МАНБАЛАРИМИЗГА БИЛДИРИЛГАН ШУБҲАЛАР ДИН ДУШМАНЛАРИ ТАКТИКАСИДИР!

exclamation-markДин душманларининг исломга қарши олиб бораётган тактикаларидан бири ислом уламолари, имом-домлалар ва аҳли илмларни камситиш, уларнинг обрў-эътиборларини омма мусулмонлари қалбидан тушириш ҳисобланади. Ана шундай тактикалардан яна бири, ислом манбаларига тил теккизиш, уларнинг асл нусха эканлигини, эътиборини камситиш, муҳим эмаслигини таъкидлаш, муаллифга тегишлилик масаласини шубҳа остига қўйиш ҳисобланади.

Дин душманлари юз йиллардан бери “Қуръон”ни Аллоҳнинг китоби эмас, уни Муҳаммад (алайҳиссалом) ўзи тўқиган, ҳатто “Қуръон” 13 асргача қайта ишланиб таҳрирдан ўтиб келган, деб келишади. Мактабларда шундай деб ўқитишади ҳам…

Дин душманлари юз йиллардан бери Суннатни ва ҳадисларни шубҳа остига олиб келишади. Саҳиҳ ҳадислар йўқ, уни Пайғамбар (алайҳиссалом) ўтганидан юз йиллардан кейин ёзишган, деб келишади. Қуръоний, бесуннат деган тоифаларни ана шу иддиолари натижасида вужудга келтиришди.

Дин душманлари юз йиллардан бери “Саҳиҳи Бухорий”нинг ислом динида иккинчи манба эканлигини шубҳа остига олиб келишади. “Саҳиҳи Бухорий”нинг илк қўлёзма нусха йўқ, деб туриб, ундаги саҳиҳдан саҳиҳ ҳадисларини заиф дегувчилар вужудга келган. Бугун ундаги ровийларни каззобга чиқарувчи тоифалар бор.

Дин душманлари юз йиллардан бери Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ёзган “ал-Фиқҳ ал-акбар” асарини унга тегишли эмас, деб келишмоқда. Бугун уларнинг ноғораларига ўйнаётган тоифалар бор. “ал-Фиқҳ ал-акбар” аслида ўрта асрларда калом деб аталган ақида илмининг илк умумий номларидан бири бўлиб, ҳатто шу номда Имом аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳининг ҳам асари бўлган. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бу борада бир эмас, ҳатто шу номда “ал-Фиқҳ ал-акбар”(катта)→“ал-Фиқҳ ал-авсат”(ўртача)→ “ал-Фиқҳ ал-абсат” (кичик) номли асарлар битган. Лекин бугунги тоифалар буларни инкор қилишдан чарчашмайди…

Дин душманлари юз йиллардан бери ваҳҳобий, салафий каби тоифаларни чиқариб келади. Улар аввалига аҳли суннат ва жамоат таълимотининг асосчилари бўлмиш Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳ ва Имом Ашъарий раҳимаҳуллоҳни аҳли суннат ва жамоатдан эмас, деб келишди. Сўнг Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳабида эмас, деб чиқишди, икковининг ақидаси бошқа-бошқа деган даъвони кўтаришди. Энди эса, бира йўла ҳанафийлар эътиқоди ёзилган “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига тегишли эмас, деб жар солишмоқда. Душманларнинг босқичли режаларини билиб олинг!

Дин душманлари юз йиллардан бери Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳнинг “Зоҳири ривоят” туркумидаги 6 та асарига гап топишади, Имом Сарахсий раҳимаҳуллоҳнинг фиқҳда энг катта асари “Мабсут”ни ўзи ёзмаган, дейишади.

Дин душманлари юз йиллардан бери ислом динининг ҳужжати бўлган Имом Ғаззолийга ва унинг асарларига таъна қилиб келади…

Дин душманлари юз йиллардан бери Аҳмад Яссавий қуддиса сирруҳу “Девони Ҳикмат”ни ўзи ёзмаган, деб келади, Абдураҳмон Жомий ҳазратлари томонидан “форсий Қуръон” деб таърифланган Жалолиддин Румийнинг “Маснавий”ларини ширкона китоб деб келишади…

Дин душманлари юз йиллардан бери қўллаб келаётган тактикаларини билиб олинг! Улар бизни асл манбаларимизда айиришмоқчи. Ҳар куни ўқийдиган оятларимиз мавжуд “Қуръон”ни, ҳадисларимиз тўплами “Саҳиҳи Бухорий”ни, ақидамиз матни “ал-Фиқҳ ал-акбар”ни, фиқҳимиз жамланмаси “Мабсут”ни, тасаввуфимиз ва руҳий тарбиямиз манбалари бўлмиш ғаззолийлар, яссавийлар, румийлар ёзган асарларни қалбимиздан йўқ қилишмоқчи…

Дин душманларига хизматчи бўлаётганлардан эҳтиёт бўлинг!!!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *