ИЙМОН ва ИСЛОМ тушунчаси

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.

Яратган Якка Аллоҳга беҳисоб ҳамду сано, яратилмишлар яхшиси ҳабиби мустафога чексиз дуруду саловатлар бўлсин. Ҳеч бир иш бесабаб бўлмаганидек, камина ходимингизнинг қосир қаламига мансуб ноқис мақола-ю таржималар ҳам ҳамиша бирор ундов туфайли вужудга келади. Деярли доим атрофимда содир бўлган воқеалардан таъсирланиб қўлга қалам оламан.

Бу сафар ҳам одатимга мувофиқ кўнглимда етказилиши лозим туюлган бир масалани сиз азизларимга илинмоқчиман. Ўзига яраша обрўли, шаҳар аҳолиси ичида танилиб шуҳрат ҳам қозонган, аҳли илмларимиздан бирининг иймон ва ислом тушунчаси, шунингдек, бу масалага боғлиқ мусулмонлик ва мўминлик ҳақида жамоат жойларида кўп марта маруза қилганига гувоҳ бўлдим. У кишининг бу мавзуда қилган марузасидан якуний лўнда хулосаси шундай эди:

“Инсон “ла илаҳа иллаллоҳ” дегани билан мусулмон бўлмайди. Ислом дегани бу—бўйинсунмоқ, таслим бўлмоқ дегани. Киши қачонки намоз ўқиса, рўза тутса, закот берса, ҳаж қилса кейин мусулмон бўлади. Агар бу амалларни қилмаса у қуруқ мўмин бўлади холос, мусулмон бўлмаган бўлади”.

Тўғри, бу фикрда эътиқодни амалий фаолият билан мустаҳкамлашга тарғиб бўлса бордир. Бу албатта яхши. Аммо иймон ва ислом сўзларининг луғавий ва истилоҳий маъноларини бирлаштириб ташланган бу масаланинг нозикроқ иккинчи, ҳақдан чалғитувчи томони ҳам эътибордан четда қолмаслиги керак. Яъни, “Ислом ва Иймон бошқа-бошқа нарса. Кишининг қалбида иймони бўлса-да, беамаллиги туфайли мусулмон бўлмаслиги ҳам мумкин” деган тушунча. Бу фикр шубҳасиз нотўғридир!

Аслида ўша марузачининг шахсан ўзига мурожаат қилиб камчилигини айтсам ҳам бўларди, лекин буни фойдаси бўлишига кўзим етмади. Чунки у кишининг ёши улуғ, мен эса ҳали ёшман, у кишининг обрўси баланд, мен эса оддий бир толиб қаториман. Қолаверса, араб халқида бир ҳикмат бор:

علم الصغير محقور و جهله معذور

“Ёшларнинг олимлиги эътиборсиз, омийлиги эса узрлидир”.

Энди мавзуга киришсак ҳам бўлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик чоғлари асри саодатда инсонлар уч тоифага бўлинган:

1. Мўминлар;

2. мунофиқлар;

3. кофирлар.

Мўминлар Расулуллоҳ жаноблари келтирган аҳкомларга чин қалбдан ишониб, тасдиқлаб ихлос билан амал қилувчи содиқ инсонлар эди. Мунофиқлар эса қалбида ҳақни инкор этишиб, омма кўзида юзаки амал қиладиган тили бошқа дили бошқа бечоралар эди. Кофирларда эса иккиси ҳам мавжуд бўлмаган, қалбида ҳам ишонмас, юзаки ибодат ҳам қилишмас эди.

Ўша даврларда қалбида ишонмаса-да, одамларга қўшилиб масжидга қатнаган, жамоат намозларида иштирок этиб ўзларини мусулмон қилиб кўрсатиб юрган мунофиқларни ҳеч ким: “Булар мўмин эмас аксинча қуруқ мусулмондир” демаган. Балки уларни Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам мунофиқ деб таърифланган, бирон жойда уларни мусулмон ё мўмин дейилмаган.

Аҳли суннат раиси мазҳаббошимиз имом Аъзам Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ  олами жаҳонга машҳур “ал-Фиқҳ ул-акбар” номли ақидавий матн рисоласида шундай ёзган:

و الإسلام هو التسليم و الإنقياد لأوامر الله تعالي، ففي طريق اللغة فرق بين الإيمان و الإسلام و لكن لا يكون إيمان بلا إسلام، و لا إسلام بلا إيمان. فهما كالظهر مع البطن

“Ислом бу – Аллоҳнинг буйруқларига таслим бўлиш ва бўйинсунмоқдир. Луғавий жиҳатдан олиб қаралганда иймон ва ислом орасида фарқ мавжуд. Лекин исломсиз иймон бўлмайди, шунингдек, иймонсиз ислом ҳам бўлмайди. Бас шундай экан, бу иккиси қорин ва бел кабидир”.

Ҳанафий муҳаққиқларидан Мавлоно Мулла Али ҳазратлари юқоридаги матнга шарҳ бераркан шундай дейди:

Ислом бу – Аллоҳнинг буйруқларига ботиний жиҳатдан таслим бўлиш ва зоҳирий жиҳатдан амалда бўйинсунмоқдир. Луғавий жиҳатдан олиб қаралганда иймон ва ислом орасида фарқ мавжуд. Чунки луғтда иймон деб қалб ила тасдиқлашга айтилади. Зеро Қуръонда ҳам шундай келган:

وَمَا أَنتَ بِمُؤْمِنٍ لِّنَا

Яъни, “Сен бизни бу қиссамизда тасдиқловчи эмассан…” (Юсуф/17). Ислом деб мутлақо бўйинсунишга айтилади. Қуръони каримда ҳам шу мазмунда келган:

وَلَهُ أَسْلَمَ مَن فِي السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ طَوْعاً وَكَرْهاً

Яъни, “..Ва ҳолбуки еру осмонлардаги барча мавжудот (масалан фаришталар ва чин мўмин-мусулмонлар) хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам (масалан кофирлар нажотдан умидини узганларида Аллоҳга таслим бўлишади. Худди Фиръавн ўлими олдидан бўйсунгани каби) Унга (Аллоҳга) бўйсуниб турибдику?!”(Оли Имрон / 83).

Бас, луғавий жиҳатдан иймон ботиний бўйсуниш маъносига, ислом эса зоҳирий бўйсуниш маъносига хосланган. Зеро бунга Аллоҳ таолонинг ушбу оятида ҳам ишора этилган:

قَالَتِ الْأَعْرَابُ آمَنَّا قُل لَّمْ تُؤْمِنُوا وَلَكِن قُولُوا أَسْلَمْنَا وَلَمَّا يَدْخُلِ الْإِيمَانُ فِي قُلُوبِكُمْ

Аъробийлар, иймон келтирдик, дедилар. Сиз айтингки: “Иймон келтирганингиз йўқ, лекин бўйинсундик денглар, ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ”. (Ҳужурот /14).

Шунингдек, машҳур Жаброил ҳадисида ҳам иймон фақат қалбий тасдиқ, Ислом эса амал деб таърифланган.

Лекин (шариат нуқтаи назаридан олиб қаралганда) исломсиз иймон бўлмайди, (яъни, зоҳирий амалларсиз ботиний бўйсуниш ҳисобга олинмайди. Худди аҳли китобларнинг иймони иймон деб ҳисобланмагани каби. Ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари Абу Толиб мисолини олиш мумкин. Унинг ҳам қалбида Расулуллоҳнинг ростгўй эканлигига тасдиқ бўлган, бироқ қалбидаги бу ишончни амалда кўрсатиб беришга ботина олмаган. Буни ҳам шариатда чин мўмин дейилмайди. Ва яна малъун Иблиснинг ҳоли ҳам шу. У ҳам ҳазрати Одамга ҳасад қилиб дарғазаб бўлган чоғида қалбида бўйсуниш бўлса-да, уни амалда ошкор қилмасдан кофир бўлган. Иймон тўғри бўлиши учун ҳам ботиний ва ҳам амалий бўйсуниш бўлиши лозим.) шунингдек, иймонсиз ислом ҳам бўлмайди. (Бу ибора билан юқоридаги маънони таъкидламоқда. Ва яна бу ерда қуйидаги нозик масалага ишора бор: Иймон ҳақиқатга айланиши учун инсонда биринчи бўлиб ботиний бўйсуниш пайдо бўладими ё амалий бўйсуниш пайдо бўладими буни аҳамияти йўқ. Масалан аҳли китоблардан иймонга келганларда аввал ботиний бўйсуниш пайдо бўлган, кейинчалик ҳаққа таслим бўлишиб амалий бўйсунишларини ҳам амалда кўрсатиб берганлар. Ёки иймонга кирган мунофиқларни олайлик. Уларда аввал амалий бўйсуниш пайдо бўлган, кейинчалик ҳидоятга келишиб ботиний тасдиқ бахтига мушарраф бўлишган).

Бас шундай экан, бу иккиси (яъни, иймон ва ислом тушунчалари бир биридан ажралмас) қорин ва бел каби (гўё бир тана аъзолари)дир. (Бу иккисидан бирортаси иккинчисисиз эътиборли бўлиши мумкин эмас).

(Шарҳи Фиқҳ ул-акбар. Мулла Али ал-Қори. 363-364-365 Б. Дор ал-Башор ал-исламия. 1998).

 

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шу сўзлари аҳли сунна вал-жамоа ақидавий мазҳабининг Иймон ва Ислом тушунчаси ҳақидаги  асосий таълимидир. Уни ўзгартириш, нотўғри талқин қилиш шаръан ҳаром ва динда бидъат пайдо қилишдир.

Имом ибн Мункадир раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган экан: “Олим Аллоҳ ва халқ орасидаги воситачидир. Шундай экан одамларга нима деяётганига эътибор қилсин!”.

Абдураҳмон ибн Абу Лайло раҳматуллоҳи алайҳ айтган эканлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорий саҳобаларидан бир юз йигирма нафарини биламан. Улардан бирор масалада фатво сўраб борилса, “мендан кўра фалончи олимроқ, ундан сўранг”—деб бир-бирларига йўллаб қўйишар ва охир оқибат биринчи бўлиб кимдан сўраган бўлсангиз ўша кишининг олдига қайтиб келардингиз”.

Ҳа азизлар, динда айниқса, ақидавий мавзуларда халққа сўз қилар эканмиз олдин пухта ўйлаб олишимиз лозим. Салафи солиҳларимиз шундай таълим берганлар. Фатво айтиш ўта хатарли иш бўлиб,  бу соҳада билиб-билмасдан гапириш, шошма-шошарлик қилишнинг оқибати ёмон бўлади. Аслида динда чиққан барча бидъатларнинг негизида саводсизлик, фатво беришга иштиёқмандлик  ётади. Динни саводсизлар бузади!

Аллоҳ таоло ҳеч биримизни ҳақ йўлдан оздирмасин!

Ҳикматуллоҳ Иброҳим

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...