Кимнинг ҳаққи улуғ ота – она ёки устоз?

Lotin alifbosida

Kimning haqqi ulug`Кимнинг ҳаққи улуғ ота – она ё устоз? Мақола унвонини ўқиган одам қанча долзарб масалалар қолиб, унча муҳим бўлмаган мавзу кўтарилибди, дейиши мумкин. Тўғри, лекин масала динга оид бўлгани учун ҳам аҳамиятлидир. Ундан ташқари баъзи масалалар кун келиб, эътиборли мавзуга айланиши мумкин. Биз сўз юритмоқчи бўлиб турган мақолани ҳам айни ўша зарурий масалалар қаторига қўшиш мумкин.

Мақолада ота – онанинг ҳаққи улуғлиги ояти карима, ҳадиси шариф ҳамда икки фиқҳий масалани баён қилиш билан илмий асосланган.

 Масалани баҳс қилиш билан икки тамонга ҳам эҳтиром кўрсатган ҳолда шариатимизнинг бу борадаги асл ҳукмларини ўрганмоқчимиз. Яна бир бор такрорлайман, бу билан устозлар қадрини пастга уриб, улар шаънига путур етказмоқчи эмасман. Бундай ишлардан етиб бўлмайдиган даражада йироқман. Устозлар ҳар қандай шарафга, эҳтиромга лойиқ зотлардир.

Бу мақола орқали масаланинг бошқа бир нозик нуқтасига эътибор қаратмоқчимиз холос.

Баъзи вақтларда “устози”нинг сўзи ва буйриғи билан ота – онасига оқ бўлаётган, ўз жуфти ҳалолини “талоқ” қилаётган, бошқаларнинг гапини гап ўрнида кўрмайдиган, устозининг чизган чизиғидан гарчи у нотўғри бўлса – да чиқмайдиган, ҳар қандай гапга ўйлаб кўрмай итоат қилиб, индамай кўниб кетадиган мутаассиб инсонларни борлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Асл моҳиятдан узоқ бўлганлар эса, қачон қараманг уларни маломат қилиб, устозининг назаридан қолганини овоза қилиб ҳаммага жар солиб юрадилар.

Ота – она ва устоз: улардан қай бирининг ҳаққи улуғроқ? Бу саволга ҳамма ҳар хил жавоб беради. Гапларини қувватлаш учун турли ақлий далилларни келтирадилар. Дин ҳақида гап кетганда ақл нақлга жой беради.

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ”, – деган мақол бор. Баъзилар эса “Устоз отангдан улуғ” ҳам, дейдилар. Қай бири тўғри? Юзаки қараганда иккинчи мақол тўғрига ўхшайди. Лекин ҳукм чиқаришда шариат асосларига суянадиган бўлсак, бунинг аксини кўрамиз.

Ота – онанинг ҳаққи адо этишда устознинг ҳаққидан муҳим ва улуғроқдир. Келинг, аввало “ҳақ” нима эканлигини тушуниб олайлик. Машҳур луғат олимларидан бири Муҳаммад ибн Аҳмад Азҳарининг “Таҳзиб ал – луғаат” китобида “ҳақ” сўзига шундай изоҳ берилган:

“Ҳақ бу – ботилнинг зидди бўлиб, луғатда эса вазифа, мажбурият ёки инкор этиб бўлмайдиган собит нарса маъносида келади”, деганлар.

Демак, ота – онанинг ҳаққи бу фарзанднинг вазифаси, мажбурияти ёки инкор этиб бўлмайдиган зиммасига юкланган ишидир. Устознинг ҳаққи бу шогирднинг вазифаси, мажбурияти ёки инкор этиб бўлмайдиган зиммасига юкланган ишидир. Ота – она ва устознинг ҳаққи бир вақтга тўғри келиб қолса, иккиси (ота – она)нинг ҳаққи муқаддам бўлади. Лекин Холиққа маъсият қилишда махлуққа итоат қилинмайди. Бунинг маъноси: “Устоз шариатга мувофиқ ишга, ота – она эса унинг хилофига буюрса шаксиз устозга итоат, ота – онага осий бўлиш вожиб бўлади. (Бу ерда “ота – онага осий бўлиш вожиб бўлади” сўзи шартли маънода ишлатилмоқда. Фарзандни гуноҳ қилишга буюрсалар – да уларга кескин жавоб қайтарилмайди. Секин, оҳисталик билан тушунтирилади). Устозга итоат қилиш у устоз бўлгани учун эмас, балки, шариатга буюргувчи бўлгани боис вожиб бўлади. Устоз шогирд ва муридларини шариат ҳукмларига ундагани учун эҳтиром қилинади. Устознинг ҳаққи ота – онанинг ҳаққидан ортиқ бўлгани сабабли эмас”.

Ота – онанинг ўрни ҳақ борасида Аллоҳнинг ҳаққидан кейинги ўринда туради.

Аллоҳ таоло каломида бир неча оятларда Ўзига ибодат қилишдан сўнг, ота – онага яхшилик қилишга буюрган. Исро сураси 23 – оятида:

 وَقَضَى رَبُّكَ أَلا تَعْبُدُوا إِلا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا

 “Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота – онага яхшилик қилишни амр этди”, – деган.

Мана шу оятдан ота – онага яхшилик қилиш ва уларнинг ҳаққи Аллоҳ таолонинг ҳаққидан кейинги ўринда туриши олинади.

Шундай устозлар ҳам борки шогирдларини ўз қулларидек кўрадилар. Ҳатто, уларни ота – онасидан, аёлидан айирмоқчи бўладилар. Бу нотўғри иш албатта!

 Билингки, устоз кечаси нафл намоз ўқишга ота эса ухлашга буюрса кимнинг гапи олинади. Бу ўринда отанинг буйруғини устозникидан муқаддам тутиш вожиб бўлади. Ҳа, ота шариатга хилоф ишга буюрса итоат қилиш жоиз бўлмайди. Албатта, шариатга итоат қилиш вожиб бўлади.

Ота – она ҳаққининг нечоғлик аҳамиятли эканлиги Бани Исроил қавмида яшаб ўтган Журайжнинг қиссасидан билинади.

         عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ — رضى الله عنه — قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ — صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ — « كَانَ رَجُلٌ فِى بَنِى إِسْرَائِيلَ ، يُقَالُ لَهُ جُرَيْجٌ ، يُصَلِّى ، فَجَاءَتْهُ أُمُّهُ فَدَعَتْهُ ، فَأَبَى أَنْ يُجِيبَهَا ، فَقَالَ أُجِيبُهَا أَوْ أُصَلِّى ثُمَّ أَتَتْهُ ، فَقَالَتِ اللَّهُمَّ لاَ تُمِتْهُ حَتَّى تُرِيَهُ الْمُومِسَاتِ . وَكَانَ جُرَيْجٌ فِى صَوْمَعَتِهِ ، فَقَالَتِ امْرَأَةٌ لأَفْتِنَنَّ جُرَيْجًا . فَتَعَرَّضَتْ لَهُ فَكَلَّمَتْهُ فَأَبَى ، فَأَتَتْ رَاعِيًا ، فَأَمْكَنَتْهُ مِنْ نَفْسِهَا فَوَلَدَتْ غُلاَمًا ، فَقَالَتْ هُوَ مِنْ جُرَيْجٍ . فَأَتَوْهُ ، وَكَسَرُوا صَوْمَعَتَهُ فَأَنْزَلُوهُ وَسَبُّوهُ ، فَتَوَضَّأَ وَصَلَّى ثُمَّ أَتَى الْغُلاَمَ ، فَقَالَ مَنْ أَبُوكَ يَا غُلاَمُ قَالَ الرَّاعِى . قَالُوا نَبْنِى صَوْمَعَتَكَ مِنْ ذَهَبٍ . قَالَ لاَ إِلاَّ مِنْ طِينٍ » رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анаҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бани Исроилда Журайж исмли бир киши бор эди. Онаси келиб уни чақирган эди, жавоб беришдан бош тортди: Онамга жавоб берайми ё намоз ўқийми, деди. Сўнгра (онаси) яна келди ва “Аллоҳумма ла тумитҳу ҳатта турияҳул мумисаат”, – деди. Журайж эса (ҳамон) ибодатхонасида эди. Бир аёл Журайжни фитнага соламан, деди. Ўзини кўрсатиб унга гапирди. Журайж эса бош тортди. У (аёл) бир чўпоннинг олдига борди – да, ўзига имкон берди. Ўғил туғди. “Бу (бола) Журайждан”, – деб гап тарқатди. Одамлар келиб, Журайжнинг ибодатхонасини бузиб ташладилар, ўзини олиб тушиб ҳақорат қилдилар. Сўнг, Журайж таҳорат олиб, намоз ўқиб, болани олдига борди – да:

–«Эй бола, сенинг отанг ким?»

–«Чўпон»

Қавми:

–«Ибодатхонангизни тиллодан қуриб берамиз»

–«Йўқ! Лойдан бўлса майли». Бухорий ривоят қилган.

 Ҳадиси шарифнинг қиссаси мана бундай: “Бани Исроилда Журайж исмли бир киши бор эди. У одамлардан йироқда, бир ғорда ибодат билан машғул эди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керак – ки, олдинги шариатларда тарки дунё қилиш – одамларга аралашмай яшаш одати бор эди. Ислом динида эса тарки дунё қилиш йўқ”.

Бир куни Журайж одатига кўра нафл намоз ўқирди. Шунда онаси келиб, уни чақирган эди, жавоб беришдан бош тортди. Онасининг ғазаби келди. Журайж эса ичида онамга жавоб берайми ё намоз ўқийми? Хаёлидан ибодатдаман – ку, жавоб бермасам ҳам бўлар, – деган ўй ўтди. Қиссани айтиб бераётган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам агар у фақиҳ бўлганида онасига жавоб берар эди, дедилар. (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу сўзларидан Журайж нафл намозда эканлиги кўриниб турибди. Чунки, фарз намозни бузмасликка ижмоъ қилинган. Лекин фарзни ҳам баланддан тушиб кетиш, ёниб кетиш каби фалокатларни олдини олиш учун бузса бўлади. Шариатимиз қандай ҳам ажойиб?! Инсон заруратига риоя қилган. Нафл намозга келсак, ота – она ҳожатсиз, заруратсиз чақирсалар ҳам уни бузиш мумкин, башарти, ота – она фарзандининг намозда эканлигини билмаса.) Сўнгра яна келди: Бу ҳолат икки ё уч бор такрорланди. Онасига жавоб қайтармагач, унинг ҳаққига дуоибад қилди. “Аллоҳумма ла тумитҳу ҳатта турияҳул мумисаат”, – деди. (Дуонинг маъноси: “Эй Аллоҳим! Журайжга зинокорларни кўрсатмагунча жонини олма!”) Журайж эса ҳар доимгидек, ибодатхонасида эди. Онанинг дуоси ижобат бўлди. Бир аёл Журайжни фитнага соламан, деди. Ўзини кўрсатиб, минг хил карашма қилиб, ҳаёлини олмоқчи бўлиб, унга гапирди. Журайж ҳеч нарса бўлмагандек ибодатида давом этди. Аёлга жавоб қайтаришдан бош тортди. У (аёл) бир чўпоннинг олдига бордида ўзини унга ҳавола қилиб, зино қилиш учун имкон берди. Аёл ундан ҳомиладор бўлди. Ҳомила вақти тугади. Ўғил туғди. Бировдан бўлган боласини олиб келиб, Журайжга туҳмат қилди. “Бу (бола) Журайждан”, – деб гап тарқатди. Одамлар келиб, Журайжга дағдаға қилдилар. У эса ҳайрон. Одамлардан сабабини сўради. Улар ҳа, риёкор! Ибодатхона ортида гуноҳни қилиб, ўзингни покиза кўрсатар экансан – да, дейишди. Одамлар Журайжнинг ибодатхонасини бузуб ташладилар, ўзини эса ибодатхонасидан олиб тушиб, ҳақорат қилдилар. Ҳатто, урушга ҳам бел боғлаб қолдилар. Аҳвол танг эди. Журайж уларга ҳақиқатни минг тушунтирмасин, барибир бўлмади. Туриб олдилар. Журайж нима қилишини билмай, улардан намоз ўқиб олишга имкон беришларини сўради. Журайжни қўйиб юбордилар. У таҳорат олиб намоз ўқиб, ўша болани олдига борди – да, унга қараб:

«Эй бола отанг ким?»

«Чўпон».

Бу кароматдан бошқа нарса эмасди. Ҳақ яна бир карра устун келди. Аллоҳ суйган бандаларини хижолат қилиб қўймайди. Шулар қатори Журайжни ҳам. У ибодатли, дуоси ижобот зот эди. Эндигина туғилган бола уни поклигига гувоҳлик берди. Бундай ҳодиса тарихда уч бор бўлган халос. Йиғилганлар қилмишларига пушаймон бўлишди. Жижолатдан ер ёрилмади, ерга…

Қавми:

«Ибодатхонангизни тиллодан қуриб берамиз»

Журайж дунёдан этагини тортган инсон эди. Бу шартга рози бўлмади.

«Йўқ! Лойдан бўлса майли».

Ҳадиси шарифдан онанинг ҳаққи улуғлиги келиб чиқади. Яна онага итоат нафл ибодатлардардан устунлиги ҳам.

Бир киши намозда турган вақтида устози чақириб қолса гарчи у нафл ўқиётган бўлса ҳам намозини бузмаслигига, уламолар ижмо қилганлар.

Шундай экан, устознинг ҳаққи ота – онанинг ҳаққидан устун бўла олмайди.

Манбалар асосида Абу Убайдуллоҳ тайёрлади

Яна бўлимга тегишли...

Фикр билдиринг

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *