!” деб катта гапириб қўйганидан кейин иккинчи ривоятнинг ҳам асил ҳолини билдириб қўйишдан қочганлигини нима деб тушуниш мумкин?! Агар унинг ҳам ёлғонлиги ва заифлигини айтиб қўйса, ўзлари кўтариб чиқаётган ботил ақидага одамларни ишонтириш қийин бўларди. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам биз айтган гапни айтганлар, деб бемазҳаблар доимо келтираверадиган гапларни ёлғонга чиқарган бўлиб қоларди-да! Шунинг учун Албоний “Мезон ал-эътидол”даги гапларни тўлиқ келтирмасдан, гапни бошқа томонларга буриб узоқ гапиришига тўғри келган.

Мазкур жойда учинчи ривоят ҳам бор. У “ал-Муқниъ” муаллифи Ибн Қудома ал-Мақдисий (541-620 ҳ./1146-1223 м.) раҳимаҳуллоҳдан нақл қилинган.Унда айтилишича, гўё Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Кимки Аллоҳ азза ва жаллани осмондалигини инкор қилса, кофир бўлибди!”, деган эмишлар (Қаранг: Ҳофиз Шамсиддин аз-Заҳабий. Мухтасар ал-Улвв ли-л-Алийй ал-Ғаффор / Албоний нашри. – Дамашқ: ал-Мактаб ал-исломий, 1981. – Б. 137).

Ҳатто “Саҳиҳи Бухорий” каби олтита саҳиҳ ҳадислар тўпламларини ҳам “тахриж” қилиб чиқишга журъат қилиб, бирма-бир улар ҳақида ўзича баҳо бериб чиқишдан эринмаган Албоний мазкур ривоят борасида лом-мим демай ўтади. Аслида, Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ “Исбот сифат ал-Улвв” асарида: “Менга етказилишича, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “Фиқҳ ал-акбар”да бундай деган эканлар”, деб ривоятни келтирганлар (“Исбот сифат ал-Улвв”, 1/116). Бу мазмундаги гап “Фиқҳ ал-акбар”да эмас, “Фиқҳ ал-абсат”да келганини юқорида баён қилиб бердик. Шунингдек, мазкур ривоят: “Менга етказилишича” деб келтирилган. Бу хилдаги ривоятлар “мудаллас” ва “мунқатеъ” деб баҳоланиши лозим! Яъни, кимлар томонидан етказилгани айтилган эмас, ровийлар силсиласида узилиш бор. Бу эса шубҳанинг ортишига олиб келади. Зотан, Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ билан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ўрталарида камида 300 йиллик масофа мавжуд. Бу маълумотларни Албоний нимага келтирмаган?!

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг юқоридаги гапларини қандай тушунмоқ лозим?

Шак-шубҳа йўқки, “ал-Фиқҳ ал-абсат”нинг илк ровийси ҳанафий олими, бўлиб ҳам, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари қаторида саналарди. Шунинг учун ҳанафий олимлари унда келтирилган масалаларга фикр билдиришлари даркор эди. “ал-Фиқҳ ал-абсат”даги гаплар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг сўзлари бўлмаслик эҳтимоли кучли бўлса-да, у зот бу гапни айтмаган бўлсалар-да, уни мусулмонлар анави  бемазҳаб “салафий”лар сингари хато тушуниб олмасликлари учун тўғри ва ҳаққоний таърифини ва тушунчасини бермоқ лозим эди.

Шуни билмоқ ва яхши англамоқ керакки, ояти карималар ва ҳадиси шарифларни тўлиқ ва мукаммал равишда тушунишнинг асосий ва ўзгармас олтин қоидалари бор. Уларни четлаб ўтиб, оят ва ҳадисларга чанг солишлик гумроҳликдан ва залолатдан бошқа нарса эмас. Масалан, Қуръон оятларини тушунишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гаплари ва фикрлари асосийдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гапларини ҳужжат эмас, дегувчилар залолатдадирлар! Саҳобаи киромлар ва кейинги давр муфассирларининг тафсирларига назар солмасдан туриб, оятларга маъно бериш хатокорликнинг айни ўзидир. Зотан, муфассирлар султони бўлмиш буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос разийаллоҳу анҳу Қуръон маъноларидан илмсиз равишда гапирган одамни жуда ёмон кўрар эдилар (Ҳоким, 8/8803). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан ҳам бекорга қуйидагича хитоблар қилинган эмас:

مَنْ قَالَ فِي الْقُرْآنِ بِرَأْيِهِ فَأَصَابَ فَقَدْ أَخْطَأَ

“Кимки Қуръонга ўз фикрича маъно айтса, тўғри айтган бўлса-да хато қилибди!”. (Термизий, 4/2952; Абу Довуд, 3/3654; Насоий, 4/8086).

Яъни, ўзингча оятларни ҳам, ҳадисларни ҳам шарҳлай олмайсан, ўтган уламоларнинг фикрларига қулоқ тутасан, бу борада ўзингдан олдин ўтган аҳли суннат ва жамоатдан оғишмаган аҳли илмларга эргашасан. Илм ўтган уламолар орқали сенга етиб келган эканми, демак, уларнинг гапларига қулоқ тутишга мажбурсан. Ана шу нарса ўтган салафи солиҳинларнинг ҳар бир гапларини, мужтаҳид уламоларнинг ҳар бир фатволарини тушунишдаги олтин қоида ҳамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва табъа тобеъинларнинг гапларини, фикрларини мутақаддим уламолар – олдинги олимлар орқали, олдинги олимларнинг гапларини эса мутааххирин – кейинги давр уламоларининг тушунтиришлари, шарҳлари ва изоҳлари орқали тушунмоқ лозим. Айтганимиздек, уларни ўзича тушуниш, ўз даврига мослаб талқин қилиш, ўзидаги бор илми ва ақидасига кўра изоҳлаш адашувнинг бошланишидир. Анави бемазҳаблар ҳам худди шу йўлдан бориб, хоҳ ақидада бўлсин ва хоҳ амалиётда бўлсин кейинги давр уламоларининг фикр-мулоҳазалари, фатволари, тушунтиришлари, шарҳ ва изоҳларини четлаб ўтмоқчи бўладилар. Ўзларининг тушунчалари ва озгина илмларига кўра оят ва ҳадисларни, салафи солиҳинларнинг гапларини изоҳламоқчи бўладилар…

Демак, ўтмишда ўтган уламоларимиз ҳам “ал-Фиқҳ ал-абсат”даги ва бошқа жойлардаги Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапи дейилиши мумкин бўлган ибораларни тўғри тушунтириб кетганлар, албатта.

1) “ал-Фиқҳ ал-абсат” асари таниқли ҳанафий олими, улуғ ватандошимиз, буюк фақиҳ Абуллайс ас-Самарқандий (ваф. 373 ҳ./983 м.) раҳимаҳуллоҳ томонидан шарҳ қилинган. Уни мотуридийлик таълимотининг асосчиси, улуғ мутакаллим Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинган ҳолда 1903 йилдаёқ Ҳайдарободда нашр қилинган. Абуллайс ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳ юқорида келтирилган Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гаплари дейилаётган, яъни, “Кимки раббимнинг осмонда ёки ерда эканлигини танимайман, деса кофир бўлади. Аршнинг осмонда ёки ерда эканлигини билмайман, деса ҳам кофир бўлади”, деган сўзларни Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога макон исбот қилгани учун кофир бўлади, деб изоҳлаганлар. Яъни, уни айтувчи кимсанинг хаёлида Аллоҳнинг ердами, осмондами макони бор экан-у, уни билмайман, дегани учун кофир бўлади, деб шарҳ қилганлар. Демак, ҳанафийларнинг улуғ олимларининг бу фикрларига кўра Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳазратимиз “Аллоҳ осмонда!” дейишни куфр санаганлар. Илтимос, ушбу изоҳга эътибор беринг:

قال أبو حنيفة من قال لا أعرف الله أفى السماء ام فى الأرض فقد كفر لأنه بهذا القول يوهم أن يكون له مكان فكان مشركا قال الله تعالى الرحمن على العرش استوى فإن قال أقول بهذه الآية و لكن لا أدرى أين العرش فى السماء ام فى الأرض فقد كفر أيضا و هذا يرجع الى المعنى الأول فى الحقيقة لأنه إذا قال لا أدرى أن العرش فى السماء ام فى الأرض فكأنه قال لا أدرى إنّ الله تعالى فى السماء ام فى الأرض

“Абу Ҳанифа: “Кимки “Аллоҳнинг осмонда ёки ерда эканлигини танимайман!”, деса кофир бўлади”, деганлар. Чунки, бу гап Аллоҳнинг макони бор деган хаёлни келтириб чиқаради. Шунинг учун, у мушрик бўлади. Аллоҳ таоло: “Раҳмон Арш узра “муставий” бўлди”, деган. Агар бирор кимса: “Мен ушбу оятни айтаман, лекин Аршнинг қаерда эканлигини, осмонда ёки ерда эканлигини билмайман!”, деса ҳам кофир бўлади. Бу ҳам ҳақиқатда аввалги маънога бориб тақалади. Чунки, агар “Аршнинг осмонда ёки ерда эканини билмайман!”, деса, бу худди “Аллоҳ таолонинг осмонда ёки ерда эканини билмайман!”, деганидек бўлади”. (Абу Мансур ал-Мотуридий. Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар // Таҳқиқ: Абдуллоҳ ибн Иброҳим Ансорий. – Қатар: (йили ва жойи кўрсатилмаган). – Б. 25).

Шундан сўнг, Абуллайс ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳ бобомиз Аллоҳ таолонинг Аршга “истиво” қилиши масаласига кенгроқ тўхталиб, “Карромийлар ва мушаббиҳа тоифаси Аллоҳ Аршнинг устига макон қилиб олий бўлган, Арш Аллоҳ учун қароргоҳ дейдилар. Улар Аллоҳни “тушиш, келиш, кетиш” сифатлари билан тавсиф қиладилар”, деганлар. Демак, Абуллайс ас-Самарқандий раҳимаҳуллоҳ фикрича ҳам “истиво”ни “истақарра” маъносида ифодалаш мушаббиҳаликдан бошқа нарса эмас экан.

2) Маккаи мукаррамада қози бўлган ҳанафий олими ва мутакаллими Камолиддин Аҳмад ал-Баёзий (XI ҳ./XVI м.) раҳимаҳуллоҳ Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинган ақидага оид барча асарларидаги у зотнинг фикрларини умумлаштириб, изоҳлашга бағишланган “Ишорот ал-маром” номли китоби билан танилган. У зот “ал-Фиқҳ ал-абсат”даги бемазҳаблар келтираётган иқтибосни бундай тушунтирганлар:

فقال فيه فمن قال لا أعرف ربّى أفى السماء ام فى الأرض فهو كافر لكونه قائلا باختصاص البارى بجهة و حيز و كلّ ما هو مختصّ بالجهة و الحيز فإنه محتاج محدث بالضرورة فهو قول بالنقص الصريح فى حقّه تعالى كذا من قال إنه على العرش و لا أدرى العرش أفى السماء ام فى الأرض لإستلزامه القول باختصاصه تعالى بالجهة و الحيز و النقص الصريح فى شأنه سيّما فى القول بالكون فى الأرض و نفى العلوّ عنه تعالى بل نفى ذات الإله المنزه عن التحيز و مشابهة الأشياء

“Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ “ал-Фиқҳ ал-абсат”да бундай деганлар: “Раббимни ерда ёки осмонда эканини танимайман, деса, у кофирдир”. Чунки, у Борий таолони жиҳат (томон) ва чегара билан (осмоннинг ёки ернинг бирида деб) хослаб айтган бўлади. Жиҳат ва чегара билан хосланган барча нарса заруратан пайдо бўлишга муҳтож. У эса Аллоҳ таолонинг ҳаққида очиқдан-очиқ нуқсонни гапиришдир. Шунингдек, “Кимки Аллоҳни Аршда деса ва Аршнинг осмонда ёки ерда эканини билмайман, деса ҳам кофирдир”. Бу гап ҳам Аллоҳ таолога томонни, чегарани ва унинг шаънида очиқ-ойдин нуқсонни хослаш бўлиб қолгани учун айтилган. Айниқса, Аллоҳнинг ерда бўлиши ва у зотдан олийликни инкор қилинган гап. Балки, бу ерда чегараланишдан ва нарсаларга ўхшатувдан пок бўлган Илоҳнинг зотини инкор қилиш ҳам бор”. (Камолиддин ал-Баёзий. Ишорот ал-маром мин иборот ал-Имом. – Карочи: Замзам, 2004. – Б. 200).

Демак, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ фикрича Аллоҳ таолони томон билан хослаб бўлмайди. Осмон эса томондир, Аллоҳни осмон томонда деб бўлмайди. Яна Аллоҳ таолони чегара билан хослаб бўлмайди. Осмоннинг эса чегараси бор. Аллоҳни осмонда дейилса, унинг ичидами ёки осмондан каттами, деган хаёллар вужудга келади. Шунинг учун ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Раббимни ерда ёки осмонда эканини танимайман, деса, у кофирдир”, деган эканлар.

3) Тожиддин ас-Субкий (727-771 ҳ./1328-1370 м.) раҳимаҳуллоҳ мотуридийлик таълимотининг муассиси Абу Мансур ал-Мотуридий раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинадиган рисолага “ас-Сайф ал-машҳур” номи билан шарҳ ёзганлар. Ушбу рисолада ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Фиқҳ ал-абсат”даги гапи дейилаётган иборани бу тариқа изоҳлаганлар:

لو قال الإنسان لا أعرف الله فى السماء او فى الأرض قالت الحنفية يكفر لأنه يُوهم المكان و كذا العرش لو قال لا اعرف أهو فى العرش ام غيره

“Агар бирор инсон: “Аллоҳни осмонда ёки ерда эканини танимайман!”, деса, ҳанафийлар айтишича, кофир бўлади. Чунки, у маконни хаёлга келтиради. Шунингдек Арш тўғрисида ҳам худди шундай. Агар “Аллоҳнинг Аршда ёки бошқа жойда эканини билмайман!”, деса ҳам (кофир бўлади)”. (Тожиддин ас-Субкий. Ас-Сайф ал-машҳур фий шарҳ ақидати Аби Мансур. – Истанбул, 2000. – Б. 56).

Демак, Тожиддин ас-Субкий раҳимаҳуллоҳ фикрича ҳам “Аллоҳ осмонда!” дейиш маконни хаёлга келтиради, бу эса жоиз эмас.

4) Имом ат-Таҳовий (230-321 ҳ./) раҳимаҳуллоҳни ҳамма яхши билади. Уни биздан ҳам кўра бемазҳаблар яхши билишади. Чунки, унинг аслида “Баён ас-суннат ва жамоат” деб аталган “ал-Ақоид ат-Таҳовия” номи билан шуҳрат қозонган асарини бемазҳаблар кўпроқ ўқиб-ўрганадилар. Бироқ, айтиш ўринлики, унинг гапларини тўғридан-тўғри олавермасдан ўзларининг шориҳларининг гапи орқали олишга ўрганганлар. Яъни, гўё Имом ат-Таҳовий ҳам мазкур асарининг айрим ўринларида хато ва камчиликка йўл қўйган-у, асарни ана шу бемазҳаб устозлари тушунтирганлари бўйича ўзлаштирадилар…

Имом ат-Таҳовий раҳимаҳуллоҳ мазкур ақида матнларини: “Бу миллат фақиҳлари бўлмиш Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ал-Кўфий, Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим ал-Ансорий ва Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳасан аш-Шайбонийнинг мазҳабига мувофиқ дин асослари бўйича қилган эътиқодлари ва диёнатлари юзасидан аҳли суннат ва жамоат эътиқодининг баёнидир”, деб бошлаганлар. Яъни, бу ақида матни ҳанафийларнинг ҳамда бутун аҳли суннат ва жамоатнинг ақидавий таълимотидир. Мазкур асарда бундай дейилган:

و تعالى عن الحدود و الغايات و الأركان و الأعضاء و الأدوات، لا تحويه الجهات الستّ كسائر المبتدعات

У Зот чегаралар, ниҳоялар, бўлаклар, аъзолар ва асбоблардан олийдир. У Зотни бошқа пайдо бўлган нарсаларга ўхшаб, олти тараф (ўнг, чап, олд, орт, уст ва ост) ўрай олмайди”. (Ақоид матнлари // Нашрга тайёрловчи  ва таржимон: Шайх Абдулазиз Мансур. – Тошкент: “Тошкент ислом университети” нариёт-матбаа бирлашмаси, 2006. – Б. 9 ва 33).

Мазкур иборалардан биз Аллоҳ субҳонаҳу ва таолони осмонда деб айтиш жоиз эмаслигини билиб оламиз. Чунки, осмонда дейиш Аллоҳ таолога тарафни, томонни ифода қилиш бўлиб қолади. Демак, мана шу Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ва у зотнинг шогирдларининг ақидаларидир.

 

Яна бошқа қўшимча гаплар

Бемазҳаблар “Аллоҳ осмонда!”, деяр эканлар, ўзларининг гапларини қувватлаш мақсадида бу гапни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳам айтган, деган маънода “ал-Фиқҳ ал-абсат” ҳамда “ал-Асмо ва-с-Сифот” китобларидан шубҳали иқтибосларни келтираверадилар. Биз юқорида мазкур иқтибосларнинг асли йўқ ва ёлғон эканини кўриб чиқдик. Бор бўлган тақдирда ҳам, уларнинг маъноси бемазҳаблар айтаётгандек эмас, балки бу уларнинг ўзларига қарши фикрлар эканини ҳам аҳли суннат ва жамоат уламоларининг изоҳлари орқали айтиб ўтдик. Худди шундай, бемазҳабларнинг “Бошқа мазҳаббошилар ҳам Аллоҳ таолони осмонда эканини айтган”, деган гаплари ҳам шубҳалидир. Зотан, бемазҳабларнинг Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапи деб асли йўқ ва шубҳали иқтибосларни кўтариб юришидан бизда уларнинг салафи солиҳин имомларимизнинг барчасидан келтираётган иқтибослари борасида шубҳа қўзғатаверади ва бу борада бирорта ғуборсиз саҳиҳ ривоятлар етиб келмаган деган ишончни пайдо қилаверади. Улар келтираётган китоб ва манбаларнинг муаллифларига нисбати шубҳалидир ҳамда ривоят ва ҳикоятларнинг асли йўқдир, ровийлари шубҳалидир, манбашунослик ва ҳадисшунослик нуқтаи назаридан заиф ва мавзуъ (тўқима, сохта)дир! Бемазҳаблар ўзларининг гапларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бу маълумотларни (фактларни) оммадан яшириб келадилар, айтмайдилар, айтишдан қочадилар. Ана энди, анави бемазҳаблар ўзларининг келтираётган ривоятларининг “саҳиҳ”лигини исботлашга тушиб кетса, ажаб эмас. Лекин, биз бу борада гапни кўпайтирмаслик мақсадида бошқа бир муҳим масалага ўта қоламиз. Чунки, бемазҳаблар ўзларининг ботил эътиқодларини оқлаш мақсадида Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ борасида ишончсиз ва шубҳали ривоятларни бемалол келтириб юрибдиларми, демак, бошқа салафи солиҳин имомларимиз борасида ҳам шундай йўл тутишларининг эҳтимоли катта, дейишимиз мумкин.

Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ҳам мазкур “ал-Асмо ва-с-Сифот” асарининг ана шу жойида, яъни, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг бемазҳаблар иддио қилаётган гапи келган жойида, юқорида айтганимиздек, “агар бу ҳикоят саҳиҳ бўлган тақдирда”, деб туриб, у зотнинг ана шу гапларини таъвил қилишга мажбур бўлганлар. Яъни, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазкур гапни айтишларидан мақсад Аллоҳ таолонинг ерда бўлишини – бирор маконда бўлишини инкор қилиш эди. Шунинг учун у зот оятнинг зоҳирини айтган бўлишлари мумкин. У оят эса Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ айтишича, “Ё сизлар “осмондаги” зотдан хотиржаммисиз?!”, деган “Мулк” сурасининг 16-17 оятларининг зоҳири бўлиши мумкин. Чунки, Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ фикрича, биз Аллоҳ таоло зоти тўғрисида ҳеч нарса гапирмаймиз. Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳ ана шу жойнинг ўзида ўз фикрини қувватлаш мақсадида машҳур олим Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги гапларини нақл қилганлар:

ما وصف الله به نفسه فتفسيره قراءته ليس لأحد أن يفسره الا الله تبارك و تعالى او رسله صلوات الله عليهم

“Аллоҳ ўзини васф қилган сифатларнинг тафсири уни қироат қилишдир. Ҳеч бир кимсага уни тафсир қилиш жоиз эмас! Фақатгина Аллоҳ таборака ва таолонинг ва унинг пайғамбарларининг айтганларини такрорлашгина жоиз”. (2/866).

Яъни, Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг бу ердаги мақсадлари ўтган уламоларимиз муташобеҳ сифатлар борасида айнан биз айтаётган “тафвиз” йўлини тутганларини англатиш эди. Яъни, Аллоҳнинг бу хилдаги сифатлари тафсир қилинмайди, маъноси айтилмайди, шарҳланмайди, қандайлиги таърифланмайди. “Тафвиз” бу муташобеҳ сифатларнинг маъносини айтмасдан, уларнинг маъносига ва кайфиятига – қандайлигига киришмасдан, уларнинг ҳукмини Аллоҳ таолога ҳавола қилишдир. Шунинг учун ҳам, Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳ: “Ҳеч бир кимсага уни тафсир қилиш жоиз эмас!”, деганлар. Мана шу аксари салафи солиҳин уламоларимизнинг қўллаган услубларидир. Бироқ, анави сохтадан сохта “салафий”лар эса буни тушунмай, бир неча эҳтимолли ва бир қанча луғавий маънога эга бўлган сифатларда ўзларининг нафси ҳавоси хоҳлаган бир маъносини маҳкам ушлаб олиб, ана шуни салафи солиҳинлар ушлаган маъно деб туҳмат қилмоқдалар. Худди шундай, улар бизнинг буюк имомимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбатан ҳам ёлғон тўқимоқдалар. Аслида, ана шундай туҳматчи ва ёлғончилар кўпайиб кетмасин, деб мутааххирин – кейинги давр уламолари “таъвил” услубини маъқул кўришган эди…

ХУЛОСА

Бемазҳаб “салафий”лар “Аллоҳ осмонда!” дер эканлар, мотуридийларга эътироз билдириб, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинувчи “ал-Фиқҳ ал-абсат” номли китобларидан ҳамда муҳаддис Имом ал-Байҳақий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Асмо ва-с-Сифот” номли асарларидан иқтибослар олиб, “Анаа, Абу Ҳанифа ҳам биз айтган гапни айтган!”, деган маънода қичқираверадилар. Бемазҳаблар ўзларининг “Аллоҳ осмонда!” деган гапларига бу иқтибосларни келтириб қўявермасдан, ҳақиқий ҳанафийларга, ҳаққоний мотуридийларга таъна қилаверадилар, булар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга эргашмайди, деган туҳматни айтаверадилар. Ҳолбуки, таъкидлаб айтаман: минг йиллардан бери ҳанафий олимларининг олдингилари ҳам, кейингилари ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг ҳар бир гапини, ҳар бир фатвосини, ҳар бир фикрини бирма-бир, батафсил ва мукаммал равишда ўрганиб, таҳлил қилиб чиққанлар. Кейинги давр уламоларини, минг йиллик мотуридий-ҳанафийларни ўтган салафларига, ўзларидан олдин ўтган уламоларга эргашмайди, дейиш ҳақиқатдан ҳам уларга нисбатан бўҳтон ва жуда катта туҳмат ҳисобланади! Зотан, аниқки, улар ўз салафи солиҳинлари, ўзларидан олдин ўтган уламолари, мазҳаббошилари, мужтаҳидларининг гапларини, фикрларини ва фатволарини анави бемазҳаблардан кўра минг чандон яхши билишарди, тўғри тушунишарди.

Мазкур мақолада биз бемазҳаблар келтираётган иқтибосларнинг асли йўқ эканини, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ҳеч қаерда, ҳеч қачон “Аллоҳ осмонда!” демаганлигини далиллар билан кўриб чиқдик. Бемазҳаблар бу борада айрим яққол кўриниб турган маълумотларни (фактларни) оммадан яшириб келишларини кўрсатиб бердик. Улар бизнинг буюк имомимиз Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбатан шу ишни қилган эканлар, бошқа мужтаҳид имомларга нисбатан ҳам шу йўлни танлаган бўлсалар ажаб эмас. (Бу ҳақида ҳам алоҳида мақола ёзилмоқда).

Анави бемазҳаблар томонидан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга нисбат қилинаётган “ал-Фиқҳ ал-абсат” ҳамда “ал-Асмо ва-с-Сифот” китобларидаги гапларнинг асли йўқ, ишончли эмас, заиф, мавзуъ – тўқима ва сохтадир. Уни далил қилиш тўғри эмас! Агар мазкур иқтибосларнинг асли бор деган тақдиримизда ҳам, у бемазҳаблар айтаётган маънода эмас, балки уни ҳақиқий ҳанафий олимлари тушунгандек тушунмоқ даркор бўлади. Бу тушунча эса анави бемазҳаблар айтаётган гапнинг ўзига раддия бўлади.

Анави бемазҳаблар ўзларининг “Аллоҳ осмонда!” деган гапларига далил сифатида оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъносини олиб, “мушаббиҳа”лик йўлини тутишлари сир эмас. Биз юқорида Суфён ибн Уйайна раҳимаҳуллоҳнинг бу борада қандай йўл тутиш лозимлиги ҳақидаги гапларини келтириб ўтдик. Бироқ, замонавий бемазҳаблар унинг гапларига кўнмасдан муташобеҳ оят ва ҳадисларнинг зоҳирий маъноларини ушлаб, уларни ўзлари истаган, ўз тушунчаларидаги маънода деб туриб, ўзгаларни айблайверадилар.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мотуридийларни ёмонлашдан чарчамаётган; инсоф доирасидан, улуғларни ҳурмат қилиш чегарасидан тамоман чиқиб кетган сохтадан сохта “салафий”ларга инсофу тавфиқ берсин! Аллоҳ ҳаммамизни ҳақ йўллардан адаштирмасин!

Мақола муаллифи: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Илмий маслаҳатчи: Исмоилжон домла Хўқандий.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *