Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий

Lotin alifbosida
(909-974/1504-1567)

Шайхулислом Шаҳобиддин Абу-л-Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Муҳаммад ибн Али ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий ас-Саъдий ал-Ансорий аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳ (909-974/1504-1567) Мисрнинг ғарбидан жойлашган Абу-л-Ҳайтам маҳалласидан бўлганлар, умрининг охирларида Маккада яшаб қолганлар. Нисбасининг “ал-Ҳайтамий”ни айрим ўринларда “ал-Ҳайсамий” деб ҳам кўрсатилади. ас-Саъдий олимнинг асли келиб-чиқиши Мисрнинг шарқида яшовчи Бани Саъд қабиласидан эканини англатади. Боболари фақатгина ўта зарур вақтдагина гапиришга одатлангани, доим сукутда бўлгани боис “Ҳажар” (“Тош”) номи билан танилган эди. Шунинг учун, олим Ибн Ҳажар кунияси билан шуҳрат қозонган.

Отасидан ёшликдан етим қолган бўлажак алломани ўз даврининг таниқли олими Шамсиддин ибн Абу-л-Ҳамоил раҳимаҳуллоҳ ва унинг шогирди Шамсиддин аш-Шиновий раҳимаҳуллоҳ асраб оладилар ва таълим-тарбия берадилар. Устозлари Шамсиддин аш-Шиновий раҳимаҳуллоҳнинг оиласи билан бирга Тантага кўчиб келадилар. У зот балоғатга етмасданоқ Қуръони каримни тўла ёд оладилар. Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ 924/1518 йилда мазкур устозлари билан бирга “ал-Азҳар” дорулфунунига келадилар ва мазкур буюк даргоҳда ўқишини давом эттирадилар. Ўз даврининг энг етук уламо ва машойихлари, жумладан, Шайх ал-ислом Закариё ал-Ансорий раҳимаҳуллоҳ, Абдулҳақ ас-Синботий раҳимаҳуллоҳ, Шайх Шамсиддин ас-Самҳудий раҳимаҳуллоҳ, Ибн ан-Нажжор ал-Ҳанбалий раҳимаҳуллоҳ, Ибн ас-Соиғ раҳимаҳуллоҳ ва Шаҳобиддин ар-Рамлий аш-Шофеъий раҳимаҳуллоҳ кабилардан таълим оладилар. 929/1522 йилда шаҳодатномани қўлга киритиб, фатво чиқариш, дарс бериш ва китоб ёзишга устозларидан бирма-бир ижозалар оладилар. Шайх ал-ислом Закариё ал-Ансорий раҳимаҳуллоҳдан ҳадис фанида илк ижозат бериладиган “ал-Мусалсал би-л-аввалия” деб номланадиган ҳадиси шарифдан ва унинг барча ривоятларидан ижозатнома ҳамда “Аллоҳдан сени динда фақиҳ қилишини сўрайман!”, деган дуони қўлга киритганлар. Кейинчалик Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ мазкур устозининг саллаларини кийиш ҳамда у зотнинг ўринларига ўтириб дарс ва фатво бериш шарафига мушарраф бўлганлар.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ илк бор 933/1526 йилда ҳаж зиёратини амалга оширганлар. Сўнгра ўз оилалари билан бирга 937/1530 йили яна бир бор ҳаж қиладилар. Мана шу сафарлари чоғи бир неча фиқҳий матн китобларга шарҳлар битганлар. Охирги марта аллома 940/1533 йилда ҳаж қилиб, умрларининг охиригача Маккада яшаб қолганлар. У зот Маккаи мукаррамада Масжиди ҳаромда дарс ва фатво берадилар, таълиф ишлари билан шуғулланадилар.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ ўз даврининг қарийб барча диний илмлари билан баракали илмий фаолият олиб борганлар ва барча фанлар бўйича қирқдан ортиқ таснифлар ёзиб қолдирганлар. У зот ҳадис илми бўйича таниқли ҳадисшунос олимлар қаторида саналиб келади ва ушбу соҳа бўйича битган асарлари ҳозиргача муҳим қўлланмалар бўлиб ҳисобланади. Ўзлари шофеъий мазҳаби олими бўлишига қарамасдан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқибларига бағишланган “ал-Хайрот ал-ҳисон” (“Гўзал яхшиликлар”) номли асар муаллифидир. Бу эса у зотнинг нақадар инсофли олим эканини билдиради.

 Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қабрларига узоқ жойлардан алоҳида ният қилиб боришни бидъат ва ҳаром дейдиганларга қарши учта буюк асар билан раддия берганлар. Улар “ал-Жавҳар ал-муназзам фий зиёрат ал-қабр ал-мукаррам” (“Мукаррам қабрнинг зиёратидаги тартибланган гавҳар”) ва “Туҳфат аз-заввор ила қабр ан-Набий ал-мухтор” (“Ихтиёр қилинган Пайғамбарнинг қабрига кўп зиёратга борувчиларга туҳфа”) ҳамда “Ҳусн ат-тавассул фий одоби зиёрати Афзал ар-Русул” (“Пайғамбарларнинг афзали зиёрати одобида тавассулнинг гўзали”) деб номланган. Бундан ташқари Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳнинг “аш-Шамоил ал-Муҳаммадия” асарларига, Имом ан-Нававий раҳимаҳуллоҳнинг “ал-Абаъин” асарларига, Имом ат-Табризий раҳимаҳуллоҳнинг “Мишкот ал-масобеҳ” асарларига шарҳлар битганлар. “Мишкот”га битган шарҳлари “Фатҳ ал-Илоҳ” деб номланган бўлиб, унинг биринчи жилди шарҳ қилиб тугатилган. Алломанинг бидъат аҳлига раддия сифатида ёзган “ас-Савоиқ ал-муҳрақа” (“Куйдирувчи яшинлар”) номли асарлари ҳам шуҳрат қозонган. Фатволар тўплами беш жилд бўлган ва у “ал-Фатово ал-ҳадисия” номи билан танилган. Адолат ҳақида “ал-Фазоил ал-комила” номи билан қирқта ҳадисни тўплаб, “арбаъин” тузганлар. Шофеъийлик фиқҳийга оид “ал-Иршод”га “ал-Имдод” ва “Фатҳ ал-жавод” ҳамда “ал-Минҳож”га “Туҳфат ал-муҳтож” номларидаги шарҳлари шуҳрат қозонган. Булардан ташқари ҳам маълум бир мавзуга оид ўнлаб фиқҳий ва ҳадисий рисолалари мавжуд. Яна кўплаб фиқҳий матн китобларга шарҳлар ёзишни бошлаб, умри вафо қилмасдан тугата олмай қолганлар. Унинг “аз-Завожир ъан иқтироф ал-кабоир” (“Катта гуноҳларни қилишдан тўхтатувчилар”) номли асарларида 460 (тўрт юз олтмиш) дан ортиқ гуноҳлар санаб ўтилган. Айрим рисолалари саволларга жавоб ва фатво сифатида ёзилаверган.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг муташобеҳ сифатларини таъвил қилишни ёқлаб чиққан, Муҳйиддин Ибн ал-Арабий қуддиса сирруҳуни қўллаб-қувватлаган ашъарий таълимотли шофеъий мазҳабидаги олимдир. У Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ ва унинг шогирди Ибн Қаййим ал-Жавзия раҳимаҳуллоҳни жуда қаттиқ танқид қилганлар.

Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ умрларининг охиригача дарс бериш ва китоб ёзиш ишлари билан машғул бўлганлар. Масжиди Ҳаромда “Мишкот”дан минглаб талабаларга ёддан дарс ўтганлар. Умрининг охирларида касаллиги туфайли йигирма кунча дарс бера олмаганлар. У зот 23 ражаб 974/3 февраль 1567 йили вафот қилганлар, умрларидан икки кун олдин оилаларига ва шогирларига васият қилганлар. Маккадаги “Муаллот” қабристонига дафн қилинганлар.

Ҳамидуллоҳ Беруний

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...