Имом Раббоний (қ.с.) “ишорати саббоба” ҳақида

Lotin alifbosida

Аҳмад ибн Абдулаҳад ибн Зайн ал-обидийн ас-Сирҳиндий ал-Форуқий ан-Нақшбандий (971-1034/1564-1624) қуддиса сирруҳу Имом Раббоний номи билан шуҳрат қозонган нақшбандийликнинг мужаддидия тармоғига асос солган, “Олтин силсила”нинг буюк ҳалқасининг соҳибидирлар. Уни “Мужаддиди алфи соний”, яъни “Иккинчи минг йилликнинг мужаддиди” сифатида улуғланади. У ҳақиқатдан ҳам ўз даврининг Ҳиндистондан чиққан мужаддиди – динни бидъат ва хурофотлардан тозаловчиси, диний илмларга ривож берувчиси ҳисобланадилар.

Имом Раббоний қуддиса сирруҳунинг тасаввуф ва ақоидга оид бир қанча асарлари бўлса-да, бироқ, унга юборилган мактубларга битган жавоблари шуҳрат қозонган. Улар муридлари томонидан “Мактубот” номида уч жилд қилиб, муаллиф пайтида икки жилди, сўнг бир жилди тўпланган. Улар жами 313+99+123 мактубдан иборат бўлиб, нақшбандия тариқатининг назарий ва амалий қарашларини ўрганишда, хусусан, мужаддидия йўналиши таълимотларини билишда жуда аҳамиятлидир.

imom-rabboniy-ishorai-sabboba-haqidaНамозда “ишорати саббоба” деган амал бор. “Ишорати саббоба” – бу намозда ташаҳҳуд ўқиш жараёнида калима-и шаҳодатни келтириш чоғида ўнг қўл кўрсаткич бармоғини кўтариб қўйиб тавҳид ишорасини қилмоқдир. “Ишорати саббоба”ни қилиш ёки қилмаслик ҳақида ҳанафий мазҳабида икки хил фикр билдирилган. Айрим уламолар уни қилишни суннат деган бўлсалар, айрим фақиҳлар уни қилишни ҳаром, макруҳ, қилмаслик яхшироқ, деб келадилар. Имом Раббоний қуддиса сирруҳу ҳанафий мазҳаби олими сифатида “ишорати саббоба”ни қилмасликни ёқлаганлар. Унга ўзлари мақбул санаган бир қанча далилларни кўрсатиб ўтганлар.

Мовароуннаҳр халқлари нақшбандия тариқатида кўпроқ Имом Раббоний қуддиса сирруҳунинг мужаддидия тармоғи вакиллари бўлгани, шунингдек, Марказий Осиёдан чиққан кўпчилик фақиҳлар “ишорати саббоба”ни қилмасликни мақбул кўрганлари сабабли бу ўлка мусулмонлари намозда “ишорати саббоба”ни қилмай келадилар.

Имом Раббоний қуддиса сирруҳу ўз “Мактубот”идаги бир мактубни “ишорати саббоба”нинг ҳукмига бағишлаганлар. Биз ана шу мактубдаги маълумотларни ўзбек тилида тақдим қилмоқчимиз:

Уч юз ўн иккинчи мактуб

“Мир Муҳаммад Нўъмонга “ишрати саббоба”нинг таҳқиқи ва бу ҳақида ҳанафий уламоларининг ихтиёр қилган масаласи борасида сўралган саволга жавоб сифатида юборилган мактуб.

Оламлар роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Расуллар саййидига, у зотнинг набий ва расул пайғамбар дўстларига, муқарраб фаришталарга ва солиҳ бандаларнинг барчасига саловат ва саломлар бўлсин!

… Яна сўралган эканки, “ишорати саббоба”ни қилишнинг жоизлиги борасида Мавлоно Аъламуллоҳ бир рисола ёзиб, уни бизга юборган эканлар. Эй, Махдум! “Ишорати саббоба”нинг жоизлиги ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари жуда кўп ворид бўлган. Ҳанафий фиқҳининг айрим ривоятларида ҳам ушбу мавзу бўйича масалалар мавжуд. Чунончи, Мавлоно ҳазратлари ушбу рисоласида келтириб ўтганлар.

Бироқ, ҳанафий фиқҳи китобларини яхшилаб мулоҳаза қилиб чиқилса, “ишорати саббоба”ни қилишнинг жоизлиги ҳақида ривоятлар “Усул” ривоятларидан бошқа ва “Зоҳири мазҳаб”дан ўзгадир. Имом Муҳаммад аш-Шайбоний раҳимаҳуллоҳнинг қуйидаги айтганлари “Наводир” масаласидир “Усул” ривояти эмас:

كان رسول الله صلى الله عليه و سلم يشير. و نصنع كما يصنع النبى عليه و على آله الصلوة و السلام ثمّ قال هذا قولى و قول أبى حنيفة رضى الله عنه

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ишора қилар эдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам қилганлариек биз ҳам қиламиз. Бу менинг ва Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапидир!”.

Ғароиб фатво тўпламларида “Муҳит”дан келтирилган:

هل يشير بإصبعه السبابة من يده اليمنى لم يذكر محمد رحمه الله هذه المسئلة فى الأصل و قد إختلف المشائخ فيه منهم من قال لا يشير و منهم من قال يشير و ذكر محمد رحمه الله فى غير روايات الأصول حديثا عن النبى صلى الله عليه و سلم أنه كان يشير ثم قال هذا قولى و قول أبى حنيفة رضى الله تعالى عنه و قد قيل أنه سنة و قيل مستحبّ ثم قال هذا فيها ما ذكروا و الصحيح أنّ الإشارة حرام

“Ўнг қўлида кўрсаткич бармоғи билан ишора қиладими? Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ ушбу масалани “Асл”да зикр қилмаганлар. Машойихлар бу борада ихтилоф қилганлар. Улардан айримлари ишора қилмайди деган бўлсалар, баъзилари ишора қилади, деганлар. Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ “Усул” ривоятидан бошқасида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадисни эслатганлар. Ул зоти шариф ишора қилар эканлар. Сўнгра, “Бу менинг ва Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг гапи!”, деганлар. Уни суннат ҳам дейилган, мустаҳаб ҳам дейилган. Сўнгра, уламолар зикр қилган нарсаларни айтилган. Саҳиҳи шуки, албатта ишора ҳаромдир!”.

“Фатовойи Сирожия”да бундай дейилган:

و يكره أن يشير بالسبابة فى الصلوة عند قوله أشهد ان لا اله الا الله هو المختار

“Намозда “Ашҳаду ан-ла илаҳа иллаллоҳ!”ни атиш чоғида кўрсаткич бармоғи билан ишора қилмоғи макруҳ бўлади. Ушбу қавл ихтиёр қилинган!”.

“Фатовойи Кубро”да бундай дейилган:

و عليه الفتوى لأنّ مبنى الصلوة على السكون و الوقار

“Шунга фатво берилган. Чунки, намоз сукунат ва виқорнинг устига бино қилинган”.

“Фатовойи Ғиёсия”да бундай дейилган:

من الفتاوى و لا يشير بالسبابة عند التشهد هو المختار و عليه الفتوى

“Фатоволарда келганки, ташаҳҳуд пайтида кўрсаткич бармоғи билан ишора қилмайди. У ихтиёр қилинган қавлдир. Фатво унгадир!”.

“Жомеъ ар-румуз”да бундай келтирилган:

لا يشير و لا يعقد و هو ظاهر أصول أصحابنا كما فى الزاهدى و عليه الفتوى كما فى المضمرات و الولوالجى و الخلاصة و غيرها و عن أصحابنا أنه سنة فى خزانة الروايات من التاتارخانية ثم إذا أخذ فى التشهد و انتهى الى قوله لا اله الا الله هل يشير بإصبعه السبابة اليد اليمنى لم يذكر محمد رحمه الله فى الأصل فقد إختلف المشائخ فيه منهم من قال لا يشير و فى الكبرى و عليه الفتوى و منهم من قال يشير و من الغياثية و لا يشير بالسبابة عند التشهد هو المختار

“Ишора қилмайди, (бармоқларни) букмайди. У асҳобларимизнинг зоҳир усулий қоидасидир. Чунончи, “аз-Зоҳидий”да келтирилган. Фатво унга берилган! “ал-Музмарот”да, “ал-Валволижий”да, “ал-Хулоса”да ва бошқа (манба)ларда келтирилган. Асҳобларимиздан унинг суннатлиги ҳам айтилган. Бу “Хизонат ар-ривоёт”да “Таторхония”дан олиб келтирилган. Сўнгра, ташаҳҳудни ўқишни бошлаб, “Ла илаҳа иллаллоҳ”га етганида ўқнг қўлнинг кўрсаткичи билан ишора қиладими? Имом Муҳаммад раҳимаҳуллоҳ “Асл”да буни келтирмаганлар. Машойихлар бу борада ҳар хил фикрга келганлар. Ишора қилмайди, деганлар ҳам бор. “Кубро”да фатво шунга, дейилган. Ишора қилади, деганлар ҳам бор. “Ғиёсия”да ташаҳҳуд пайтида ишора қилмайди, дейилган. Ихтиёр қилинган гап шунгадир!”.

Ҳар қачон мўътабар ривоятларда “ишорати саббоба”нинг ҳаромлигига ишора қилинган бўлса, “ишорати саббоба”нинг макруҳлигига фатво берган бўлсалар, ишорат ва ақд (бармоқни букиш)дан қайтарган бўлсалар, уни “Зоҳири усули мазҳаб” деб айтсалар, биз муқаллидларга ҳадисларнинг тақозосига кўра амал қилиб, “ишорати саббоба”га журъат қилиш етмайди (мумкин бўлмайди)! Фатволарда келишича, қанча мужтаҳид уламолар ҳаром, макруҳ ва манҳий ишни қилиш деган бўлсалар, бу ишни биз қилган бўламиз-ку!

Ҳанафийликда уламолар бу борада икки ҳолатдан холи эмас, дейишадими? Мужтаҳид уламоларга “ишорати саббоба”нинг жоизлиги ҳақидаги танилган ҳадисларни билганлари исбот қилинмаган ёки ушбу ҳадисларни билганлар-у, ушбу ҳадисларнинг тақозосига кўра бу бузруклар амал қилмаганлар ва ўзларининг раъйлари тақозосига кўра ҳадисларга хилоф иш тутганлар-да “ишорати саббоба”ни ҳаром ва макруҳ деганлар. Бу икки ҳолат ҳам бузуқ хаёлдан келиб чиқади. Уни фақат тентак ва қайсар одамгина айтиши мумкин.

“Тарғиб ус-солат”да келганки, ташаҳҳудда кўрсаткич бармоқни кўтариш мутақаддам (олдинги) уламоларнинг суннатидир, кейинги уламолар эса бундан қайтарганлар. Рофизийлар бу борада ғулувга кетган эдилар, рофизий деган туҳматга қолмаслик учун суннийлар уни тарк қилиб қўя қолдилар. “Ишорати саббоба” қилмоқ мўътабар китоблардаги ривоятларга хилофдир. Зеро, асҳобларимизнинг “Зоҳири усул”ида “ишорати саббоба” йўқ, “ақд” (бармоқни букиш) ҳам йўқ. Бас, “ишорати саббоба” қилмаслик ўтган уламоларнинг суннати бўлди. Чунки, яхши гумонда қолиш учун бармоқда ишора қилмаслик керак бўлади.

Дин улуғларига “ишорати саббоба”нинг ҳаромлиги ёки макруҳлиги зоҳир бўлмагунча, ҳаром ёки макруҳликка ҳукм қилмаганлар. “Ишорати саббоба”нинг суннатлиги ва мустаҳаблигини айтгандан кейин ҳам зикр қилганларидек “Саҳиҳи шуки, ишорат ҳаромдир!”, деб турганларидан маълум бўладики, суннатлик ва мустаҳаблик ҳақидаги далиллар ушбу бузруклар наздида саҳиҳ даражада бўлмаган. Балки, унинг хилофи саҳиҳ даражада уларга етиб келган, лекин бизларга у етиб келмаган бўлади. Бундай дейишимиз улуғларга таъна қилиш бўлмайди.

Агар биров: “Уларнинг далилларига қарши бизнинг далилларимиз бор!”, деса, биз айтамиз: ҳалол ва ҳаромни исбот қилишда муқаллиднинг илми мўътабар эмас. Бу бобда мужтаҳиднинг гумони ҳам эътиборлидир. Мужтаҳидларнинг далилларини ўргимчак инидан ҳам заифроқ дейиш учун нақадар журъат керак! Бу ўз илмини мужтаҳидларнинг илмидан юқори қўйишдир, ҳанафий уламоларнинг “зоҳири усул”ини йўққа чиқаришдир, фатво берилган мўътабар ривоятларни барҳам топтириш ва “шозз” (якка) ривоят дейишдир! Ушбу илмлари жуда кенг, вараъ ва тақволари юксак улуғ зотлар ҳадиси шарифларни Онҳазрат (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам) замоналарига яқинликлари сабабли биз узоқ тушганлардан кўра яхшироқ билганлар. Ҳадисларнинг саҳиҳ ва заифи, насх қилингани ва насх қилинмаганини биздан кўра кўпроқ фаҳмлаганлар.

Улуғ зотлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларига амал қилишни тарк қилганларининг ўзига яраша далиллари бўлади, албатта. Биз фаҳми қосирлар шу миқдор тушуна биламизки, “ишорати саббоба” ва “ақд”нинг қандай қилиниши борасида ҳадислардаги ривоятлар турли-туман. Ихтилофнинг кўплигидан “ишорати саббоба” борасида “изтироб” пайдо бўлган. Айрим ривоятлардан ишоратни “ақд”сиз, яъни бармоқни букмасдан адо қилиш кераклиги тушунилади. Бармоқларни букиб адо қилинади, дейилган ривоятларда эса “ақд” эллик уч шаклида қилиниши айтилган. (Арабларда ҳар бир сон ва рақам қўл бармоқларини маълум ҳолатда тутиш, букиш ёки жамлаш орқали ифодалаш одати бўлган. Бунинг айрим кўринишлари ҳозирги кунда биржа амалиётларида ишлатилади.). Бошқа ривоятларда эса “ақд” йигирма уч шаклида қилинади, дейилган. Айримларида эса кичик ва жимжилоқ бармоқни қисиб (“қабз”), бош бармоқ билан ўрта бармоқни ҳалқа қилиб “ишорати саббоба” қилиш айтилган. Бир ривоятда бош бармоқни ўрта бармоқнинг устига қўйиб ишора қилинган. Бир ривоятда ўнг қўлни чап соннинг устига, чап қўлни эса ўнг оёққа қўйиб ишора қилинган. Бошқа ривоятда ўнг қўлни чап қўлнинг орқасига қўйиб, бўғинни бўғинга ва билакни билакка қўйиб ишора қилинган. Айрим ривоятларда барча бармоқлар “қабз” (қисмоқ-сиқмоқ) қилиниб ишора қилинган. Бир ривоятда бармоқ ҳаракатлантириб турилган, бошқасида эса ҳаракатлантирмаслик айтилган. Айрим ривоятларда ташаҳҳуд вақтида аниқ вақти айтилмасдан ишора қилиниши айтилган бўлса, бошқаларида аниқ бир вақт “шаҳодат калимаси”ни айтиш чоғида қилиниши таъкидланган. Яна бир ривоятда дуо вақтида – “Ё, муқалиб ал-қулуб! Саббит қолбий ъала диника!” дейиш пайтида ишора қилинган.
Хуллас, ҳанафий олимлари “ишорати саббоба”ни қилиш ҳақида ровийларнинг “изтироб”ини кўрганлар.

Яна намозда ортиқча ишни қиёснинг хилофи деб топганлар. Чунки, намоз сукунат ва виқор устига бино қилинган.

Яна иложи борича бармоқлар қибла томонга қараб турмоғи суннатдир. Чунончи, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: فليوجه من أعضائه القبلة ما استطاع – “Имкон қадар аъзоларни қиблага юзлантирсин!”.

Агар: “Ихтилофнинг кўплиги ривоятларнинг ўртасини мувофиқлаштириш мумкин бўлмаганда “изтироб” пайдо бўлган бўлади. Бу ерда эса биз уни мувофиқлаштиришимиз мумкин. Зотан, барча ривоятларни ҳар хил вақтларда қилиб юриш мумкин-ку!”, дейилса, биз айтамиз: кўпчилик ривоятларда كان – “Каана” (“…қилар эдилар”) феъли ишлатилган. Мантиқчилардан бошқалар наздида бу феъл барча вақтларда қилинганини билдириб келади. Шунинг учун улар орасини мувофиқлаштириш мумкин бўлмайди.

Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳллоҳнинг: “Агар бирор ҳадис менинг гапимга тескари бўлса, менинг гапимни тарк қилинглар ва ҳадисга амал қилинглар!”, деган гапларидаги ҳадисдан мақсад Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ ҳазратларига етиб келмаган ҳадисдир. Уни билмаганлари учун тескари фатво берган бўлишлари мумкин. Бироқ, “ишорати саббоба” ҳадислари ундоқ эмас. Улар таниқли ҳадислар бўлиб, билмай қолишлари эҳтимоли асло йўқ.

Агар: “Ҳанафий уламолари ҳам “ишорати саббоба” қилишга фатво берганлар. Бир-бирига қарама-қарши иккала жиҳатдан ҳам фатво тўпламларидаги фатволарга амал қилавериш мумкин”, дейилса, айтамиз: қарама-қаршилик жоизлик ва ножоизлик, ҳалол ва ҳаром борасида бўлса, таржеҳ (устунлик) ножоизлик ва ҳаром тарафга бўлади. (Яъни, макруҳ ёки ҳаром дейилган “ишорати саббоба”ни қилмасликка фатво берилади.).

Яна Шайх Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳ айтишларича, “рафъи ядайн” (“икки қўлни кўтариш”) масаласида намозда такбири таҳримадан бошқа ҳолатларда қўлларни кўтариш ва кўтармаслик ҳақидаги ҳадислар бир-бирига қарши бўлгани боис қиёсга кўра қўлларни кўтармаслик ҳадисларини таржеҳ (устун) қиламиз. Зеро, намознинг биноси сукунат ва хушуъ устигадир. Бу гап ижмоъга кўра матлуб ва марғубдир. Бироқ, Шайх Ибн Ҳумом раҳимаҳуллоҳнинг: “Кўпгина машойихлардан “ишорати саббоба” қилмаслик айтилгани ривоятга (ҳадисга) ва дироятга (ақл-идрокка) хилофдир!”, деганлари жуда ажабланарлидир. У қандай қилиб мужтаҳид уламоларга нодонлик нисбатини беради?! Улар шариатнинг тўртинчи асоси бўлмиш қиёсга суянганлар. У ҳанафийлар наздида “зоҳири мазҳаб” ва “зоҳири ривоят”дир. Бу Шайх ҳазратлари эса “қуллатайн ҳадиси”ни (“Сув икки қулла миқдорига етса, нажас бўлмайди!”, деган ҳадисни) турлича ривоятларнинг кўплиги сабабли ҳосил бўлган “изтироб” сабабидан заиф санаганлар. (Демак, “ишорати саббоба” ривоятлари ҳам “изтироб”ли бўлгани боис заиф саналиши керак эди.).

Рушд-у ҳидоятли фарзандимиз Муҳаммад Саъид бу мавзуда бир рисола ёзмоқдалар. Оққа кўчирилганида, сизларга ҳам юборилади, иншаАллоҳ…”.

(Имом Раббоний. Мактубот. 1-жилд. 312-мактуб. – Деҳли: Муртазавий, 1873. – Б. 448-451.).

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.

Яна бўлимга тегишли...

Фикрлар сони: 1 та

  1. Ислом:

    Ас салому алайкум.

    Мулло Али Қори раҳимаҳуллоҳнинг таъзинул ибора ли таҳсинул ишора рисоласини ҳам таржима қилиб сайтга қўйсангизлар илтимос.
    Тожикчасини ўқигандим унчалик тушунолмадим.

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *