Аллоҳдан бошқага сажда қилиш ҳукми

Lotin alifbosida

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Allohdan boshqaga sajda qilish hukmiЗафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий раҳимаҳуллоҳ айтадилар:

«Мен айтаман: Мазкур бобдаги ҳадислар Аллоҳдан бошқага сажда қилишнинг жоиз эмаслигига ҳужжат сифатида далил бўлади. Яна шунга далолат қиладики, сажда Боқий илоҳга хосдир! Фоний бўлмиш кимса бунга салоҳиятли эмас, хоҳ у набий бўлсин, хоҳ валий бўлсин, хоҳ тирик бўлсин, хоҳ ўлган бўлсин:

5737.“Қайс ибн Саъддан ривоят: Ҳийрага келсам, у ердагилар Марзбон (подшоҳ)га сажда қилишларини кўриб қолдим. Ўзимча: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сажда қилишга ҳақлироқ”, деб ўйладим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келдим. Ул зотга: “Мен Ҳийрага бориб келдим. У ернинг аҳолиси Марзбонга сажда қилар эканлар. Сизчи, эй Расулуллоҳ?! Сиз сажда қилишга ҳақлироқсиз!”, дедим. Ул зот дедилар: “Агар сен қабрим олдидан ўтадиган бўлсанг, унда унга қараб сажда қилар экансан-да?!”. Мен: “Йўқ!”, дедим. Ул зот марҳамат қилдилар: “Бас, бундай қилманглар! Агар мен бировга сажда қилишга буюрувчи бўлганимда эди, аёлларни эрларига сажда қилишларини буюрган бўлардим. Улар мана шунга ҳақлироқ бўлган бўларди”. Уни Абу Довуд ривоят қилган. “ан-Найл”да ҳам келган. Уни Шурайк ал-қози сабабли иллатли деб туриб, уни саҳиҳ эмас, дейилган. Чунки, Шурайк гўзал ҳадис айтувчидир.

5738.“Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят: Муоз разийаллоҳу анҳу Шомдан келганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга сажда қилди. Шунда ул зоти шариф: “Бу нимаси, эй Муоз?” дедилар. “Шомдан келдим. У ердагилар ўзларининг бошлиқлари ва роҳибларига сажда қилишларини кўриб қайтдим. Ўзимча мана шуни сизга қилишни хуш кўрдим”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Бундай қила кўрманглар! Агар мен Аллоҳдан бошқага сажда қилишга буюрувчи бўлганимда эди, хотинни эрига сажда қилмоғини буюрган бўлардим”. Уни Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилган.

“ан-Найл”да айтади: Ибн Можжа уни салоҳиятли исноди ила келтирган. Чунки, (ровийлар орасидаги) Азҳар ибн Марвон ва Қосим ва аш-Шайбоний тўғрисўздирлар. Яна бундай деган: Муоз разийаллоҳу анҳунинг мазкур бобдаги қиссасини (муҳаддислардан) ал-Баззор ровийлари саҳиҳ (тўпламларнинг) кишилари бўлган иснод билан тахриж қилган. Яна уни ал-Баззор, ат-Табароний бошқа иснод билан келтирган. Унда Набаҳон ибн Фаҳм бор бўлиб, у заифдир. Яна уни ал-Баззор ва ат-Табароний бошқа иснод билан ҳам келтирган. Унинг ровийлари ишончли. Яна бундай деган: сажда қилиш ҳукми Ибн Аббос разийаллоҳу анҳунинг ҳадисида собит бўлиб, ал-Баззор ривоят қилган. ат-Табаронийда эса Суроқа разийаллоҳу анҳунинг ҳадисида бор. Ойша разийаллоҳу анҳонинг ҳадисини эса Имом Аҳмад ва Ибн Можжа ривоят қилган. Исмат разийаллоҳу анҳунинг ҳадисини эса ат-Табароний ва ундан бошқалар ривоят қилган. Шундан сўнг бундай дейди: мана шу ҳадислар, “Агар башарга сажда қилиш мумкин бўлганида, хотинни эрига сажда қилишга буюрар эдим”, деган маънодаги ҳадислар бир-бирига шоҳид бўлади ва бир-бирини қувватлаб келади.

Тааббуд (ибодат қилиш), таъзим (улуғлаш) ва таҳийят (саломлашиш, табриклаш, олқишлаш)нинг фарқини айтиш ботил фарқлаш бўлиб, уни ғулувга кетганлар ўйлаб топганлар. Чунки, Муоз разийаллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ул зотнинг илоҳлиги учун сажда қилиб қўймади, балки ул зотни таъзимга мустаҳиқ бўлган пайғамбар деб туриб сажда қилди. Шунингдек, Қайс ибн Саъд разийаллоҳу анҳу ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга сажда қилишни таклиф қилганида ул зотни илоҳ деб эътиқод қилиб қилмади, балки уни набий ва расул бўлгани учун қилди. Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга рухсат бермаганлар. Балки, уларни сажда фақат Аллоҳга хос таъзим эканлигига, фоний бўладиган кимсаларга қилинмаслигига иршод қилганлар. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинни эрига сажда қилишга буюрмоқчи бўлиб, лекин буюрмаганликларининг сабаби унинг илоҳлиги учун эмас, балки таъзимга мустаҳиқ бўлгани учун эди. Шундай бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга рухсат бермадилар ва бу Аллоҳга хосланган таъзим эканлигини баён қилганлар. Демак, сажда Аллоҳ таолога хосланган таъзим бўладиган бўлса, бас, кимки уни бошқага қилса, Аллоҳга ширк келтирган бўлади. Бу ул зотга хосланган таъзим бўлгани учундир. Бас, у мушрик бўлиб қолади.

Ана шунинг учун ҳам Шамс ал-аимма ас-Сарахсий: “Аллоҳдан бошқасига таъзим юзасидан сажда қилиш куфрдир!”, деган.

Бадриддин ал-Айний эса “ал-Биноя”да бундай деган: “Бу замонда султонга фақат таъзим ва улуғлаш маъносида сажда қиладилар. Уларнинг куфрига шак-шубҳа йўқ”.

 Ал-Маҳбубий “Шарҳ ал-Жомеъ ас-сағир”да бундай дейди: “Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бошқага сажда қилиш куфрдир! Агар бу мажбурлаш орқасидан бўлмаса. Жоҳил сўфиларнинг ўз шайхлари қаршисида қилаётган нарсалар (яъни, саждалар) ҳақиқий ҳаром, бидъатнинг энг қабиҳидир. Мана шундан уларни иложсиз қайтаришлари керак. Айнийнинг “ал-Биноя” асарида ҳам келтирилган.

Таҳийят саждасига келсак, “ал-Воқеот”дан зоҳир бўлишича, у куфр эмас, балки фақат ҳаром бўлади. Бироқ, менга таъзим саждаси билан таҳийят саждасининг орасидаги бировини куфр бўлади, бошқасини бундай бўлмайди, дейишга асос бўладиган фарқ маълум бўлмади. Чунки, Аллоҳ таолога хос бўлган таъзим билан Аллоҳдан бошқага таъзим қилиш ширкдир. Худди шунингдек, Аллоҳга хос бўлган таъзим бўладиган нарсани таҳийят қилиш ҳам феълий ширк бўлади-ку. Чунончи, агар биров учун таҳийят юзасидан намоз ўқиса, бунинг фарқи йўқ. Агар таҳийят саждаси ўтган умматларда жоиз бўлган-ку, деб савол берилса, биз айтамиз: буларнинг саждаси ҳозирги ҳолатдаги суратда бўлган деб таслим бўла олмаймиз, зотан у инҳино – сал эгилиш маъносида (келинларники каби) жоиз бўлган бўлиши мумкин. Чунончи, Аллоҳ таоло айтади: “Удхулу-л-боба сужжадан!” (“Сажда қилган ҳолда эшикдан киринглар!”, Нисо, 154). Агар уни ушбу суратда деб айтган тақдиримизда ҳам, бундай бўлмайди. Чунки, бу Аллоҳ таолога хос таъзимдир. Ширк келтириш эса хосланиш сабабидан келиб чиқади. Хосланиш бўлмас экан, ширк келтириш ҳам бўлмайди. Демак, бу билан юқоридаги хаёл бартараф бўлади.

Кейин, жоҳилларнинг авлиёлар ва машойихларнинг қабрларида қилаётган нарсалари (яъни, саждалари) таҳийят жинсидан эмас, балки у таъзим жинсидандир. Чунки, у таҳийят жинсидан бўлганида эди, у саломлашиши, қўл бериб кўришиш каби бўларди. Уни авлиёлар ва машойихларнинг қабрларига хослаб қўйишларида ҳам ҳеч қандай бошқа маъно йўқ. Қачонки улар қабрларга ва ўзларига мана шуни хослаб олган эканлар, бу шунга далолат қиладики, уларнинг мақсадлари ўзлари ва бошқаларнинг ораларида муштарак бўлган таҳийят эмас, балки ҳаддан ошган таъзимдир. Бас, улар таҳийят ва таъзимнинг мавжуд фарқини топа олмайдилар. Қандай ҳам топа олардилар? Бас, шак йўқки, уларнинг бу ишлари куфрдир ва амалий ширкдир. Валлоҳу аълам!».

Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий.

(Эъло ус-сунан. 16-жузъ. – Байрут: Дор ал-фикр, 2002. – Б. 8213-8216.)

Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.

***

Изоҳ:  Бугунги кунда тасаввуф душманлари бўлмиш турли бемазҳаб тоифалар томонидан, айрим сохта сўфий жамоалар қилаётган шариатга зид нарсаларни кўрсатиб, яъни – мусиқа асбобларини чалиб, рақс тушиб, бемаъни ҳаракатлар билан гўёки “зикр” қилиш, эркагу-аёллар аралашиб ҳалқалар қилиши, шайхларига ва қабрларга сажда қилиш, ўзларига ўзлари ҳар хил буюмлар билан жароҳат етказиш ва бошқа ҳолатларни рўкач қилиб, барча тасаввуфни ёлғонга чиқармоқчи бўладилар.

Аслида эса, у сохта сўфийлар, шариатга асосланган тасаввуфга хеч қандай алоқаси бўлмаган жамоалардир.

Мулла Алий Ал Қорий раҳимаҳуллоҳ (ваф. ҳ.1014/ м.1606)  ўз китобларида Имом Молик раҳимаҳуллоҳнинг (ҳ.93-179/м.715-796) қуйидаги сўзларини келтирадилар:

قال الإمام مالك : مَن تفقَّهَ ولم يتصوَّفْ فقد تفسَّقَ , ومَن تصوَّف ولم يتفقَّهْ فقد تزنْدَقَ , ومَن جمَع بيْنهما فقد تحقَّق

 Имом Молик айтадилар: “Ким фиқҳни ўрганиб тасаввуфни ўрганмаса, фосиқ бўлибди. Ким тасаввуфни ўрганиб, фиқҳни ўрганмаса, бас у зиндиқ бўлибди. Кимки бу иккисини жамласа, ҳаққа эришибди”. (Алий Ал-Қорий. Мирқатул Мафатих Шарҳу Мишкатул Масобих: 1/478 (270-хадис) Бейрут: Дарул Кутубил Илмийя: 1422/2001)

 Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ (ҳ.150–204/м.767–820) тасаввуф ҳақида айтадилар:

فقيهاً وصُوفياً فكُنْ ليسَ واحداً

 فإِنِّي — وحَقِّ اللّهِ — إِياكَ أنصَحُ

فذلكَ قاسٍ , لمْ يذقْ قلْبُهُ تُقىً

 وهذا جَهُولٌ , كيفَ ذو الجهْلِ يصلُح ؟

Фақиҳ бўл, сўфий бўл – лек бўлма улардан бири,

Насиҳат қилурман сенга Аллоҳ ҳаққи,

(Суфий бўлмаган фақиҳ) – у тошбағир, билмас тақво  мазасин,

(Фақиҳ бўлмаган суфий) – у жоҳилдир, жоҳил қандай солиҳ бўлсин?

(Мухаммад бин Идрис Аш-Шофеъий: Джавхарун Нафис фи Ширил Имам Мухаммад бин Идрис: 46. Қўҳира: Мактабату Ибн Сино).

 

Print Friendly, PDF & Email

Яна бўлимга тегишли...