№2. «Ибодати исломийя» китобидан (2-парча)

Lotin alifbosida

Бу парчада Аҳмад Ҳодий Мақсудийнинг «Ибодати исломийя» китобидан амаллар ва унинг турлари  ҳақидаги мавзуни сиз азизларга ҳавола қиламиз.

АМАЛ

— Амал нима?
— Банданинг ҳаётда қилган ишлари.

— Исломда банданинг амали неча қисмга бўлинади?
— Ҳаммаси саккиз қисмга бўлинади: Биринчиси – фарз. Иккинчиси – вожиб. Учинчиси –суннат. Тўртинчиси – мустаҳаб. ешинчиси – мубоҳ. Олтинчиси – ҳаром. Еттинчиси –макруҳ. Саккизинчиси – мустакраҳ. Ушбу саккиз қисм амалнинг баъзиларини бажариш шарт, баъзиларини бажармаслик шарт. Яна айримларини қилиш-қилмаслик ихтиёрий.

— Фарз қандай амал?
— Фарз Аллоҳ таоло буюрган амалдир. Уни қилган киши савоб топади. Узрсиз бажармаган киши гуноҳкор бўлади. Унинг зарурлигига ишонмаган киши эса кофир ва имонсиз саналади.

— Фарз амали қайси ҳолатларда кўринади?
— Аллоҳ таолога имон келтириш, Ислом динидаги беш вақт намозни ўқиш, рамазон ойида ҳар куни рўза тутиш, закот бериш ва ҳаж қилиш.

— Вожиб қандай амал?
— Вожиб – Ислом динида бажарилиши шарт бўлган амал. Уни бажарган киши савоб олади, бажармаганлар гуноҳкор бўлади. Вожиб амалга ишонмаган киши кофир ва имонсиз бўлмаса ҳам, катта гуноҳга ботади.

— Қандай амаллар вожиб амалга киради?
— Витр намозини ўқиш, ҳайит намозларини ўқиш, садақа ва фитр бериш, қурбонлик сўйиш, Қуръондан сажда оятлари ўқилган пайтда сажда қилиш кабилар.

— Суннат қандай амал?
— Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг қилган амаллари. Суннат амалини қилган киши савоб топади. Қилмаган киши гуноҳкор бўлмаса-да, қиёмат куни маломатга қолади, Пайғамбаримиз шафоатларига лойиқ бўлмайди.

— Суннат амали нималарда кўринади?
— Яхши ишларни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳим», дея бошлаш, мўмин кишиларга салом бериш, Қуръон ўқишни «Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожим» сўзлари билан бошлаш сингари амаллардир.

— Мустаҳаб қандай амал?
— Мустаҳаб Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом баъзан бажарган ва баъзан бажаришни лозим кўрмаган амалдир. Уни қилган киши савоб топади. Аммо қилмаса, гуноҳкор бўлмайди. Қиёмат куни азоб ва маломатга ҳам қолмайди.

— Мустаҳаб амалига қандай юмушлар киради?
— Нафл намоз ўқиш ва нафл рўза тутиш, нафл садақа бериш ва доим таҳоратли юриш кабилар.

— Мубоҳ қандай амал?
— Мубоҳ шундай амалки, қилинса ҳам, қилинмаса ҳам дуруст бўлаверади. Ундан киши савоб ҳам, гуноҳ ҳам топмайди. Қилиш-қилмаслик банданинг ихтиёридадир.

— Қанақа амаллар мубоҳга мисол бўлади?
— Ҳалол таомларни ейиш, ҳалол ичимликларни ичиш, ўтириш, туриш, юриш ва зарарсиз сўзларни сўзлаш.

— Ҳаром қандай амалдир?
— Ҳаром Ислом динида қатъий таъқиқланган амалдир. Уни қилган киши қаттиқ гуноҳга ботади, уни ҳалол, дегувчилар кофир ва имонсиз ҳисобланади.

— Қандай ишлар ҳаром қилинган?
— Ноҳақ одам ўлдириш, одамзотга ва ҳайвонотга зулм қилиш, ғийбат қилиш, ўғирлик, ёлғончилик, ароқхўрлик ва зинокорлик каби ишлар.

— Макруҳ қандай амал?
— Макруҳ Ислом дини таъқиқлаган амал. Макруҳни қилмаган киши савобга қолади, қилган киши эса азобланиши мумкин. Уни қилган киши кофир бўлмаса-да, гуноҳга ботади.

— Макруҳ амали нималарда кўринади?
— Масжидга туфлаш, (фаҳш) нағмаларга қулоқ солиш, одобсиз шеърларни куйлаб ҳофизлик қилиш, одамлар ичида масхарабозлик қилиш, уятсиз шеърларни битиш кабилар макруҳ амаллардир.

— Мустакраҳ қандай амал?
— Мустакраҳ шундай амалки, уни қилгандан кўра қилмаган яхшироқдир. Қилган киши гуноҳкор саналмаса-да, одобсиз бўлади. Қиёматда азобга қолиши мумкин.

— Мустакраҳга қандай амаллар киради?
— Таомни катта-катта ейиш, бозорда, кўчада овқатланиш, баланд овоз билан кекириш ва ҳайқириб эснаш кабилар.

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *