Сохта пирлардан эҳтиёт бўлинг!

Lotin alifbosida

Пағамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ таолодан уч хил илм ўрганганлар. Биринчиси, ўзлари билан Аллоҳ таоло орасидаги илм бўлиб, уларнинг ўзаро сиридир. Бу илм инсонлар идрокидан устун бўлгани учун инсонларга ошкор бўлмаган. Иккинчи илм, оммага оид. Бу илм инсонларнинг идроки билан ўзлаштирилиши мумкин бўлган илмдир. Унинг бошқа бир номи шариат илми дейилади. Бутун инсоният бу илмга иймон келтириш ва амал қилишга мукаллафдирлар. Учинчи илм баъзи инсонларнинг идроки етадиган ва шуларга хос бўлиб, бу илмнинг номи тасаввуфдир. Яъни бу илм қалбий ҳаётга оиддир.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом кейинги икки илмнинг ҳар иккисини ўз саҳобаларига таълим берганлар. Шариат ва тасаввуф илмлари баъзи инсонлар ўйлаганларидек бир-бирига қарама қарши эмас. Балки ҳар иккиси бир бирини тўлдириб инсонни мукаммалликка етиштирувчи якдил илмдир. Саҳобаи киром ораларида бу икки илмни ўзлаштириб, сўнгра бу муборак омонатни ўз издошларига яъни тобеъинлар ораларидаги шу илмларга аҳл бўлган муборак зотларга таълим берганлар. Шу анъана даври саодатдан шу кунимизгача давом этиб келмоқда ва то Аллоҳ тақдир қилган вақтга қадар бардавом бўлади.

Ҳар асрда бу икки илмда моҳир бўлган улуғ алломалар, Аллоҳнинг муқарраб бандалари бисёр бўлган. Аммо Аллоҳ таоло ўзи ихтиёр қилган бу ислом динини бандаларга етказиш йўлида расулига қандай синовлар қўйган бўлса, у зотнинг талабаларини ҳам шундай синовларга солди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида бўлгани каби бу шарафли, айни вақтда масъулияти чексиз бўлган, муборак йўлда у зот ва издошлари ички ва ташқи душманлар озорларидан азият чекдилар. Лекин улар бу азиятларга мардонавор қарши туриб зиммаларидаги муборак омонатларини ўзидан кейинги издошларига тўлалигича ҳеч ўзгартирмаган ҳолларида адо этдилар. Ислом оламида хусусан бизларнинг диёримизда бу омонатга ҳақли равишда эга бўлган улуғ зотлар етишиб чиқдилар. Аждодларимиз нафақат шариат илмлари балки тасаввуф илмларида ҳам юксак чўққиларга эришдилар. Инсонларни мукаммал аҳлоқларга етиштириш борасида Нақшбандий тариқати ўзининг нуфузли ўрнига эга. Айтиб ўтганимиздек, дин душманларининг зарарлари бу тоифа эгаларини ҳам четлаб ўтмади. Хусусан ислом оламда вабо сингари пайдо бўлган ваҳҳобийлик оқими бу улуғ йўл соҳибларини ҳам ширк ва куфрда айбладилар. Буюк имом аш Шофиъий роҳимаҳуллоҳ “Инсонлар ўзлари билмаган нарсаларининг душманидир”—деганларидек, бу гумроҳлар ҳам кўр кўрона душманлик қилдилар. Лекин халқимизда “Ит ҳурар карвон ўтар” деган ажойиб нақл бор. Шундай экан ҳар бир замонда “итлар” ҳар қанча ҳуримасин бу муборак йўлнинг йўловчилари хеч парвосиз одимлаб борадилар.

Бироқ халқимиз огоҳ бўлиши лозим бўлган яна бир муҳим жиҳат бор. Бу ҳам бўлса ҳар даврда бўлганидек тариқат пешволигини даъво қилувчи сохта пирлар, тариқат кушандаларининг залолатидир. Ислом оламининг ҳар чеккасида бўлгани каби бу зарарли дард халқимизни ҳам четлаб ўтмади. Ҳар замон ва ҳар маконда бу иллатнинг илдизи бош кўтариб чиқиб турган. Лекин аҳли илмлар тарафдан уларга ўз вақтида раддиялар берилиб, халқни уларнинг фитнасидан огоҳ этиб борилган.

 Биз ҳам халқ ҳидояти, дин ҳимояси учун ўзимизнинг камтарона хиссамиз бўлсин учун сиз азизларга ушбу мисраларни жамладик. Шояд халқ орасида ўзининг иғволари билан изғиб юрган баъзи муддаийлар холларидан халқимиз огоҳ бўлса.

 Тасаввуфда пешво бўлиш учун асосан тўрт нарса шартдир.

1. ҚОЛ;

2. ҲОЛ;

3. СОЛ;

4. МОЛ.

1. Қол – шариат илми. Яъни муршид шариат илмларида моҳир бўлиши шарт. Чунки шариат илми инсониятни саодати учун жорий қилинган. Буни билмай туриб киши бу йўлда йўлбошчи бўла олмайди.

2. Ҳол – ботиний илмлар. Абул Ҳасан ибн Абуз Зарр роҳимаҳуллоҳ “ Тасаввуф олий самовий ва илоҳий илмдир. У битмас туганмас бир илмдир. Бу илмдан фақат унинг арбобларигина фойдаланишлари мумкин. Бу илмни Аллоҳнинг эҳсонига ва буюк лутфига сазовор бўлганларгина ўзлаштира оладилар.” деганлар.

3. Сол – ёши улуғ бўлиши. Яъни ақл мукаммал бўладиган ёшда бўлиши.

4. Мол – молу давлати ўзига етарли бўлиши. Яъни ҳеч бир кишидан тама қилмаслиги, тамадан узоқ бўлиши шарт.

Сўфий Аллоҳёр роҳимаҳуллоҳ бу мазмунни ушбу мисраларида моҳирона жамлаганлар:

Ўшал пирики эрнинг эри бўлғай * Тариқат пешасининг шери бўлғай

Тахаллуф қилмаса ҳеч шаръ ишидин * Тамаълик бўлмаса ҳаргиз кишидин

Олиб қўлға чироғи илми зоҳир * Улуми ботинида бўлса моҳир

Фано бўлса тану жондин тўлойдин * Қутилса мосиводин, лутфи Ҳаййдин.

Аммо охирги асрларда валоят иддаоси билан даврага чиққан сохта пирларда ушбу шартларнинг бирортаси мавжуд бўлмаган. Улар илмсизлиги натижасида ўзлари ҳам адашди бошқаларни ҳам йўлдан урди. Ўшандай залолатчиларнинг баъзиларига хос ношаръий фикрларини келтириб ўтсак:

1. Унга келиб байъат қилган киши бутунлай гуноҳлардан фориғ бўлиши хатто ўқимай қолдирган намозлари ҳам ундан соқит бўлади дейиши;

2. Тахажжуд намозини фарз деб эътиқод қилишлари;

3. Талаба илмни фарз эмас деб уни муҳмал қўйиш;

4. Уларнинг йўлларига тобе бўлмаганларни гумроҳ деб билиш;

5. Пирга байъат қилмаган имомга иқтидо қилмаслик. Буларнинг ҳаммаси шариатул ғаррога бутунлай хилоф бўлган ишлардир.

Масалан тавбанинг шартларида қолдирилган намозларни адо этилиши лозимдир. Шариатда суннатлиги собит бўлган бирор иш ҳеч замон фарзлик мақомига чиқмайди. Талаби илмнинг фарзлиги эса оят ва ҳадислар билан собитдир. Аҳли суннанинг аломатларидан бири имом қандай бўлишидан қатъий назар унга иқтидо қилишлик лозимлигидир.

 Яна бу сохта пирдан мушоҳада қилинган пирлик даъвосига зид келувчи ғаройиб иш унинг тобелари томонидан бир каромат сифатида нақл қилинади. Бир вақтлар унинг тузоғига илиниб ҳидоят йўлидан адашган пирининг хизматини энг улуғ касб деб билган кейинчалик эса ушбу “кароматни” кўрганидан кейин хақиқий тавба билан ҳидоят йўлига қайтган бир инсон шуни нақл қилади: “Мен уни ҳақиқий муршиди комил деб этагидан тутдим ва хизматида доим бўлишни ният қилдим. Лекин баҳор ва ёз кунларида у курсида ўтириб инидан озуқа жамлаш умидида чиққан чумолиларни хассаси билан бир бир эзиб ўлдириши мени хайратга солди. Чунки аҳли илмлардан Сўфий Оллоҳёрнинг ушбу мисраларини эшитган эдим.

“Шариат айтади ўлдур илонни * Тариқат айтади оғритма жонни.

Шундан кейин ундан кўнглим қолиб тавба қилдим.

Худони таниган ҳақиқий авлиё бандалар бирор жонга озор етказмайдилар. Улар ўзларини маҳлуқотнинг энг ҳақири ва ожизи деб биладилар. Қилаётган ишларида Аллоҳнинг ризосини талаб қилган ҳолда ниятларини ҳам холис қиладилар. Ҳеч бир ишларида шариатга хилоф йўл тутмайдилар.

Бунга мисол ўлароқ тасаввуф аҳлининг энг пеши ва султони бўлмиш хазрати Абу Бакр Сиддиқ розиаяллоҳу анҳунинг ҳаётларидан биргина мисол келтирсак кифоя бўлади. Чунончи у зот Нисо сурасидаги “Ким бир ёмонлик қилса жазосини топади” мазмунидаги ояти карима нозил бўлганида: “Белим сингандай бўлиб эгилдим қолдим” деган эдилар. Бу зотларнинг бу қадар таъсирчанлиги Аллоҳ ризосига қарши келадиган бирор амал қилишдан қўрқишлари, Аллоҳ таолонинг қудрати олдида бош эгишлари, доимо хузур ичида яшашни орзу қилишлари ва ҳаёлари туфайли бўлган. Аммо бу сифат билан сифатланган комил инсонлар ушбу кунимизда жуда ноёбдир. Борлари ҳам ўзларини авайлаб ҳолларини яширадилар. Биз ҳам Аллоҳ таолодан халқимиз ораларида мана шундай мукаммал инсонларни кўпроқ бўлишини умид қилган ҳолда ушбу мисраларга якун ясаймиз. Аллоҳ таоло халқимизни шариат ва тариқат илмларининг билимдонлигини даъво қилиб адаштирувчи жоҳил уламолар ва  сохта пирларнинг залолатидан асрасин.

 Андижон шаҳар “ Чинор “ жоме масжиди имом хатиби: А.Артиқов.

Андижон шаҳар “Зубайр ибн Аввом” жоме масжид имом хатиби: С. Йўлдашев

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...