Муовия (р.а) ва Али (р.а) ўрталарида бўлиб ўтган воқеалардан сўнг Али (р.а) нинг бир қанча тарафдорлари у зотдан ажралиб чиқдилар ва турли хил даъволарни илгари сура бошладилар. Ана шундай қалтис вазиятда Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а) Али (р.а) дан улар билан учрашиш учун изн сўраб йўлга тушдилар ва борганларида уларнинг ибодатга қаттиқ киришганини кўрдилар. Улар ибн Аббос (р.а)ни кутиб олиб, нима учун келганини сўрадилар. У зот улар билан гаплашиб олиш учун келганларини айтганларида баъзилари бунга рози бўлишди, баъзилари эса буни хоҳлашмади.
Ибн Аббос (р.а): “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғли, куёвлари ва У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга энг биринчи иймон келтирган инсонни нимада айбламоқдасиз?” – деб сўрадилар. Улар: “Биз уни учта нарсада айблаймиз” – дейишди.
– Улар нима экан? – сўрадилар ибн Аббос (р.а).
– Биринчиси, у Аллоҳнинг динида таҳкимга рози бўлди[1]; иккинчиси, у Муовия ва Оиша (р.а) билан жанг қилди лекин ўлжалар ва асирларни олмади; учинчиси эса, мусулмонлар уни амир деб эълон қилишлари ва байъат беришларига қарамасдан “мўминлар амири” номидан воз кечди! – дея ўз айбловларини баён қилишди.
– Мен сизларга Аллоҳ таолонинг оятларидан ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан келтирсам, уни инкор этмасдан бу йўлингиздан қайтасизми?
– Ҳа, қайтамиз.
– Биринчи айбловингизда таҳкимга рухсат берди дедингиз. Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Эҳромдалик ҳолингизда овни ўлдирманг. Сиздан ким уни қасддан ўлдирса, жазоси сиздан икки одил киши ҳукмига мувофиқ чорва ҳайвонларидан у(ов)га тенг келадиганини ҳадий қилиб Каъбага етказишдир…”(Моида сураси 95). Аллоҳга қасамки, икки одил кишининг мусулмонлар қони тўкилишининг олдини олиш ва ўртани ислоҳ қилишдаги ҳукми тўғрироқми ёки уларнинг бир ўлдирилган қуённинг жаримаси тўрт дирҳам эканлиги тўғрисидаги ҳукмими?!
— Мусулмонлар ўртасини ислоҳ қилишдаги ҳукми – дейишди.
— Демак, бу масалада тўхтадик шундайми?
— Ҳа, албатта!
— Иккинчи айбловингизда Али (р.а) жанг қилди лекин ўлжа ва асирларни олмади демоқдасиз. Сизлар онангиз Оиша (р.а)ни асирликка олиб, ўзингизга ҳалол қилиб олмоқчимидингиз?! Агар “ҳа” десангиз кофир бўласиз, агар у онамиз эмас десангиз ҳам кофир бўласиз! Чунки Аллоҳ таоло айтади: “Набий мўминлар учун ўзларидан кўра ҳақлидир. Унинг аёллари эса, уларнинг оналаридир…”(Аҳзоб сураси 6). Энди ўзингиз хоҳлаганингизни танлаб олаверинг! Бунда ҳам тўхтадикми?
— Ҳа, албатта!
— Учинчи айбловингизда эса, Али (р.а) ўзидан “мўминлар амири” номини ўчириб ташлади дедингиз. Ҳудайбия куни мушриклар билан сулҳ тузилган вақтда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушриклардан “Бу Муҳаммад Росулуллоҳ (с.а.в) ҳукм қилган нарсадир” деб ёзишларини талаб қилганларида улар: “Агар биз сенинг Росулуллоҳ (Аллоҳнинг элчиси) эканлигинга ишонганимизда Байтуллоҳдан тўсмаган ва сен билан жанг қилмаган бўлардик, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ деб ёз”- дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг талабини бажардилар ва: “Аллоҳга қасамки, сизлар мени ёлғонга чиқарсангиз ҳам мен Аллоҳнинг росулиман” – дедилар. Бунда ҳам тўхтадикми?
— Ҳа, албатта! – дейишди улар ва ушбу суҳбатдан рози бўлишди.
Мана шу учрашувда Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а) нинг улуғ ҳикмат ва чуқур илм эгаси эканликлари намоён бўлди. Ушбу воқеадан сўнг Али (р.а) ни тарк этганлардан йигирма минг(!) нафари яна ўз ўринларига қайтишди, қалбида ҳақдан юз ўгириш, ҳасад ва душманчилик бор бўлган тўрт мингтаси эса ортга қайтмади.
Шундай катта муаммони тинч йўл – илм ва ҳикмат йўли билан ҳал қила олган ушбу саҳобий ким эди? Ушбу юксак илм соҳиби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос (р.а) нинг ўғли, жуда кичик ёшлигидан илмга қаттиқ муҳаббат қўйган, илм олиш йўлида қаттиқ жидду-жаҳд қилган саҳобий эдилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида ўн уч ёш бўлганликларига қарамай, Бухорий ва Муслим ўзларининг саҳиҳларида 1660 та у зот (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисларни келтиришган.
У зот илм йўлида узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтдилар. Ўзлари ҳақларида шундай дейдилар: – Менга Росуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирида ҳадис борлиги етиб келса, у қайлула қилаётган (куннинг ўртасидаги уйқу) вақтда уйига борардим. Ридойимни остонасига солиб ўтирардим. Шамол юзимни тупроққа белаб юборарди. Албатта, мен ундан изн сўрасам изн берарди лекин, унинг кўнглини юмшатиш учун ҳам шундай қилардим. У уйидан чиқиб мени бу ҳолимни кўрганда: “Эй Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғли, нега келгандингиз? Чақирганингизда ўзимиз олдингизга борган бўлардик!” – дер эди. Мен: “Cизнинг ёнингизга келишга мен ҳақлироқман. Чунки илм келмайди, илмга келинади!” – дер эдим ва ҳадисни сўрардим.
Юқоридаги маълумотлардан у зотнинг илмга нақадар ҳарис бўлганликларининг гувоҳи бўлдик. У зотнинг мана шу ҳарисликлари юксак чўққилар сари етаклади. Натижада у зот бутун умматнинг муаммоларини илм билан ҳал қила оладиган етук олим бўлиб етишдилар.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, илм ўз соҳибини юксак чўққилар сари етаклайди. Илмли инсонларгина барча муаммоларни ўзларидаги илм ва ҳикмат нури ила бартараф этиб, инсонларни улкан ютуқлар сари етаклайдилар. Ушбу сўзимизга юқоридаги воқеа яққол далил бўла олади.
Аллоҳ таолога ҳамдлар, Набийлар сўнгисига саловату саломларимиз бўлсин!
Ийсохон Яҳё тайёрлади
[1] Бу билан улар Али (р.а) ўзлари ва Муовия (р.а) ўртасидаги жангда ҳар икки тарафдан бир киши (Абу Мусо ал-Ашъарий ва Амр ибн Ос) келишиб, ҳукм қилишига рози бўлишларига ишора қилишмоқда.

