Ҳажда намозни жамъ қилиб ўқиш ҳукми

Lotin alifbosida

Hajda namozni jam qilish hukmi— Бутун дунё мусулмонлари ҳаж мавсумида арафа кунги тўрт вақт намозни икки вақтда ўқишга иттифоқ қилганлар. Булар Арафот майдонида пешин билан асрни, Муздалифада эса шом билан хуфтонни бирга қўшиб ўқишдир. Мазкур амалиётнинг ўзига хос фиқҳий ҳукмлари мавжуд. Буларни ҳожилар билиб қўйгани фойдадан холи эмас.

— Расули акрам, ҳабиби муҳтарам Расулуллоҳ (с.а.в.) Арафот майдонида пешин билан асрни, Муздалифада эса шом билан хуфтонни ҳақиқий маънода бирга қўшиб ўқиганлар. Бошқа вақтларда эса, масалан, шошилинч сафарларида намозларни суратан жамъ қилиб ўқиганлар. Яъни, биринчи намозни кечроқ, унинг охирги вақтида ўқиганлар, иккинчи намозни эса эртароқ, яъни унинг аввалги вақтида ўқиганлар. Бу ҳақида машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)нинг қуйидаги саҳиҳ эътирофи мавжуддир:

مَا رَأَيْتُ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى صَلَاةً بِغَيْرِ مِيقَاتِهَا إِلَّا صَلَاتَيْنِ جَمَعَ بَيْنَ الْمَغْرِبِ وَالْعِشَاءِ وَصَلَّى الْفَجْرَ قَبْلَ مِيقَاتِهَا

«Расулуллоҳ (с.а.в.)ни ҳеч бир намозни ўз вақтидан бошқа вақтда ўқиганларини кўрган эмасман. Фақатгина икки намозни – шом билан хуфтонни жамъ қилганлар, ва бомдодни ўз (одатдаги) вақтидан олдин ўқиганлар» (Бухорий, 2/1682; Насоий, 1/1578).

Бошқа ўринда саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.ҳ.) бундай деган:

كان رسول الله صلى الله عليه وسلم يصلي الصلاة لوقتها إلا بجمع وعرفات

«Расулуллоҳ (с.а.в.) намозларни ўз вақтида ўқир эдилар, фақат Муздалифада ва Арафотда ундай эмасди» (Насоий, 2/4005).

Умуман, сафарда ва бошқа вақтларда намозларни жамъ қилиб ўқиш ҳукмлари бўйича ушбу мавзуда ёзилган мақолада танишиш мумкин.

— Арафот майдонидаги пешин билан асрни бирга қўшиб ўқиш фиқҳий манбаларда «жамъи тақдим» деб аталади. Бу биринчи намознинг вақтида иккинчи намозни ҳам ўқишга нисбатан айтилган.

Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.) мазҳабида Арафотдаги бу «жамъи тақдим» учун олтита шарт қўйилган. Демак, Арафот майдонида пешин билан асрни пешин вақтида бирга қўшиб ўқилиши учун қуйидагилар шартдир:

1) Арафотда икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун ҳожилар ҳаж ниятида эҳром боғлаган бўлишлари лозим;

2) Арафотда икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун пешинни асрдан аввал ўқилиши керак. Агар асрни аввал ўқиб қўйилса ёки пешинни ўз вақтида олдин ўқилса, икки намозни пешин вақтида қайта ўқиш лозим бўлади;

3) Арафотда икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун замон ва вақт шартдир. Яъни, арафа куни қуёш заволидан кейингина бу амал жоиз бўлади, холос;

4) Арафотда икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун макон шартдир. У ҳожилар Арафот майдонида турганида ўқилиши керак. Намра масжиди атрофида ҳам бўлиши мумкин;

5) Арафотда икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун жамоат шартдир. Икки намоз ҳам жамоат билан адо қилиниши керак. Агар ёлғиз ўқилмоқчи бўлса, ҳар бир намоз ўз вақтида ўқилади;

6) Арафотда икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун уни ҳажнинг умумий раҳбари – Амир ал-ҳаж ёки унинг нойиблари бўлиши керак;

Ушбу юқоридаги шартлар қисқача: эҳром, имом, жамоат, замон, макон ва тартиб деб аталади.

— Муздалифа жойидаги шом билан хуфтонни бирга қўшиб ўқиш фиқҳий манбаларда «жамъи таъхир» деб аталади. Бу биринчи намознинг вақтини ўтказиб, уни иккинчи намоз вақтигача кечиктириб, иккинчи намоз вақтида ўқишга нисбатан айтилган.

Абу Ҳанифа Имом Аъзам (р.ҳ.) мазҳабида Муздалифадаги бу «жамъи таъхир» учун бешта шарт қўйилган. Демак, Муздалифа тоғида шом билан хуфтонни хуфтон вақтида бирга қўшиб ўқилиши учун қуйидагилар шартдир:

1) Муздалифада икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун ҳожилар ҳаж ниятида эҳром боғлаган бўлишлари лозим;

2) Муздалифада икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун ҳожилар Арафот майдонида вуқуф қилиб, турган ва у ердан қайтган бўлишилари лозим;

3) Муздалифада икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун замон шартдир. Яъни, Қурбон ҳайити оқшомигина бу амал жоиз бўлади, холос;

4) Муздалифада икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун макон шартдир. У ҳожилар Муздалифа тоғи ҳудудида турганида ўқилиши керак;

5) Муздалифада икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун вақт шартдир. У хуфтон вақтида ўқилиши керак. Агар ҳожилар шошилиб, Муздалифага келмасдан илгари, йўлда шомни ўқиб қўйсалар, Муздалифага келганларидан кейин хуфтон вақтида шомни қайта ўқийдилар.

Муздалифада икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун жамоат ва умумий раҳбар – Имом шарт эмас. Ҳожилар жамоат бўлмасдан, ёлғиз ўзлари ўқисалар ҳам, шом билан хуфтонни жамъ қилиб, бирга қўшиб ўқийверадилар. Мана шу ерда «жамъи тақдим» билан «жамъи таъхир»нинг бир-биридан фарқи маълум бўлади. Хуллас, Имом Нававий (р.ҳ.) айтишича, жами уламолар фикрига кўра Муздалифада икки намозни жамъ қилиб ўқиш учун жамоат ва имом шарт ҳисобланмайди.

— Арафот майдонида асрни олдинга суриб, пешин вақтида ўқилишига сабаб намоз ўқилганидан кейин мазкур муқаддас маконда қилинадиган вазифалар – имомнинг хутбаси, воизларнинг мавъизалари, дуолар, зикрларга вақт қолиши учундир. Муздалифада эса имомнинг хутбаси, воизларнинг мавъизаси бўлмайди, ҳар ким ўзи-ўзи билан бўлиб, ҳожилар ўзлари хоҳлаганча ибодатлар қиладилар. Шунинг учун Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва Суфён ас-Саврий (р.ҳ.): «Агар ҳожилар йўлда шошилиб шомни ўз вақтида ўқиб қўйсалар, Муздалифага келганидан сўнг тонггача шомни қайта ўқиб, уни хуфтон билан бирга қўшиб жамъ қиладилар», деган.

— Ҳажда арафа куни Арафот майдонида пешин билан асрни ва Муздалифа тоғида шом билан хуфтонни жамъ қилиб, бирга ўқишда бир масъала бўйича турли хил фиқҳий қарашлар ўртага ташланган. У ҳам бўлса, мазкур икки вақтдаги намозларни бир вақтда ўқилганида нечта азон ва нечта иқомат айтилиши масъаласидир. Бу борада пешин билан асрни қўшиб ўқиш бўйича уч хил, шом билан хуфтонни қўшиб ўқиш бўйича эса олти хил фикр илгари сурилган.

Арафот майдонида ҳожиларнинг пешин вақтида пешин билан асрни жамъ қилиб қўшиб ўқишда азон ва иқомат борасида қуйидаги фиқҳий қарашлар мавжуд:

1. Битта азон ва икки иқомат айтилади. Бу Имом Муслим (р.ҳ.)нинг саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) томонидан ривоят қилинган ҳадисга асосланган. Ушбу фикрга Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.), Суфён ас-Саврий (р.ҳ.), Имом аш-Шофиъий (р.ҳ.), Абу Савр (р.ҳ.) кабилар келганлар. Шунингдек, Имом Аҳмад (р.ҳ.) ва Имом Молик (р.ҳ.) биттадан ривоятларида қўшилганлар. Ибн ал-Қосим (р.ҳ.), Ибн ал-Можишун (р.ҳ.) ва Ибн ал-Маввоз (р.ҳ.) каби олимлар ҳам ушбу фикрни қўллаб-қувватлаганлар.

2. Азон айтилмасдан икки иқомат айтилади. Имом Аҳмад (р.ҳ.)нинг машҳур фиқҳий қараши худди шундай бўлган. Бу саҳоба Ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинган.

3. Икки азон ва икки иқомат айтилади. Имом Молик (р.ҳ.)нинг машҳур фиқҳий қараши худди шундай бўлган. Саҳоба Ибн Масъуд (р.а.)дан ривоят қилинган.

Муздалифа тоғида ҳожиларнинг хуфтон вақтида шом билан хуфтонни жамъ қилиб қўшиб ўқишда азон ва иқомат борасида олти хил фиқҳий қараш мавжуд бўлиб, улардан энг асосийлари тўрттадир:

1. Битта азон ва битта иқомат айтилади. Бу Имом Муслим (р.ҳ.)нинг саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) томонидан ривоят қилинган узун ҳадисга асосланган. Ушбу фикрга Имом Аъзам Абу Ҳанифа (р.ҳ.) ва Имом Абу Юсуф (р.ҳ.) кабилар келганлар. У Имом Шофиъий (р.ҳ.)нинг қадимги фиқҳий қарашига мос келади. Бу Имом Аҳмад (р.ҳ.)дан бир ривоят ҳам худди шундай. Моликийлардан Ибн ал-Можишун (р.ҳ.) бу фикрга қўшилган.

2. Бир азон ва икки иқомат айтилади. Ушбу фикрга Имом Шофиъий (р.ҳ.) келган. Ҳанафийлардан Имом Зуфар (р.ҳ.) ушбу фикрни айтиб ўтган, Имом Таҳовий (р.ҳ.) эса ихтиёр қилган. «Фатҳ ал-қадир»да Ибн ал-Ҳумом (р.ҳ.) бу фикрни қўллаб-қувватлаган.

3. Икки азон ва икки иқомат айтилади. Бу Имом Молик (р.ҳ.)нинг фиқҳий қарашидир. Ушбу фикрга машҳур саҳобалардан Ибн Умар (р.а.) ва Ибн Масъуд (р.а.) кабилардан етиб келган ривоят асос бўлган.

4. Азонсиз фақат икки иқомат айтилади. Имом Аҳмад (р.ҳ.)нинг машҳур фиқҳий қараши худди шундай бўлган. Имом Шофиъий (р.ҳ.) ҳам бир ривоятида ушбу фикрга қўшилган. Саҳобалардан Ибн Умар (р.а.) ва унинг ўғли Солим (р.а.)дан бу фикрга асос бўлган ривоят нақл қилинган.     

5. Саҳиҳ ҳадиси шарифларда Арафотда ва Муздалифада икки намозни жамъ қилиб қўшиб ўқилганда, Расулуллоҳ (с.а.в.) икковининг орасида суннатларни ўқимаганлиги очиқ-ойдин баён этилган. Шунинг учун ҳанафийликнинг энг мўътабар фиқҳий манбаси бўлмиш Бурҳониддин Марғилоний (р.ҳ.)нинг «ал-Ҳидоя» асарида бу алоҳида таъкидланган:

و لا يطوّع بين الصلاتين تحصيلا لمقصود الوقوف…

و لا يطوّع بينهما لانه يحلّ بالجمع…

«Икки намоз (пешин билан аср)нинг орасида нафл ўқимайди, Арафотда туриш мақсади ҳосил бўлгани учун»… «Иккови (шом билан хуфтан)нинг орасида нафл ўқилмайди. Жамъ бўлгани учун бу ҳалол бўлади». (Қаранг: Бурҳониддин Марғилоний. Ал-Ҳидоя. 1-жилд. –Ҳиндистон: Юсуфий, 1314. 226 ва 228 бетлар). «Ҳидоя» соҳиби ўзининг «ат-Танжис» китобида «пешиннинг кейинги суннати ўқилмайди» деб фатво берган.

Мавлоно Алий ал-қори (р.ҳ.) ҳам ўзининг “Шарҳ ал- Маслак ал-мутақассит” асарида Арафотдаги икки намозни жамъ қилиб ўқиганда, пешиннинг кейинги суннати ва асрдан олдинги нафлий суннатни имом ва қавм ўқишлари макруҳ, деган.

Ҳожилар Муздалифага келганларидан сўнг хуфтан вақтида шом билан хуфтонни қўшиб адо этадилар. Уларнинг орасида ҳам нафл ўқилмайди. Лекин икки фарздан сўнг уларнинг суннатлари ўқилади. Буни энг аввал буюк шоир, мутасаввиф олим, Алишер Навоий (р.ҳ.)нинг устози Абдураҳмон Жомий (р.ҳ.) айтиб ўтган эди. Унинг «Рисолаи маносики ҳаж ва умра» рисоласида Муздалифада шом билан хуфтон намозларини қўшиб ўқилганда, фарзлардан сўнг ушбу икки намознинг суннатларини ва витрни ўқилишини айтиб ўтилган.

Алий ал-қори (р.ҳ.) ўзининг “Шарҳ ал-Маслак ал-мутақассит” асарида бундай деб битиб қолдирган: “Икковининг (шом билан хуфтоннинг) орасида нафл ўқимайди, балки шом ва хуфтоннинг суннатлари ҳамда витрни икковидан кейин ўқийди. Чунончи, буни Мавлоно Абдураҳмон Жомий, Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло унинг юксак сирини муқаддас қилсин, ўзининг ҳаж расм-русумлари ҳақидаги рисоласида очиқ айтиб ўтган”.

Шофиъий мазҳабининг фиқҳий манбаларидан бири “Туҳфат ул-муҳтож”да ҳам ҳаж мавсумида Муздалифада шом билан хуфтонни қўшиб ўқилгандан сўнг ротиба суннатларини ҳамда витрни ўқиш кераклиги айтилган.

Шунинг учун ҳанафий ва шофиъийлар наздида шом билан хуфтонни ўқигандан сўнг шом ва хуфтоннинг суннатлари ўқилади ва витр ҳам ўқилиши яхшидир. «Эъло ус-сунан»да Зафар Аҳмад ал-Усмоний (р.ҳ.): «Мўътамад гап шуки, шом билан хуфтанни жамъ қилиб ўқигандан кейин шомнинг ва хуфтаннинг суннатлари ҳамда витр намози ўқишни фақиҳлар таъкидлаганлар. Бу ҳанафийлар ва шофиъийлар мазҳабидадир. Имом Нававий (р.ҳ.) «Шарҳ Саҳиҳ Муслим» асарида «Бизнинг мазҳабимизда ротиба суннатларни ўқиш мустаҳаб. Бироқ, уни икковининг орасида эмас, икковидан кейин ўқилади» деган», деб ёзиб қолдирган (Қаранг: Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ус-сунан. 7-жилд. –Байрут: Дор ал-фикр. 2001. 3101-бет.).

«Эъло ус-сунан»да айтилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) икки намозни қўшиб ўқиганида, улар орасида намоз ўқимагани ривоятлар орқали етиб келган, лекин улардан сўнг намоз ўқимай қўйгани маълум эмас.

Умуман, сафарда ва ҳаж мавсумида суннат намозларини ўқиш ҳукми бўйича мазкур мавзуга оид мақолада муфассал танишиш мумкин.

— Ҳаж мавсумида Арафот майдонида пешин билан асрни, Муздалифада эса шом билан хуфтонни бирга қўшиб ўқиш ҳожиларнинг ҳаж маносикларидан биридир. Мазкур амалиётнинг ўзига хос фиқҳий ҳукмлари ҳанафий мазҳабида ҳам алоҳида кўриб чиқилган. Уларнинг жамъ қилиб ўқилишининг шарт-шароитлари мавжуд. Ҳаждек табаррук сафардаги бу амалиёт жараёнида суннат намозлар қандай ўқилиши ҳам алоҳида билиб қўйиладиган мавзудир. Ушбу амалиётларни билиб, ўрганиб, иттифоқликдаги мусулмонлар шунга мувофиқ амал қилсалар, фойдадан холи бўлмайди.

 

Ҳамидуллоҳ Беруний

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *