Рисолани .pdf форматда юклаб олиш
Хожа Азийзон Алий Ромитаний (қуддиса сирруҳу) Хожагон силсиласида “Ҳазрат Азийзон” номи билан маълум ва машҳурдир. Таваллуд ерлари Бухоро вилояти яқинидаги Ромитан мавзеъси. Вафот этиб дафн бўлган жойлари эса Кўҳна Урганчдадир.
Хожа Азийзон Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий (қаддасаллоҳу таъоло сирраҳу)нинг ўринбосарларидан. Бу зот зоҳир ва ботин (шариат ва тариқат) илмларида ўз даврининг пешқадами, етук уламоси сифатида танилган эди. Азим риёзатлар ва хос каромотлар соҳиби эди. “Рашаҳот”да Хожа Азийзон тўқувчилик қилиб ўз рўзғорлари эҳтиёжларини таъминлаганлари ёзилган.
Етти иқлимдаги араб-у ажамлик фозиллар зоҳир-у ботин поклиги йўлида ғайратли бўлган бу зот ҳақида ҳурмат-эҳтиром билан сўзлар битишган. Чунончи, Мавлоно Абдураҳмон Жомий “Нафоҳату-л-унс” китобида Мавлоно Жалолиддин Румий ҳазратларининг қуйидаги мисраларини келтирганлар:
Гар на илм-и ҳол фавқи қол буди, кай шуди
Банда аъён-и Бухоро Хожа-йи нассожро?!
(Яъни, қол илми ҳол илмидан устун бўлса, Бухоро уламолари тўқувчи Зотга хизматкор бўлишармиди?!)
Мазкур мисраларда Хожа Азийзоннинг солиҳлик ҳолига соҳиб-и илм бўлган не-не аллома-и замонлар тан беришганига ва ул зотга шогирд бўлишни ўзларига улуғ шараф деб билганларига ишора қилинмоқда.
Қуйида Хожа Азийзон Алий Ромитанийнинг бир муборак рисоласини аслиятдан таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола қилмоқдамиз. Ҳазратнинг ҳикмат билан йўғрилган ушбу мўъжаз рисоласи кўнгил оламингизнинг нурланишига, иймонингизнинг қувват топмоғига сабаб бўлади, деган умиддамиз.
Баҳриддин Умурзоқ.
РИСОЛА-И ХОЖА АЗИЙЗОН АЛИЙ РОМИТАНИЙ
(қуддиса сирруҳу)
Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ номи билан
Жаннатни ва жамолуллоҳни умид қилган одам шу ўн шартга қатъий риоя айламоғи даркор, токи мақсуди ҳосил бўлсин:
Биринчи шарт. Аввало, у доим таҳоратли бўлмоғи лозим. Тўрт хил таҳорат бордир: Зоҳир таҳорати. Ботин таҳорати. Дил таҳорати. Сирр таҳорати.
Зоҳир таҳорати барчага – авомм-у хоссга маълум таҳоратдир. (Ҳадисда айтилдики, “Таҳорат Намознинг калити, Намоз эса Жаннатнинг калитидир.”) Бироқ кийим (ички ва ташқи либослар) поклигига ҳам диққат айламоқ лозимки, таъсири бисёр.
Ботин таҳорати – ҳаром луқмадан ва ҳаром ичимликлардан сақланмоқлик, ҳалол луқмали бўлмоқдир. Ҳадисда келгандирки, киши бир луқма ҳаром еса, унинг қирқ кунгача на фарзи, на нафл намози, яъни ҳеч бир тоат-ибодати ва дуъоси қабул бўлмас.
Дил таҳорати — ёмон феъл-атворлардан, гина-кудурат, буғз-у адоват, ҳасад, макр-у ҳийла, хиёнат ва дунё муҳаббатидан кўнгилни пок тутмоқлик. Зеро, кўнгил назаргоҳи Ҳақ таъолодир. Кишининг қалби токи инсонийликка ярашмаган ношойиста сифатлардан пок бўлмас экан, унинг намоз ва тоъатлари қабул бўлмагай ва банда манзур-и Ҳақ бўлмагунча унга ишқ-и Илоҳий муяссар бўлмас.
Сирр таҳорати – Ҳаққ субҳонаҳу ва таъолога сидқидилдан таважжуҳ айламоқликдир.
Иккинчи шарт — Сукут. Яъни, тилни бемаъни гап-сўзлардан тийиш, уни Қуръон қироати, амр-и маъруф ва наҳй ани-л-мункар билан машғул айламоқ, илм-у одоб таълимига астойдил талабгор бўлмоқ.
Учинчи шарт – Хилват ва узлат. (“Хилват дар анжуман”нинг сири ва ҳикмати ундан кўзланган асл мақсаддир). Бундан мақсад номаҳрамларга назар айламагай, боқмагай. Зеро, Жаноб Расулуллоҳ (ул Зотга ва Аҳлларига Аллоҳ таъолонинг раҳматлари ва саломлари бўлсин!) айтдиларки:
النظر سهم مسمومة من سهام إبليس (Яъни: Номаҳрамларга боқмоқлик Иблиснинг заҳарли ўқларидан бир ўқдир.) Номаҳрам аёлларга қарамоқлик ҳаром. Шунингдек, чиройли ўғлон-ўсмирларга шаҳват назари билан қарамоқлик ҳам ҳаромдир. Аллоҳ таъоло Сўзи:
قل للمؤمنات يغضضن من أبصارهنّ يحفظن فروجهنّ
“Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар!” (Нур, 31).
Ҳар кимки “номаҳрамларга қараш ҳалол” деса ва ё “номаҳрамларга қараш жоиз”, деса, у кимсанинг куфридан қўрқилур.
Узлатнинг бошқа фойдаси – қўлига эҳтиёт бўлиш. Токи ношойиста нарсаларга узалмасин. Шунингдек, оёқларига эҳтиёт бўлмоқ. Токи ношойиста жойларга бормасин. Шунингдек, қулоқларига эҳтиёт бўлмоқ. Токи ғийбат, бўҳтон, ёлғон-яшиқ ва бемаъни гап-сўзларни эшитмасин. Чунки у (бу аъзоларнинг барчаси) нафснинг ёрдамчиси бўлиб, (ақлга эмас, нафсга тобеъ бўлганида инсонга) энг ашаддий душман ҳисобланади.
Тўртинчи шарт – Рўза тутмоқлик. Рўзанинг фоидаси руҳонийликка интилмоқ, нафс-и амморага қаҳр айламоқликдир. Ҳадис-и шарифда мазкурки, Аллоҳ таъоло бундай марҳамат айлади:الصوم لى و أنا أجزى به (Яъни, Рўза Мен учун тутилгай, унинг мукофотини Ўзим бергайман.)
Рўзанинг савоби бениҳоя. Чунончи, бу ҳақда Аллоҳ таъолонинг Сўзи:
إنما يوفى الصابرين أجرهم بغير حساب
“Албатта, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар, 10).
Рўза боис Шайтоннинг йўллари торайгай. Одам боласи сабр-қаноатга ўргангай. Жаноб Расулуллоҳ (ул Зотга ва Аҳлларига Аллоҳ таъолонинг саломлари ва раҳматлари бўлсин!) айтдилар:
الصوم جنّة من النار و أيضا للصائم فرحتان: فرحة عند إفطاره و فرحة عند لقاء ربّه
“Рўза дўзахдан қолқондир. Рўзадор учун иккита хурсандлик бор. Бири ифтор пайтидаги шодлик; иккинчиси Парвардигори билан учрашган вақтидаги хурсандлик”.
Рўзада сиҳҳатли, соғу саломат бўлмоқлик бор. Хулоса, рўзанинг фойдалари кўп. Хусусан, Ражаб, Зу-л-қаъда, Зу-л-ҳижжа ва Муҳаррам ойларида нафл рўза тутмоқлик.Саҳиҳ иснодли ҳадис-и шарифда ровий айтурки: “Жаноб Расулуллоҳ – алайҳи-с-салоту ва-с-салом — айтдилар: ”Мана шу тўрт ойнинг (яъни, Ражаб, Зу-л-қаъда, Зу-л-ҳижжа ва Муҳаррамнинг) Пайшанба, Жумъа ва Шанба кунлари нафл рўза тутмоқликда мўъмин банданинг нома-и аъмолга етмиш йиллик ибодат савоби ёзилгайдир.”
(Ҳафтанинг душанба ва пайшанба кунлари рўзадор бўлмоқлик Жанобимиз алайҳи-с-салоту ва-с-саломнинг суннат-и мутоҳҳараларидандир. Улуғ ажр-савобларга ноил бўлингай.) Тавфиқ ёр бўлсин! Иншо Аллоҳу таъоло.
Бешинчи шарт – Зикр. Энг фазилатли зикр “Ла илаҳа иллаллоҳ (Муҳаммадур расулуллоҳ)” калимасидир. Аллоҳ таъоло Сўзи:
يا أيّها الذين آمنوا اذْكر الله ذكرا كثيرا
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилингиз!” (Аҳзоб, 41).
Олтинчи шарт – Хавотирни назорат қилмоқлик.
Хавотир тўрт хил бўлур: Раҳмоний хавотир, Малаконий хавотир, Шайтоний хавотир ва Нафсоний хавотир.
Раҳмоний хавотир – ғафлатдан уйғонишдир.
Малаконий хавотир — тоъатга тарғибдир.
Шайтоний хавотир — маъсийатга зеб бермоқдир.
Нафсоний хавотир – шаҳватни талаб айламоқдир.
Бу йўлнинг толибида зикр асносида хавотир (яъни, Шайтоний ва нафсоний хавотир) пайдо бўлса, уни рад айламоғи лозим ва зикрда давом айламоғи керак. Агар ушбу хавотирни рад қила олмаса, у ҳолда зорилик ила мана бу дуъони ўқисин:
بسم الله الرحمن الرحيم اللهمّ أرنا الحقّ حقّا وارْزقْنا إتّباعه و أرنا الباطل باطلا و ارْزقْنا إجْتنابه، لا تكلْنا الى أنفسنا و لا أقلّ من ذلك، و كن لنا وليّا و حافظا و ناصرا و عونا و معينا و على كل خير دليلا و ملقّنا و مؤيّدا، ربّنا آتنا من حضرنا و من غاب عنا و كل مؤمن و مؤمنة فى الدارين حسنة يا واسع المغفرة و يا أرحم الراحمين
“Бисмиллаҳир Роҳманир роҳийм. Аллоҳумма, арина-л-ҳаққо ҳаққон ва-р-зуқна иттибоъаҳу, ва арина-л-батила батилан ва-р-зуқна ижтинабаҳу. Ла такилна ила анфусина ва ақолла мин залика. Ва кун лана валийян ва ҳафизон ва насирон ва ъавнан ва муъинан, ва ъала кулли хойрин далилан, ва мулаққинан ва муаййидан. Роббана атина ман ҳазорона ва ман ғоба ъанна ва кулла мўъмини ва мўъминатин фи-д-дорайни ҳасанатан, ё васиъа-л-мағфироти, ва ё арҳам ар-роҳимийн!”.
(Меҳрбон ва раҳмли Аллоҳ номи ила бошлайман. Эй, Аллоҳ! Бизга ҳақни ҳақиқат қилиб кўрсатгил ва унга эргашишни бизга ризқ қилиб бергин. Бизга ботилни пуч-бекорчи қилиб кўрсатгин ва ундан қочишни бизга ризқ қилиб бергин. Бизни ўз нафсларимизга ташлаб қўймагин, ундан ҳам озроғига бизни ташламагил. Бизларга дўст, сақловчи, ёрдамчи, кўмакчи, мададкор ва ҳар бир ишга йўлловчи, ўргатувчи, қўллаб-қувватловчи бўлгин! Эй, роббимиз! Бизларга, биз билан ҳозир бўлганларга, биздан ғойибдагиларга, ҳар бир мўъмин-мўъминаларга икки оламда ҳам яхшиликлар бергин! Эй, мағфирати кенг зот! Эй, раҳмлиларнинг энг раҳмлиси! Омин!).
Еттинчи шарт – Аллоҳ таъолонинг ҳукмига (тақдирига, қазосига) рози бўлмоқлик. Ҳар ишда, ҳар доим Аллоҳ таъолога таваккул айламоқлик.
Саккизинчи шарт – Солиҳ инсонларнинг суҳбатини ихтиёр айламоқлик. Фасод аҳлидан ва заъифаларнинг суҳбатидан қочмоқлик. Чунки булар толиб-и содиқнинг маънавий тараққий айлашига ҳижоб бўлурлар. Ҳатто номаҳрамга боқмоқлик ҳам унинг маънавий тараққий айлашига ҳижобдир.
Тўққизинчи шарт – Бедорлик ва Аллоҳ таъолога муҳаббат.
Аллоҳ таъоло Сўзи бор:
الله لا إله إلّا هو الحيّ القيّوم لا تأخذه سنة و لا نوم
“Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) ҳамиша Барҳаёт ва абадий Турувчидир. Уни на мудроқ тутар ва на уйқу” (Бақара, 255).
Жаноб Расулуллоҳ (ул Зотга ва Аҳлларига Аллоҳ таъолонинг саломлари ва раҳматлари бўлсин!) айтдилар: تخلّقوا بأخلاق الله تعالى – “Аллоҳ таъолонинг “ахлоқи” билан хулқланинглар!”.
Тун Ҳаққ таъолога ошиқ бандаларнинг хилватхонасидирки, улар ниёз ила беташвиш-и ағйор Ҳаққ субҳонаҳу ва таъолога ёлворурлар. Ҳаққ йўлининг соликлари ҳар неки давлат, неки саъодат топдилар — кечаси (тоъат-ибодат билан машғул ҳолда) бедор бўлиш билан топибдирлар.
Ўнинчи шарт – Луқмага пурдиққат бўлмоқлик. Токи луқмаси ҳалол ва пок бўлсин. Ва бу аслида фарздир. Аллоҳ таъоло Сўзи:
كلوا ممّا فى الأرض حلالا طيّبا
“Эй, одамлар, ердаги ҳалол-пок нарсалардан тановул қилингиз” (Бақара, 168).
Жаноб Расулуллоҳ (ул Зотга ва Аҳлларига Аллоҳ таъолонинг саломлари ва раҳматлари бўлсин!) айтдилар:
“Ибодат ўн қисмдир: тўққизи ҳалолни талаб айламоқлик ва қолган бир қисми эса барча тоъат-ъибодатлардир”.
Ҳалол улдирки, ейилганида у Аллоҳ таъолога осийликка сабаб бўлмас. Тоййиб улдирки, уни еб-ичган вақтда “Тоъат-ибодатга қувват бўлсин”, деган ният билан еб – ичилур. Ҳалол нарса пок бўлур ва уни зинҳор исроф айламагай.
Шу нарса комилликнинг мояси (мағзи)дирки, таъомни таҳоратли ҳолатда ва зикр билан пиширмоқ лозим, токи у ғафлатга сабаб бўлмасин.
Хожа-и Хизр алайҳи-с-салом Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг — қаддасаллоҳу таъоло руҳаҳу — дастурхонлари олдида ҳозир бўлдилар. Лекин ҳеч нарсага қўл узатмадилар, яъни ҳеч нарса емадилар ва айтдиларки: «Бу ноннинг хамирини қорган киши бетаҳорат экан. Бизга бу(ндай) луқмани емоқлик жоиз эмас».
Аллоҳ таъоло бизларни ва барча суйганларимизни ҳалол-у тоййиб билан ризқлантирсин! Омин йо Рабба-л-ъоламийн.
Таржимон ва нашрга тайёрловчи: Баҳриддин Умурзоқ.

