ПАЙҒАМБАРИМИЗ МОЛ ГЎШТИ ЕГАНМИЛАР?

bull-6-1024x768Қайсидир даврада ўтирганда, бир янги танишлардан бири: “Пайғамбаримиз алайҳиссалом мол гўшти емаган эканлар, молдан қурбонлик ҳам қилмаган эканлар, шунга мен ҳам қурбонликда молга қўшилмасдан, ўзим қўчқор сўяман!”, деб қолди. Табиийки, мен унинг бу гапи хато эканлигини айтдим. Далилларни ахтариб, шу масалани ойдинлатиш мақсадида, топилган маълумотларни Сиз азизларга ҳам тақдим қилмоқчиман.

Аввало, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида саҳобаи киромлар қурбонликда мол гўштига етти-етти одам бўлиб қўшилганлари саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинган. Шунинг учун ислом фиқҳи манбаларида молга етти инсон қўшилиб, қурбонлик қилса жоиз, дейилган. Жумладан, Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган мана бу ҳадисга эътибор беринг:

كنا مع رسول الله صلى الله عليه و سلم فى سفر فحضر الأضحى فاشتركنا فى البقرة سبعة…

“Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир сафарда бўлдик, қурбон ҳайити бўлиб қолди. Шунда сигирга етти киши бўлиб иштирок қилдик” (Термизий, 4/1501; Ибн Ҳиббон, 9/4007; Ибн Хузайма, 4/2908; Ҳоким, 7/7559; Табароний, 11/11929; Табризий, “Мишкот ал-масобеҳ”, 1/1469). Имом Ибн Ҳиббон раҳимаҳуллоҳ уни Муслим шартига кўра кучли саҳиҳ ҳадис, деган бўлса, Имом Ҳоким уни Бухорий шартига кўра саҳиҳ, деб қайд қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сафарда мол қурбонлик қилинишидан билсак бўладики, мазкур қурбонлик гўштидан ул зоти шариф ҳам тановул қилган бўлсалар керак. Бошқа ривоят ҳам бор:

نحرنا مع النبى صلى الله عليه و سلم عام الحديبية البقرة عن سبعة و البدنة عن سبعة

“Биз Ҳудайбия воқеаси бўлган йили Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга молга етти кишидан, туяга ҳам етти кишидан бўлиб қурбонлик қилдик” (Термизий, 3/904; Абу Авона, 4/2628; Таҳовий, 4/6217). Имом ат-Термизий раҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадисни ҳасан-саҳиҳ деб қайд қилган.

Аъло даражадаги саҳиҳ ҳадисга кўра, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсан ўзлари аёллари номидан қурбонлик учун мол сўйдирганлар ва гўштдан аёлларига жўнатганлар (Бухорий, 2/1709, 1720; Муслим, 2/1211; Насоий, 2/4131; Ибн Можа, 2/2981; Доримий, 2/1956; Ибн Ҳиббон, 9/3928; Аҳмад, 6/24155; Ибн Хузайма, 4/2905; Байҳақий, 5/8603).

Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида, саҳобалар ул зотнинг бошчиликларида қурбонликларида туя билан бирга мол ҳам сўйганлар. Қурбонлик гўштларини ташлаб юбормаганлар, албатта. Гўштларни қуритиб, қоқ қилиб қўйиб, бир неча ойларга етказиб, истеъмол қилаверганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мол гўшти еганларига бошқа аниқ бир далил бор. Уни Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ бошлиқ муҳаддислар жамоаси ривоят қилганлар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйларида ишлаб юрувчи Барира деган ходимага мол гўшти бериб кетилади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу гўштдан бизга ҳам тайёрламабсизлар-да, уни пишириб келинглар, у Барирага садақа, бизга эса ҳадиядир”, деб марҳамат қилганлар (Бухорий, 2/1493; Муслим, 2/1504; Насоий, 5/2614; Абу Довуд, 2/1657; Доримий, 2/2345; Ибн Ҳиббон, 11/5115; Ибн Хузайма, 4/2449; Аҳмад, 3/12346; Табароний, 24/525; Байҳақий, 7/13026).

Гарчи Имом Табароний раҳимаҳуллоҳ ва Имом Таҳовий раҳимаҳуллоҳ ривоятларида Барирага олиб келинган гўшт қўй оёғи эканлиги айтилган бўлса-да (Табароний, 11/11744; Таҳовий, 2/2989), бироқ, улардан кўра саҳиҳроқ ривоятлар муаллифи Имом Муслим раҳимаҳуллоҳ унинг мол гўшти эканлигини аниқ ва равшан қилиб қайд қилган (Муслим, 2/1075). Ҳар қалай, Имом Муслим раҳимаҳуллоҳнинг ҳадислар тўплами Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ асаридан кейинги ўринда туради. Демак, Барирага бир неча марта гўшт келган бўлиши керак, шулардан қўй гўштидан ҳам, мол гўштидан ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам еяверганлар.

Хуллас, мол гўшти ҳам топилиб турса, мазза қилиб еганга нима етсин! Қурбонликда эса битта одам қўчқор сўйгандан кўра, ҳимматни баланд қилиб, бир одам мол қурбонлик қилган афзал эканига шубҳа йўқ! Етти нафар шерик бўлиб мол сўйишганда эса теккан бир ҳиссанинг пули қўйнинг нархидан баланд бўлса, етти одам бўлиб молга қўшилган яхшироқ, албатта. Қўйда барака борлиги, сўйиш осонроқ экани ва мижози иссиқ бўлгани боис қўй гўшти севиб истеъмол қилинади. Қон босими юқори кимсалар эса қўй гўштини кам истеъмол қиладилар. Аслида, билгирларнинг айтишига қараганда, доим қўй гўшти еб юрганларда, у сабабли қон босими кўтарилмайди, мижози совуқ бўладиган мол гўштини еб юриб, бирдан қўй гўшти ейилса, қон босимига таъсир кўрсатар эмиш. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таоло ҳалол қилган неъматларни ёмон кўрмасдан, Аллоҳ берганида, фойдаланавериш керак! Аллоҳ яхши амалларимизни қабул қилсин, ёмонларидан Ўзи сақласин!

Ҳамидуллоҳ БЕРУНИЙ

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *