Аллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат қилишда жуда диққатли ва эътиборли бўлиш талаб этилади. Айниқса, битта ҳарфни нотўғри талаффуз қилиш, бирор ҳарфни ўз махражидан чиқармаслик, ҳарфларни алиштириб айтиш, ортиқча ва беўрин ҳарфларни чўзиб талаффуз қилиш ибодатга путур етказади. Намоз ўқишни ва намоз калималарини ўзича ўрганиб, билар-билмас ўқиб юравермасдан уни ибодат масалаларини биладиган аҳли илмлардан ўрганиб, улар ўқигандек адо қилиш керак бўлади.
“Аллоҳу акбар!” (“Аллоҳ улуғдир!”) такбири мусулмон ҳаётидаги ажралмас калимадир. У кундалик тез-тез такрорланадиган диний иборалардан бири ҳисобланади. Уни тўғри айта олмаслик мусулмонга айбдир! Демак, шу ҳақида озроқ тушунча олиб қўйиш фойдадан холи эмас.
Биз ўқийдиган Қуръони карим тиловати Имоми Осим раҳимаҳуллоҳ қироатига бориб боғланади. Уни бутун дунё мусулмонлари тан олиб, ушбу қироатга кўра тиловат қиладилар. Қироатда эса тажвид илми бор бўлиб, у фарзи айн ҳисобланади. У ҳар бир қироат қилувчи ва тиловат этувчи мусулмонлар билиши лозим бўлган бирламчи илмлардан биридир. Намозда эса нафақат Қуръон қироатида, балки сано, ташаҳҳуд, саловат, қунут дуоси ва бошқа калималарни, жумладан, “Аллоҳу акбар!”ни талаффуз қилишда ҳам тажвид қоидаларига риоя қилиш фарзи айн ҳисобланади.
Қироат қоидасида “мадд” – яъни, муайян ҳарфнинг чўзими “тўрт алиф” ёки “тўрт ҳаракат”дан ошмайди. Яъни, қироат ўлчамига кўра энг узун “мадд” миқдори ва меъёри тахминан тўрт марта “алиф” деб бармоқ буккингача давом қилиши мумкин. Чўзимни хуш кўрадиган бошқа қироатларда ҳам “мадд” “олти алиф”дан ортмайди. Ана шу қоидадан келиб чиқиб, араб ва туркларга ўхшаб азонларда “Аллоҳу акбар!”нинг “Аллоҳ” сўзидаги “л”дан кейинги унлини қўшиққа ўхшатиб “Аллоооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооооҳу акбар!” деб ҳадеб чўзавериш тўғри эмас, албатта. Чунки, ҳарфларнинг бундай ноўрин чўзимлари фиқҳда “лаҳн” (“куй-қўшиқ”) деб аталади ва у динда қоралангандир. Аслида, бу ердаги “мадд” табиий бўлиб, унинг меъёри “бир-икки алиф” ёки “бир-икки ҳаракат” миқдорида чўзишдир, холос. Азонда “Аллоҳ” сўзидаги “л”дан кейинги унлини “ишбоъ” мақсадида, яъни ҳарфни мукаммал адо этиш ва тўлдириб чиқаришга уруниш маъносида муаззинларимизга “Аллооооҳу акбар!”, деб бироз чўзишга изн берган тақдиримизда ҳам уни “тўрт алиф” ёки “тўрт ҳаракат”дан ортиқ чўзишга ҳеч бир уламо рухсат бермаганлигини уқтириб ўтишга мажбурмиз. Шундай экан, муаззинларнинг азонни чиройли айтаман, деб ҳаром қилинган “лаҳн”ни қилишга, “Аллооооҳу акбар!” калимасининг “мадди табиий”сини ҳадеб чўзаверишга нима ҳақлари бор?! Бунга ким рухсат берган?! Қайси уламо азонни чўзиб айтишга русат берган?! Қайси китобда бунга ижозат берилган?!
Тажвид фанига кўра қисқа ҳаракатни “мадд” ҳарфига қўшиб ёки “мадд” ҳарфини тушириб, қисқа ҳаракатнинг ўзини ўқишни “лаҳни жалий” (“очиқ-ойдин хато”)га киритганлар. Тажвид мутахассислари айтишларига қараганда, бундай хатолар кўпинча гапнинг маъноси бузилишига олиб келади. Шунинг учун уламолар: “Бундай хатога йўл қўйиш ҳаромдир!”, деганлар. Қасддан шундай хатоларга йўл қўйган киши оғир гуноҳ қилган бўлади. “Мадд”ларнинг белгиланган миқдорини меъёридан ортиқ чўзиш ёки қисқа қилиш “лаҳни хафий” (“яширин хато”) дейилади. У эса баъзи уламоларга кўра макруҳдир, бошқалар эса уни ҳам ҳаром деганлар (Қаранг: Одинахон Муҳаммад Юсуф. Муфассал тажвид. – Тошкент: Ҳилол-нашр, 2016. – Б. 25-26.).
Шунинг учун ҳам, “Мухтасар ал-Виқоя”даги: “Азонда лаҳн қилинмайди!”, деган жумлани Мавлоно Али ал-қори раҳимаҳуллоҳ: “Қўшиқ қилиб юбормайди, яъни ҳарфларни, унинг кайфиятларини, ҳаракат ва сукунларини камайтирмайди ёки уларга бирор нарсани ҳам зиёда қилмайди”, деб изоҳлаганлар (Али ал-қори. Шарҳ ан-Ниқоя. 1-жилд. – Қозон, 1904. – Б. 100).
Чунки, саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар разийаллоҳу анҳуга бир киши келиб, “Мен Сизни Аллоҳ учун яхши кўраман!”, деганида, у зот: “Мен сени Аллоҳ учун ёмон кўраман!”, деган эканлар. Бунинг сабабини сўраганида эса унга: “Мен сенинг азонни қўшиққа ўхшатиб юборишингни эшитдим”, деган эканлар (Табароний, 12/13059; Абдурраззоқ, 1/1852).
Ҳанафий мазҳабининг энг эътиборли фиқҳий манбаси бўлмиш, Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Ҳидоя” асарларида намоздаги “Аллоҳу акбар!” такбирлари борасида бундай дейилган:
و يحذف التكبير حذفا لأنّ المدّ فى أوّله خطاء من حيث الدين لكونه إستفهاما و فى آخره لحن من حيث اللغة
“Такбирни жуда қисқа қилиб, чўзмай айтади. Чунки, “мадд” аввалги ҳарфда сўроқ-савол бўлиб қолгани учун дин нуқтаи назаридан хатодир. Охирида эса луғат жиҳатидан лаҳндир” (Бурҳониддир ал-Марғиноний. ал-Ҳидоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1896. – Б. 98).
Мазкур ибораларда аввалги ҳарф деганда “Аллоҳу акбар!”даги биринчи “алиф” тушунилади. Уни “Ааааааллоҳу акбар!” деб чўзиб айтиш мумкин эмас. Уни чўзишда орага яна бир “алиф-ҳамза” қўшилган бўлиб қолади. У эса араб тили бўйича саволни билдиради. Яъни, намозда “Аллоҳу акбар!”нинг биринчи ҳарфини – “а”ни билмасдан чўзиб айтилса, намоз бузилади. Чунки, у ҳолда “Аллоҳ улуғдир!” деган маъно “Аллоҳ улуғми?!” деган саволга айланиб қолади.
Бурҳониддин ал-Марғиноний раҳимаҳуллоҳ “дин нуқтаи назаридан хато” деганларининг сабаби “Аллоҳу акбар!”нинг биринчи ҳарфи – “а”ни чўзиб айтиб, “Аллоҳ улуғми?!” деб тургандан кейин унинг қалбида Аллоҳ таолонинг кибриёси ва улуғлиги собит ва мустаҳкам эмаслигини билдириб қўйган бўлади. Бу эса диний нуқтаи назардан агар уни билмасдан айтса, бўлмағур шак-шубҳа ва агар қасддан айтса, куфр дейилган. Шунинг учун ҳам, “Аллоҳу акбар!”нинг биринчи ҳарфи – “а”ни чўзиб айтса, намозга кирмаган бўлади. Агар намоз орасида шундай қилиб айтса, намоз бузилади.
“ал-Ҳидоя”даги: “Охирида эса луғат жиҳатидан лаҳндир”, дейилишида “Аллоҳу акбар!”нинг “акбар” сўзидаги “б”дан кейинги “а”ни чўзиб “акбааааар”, деб айтиш тил нуқтаи назаридан хато эканлигини англатиш кўзда тутилган. Чунки, “акбар” сўзи “исми тафзил” – орттирма шакл бўлиб, унда бирорта ҳарф чўзими йўқ. Шунинг учун, унинг чўзилиши “лаҳн” – бўлмағур куй-қўшиққа ўхшатилган. Намоз бошланишида “Аллоҳу акбар!”нинг “акбар” сўзидаги “б”дан кейинги “а”ни чўзиб айтилганда ҳам намозга кирилмаган бўлади. Агар намоз ўртасида бундай қилинса, намоз бузилади. Бу ҳанафийларнинг қарийб барча китобларида ўз аксини топган. Гарчи айрим уламолар “б”дан кейинги “а”ни чўзиб айтганда намоз бузилмайди, деган бўлсалар ҳам, лекин у шайтоннинг боласининг исми экани ҳам айтиб ўтилганини эслатиш жоиз. Жумладан, Мавлоно Абдулҳай ал-Лакнавий раҳимаҳуллоҳ “Умдат ар-риоя” асарида ушбу маълумотни “Музмарот” тўпламидан олиб келтириб ўтганлар (Абдулҳай ал-Лакнавий. Умдат ар-риоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1909. – Б. 134).
Демак, “Аллоҳу акбар!”да “акбар”нинг “ба”сининг чўзилиши билан Аллоҳни шайтонга ўхшатган бўлиб қолади, наъузу биллоҳ.
“ал-Ҳидоя”даги: “қисқа қилиб, чўзмай айтиш” маъносида зикр қилинган сўз “ҳазф” билан ифодаланган бўлиб, унинг маъноси “Шарҳ ал-Виқоя”да: المراد بالحذف أن لا يأتى بالمدّ فى همزة الله و لا فى باء أكبر – “Ҳазф”дан мурод “Аллоҳ”нинг ҳамза-алифида ва “акбар”нинг “ба”сида “мадд” қилмасликдир”, деб тушунтирилади (Убайдуллоҳ ибн Масъуд ибн Тож аш-шариъа ал-Бухорий. Шарҳ ал-Виқоя. 1-жилд. – Лакнау: Юсуфий, 1909. – Б. 134).
Шунингдек, “акбар”нинг биринчи ҳарфини ҳам “ааааакбар” деб чўзиш, энг охирги ҳарфни “акбарууууу” деб чўзиш ҳам шаръан ва луғатан хато ҳисобланади. Биринчи ҳарфни чўзиш билан намозга кирилмаслиги, намозда айтилса эса унинг бузилишига олиб келиши алоҳида қайд қилинган. Охирги ҳарфни “акбарууууу” деб чўзиш эса айрим олимлар фикрича намоз бузилмайди, дейилган бўлса-да, бироқ, намознинг бузилишига олиб келиши ҳақиқатга яқинроқ. “Жомеъ ар-румуз”да бу икки ҳолатда ҳам намоз бузилади, дейилган (Шамсиддин ал-Қўҳистоний. Жомеъ ар-румуз. 1-жилд. – Қозон, 1902. – Б. 145).
Хуллас, имон билан имонсизлик ораси бир сўз, хато ва тўғрилик ораси эса бир ҳарф ёки биргина ишорадир, холос. Сўфий Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор бобомиз бундай деганлар (Сўфий Аллоҳёр. Маслак ал-муттақин. – Тошкент: Порцев, 1914. – Б. 291):
Баҳри мадде намоз вайрон аст,
Суханон дар зиёни имон аст!
(“Бир “мадд” чўзиш билан намоз вайрондир. Сўзлар имонга зиёндир!”).
Агар уни қасддан шундай чўзиб айтса, биргина чўзимнинг оқибати жуда оғирдир: “Гар ба-амдан кашид мадди он як, Мешавад кофир аз баройи шак!” (“Агар қасддан “мадд”ни биров чўзадиган бўлса, (маъно) шак-шубҳага айлангани учун кофир бўлади!”). Бинобарин, Сўфий Аллоҳёр алайҳи раҳмату-с-Саттор бобомиз айтганларидек, бир сўз инсонни имонга киритганидек, бир сўз имоннинг тақдирини ҳал қилиб қўяди.
Энди, “Аллоҳу акбар!”нинг “Аллоҳ” сўзидаги “л”дан кейинги унлини чўзиш ҳақида. У тажвид қоидасига кўра “мадд” бўлиб, чўзилиши керак. Бу чўзим юқорида айтганимиздек, “мадд” табиий бўлиб, унинг меъёри “бир-икки алиф” ёки “бир-икки ҳаракат” миқдорида чўзишдир, холос. “Аллоҳ” сўзидаги “л”дан кейинги унлини “ишбоъ” мақсадида, яъни ҳарфни мукаммал адо этиш ва тўлдириб чиқаришга уруниш маъносида бироз чўзишга фақат азондагина изн берган тақдиримизда ҳам уни намозда чўзишга рухсат бера олмаймиз. Худди мана шу чўзимда эътибор бериш керак бўлган икки ҳолат бор:
Айримлар “Аллооооооҳу акбар!”, деб “л”дан кейинги унлини чўзиш асносида ўзлари билмаган ҳолатда орага “в” ҳарфини киритиб, “Аллоооооовҳу акбар!” деб қўйишади. Бу аниқ намознинг бузилишига олиб келади.
Айрим имомларнинг намозга киришишда “Аллооооооҳу акбар!”, деб “л”дан кейинги унлини ўта чўзишлари оқибатида орқада турган баъзи бир намозхонлар шошилиб имомдан олдин такбир айтиб намозга киришиб қўйишларини учратиш мумкин. Бу эса ўз-ўзидан уларнинг намози намоз бўлмаганлигини билдиради. Бинобарин, уламоларимиз бекорга: “Эҳтиёт сари ибодат аст!” (“Эҳтиёт ибодатнинг бошидир!”) деган эмаслар!
Одамларга яхши кўриниш учун эмас, балки Парвардигори оламга мақбул намоз ўқиб беришга ҳаракат қилмоқ даркор. Шунинг учун, намозга имом бўлувчилар “Аллоҳу акбар!”ни чўзмасдан, ўз ҳаддида аниқ-тиниқ ва бехато айтмоқ ҳамда ният қилгандан сўнг дарҳол ва тезликда айтиб намозга киришишлари мақбулдир. Бу эса машқ қилиб ва бошқаларга эшиттириб кўриб тўғриланади. Зотан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: الإمام ضامن و المؤذن مؤتمن – “Имом бошқалар учун масъул, муаззин эса омонатдордир!”, деганлар (Термизий, 1/207; Абу Довуд, 1/517; Ибн Ҳиббон, 4/1671; Табароний, 8/8097; Байҳақий, 1/1847; Аҳмад, 2/7169).
“Аллоҳу акбар!” такбирини қисқа қилиб, чўзмай айтиш лозимлиги борасида далилни саҳоба Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган: حذف السلام سنّة – “Саломни қисқа қилиб, чўзмай айтиш суннатдир!” деган гапларидан олинган. Муҳаддис бобомиз Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ уни “ҳасан-саҳиҳ” ҳадис сифатида нақл қилганлар (Термизий, 1/297). Имом ар-Рофеъий раҳимаҳуллоҳнинг “Фатҳ ал-Азиз шарҳ ал-Важиз” асарларида уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари сифатида айтиб ўтилган (3/283).
Суннат дейилишидан унинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олинганлиги маълум бўлади. Демак, намоз охирида салом беришда ҳам уни ўта чўзиб юбормаслик даркор. Абдуллоҳ ибн ал-Муборак раҳимаҳуллоҳ уни: أن لا تمدّه مدّا – “Уни ўта чўзиб юбормайсан!”, деб тушунтирган эканлар. Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ тамоми аҳли илмлар чўзмасдан салом беришни мустаҳаб санаганларини зикр қилганларидан кейин таниқли тобеъинларнинг катталаридан бири Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳнинг: التكبير جزم و السلام جزم – “Такбир қисқа қилиб чўзмасдан айтмоқдир, салом ҳам қисқа қилиб чўзмасдан айтмоқдир!” деган гапларини келтирганлар. Иброҳим ан-Нахаъий раҳимаҳуллоҳнинг: “Такбир қисқа қилиб чўзмасдан айтмоқдир!”, деган гапларини муҳаддислардан Абдурраззоқ раҳимаҳуллоҳ ҳам зикр қилганлар (Абдурраззоқ, 2/2553).
Мазкур ривоятнинг айрим нақлларида: القراءة جزم و الأذان جزم – “Қироат қисқа қилиб чўзмасдан айтмоқдир, азон қисқа қилиб чўзмасдан айтмоқдир!”, деган қўшимчаси ҳам бор. Демак, қироатда ҳам, азонда ҳам “мадд”ларни ортиқча чўзишдан сақланиш керак. Намоз виқор ва сакинат, босиқлик ва шошмасдан адо қилинадиган ибодатдир. Ундаги ҳар бир калима, ҳар бир сўз ҳам ана шундай виқор ва сакинат, босиқлик ва шошмасдан адо қилиниши лозим.
Умуман олганда, намозни ва намоз калималарини пухта ўрганиб, аҳли илмлар ўқигандек адо қилинса, нур устига нур бўлади.
Аллоҳ таоло ибодатларимизни мақбул айласин!
Ҳамидуллоҳ Беруний.

